Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламийн. Вассалату вассалам ала расулиҳи ва асҳабиҳий ажмаийн. Инсон деб аталмиш махлуқотни яратиб унга ўзининг каломи ила дунё ҳаётида яшашни ўргатиб, ҳалол ва ҳаромни англашга қалб кўзини ато этган Раббимизга чексиз ҳамду санолар бўлсин.
Юксак одоби ва тақвоси билан умматига ўрнак бўлиб, суннати ила таълим берган Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин.
Ҳар қандай жамиятда ҳаром ишлар тақиқланган. Чунки ҳаромнинг юки оғир! Ислом шариатида ҳар қандай зулм ҳаром саналади. Кишининг молига, обрўсига ва шаънига тажовуз қилиш асло мумкин эмас. Кимки шундай қилса, унинг ўзи қаттиқ зарар топади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муфлис нималигини биласизми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бизнингча, муфлис на дирҳами ва на матоси бўлмаган кимсадир”, дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимнинг муфлиси шундай бир кимсаки, у қиёмат кунида рўза, намоз ва закоти билан келади. Аммо унга зулм қилган, бунинг молини еган, бошқасини урган, яна бировни сўккан. Бас, у ўтиради, бундан унга, бунинг яхшиликлари қасос қилиб олиб берилади. Агар унинг зиммасидаги хатолари адо қилинмасдан туриб яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳлари олиниб, бунинг зиммасига юклатилади, кейин эса жаҳаннамга отилади”, дедилар”.
Шундай инсонлар бўладики, ўзи аҳли илм. Ҳамма нарсани – оқу қорани билади. Аммо ўнга амал қилмагани ортидан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни юз тубан судраб бориб, жаҳаннам ўчоғининг тубига улоқтиради. Ва яна мутакаббир олимни кибру ҳавоси учун шундай азоблайди. У ўзидан юқори мартабадаги кишиларни кўрса, қуллуқ қилиб пойига паёндоз ила пешвоз чиқади. Лекин мартабаси ўзидан паст бўлганларни кўрса мийиғида муомала қилиб, ўзига қуллуқ қилишидан умидвор бўлади. Бу ҳам ҳаром қилинган амаллар сарасига киради.
Бундай амал ўзи ва нафси учун қилинган иш бўлади, бундай ишни Аллоҳ таоло ёқтирмайди. Бунинг эвазига сен нима учун амал қилган бўлсанг ўшанинг розилигини топ ва ундан ёрдам сўра дейилади.
Аллоҳ таоло ана шундан, охирида шарманда бўлиб қолишга сабабчи бўладиган муомиладан барчамизни сақласин.
«Муфлис» сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғавий маъноси «фулус» (чақа) сўзи, сариқ чақага ҳам зор бўлиб, муҳтожликдан қийналиб қолган киши маъносини англатади,
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни зарбулмасал қилиб умматига улкан сабоқ бўлиши учун таълим берганлар.
Бировнинг ҳақи учун жавобгарлик шунчалар оғир. Шунинг учун ундан жуда ҳам эҳтиёт бўлмоғимиз керак.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисида ушбу воқеани ҳикоя қилиб берганлар:
Бир одам уй сотиб олиб, унда яшай бошлайди. Бир куни уйида ўра қазиётган эди кутилмаганда бир катта кўза чиқиб қолди. Очиб қараса, олтинга тўла экан. Нима қилишини билмай ҳайрон бўлди-да, кўп бош қотиргандан сўнг шундай қарор қилди:
“Бу уйни менга сотган киши ерга шунча тилла кўмилганидан бехабар бўлган. Мен ундан тиллаларини эмас уйини сотиб олганман. Бу бойликни унга олиб бориб топширишим керак», деб идишни уй сотган кишининг олдига олиб борди. Бўлган воқеани айтиб: “Эй дўстим, бу идиш сизники. Мен сиздан фақат уйни сотиб олганман”, деди. Уйни сотган киши эса: “Мен уйдаги барча нарсани сотганман. Демак, бу олтинлар сенинг хаққинг”, деб хазинани олишдан бош тортди.
Иккови шундай тортишиб турганида олдидан бир киши ўтиб қолди. Унга воқеани тушунтириб, ўртадаги муаммони қандай ечишни ундан сўрадилар. Учинчи киши:
– Фарзандларингиз борми? – деб сўради.
Бири: – Ҳа, менинг ўғлим бор, – деди
Иккинчиси эса: – Менинг қизим бор, - деб жавоб берди.
Учинчи киши: – Унда қуда бўлинглар-да хазинани фарзандларингга харж қилинглар, – деди.
Бу фикр иккисига ҳам маъқул бўлди.
Ана ўша инсонлар ҳатто ер остидан топиб олинган молнинг ҳам юки оғирлигидан қаттиқ қўрққан ва тақвода мустаҳкам бўлган инсонлардан экани кўриниб турибди.
Барчамизни Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан чекинишимиз ва Ўзи буюрган амалларни қилишимизга муваффақ айласин.
Интернет материаллари асосида Марҳамат тумани
бош имом-хатиби Мухторжон ШАРОФУДДИНОВ тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан