Кеча, 8 сентябр куни кечқурун ўзбекистонлик ҳожиларнинг дастлабки гуруҳлари Ватанга соғ-саломат қайтдилар.
Тошкент халқаро аэропортида зиёратчиларимизни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа давлат ва жамоат вазирлик ва ташкилот вакиллари кутиб олдилар.
Мазкур рейсда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ҳаж зиёратини амалга оширган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари борлиги қувонарли ҳол албатта. Уларнинг юзларида порлаётган қувонч, кўзларидаги севинч ёшлари бизни жуда қувонтирди. Мутасадди ташкилотлар томонидан фаҳрийларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, зиёратларини соғ-саломат амалга оширганликлари учун чўпон кийдирилди ва алвона гуллар тақдим этилди.
Кўтаринки кайфиятда қайтган зиёратчиларимиз юқори савияда ташкил этилган шароитлардан миннатдорчиликларини билдирдилар. Жумладан, Тошкент шаҳридан уруш фаҳрийси Акромов Акмал ота шундай дейди: "Мана биз уруш фахрийларига Ҳаж ибодатини бажариш насиб этди. Анашундай муборак масканларда юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини тилаб дуойи хайрлар қилдик. Бу кунни насиб этган Аллоҳ таолага шукурлар айтамиз хамда Президентимиз Шавкат Мирзиёевга мана шундай шароитларни яратиб бергани учун миннатдорчилик билдирамиз. Шунингдек, ҳаж зиёратини ташкил етишда қатнашган ташкилот вакилларига каттакон раҳмат айтамиз".
“Мана бугун хаж зиёратини адо этиб, юртимизга эсон-омон қайтиб келдик. Бизларга шундай шароитларни ташкиллаштириб берган барча мутасадди ташкилотларга миннатдорчилик билдирамиз. Саудиа Арабистонида турли давлатлардан келган зиёратчиларни кўрдик. Уларга яратиб берилган шароитлар олдида бизники жуда юқори даражада. Бизларга бириктирилган транспорт, озиқ-овқат таъминоти ва тиббий хизмат йўлга қўйилгани, меҳмонхонада махсус жиҳозланган ошхона ҳамда тиббиёт маркази ташкил этилгани бизни жуда ҳурсанд қилди. Айниқса юртимиз ошпазлари томонидан тайёрланган лазатли таомлар, турли хил ширинликлар, мева маҳсулотлари ҳамда махсус тайёрланган торт улашилгани бизга жуда мамнун бўлди.” - дейди зиёратчи Мавлонова Муҳаббат.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8-24 сентябрь кунлари ҳожиларимизни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК самолётларида Жидда-Тошкент, Жидда-Бухоро, Жидда-Самарқанд, Жидда-Қарши, Жидда-Наманган, ҳамда Жидда-Урганч йўналишлари бўйича Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилган.
Ахборот хизмати
“Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббуси доирасида 2024 йилги ҳожилар иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда.
Мавсум бошидан ҳозирга қадар ўтказилган 88 минг 273 та тадбир доирасида 539 956 нафар юртдошимиз қамраб олинди. Уларнинг оилавий шароитларидан келиб чиқиб, тинчлик қадри, шукроналик, ёшлар тарбияси, иллатларга барҳам бериш, илм-маърифатга тарғиб, ёт ғояларга қарши курашиш мавзуларида суҳбатлар ўтказилмоқда.
Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар берилмоқда. Ушбу хайрли ишларга диний соҳа вакиллари билан бир қаторда 11 мингдан зиёд ҳожилар жалб этилган бўлиб, улар маҳаллаларда амалий ишларда кўнгилли равишда иштирок этишмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати