frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Жаҳолатга қарши маърифат билан курашишнинг самарали модели

17.04.2023   2597   19 min.
Жаҳолатга қарши маърифат билан курашишнинг самарали модели

Жаҳолатга қарши курашнинг энг маъқул ва самарали йўли нима? Жоҳилга жоҳиллик билан қаршилик кўрсатиш ёниб турган оловга ёғ сепиш билан баробар. Негаки, жаҳолат ботқоғига ботган киши ўзини тубанликда эмас, юксакда деб ҳисоблайди, унга кимдир жаҳл қилган сари жазаваси қўзийди. Шу боис, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан курашиш керак. Бу Ўзбекистон раҳбарияти танлаган энг тўғри, оқилона ва одилона йўлдир.

Меҳр-мурувват ва саховат ойи бўлган бугунги Рамазон кунларида бу ўзининг яна бир тасдиғини топмоқда. Ҳеч бир давлатда Рамазон ойини муносиб ўтказиш тўғрисида Президент даражасида қарор қабул қилинмайди. Фақат Ўзбекистон мустасно. Бу ҳам давлатнинг фуқароларга ғамхўрлиги белгисидир.

Шу кунларда юртимиздаги барча жоме масжидларида Қуръон хатм қилинмоқда. Намозхонларга қулай бўлиши учун бутун мамлакат бўйлаб таровиҳ намозининг вақти бир хил қилиб белгиланди. Қайси куни Мусъҳафи шарифнинг қаеридан қаеригача ўқилиши ҳам аниқ кўрсатиб берилди. Яъни турли сабабларга кўра ўзи қатнаб юрган масжидга эмас, бошқасига бориб қолган одам ҳеч қандай хавотир ва ташвишсиз ибодатини бемалол келган жойидан давом эттираверади.

Телевидение ва радиоканалларимизда айнан ифторлик ва саҳарлик пайтларига мўлжаллаб маърифий кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланмоқда. Рўзадор инсонлар нафақат жисман, балки маънан ўз-ўзини тарбиялаб, такомиллаштириб бормоқда. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳам аслида шу эмасми?!

Бевосита илм-маърифат соҳасидаги кўламини бир-икки сўз билан таърифлаш мушкул бўлган ислоҳотларга келсак, юртимизда қисқа вақтда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби ташкил қилинди. Бухородаги Мир Араб мадрасасига янги ҳаёт бахш этилди. Бу муассасаларнинг барчаси халқимизнинг кўп асрлик илмий-маънавий меросини ўрганиш, диний ва дунёвий жиҳатдан тадқиқ этиб, миллий ва халқаро миқёсда тарғиб қилишга хизмат қилади, албатта.

Бир жиҳатни айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон халқи нафақат Хоразмий, Замахшарий, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек сингари бутун инсоният цивилизацияси ривожига ҳисса қўшган алломалари, шу билан бирга, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний каби ислом илмлари тараққиётида ғоят салмоқли ўрин тутган аждодлари билан ҳақли равишда фахрланади. “Саҳиҳ ул-Бухорий” ислом оламида Қуръони каримдан кейинги мўътабар манба саналади. Дунё мусулмонларининг энг катта қисми Имом Мотуридий ақидасини асосий таянч деб билади. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари ҳали-ҳануз ислом ҳуқуқшунослигининг бош қўлланмаси бўлиб қолмоқда. Тасаввуфнинг энг йирик намояндалари ҳам биз яшаётган заминдан етишиб чиққан.

Президент Шавкат Мирзиёев 17-феврал куни Бухоро вилоятига сафар асносида Мир Араб олий мадрасасига ташриф буюрганида қуйидаги фикрларни баён этди:

– Бундай узоқ тарихга эга таълим даргоҳлари жуда кам. Бугун унинг шароитини яхшилаб, тарихий адолатни тиклаганимиз хайрли иш бўлди, деб ўйлайман. Демократик ислоҳотларимиз натижасида диний соҳага ҳам эркинлик эпкини кириб келди. Шу билан бирга, ахборот макони очиқ. Интернетда илмий асоси бўлмаган турли талқинлар бор. Тажрибасиз ёшлар уларнинг тўғри-нотўғрилигини қаердан ҳам билсин? Буни сизга ўхшаган илм одамлари асослаб, исботлаб, тушунтириб бериши керак.

Дарҳақиқат, янги очилаётган илм масканлари одамларни, айниқса, ёш авлодни тўғри йўлга солишда муҳим ўрин тутади. Улуғ алломаларимизнинг бой илмий мероси эса бунинг учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Бухоро сафари чоғида мамлакатимиз раҳбари Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Бу масканда билдирилган фикрлар ҳам Ўзбекистоннинг “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиорига ҳамоҳангдир:

– Охирги йилларда ҳамма соҳалар қатори дин бўйича ҳам очиқлик, эркинлик берилди, бир нечта илмий марказ ташкил этдик. Бу салоҳиятни жамиятга етказиш керак. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк боболаримиз меросига таянган ҳолда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарур.

Ўзбекистон бу йўналишда янги илмий марказлар очиш билан чекланиб қолмаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Юртимизда мана шундай муассасалар саъй-ҳаракати билан халқимиз орзиқиб кутган асарлар ўзбек тилида нашрдан чиқмоқда. “Таъвилот ул-Қуръон”да Имом Мотуридий барча ботил оқимларга илмий асосланган раддия бериш билан бирга, кейинги даврларда кимлардир томонидан туғилиши мумкин бўлган саволларга жавоб ҳам бериб кетган. Китобнинг дастлабки ўзбекча жузлари билан танишган киши “агар фалон нарсани сўрасалар, биз мана бундай жавоб берамиз” жумлаларини кўп кузатиши мумкин. “Саҳиҳ ул-Бухорий”нинг ҳам бир неча таржимаси босмадан чиққан. Ҳадисларнинг муҳимлиги шундаки, улар орқали исломнинг моҳияти, арконлари, талаб ва чекловлари ва бошқа жиҳатлари тўлиқ англанади.

Худди шунингдек, хайрли ташаббуслар натижасида турли илмий анжуманлар ташкил этиляпти. Улар орқали ҳам кўҳна Мовароуннаҳр алломаларининг бой мероси халқаро миқёсда тарғиб этилмоқда, ҳам хорижлик уламо ва мутахассислар билан жаҳолатга қарши маърифат воситасида курашиш ғояси йўлидаги саъй-ҳаракатлар бирлаштирилмоқда.

Бу хусусда 2022-йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи” халқаро форумида қатнашган Тожикистон Педагогика институтининг илм ва инновациялар бўйича проректори, тарих фанлари доктори, профессор Шодмон Воҳидовнинг қуйидаги фикрларини келтириш ўринлидир:

– Ўзбекистон ислом маданиятининг нафақат ўчоғи, балки ниҳоятда кўп сонли тарихий ва исломий қадамжолар мавжуд мамлакат. Тарихий ашёлар, нодир қўлёзмалар ҳам шулар жумласидан. Шахсий коллекциялар ва хусусий кутубхоналарда сақланаётган манбаларни ҳисобга олмаганда, давлат фондларида 42 мингдан зиёд қўлёзма мавжуд. Уларни сақлаш, тадқиқ этиш, таржима қилиш, рақамлаштириш масалаларида Ўзбекистон анча илгарилаб боряпти. Форумга келган қўлёзмаларни ўрганиш соҳаси мутахассислари буни якдил таъкидламоқда. Ўйлайманки, қадим тарихдан сўзловчи манбалар – у хоҳ тарихий обида бўлсин, хоҳ ёзма ёдгорлик – бизга аждодларимизнинг юксак зеҳн-у заковатидан дарак беришда давом этаверади. Дунёда кечаётган кескинлик ва зиддиятлар асносида юртингизда маънавий меросни асраш борасида амалга оширилаётган ишларни, хусусан, мана шундай илмий конференциялар ташкил этилишини Ўзбекистон ҳукумати фаолиятининг таҳсинга сазовор жиҳатлари сифатида қайд этиш жоиз.

Янги очилаётган марказларга нуфузли халқаро ташкилотлар хайрихоҳлик билдириши, уларнинг аҳамияти ҳақида тўлиб-тошиб сўзлаши ҳам Ўзбекистон танлаган йўлнинг тўғри эканидан далолатдир. ИҲТнинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (ИРCИCА) Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич 2022-йил 15-июл куни Самарқандда ўтказилган “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қадимий ва нодир қўлёзма нусхалари” мавзусидаги халқаро конференцияда қатнашиб, Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази тўғрисида ҳам расмий шахс, ҳам холис инсон сифатида бундай фикр билдирган эди:

– Ўзим раҳбарлик қилаётган марказнинг бош мақсади мусулмон олимларининг жаҳон цивилизацияси равнақига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб этишдан ҳам иборат. Ислом илмлари ривожида асосий ўрин тутган алломаларни ҳақли равишда етук сиймолар сирасида кўрамиз. Умрини шундай шарафли ишга бағишлаган Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли ва машаққатли ижоди ҳақидаги маълумотларни, унинг хизматлари туфайли эришилган янги билимлар моҳиятини жаҳон бўйлаб кенгроқ тарқатишни ота юртимиз – Ўзбекистондаги ҳамкасбларимиз иштирокисиз амалга оширишни имконсиз деб биламиз.

Хорижда Ўзбекистондаги янги марказларга, халқимизнинг илмий-маънавий меросига юксак эътиборнинг сабабини Ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари мажмуаси (Миср) Бош котиби Муҳаммад Назир Айяднинг мазкур конференцияда изҳор этилган қуйидаги фикридан англаб олиш мумкин:

– Мовароуннаҳр мутафаккирлари улкан хизматининг самараси ўлароқ, бу қутлуғ замин фақат жуғрофий ном эмас, илму маърифатда етукликка эришган алоҳида бир цивилизация макони сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Юртингиздан етишиб чиққан олимлар исломий ва дунёвий илмларни бошқача назар ва ўзгача ёндашув билан ўрганиб чиқиб, оламшумул натижаларга эришган. Инсоният бугунги кунда ҳам ана шу илмларга эҳтиёж сезмоқда.

Малайзия халқаро ислом университети профессори Муҳаммад Саиднинг сўзлари илм-маърифат ҳеч қачон долзарблигини йўқотмаслигини тасдиқлайди:

– Тарихдан биламизки, Ўрта Осиёга ислом динининг кириб келиши умавийлар даврига бориб тақалади. Ўша йиллардан бошлаб бу шарофатли заминда исломий ва дунёвий илмлар кенг кўламда ривожланди. Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан олимлар нафақат ислом дунёси, балки бутун жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлашни истардим. Буюк аждодларингиз илмий-маънавий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш бугунги кундаги долзарб вазифалардан биридир.

Умуман олганда, бугунги Ўзбекистон буюк аждодларга муносиб ворис бўладиган авлодни вояга етказиш йўлидан бормоқда ва бунда илмий-маънавий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга алоҳида эътибор бермоқда. Ислом тафаккури институти (Туркия) директори, профессор Меҳмет Гўрмезнинг қуйидаги сўзлари бунинг яна бир далилидир:

– Мовароуннаҳр ислом тамаддунининг бешиги ҳисобланади. Тарихда ислом маданияти дунёнинг турли минтақаларида ривожланган бўлса-да, ҳеч бир юртда Мовароуннаҳрда бўлганичалик гуллаб-яшнамаган. Жумладан, Бағдод, Андалус, Шом каби диёрларда ислом маданияти муайян даврлар оралиғида ривожланган бўлса, Мовароуннаҳрда бу ҳозирги кунга қадар кузатиб келинмоқда. Шу сабабли бугунги кунда Ўзбекистон ислом цивилизациясининг тарихда эришган шонли мавқеини қайта тиклашда муҳим ўрин тутади.

Энди бевосита Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мисолида қарайдиган бўлсак, ушбу муассасанинг 2022-йилдаги фаолияти натижаларида ҳам “Жаҳолатга қарши – маърифат” мақсади яққол намоён бўлади.

Ўтган йили марказ томонидан буюк аллома ва мутафаккирларимиз қаламига мансуб 15 китоб ва рисола нашр этилди. Улар орасида Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий”, Имом Термизийнинг “Эътиқоди аҳли сунна”, Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснад”, Имом Доримийнинг “Сунани Доримий” ҳамда “Сунани Доримий”дан сайланма ҳадислар”, “Муснади Кешийдан дурдоналар”, “Саҳиҳи Бухорий шарҳи”ни келтириш мумкин.

Шу ўринда аллома Абд ибн Ҳумайд Кеший ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш керак. Халқимиз Имом Бухорий, Имом Термизий каби муҳаддисларнинг асарлари тўғрисида бугун озми-кўпми тасаввурга эга. Лекин Ҳумайд Кешийнинг асарлари билан ҳануз таниш эмас эди. Алломанинг “Муснад”и нашр этилганда, Ал-Азҳар университети (Миср) ўқитувчиси, доктор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдураҳмон Абдуҳалим бундан таъсирланиб, қуйидаги фикрларни билдирган эди:

– Абд ибн Ҳумайд Кеший Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан уламоларнинг пешқадамларидан ва унинг асарлари ўзидан кейин келган олимлар ижоди учун пойдевор вазифасини ўтаган. Унга шогирд даражасидаги мутафаккирларнинг мероси чуқур ва қайта-қайта ўрганилаётган бир пайтда алломанинг ҳаёти ва илмий фаолиятини тадқиқ этиш тарихий адолатни тиклашга хизмат қилади. Абд ибн Ҳумайд Кеший мероси ижтимоияхлоқий масалаларни жамлагани, гўзал фазилатларни тарғиб этиши, иллатлардан қайтаришга қаратилган ғояларни қамрагани билан бугунги кун учун ғоят аҳамиятли. Бу асар ўзбек халқи томонидан катта мамнуният билан қарши олинадиган ва севиб ўқиладиган китоблардан бири бўлиб қолади, деб ишонаман.

Мазкур университетнинг дин асослари факультети профессори, доктор Ризо Муҳаммад Дақиқийнинг сўзлари ҳам эътиборга молик:

– Бугунги кунда жамиятлар инсоний қадриятлар ва фазилатларни ёйиш, терроризм ва экстремизмни йўқ қилиш, мутаассибликдан қутулишга жуда муҳтож. Абд ибн Ҳумайднинг “Муснад”и жамият маънавий эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. Асарнинг ўзбек тилига ўгирилиши халқингиз учун “Саҳиҳ ул-Бухорий”, “Сунани Термизий” ва “Сунани Доримий”нинг таржимасидан кам бўлмаган аҳамият касб этади. Ўзбек ўқувчилари бу китобни ўтмиш пойдеворини мустаҳкамлаб, келажак робитасини барпо этиш истаги билан қарши олади, деб ўйлайман. Чунки тарихини билмаган халқнинг келажаги бўлмайди.

Шунингдек, марказда мазкур рисолалар билан бирга, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросига бағишланган халқчил рисолалар чоп этилди. “Ўнта ҳақиқат” рукни остида уларнинг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи стендлар тайёрланди.

Илмий ходимлар Имом Доримийнинг “Сунан”, Имом Бухорийнинг “Тарих уссағир”, Абу Лайс Самарқандийнинг “Тафсир” ва “Баҳр ул-улум”, Абул Баракот Насафийнинг “Тафсир”, Саййид Абдул Можид Ғаврийнинг “Ҳадис илми истилоҳлари”, Алоуддин Косонийнинг “Эътиқод”, Абу Азабанинг “Равзат ул-баҳийя фийма байнал ашъария вал мотуридия”, Имом Термизийнинг “Ақидавий қарашлар”, Абул Мунтаҳо Шаҳобуддин Аҳмад ибн Муҳаммад Мағнисовийнинг “Шарҳ-у фиқҳ-ул акбар”, Аъло Бухорийнинг “Рисола фил ақоид”, Иброҳим Саффор Бухорийнинг “Талхис ул-адилла ли қавоидит тавҳид” асарларини ўзбек тилига ўгирди. Шу билан бирга, Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг “Муснад” асаридан сайланма, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд Замахшарий, Имом Доримий, Абу Лайс Самарқандий, Абу Баракот Насафий, Имом Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний, Юсуф Хос Ҳожиб ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва илмий фаолиятига доир рисолалар тайёрлади.

Жамиятимизда соғлом диний муҳитни сақлаш, асл манбаларга таянган ҳолда алломаларимиз илмий меросини тадқиқ этиш орқали ботил ва турли фитначи оқимларга раддиялар бериш, ёшларга соф ислом таълимотини етказиш, буюк аждодларимиз асарларидаги Ватанга муҳаббат, илм олишга тарғиб, ота-онага эъзоз ва эҳтиром каби улуғ ғояларни кенг жамоатчиликка етказиш каби маърифий тадбирларни ташкил этиш Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг асосий фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда маънавий-маърифий йўналишда ҳам талай ишлар амалга оширилди.

Марказ фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши юртимиз китоб фондларидаги ислом таълимоти, тарихи ва маданиятига оид қўлёзма асарларни долзарблиги бўйича таснифлаш ва тадқиқ этиш, кўҳна Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан мутафаккир ва алломаларнинг мамлакатимиз ва хорижий давлатларда сақланаётган китоб ва рисолаларини тўплаш ва ўрганишга қаратилган.

Марказда жисмоний ва юридик шахсларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб асарларни харид қилиш бўйича ишлар йўлга қўйилган. Ўтган йили жисмоний шахслардан шундай 44 та китоб харид қилинди.

Муассаса Имом Бухорий номи билан аталгани учун муҳаддислар султонининг илмий меросига алоҳида эътибор қаратади. 2022-йилда алломанинг шоҳ асари – “Ал-Жоми' ас-саҳиҳ” ҳадис тўпламининг хорижий давлатлардаги қўлёзма фондларда сақланаётган 220 нусхасининг рўйхати шакллантирилди. Имом Бухорий қаламига мансуб маҳаллий ва хорижий қўлёзма фондларда сақланаётган 2838 асарнинг реестри тузилди.

Табиийки, бошқа етук алломаларнинг асарлари ҳам марказ илмий ходимларининг эътиборида туради. Хусусан, унинг фондида сақланаётган 116 нодир қўлёзма нусханинг аннотасияси тайёрланиб, расмий сайтга жойлаштирилди. Умумий ҳажми 13 457 варақ бўлган 69 китобдан электрон нусха олинди.

Бу ўринда сўз ўз-ўзидан халқаро алоқаларга келиб тақаляпти. Бу хусусда шуни таъкидлаш керакки, 2022-йилдан “Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия” танлови жорий этилиб, унинг совриндорлари марказга кела бошлади. Бу ерда Малайзия миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти профессорлари Моҳд Ал Адиб Самури ва Муҳаммад Ҳилми Жалил, Париждаги Коллеж де Франц ўқув-тадқиқот муассасаси вакили Мари Эфтимию, Л.Гумилёв номидаги Евроосиё университети (Қозоғистон) докторанти Алмас Имангалиев каби жами 6 хорижлик тадқиқотчи илмий малакасини оширди. Стипендиатларни жалб қилиш ишлари давом этмоқда.

Хориждаги илмий муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатишга алоҳида эътибор берилмоқда. Илмий тадқиқотлар борасида халқаро ҳамкорлик географияси йил сайин кенгайиб бормоқда. 2022-йилда марказ Малайзия Ислом университети ва Туркиянинг Памуккале университети билан англашув меморандумини имзолади. Бу билан унинг хорижий ҳамкорлари сони 35 га етди.

Англашув меморандумларидаги асосий бандлар қўшма илмий тадқиқотлар ташкил қилиш, биргаликда турли мавзуларда семинар, конференция, симпозиумлар ўтказишни назарда тутади. Бундан келиб чиққан ҳолда, давомли равишда шундай тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Хусусан, Малайзия миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (ИРCИCА), Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ИCEСCО), Туркиянинг Мармара, АҚШнинг Мичиган, Мисрнинг Ал-Азҳар университетлари билан ҳамкорликда “Шарқ алломаларининг ислом цивилизасияси ривожига қўшган ҳиссаси”, “Мусулмон олимларининг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси”, “Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий мероси ва унинг илк Шарқ Ренессанси ва ислом фалсафаси илмий-назарий асосларини яратишдаги ўрни ва аҳамияти”, “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон”, “Ўзбекистонда фалсафа тарихи мактаби ва Учинчи Ренессанс”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Имом Абу Мансур Мотуридий фаолияти ва мотуридия ақидавий мазҳаби”, “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари” каби мавзуларда 8 та халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.

Хорижда ҳам қўшма тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, марказ ташаббуси билан Швейцариянинг Базел университети, Туркия илмий-тадқиқот марказлари, Италия ва Бирлашган Араб Амирликларида “Имом Бухорий асарлари мисолида ислом санъати”, “Ислом хаттотлиги”, “Қуръони каримнинг Ўзбекистон фондларида сақланаётган қадимий нусхалари” каби мавзуларда жами 6 халқаро кўргазма, ислом амалий санъати турлари бўйича “Мовароуннаҳрда китобат маданияти” деб номланган фестивал ва савдо ярмаркаси ташкил этилди.

Буюк Британиянинг Лондон ислом маданияти марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр қилинган китоблар тақдимоти, “АлФурқон” ислом мероси фондида “Қўлёзмаларни тадқиқ этиш ва каталоглаштиришнинг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Германиянинг Фрайбург университетида “Таъвилот ул-Қуръон” асарининг ўзбек тилига таржима қилинган 29-30-жузлари, “Саҳиҳи Бухорий шарҳи” китобининг тақдимотлари ўтказилди.

Булар, албатта, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолиятига доир айрим маълумотлар. Ўзбекистондаги бошқа турдош муассасалар фаолияти ҳам таҳлил қилинса, мамлакатимиз “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиоридан ҳеч ҳам оғишмасдан, дадил олға бораётгани янада яққол намоён бўлади.

Шовосил ЗИЁДОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,

тарих фанлари доктори

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2023-йил, 15-апрел, 73-сон

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

13.08.2026   3916   3 min.
Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.

Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.

“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.

Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.

Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.

Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.

Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.

О'збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари