Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Декабр, 2024   |   26 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:24
Bismillah
27 Декабр, 2024, 26 Жумадул сони, 1446

“Мен билан кетасизми?..”

7.09.2017   8647   10 min.
“Мен билан кетасизми?..”

Ибратли воқеаларга қизиқиб ўқиб юрадиган ходимимиз Шаҳзоджон бугун:

– Ака, ажойиб бир ривоятни қачонлардир рус тилида ўқиган эдим. Мазмунини гапириб берсам, ўзбекчада ёзсангиз, ўқиганларга фойдаси тегиб қолармиди? – деб қолди.

– Нега ёзмас эканмиз, қани айтиб беринг-чи, – дедим.

– Бир подшоҳнинг тўртта хотини бўлган экан. Уларнинг ҳаммаси ақлли ва соҳибжамол бўлган экан. Аммо подшоҳ ҳаммасидан навниҳол, соҳибжамол ва меҳрибон бўлган тўртинчи хотинини яхши кўрган экан. Подшоҳ унга қимматбаҳо совғалар харид қилар, дуру жавоҳирлар билан безалган куйлаклар олиб берар... кўнгли нимани истаса, ўшани муҳайё қилар экан. – дея ривоятни бошлади у.

Ҳукмдор ер юзидаги энг чиройли аёл бўлган учинчи маликани жонидан ҳам ортиқ  кўриб ёнидан уни бир нафас айирмас, шикорга чиқадими, бошқа мамлакатларга  сафарга борадими, ўзи билан бирга олиб кетар экан. Чунки унинг ҳусну малоҳатини ҳамма кўришини истар экан. Аммо айни пайтда учинчи маликани ўзини ташлаб бошқа бири билан кетиб қолади деб хавотирланиб ҳам юрар экан.  

Подшоҳнинг иккинчи хотини ниҳоятда ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли, сабр-тоқатли ва меҳрибон аёл бўлиб, уни шу сифатлари учун яхши кўрар экан. Подшоҳ ҳар доим мушкул вазиятларда унга маслаҳат солар ва бу аёл ҳар қандай масаланинг оқилона ечимини топар экан.

Биринчи хотини эса уларнинг ичида энг ёши улуғи бўлиб, у аёл подшоҳга акасидан қолган мерос экан. У эрининг янада бадавлат ва қудратли бўлиши учун қўлидан келган ҳамма ишни қилар экан. Аммо қанчалик севмасин, подшоҳ унга кўп эътибор қаратмас экан.

Ҳосили калом, подшоҳи олам хотинларининг ҳар бири билан ўзига яраша муомалада бўлиб юраверибди-ю, орада унга бир оғир дард илашиб, олиб кетаманга тушибди. Ҳар доим эъзозда юрган подшоҳ жон бериш азобидан ваҳимага тушибди ҳамда соҳибжамол маликаларни  қолдириб кетишга кўзи қиймабди. Жилла қурса, улардан бирини ўзи билан олиб кетишни хаёл қилибди.

Шу ўй билан у энг севган ёри – кенжа маликани чақирибди. Ҳар доим унинг чорлашини муштоқлик билан кутадиган, келгани заҳоти ўзини бағрига отадиган, шириндан ширин сўзлари билан кўнглига қувонч бағишлайдиган кенжа малика одатдагидек шоду хандон кириб келибди. Аммо унинг дардидан воқиф бўлиб, ўзини ҳам бирга олиб кетиш ҳақидаги гапини эшитганидан сўнг:

“Эй подшоҳи олам! Сиз узоқ умр кўрдингиз, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотдингиз, бутун мамлакат измингизда бўлди, тўрт марта уйланиб роҳат-фароғатда ҳаёт кечирдингиз. Мендан катта опаларим, яъни кундошларим ҳам ҳаётнинг лаззатини мендан кўп тотиб, бас, дегунча ўйнаб-кулдилар. Бу гапларни айтишимдан мақсад – нега шу нарсаларга ақлингиз ета туриб, айнан мени олиб кетмоқчи бўлганингиз каминани ҳайрон қолдирди. Ахир мен ҳаётда нима кўрибман. айни ўйнайдиган-куладиган даврим келган чоқда ёши катта “опа”ларим туриб мени ўлимга етаклаганингиздан қаттиқ ранжидим. Мен ҳали ҳаётга чанқоқман. Гўзал кунларим ҳали олдинда. Сиз яхшиси, “опа”ларимдан бири билан бирга бора қолинг, вақти келганда мен ҳам бориб қоларман...” деб жавоб берибди-да, хонадан шошилиб чиқиб кетибди.

Қалбининг ардоғидаги бўлган ёри жонидан эшитган бу гаплар подшоҳнинг қалбига тиғдек ботибди. Кейин учинчи хотинини чақирибди.

Келиб ўтирганидан сўнг: “Эй вафодор ёрим, менга турмушга чиқиб ҳеч ёмонлик кўрдингми?” деб сўрабди. Кутилмаган саволдан хижолат бўлган малика: “Нималар деяпсиз, зоти олийлари, менга дуру жавоҳирлар билан безак бердингиз, қўлимдаги, бўйнимдаги тақинчоқларининг ҳар бири бир мамлакатнинг хирожи билан баробар, эгнимдаги кийимларимни эса бошқа маликалар фақат орзу қилишлари мумкин. Шунча эътиборингиздан кейин сиздан норози бўлишим мумкинми?” дебди.

Бундан руҳланиб кетган подшоҳ, бу хотиним мендан шу қадар миннатдор экан, бирга кетишга, албатта, рози бўлади деб ўйлабди-да: “Мен билан у дунёга ҳам кетишга розимисан?” дебди.

Буни эшитиб  хотини: “Албатта, сиз билан истаган жойингизга кетаман, ҳамма жойда, ҳамма вақт сизнинг хизматингизда бўлиш мен чўрингиз учун шараф” дебди. Подшоҳ: “Эртага жон таслим қиламан, сен ҳам мен билан бирга ўлишга розимисан?” деб сўрабди. Бу гапни эшитган маликанинг ранги-қути учиб кетибди. “Бу нима деганингиз? Аллоҳ таоло ҳар банданинг жонини ўзи истаган вақтда олади. Сиз билан бирга кетаман деб кимга айтаман, Азроил алайҳиссаломгами? Қўйинг, бунақа гапларни, мен ҳали ҳаётдан тўйганим йўқ, балки яна турмушга ҳам чиқарман”, дебди.

Подшоҳ ҳаётида ҳеч қачон бунчалик қаттиқ зарба емаган экан. галдираб қолибди. Ундан ҳам ноумид бўлиб иккинчи хотинини чақирибди. Фаросатли хотин подшоҳни кўргани заҳоти жиддий дарди борлигини англабди ва саволим унга малол келмасин деган андишада ўзининг гап бошлашини кутиб сукут сақлабди. Подшоҳ унга: “Эй кўнглимнинг ҳамдами! Сен ҳар доим менинг йўлларимни ёритган шамчироғим бўлдинг. Мушкул вазиятларга тушиб қолганимда, оғир масалаларнинг ечимини топа олмай қийналаётган чоғларимда қимматли маслаҳатларинг билан ишларимни осон қилдинг, мен сендан ҳар доим хурсанд бўлиб яшадим. Айтгин-чи, сен ҳам мен билан яшаганингдан мамнун бўлдингми?” деди.

“Зоти олийлари мен билан бирга яшаганингга розимисан”, деганингиз камина – чўрингизга бир оз муболағадек эшитилиб, бундан бошим кўкка етди. Мен ҳар доим ўзимни сизнинг канизагингиз ёки бўлмаса, хизматчингиздек билиб келганман. Ахир сиздек зот билан бир ҳаводан нафас олиш, салтанат иши билан бўлиб, эл-юрт хизматини қилиб толиққан вақтларингизда муборак оёқларингизни уқалаб чарчоғингизни ёзиш дунёдаги энг шарафли иш эмасми?..” дебди.

Унинг гапларидан хаста подшоҳ ниҳоятда тўлқинланиб кетибди. Кўзига учтагина ёш томчиси ҳам қалқиб чиқибди. “Эй меҳрибон ёрим, саройда нотинчликлар келиб чиқмасин деб бир сирни ҳеч кимга ошкор қилмаган эдим. Аммо бугун айтишга мажбур бўлдим. Мен эртага жон топширар эканман, менга ҳамдам бўлиб бирга ўлишга розимисан?” дебди.

Бу таклифни эшитган аёлнинг ичига совуқ шамол кириб кетибди. Аммо ақлини ишга солиб подшоҳга буни сездирмабди ва унга бундай жавоб берибди. “Зоти олийлари, мендан бошқа яна учта малика туриб сафарга йўлдошликка айнан мени танлаганингиздан бошим кўкка етди. Аммо бошқа нарсани ўйлаб қолдим: иккаламиз у дунёга бирга кетсак, бизни ким орқамиздан йўқлаб туради? Катта малика – авомроқ, Мендан кичиги ҳар дом зебу зийнат билан овора, кенжа малика ўйин-кулгудан бўшамайди. Улар бизнинг ҳақимизга дуои фотиҳалар қилиб турмаса, қабрдаги аҳволимиз қийин бўлмасмикан?... Келинг, яхшиси, сиз ҳозир-ча бора туринг, мен ортингиздан хатмул Қуръонлар қилай, дуои хайрларда бўлиб, сизнинг қабрдаги уйингизнинг чароғон бўлиб туришига ёрдамчи бўлиб турай...”

Подшоҳ буткул тушкун аҳволда катта маликани чақириб унга бўлган воқеанинг ҳаммасини гапириб берибди ва гапининг сўнггида надомат ила унга: “Эй маликам, ҳурлиқолар кўзимга яхши кўриниб, сизни кўп назаримга илмадим, эътибор қаратмадим. Мендан бутун умр ранжиб яшаган бўлсангиз керак, деб ўйлайман, Аслида шунга ҳақлисиз ҳам. Аммо бугун уларнинг ҳаммаси мендан воз кечганини очиқ-ойдин баён қилди. Шундан кейингина сизни чорлашга мажбур бўлдим. Шу ҳолимда ҳам мен билан у дунёга кетишга розимисиз?” дебди.

Унга жавобан малика: “Зоти олийлари! бутун умр сизнинг хизматингизда бўлиб, ҳар доим сизга ҳаммадан яқинроқ бўлишни орзу қилиб яшадик, модомики, бугун шундай фурсат туғилган экан, бу фурсатни қўлдан бой берсак нодонлик қилган бўлмаймизми? Сиз билан кетишга розиман, келинг, таҳоратимизни қилиб намозимизни  ўқиб Раббимизнинг қошига покланган ҳолда ибодатимиз билан борайлик”, дебди.

Бундан мамнун бўлган подшоҳ: ”Жоним танимни тарк этар вақтга келибгина асл ёрим сиз эканингизни англаб етдим”,  деб ўзининг хатосини жуда кеч англаганидан надомат чекибди.

Қиссадан ҳисса:

Тўртинчи малика – инсоннинг танаси экан. Ҳар бир инсон ўз танасини яхши кўриб, доим уни парвариш қиларкан. Аммо тана дунё мулки бўлиб охирот ҳаётидан қўрқар экан.

Учинчи малика – иш, амал ва бойлик бўлиб, инсон ўлгандан сўнг улар бошқаларнинг қўлига ўтиб кетаркан.

Иккинчи малика – оила ва қариндошлар экан. Улар инсонни ҳар доим қўллаб-қувватлаб туради, Бироқ инсон ўлгандан кейин улар фақат қабрга қадар кузатиб боришга ярайди, холос. 

Тўртинчи малика – инсоннинг қалби экан. Қалб инсоннинг моддий бойликлар, амал, маишатларга ўчлиги боис эътиборсиз қолиб кетса ҳам ҳамиша инсон билан бирга бўлиб, охирот азоби қошида ҳам соҳибидан айрилмас экан. Шунинг учун инсон қалбини пок тутмоғи, нимаики яхшилик бўлса, аввало, унга раво кўрмоғи лозим экан.

Ҳеч қачон қалбни эҳтиёт қилиш ва бойитишни унутманг! Чунки бу ёруғ оламда бизнинг ўзимизга қилган энг катта совғамиз – қалбимизни соф сақламоғимиз ва унга эътиборли бўлмоғимиздир.

Дамин  ЖУМАҚУЛ      

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Нега нурингизни ортингизда қолдирасиз?

25.12.2024   2563   4 min.
Нега нурингизни ортингизда қолдирасиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу

Бугун сиз азизларга сўзлаб берадиган ҳикоям Макка шаҳрида бундан бир неча юз йиллар олдин содир бўлган ҳаётий воқеа ҳақидадир. Бу воқеа билан Саудияда нашр этиладиган газеталардан бирида танишганман.

Умра ибодатини адо этиш учун Макка шаҳрига борганимда газетадаги “Нима учун нурингни ортингда қолдирдинг?” деган мақолага кўзим тушди. Бу қизиқарли сарлавҳа мени ўзига жалб қилди. Бу нима дегани экан деб қизиқдим. Ҳикояни ўқиб, унинг мазмунини англадим.

Қадим замонда ўта бадавлат одам яшаган экан. У пайтлар қуллик даври эди. Бу бойнинг ҳам барча шахсий ишларида унга хизмат қиладиган қули бор эди.

Бомдод намозига азон айтилганда, хизматкор таҳорат учун сув тайёрлар ва хўжайинини уйғотарди. Таҳоратга ёрдамлашиб бўлгач, милтиллаб ёнадиган фонуси билан йўлини ёритиб масжидга олиб борарди. Бу даврларда ҳали электр ток, чироқлар йўқ, йўллар зимистон, чанг, кўчаларда тош ва чуқурлар кўп эди.

Шу зайлда қул 20 йилдан ортиқ хўжайинига хизмат қилди. Кунларнинг бирида одатдагидек бомдод намозига кетишаётганида бой юришдан тўхтаб, жойида бироз жим туриб қолди-да, кейин: “Гапларимни эшит эй Саид”, деди. Қулнинг исми Саид эди.

Бой: “Эй Саид, мен васиятномамда вафот этганимдан кейин меросхўрларим сени озод қилишларини ёздим. Бу сенга 20 йилдан бери менга қилган содиқ хизматларинг учун мукофот бўлади”, деб айтди.

Лекин бу гапдан Саид хурсанд бўлмади, хўжайинига ташаккур ҳам изҳор этмади, ҳатто бир оғиз сўз ҳам айтмади.

Эртаси куни яна одатдагидек масжид томон фонусни ёқиб йўлга тушишди. Аммо бу сафар ҳар гал хўжайиннинг йўлларини ёритиб кетадиган хизматчи орқа томонга ўтиб олганди. Хўжайин нега бундай қилаётганини тушунмай: “Нега орқамдан кетаяпсан? Саид сенга нима бўлди? Нега олдинда йўлни ёритиб кетмаяпсан?” деб сўради.

“Чунки сиз нурингизни ортда қолдирдингиз. Ҳаётлик вақтингизда эмас, балки вафот этганингиздан кейин мени озод қилишингиз ҳам худди шунга ўхшайди. Тириклик вақтингизда мени озод қилишни ўйламадингиз. Энди вафот этганингиздан кейин мени озод қилишга ваъда беряпсизми? Сиз қачон вафот этаркансиз, мен шунда тезроқ озод бўламан деб ўйлаб юришимни истайсизми? Мен учун сизнинг умрингиз узоқ бўлса-ю, сизнинг хизматингизни қилсам. Мен шундоқ ҳам умрбод сизга содиқ хизмат қилмоқчи эдим. 20 йилдан бери хизматингизда бўлаётган бўлсам, бирор марта мени озод қилишингиз ҳақида айтмагансиз. Лекин энди айтишингиз гўёки сизнинг вафотингизни кутаётгандек бўламан. Нега нурингизни олдингизда эмас, ортингизда қолдирдингиз?”.

Бу гапларни эшитиб бой одам қаттиқ таъсирланди. Унга: “Эй Саид шу дақиқадан эътиборан сен озодсан”, деди. Саид унинг бу таклифини рад этиб: “Мен сизнинг итоаткор хизматкорингизман”, деди.

Ушбу қиссадан қандай ибрат олинади. Кўпчилик ўз нурини олдида эмас, балки ортида қолдиради. Бу нима дегани? Айримлар: “Бой бўлсам фалон-фалон ишларни қиламан”, “Вафот этсам камбағалларга тўплаган бойликларимни тарқатишади”, “10 йилдан кейин фалон ишларни қиламан” дейишади. Нега ўша ишларни ҳаётлик вақтингизда, имконингиз борида қилмайсиз? Нега нурингизни ортингизда қолдирасиз, олдингизда эмас. Нега яхшиликлар қилишни узоқ йилларга сурамиз. Имкон борида дарҳол яхшилик қилиш ҳақида ўйламаймиз? Бирор яхшилик қилишни имконингиз борми, уни ҳозир қилинг, шунда нурингиз олдинда бўлади. Нурингизни асло орқада қолдирманг!

Мақоланинг видеолавҳа шакли

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

 

Мақолалар