Инсон ҳаётини илму маърифатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Маърифат – муслимнинг икки дунёсини ёритувчи нур. Исломий маърифат воситасида биз дунё ва охиратимиз гўзаллигига йўл топамиз. Шу маърифат орқали Яратганни, унинг қудратини, яратиқларини таниймиз, илоҳий Каломнинг ҳикматини англаймиз.
Ана шундай маърифатдан баҳраманд бўлган орифлар жамиятида нафақат инсонга, балки ҳайвонга, қурт-қумурсқаларга, бир сўз билан айтганда бутун жонли ва жонсиз мавжудотга гўзал муомалада бўлинади. Чунки маърифатли инсон табиатдаги биргина тошнинг ҳам ўз ўрни ва вазифаси борлигини англайди. Аллоҳ таоло ўз Каломидаги суралардан бирини “Намл” – чумоли деб аташи бежиз эмас.
Демак, бу маърифат бизга ҳатто чумоли билан ҳам қандай муомала қилишимизгача ўргатади. Аллоҳ таоло бутун борликни инсон учун яратди. Айни пайтда, бу борлиқ инсонга омонат ҳамдир. Омонатни омон сақлаш ҳам унинг вазифаси. Аслида мўъминлик ҳам шу. Мўъмин, иймон, омон сўзларининг ўзаги ҳам битта. Араблар ювош туяни “омун” дейишади. Бу дегани, у билан муомала қилаётган инсон тепиш, тишлаш каби туяга ҳос озорлардан омонда. Мўъмин ҳам мана шу фазилатга эга бўлиши керак. Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қўлидан, тилидан одамлар омонда бўлган инсон мўъминдир” деган ҳадислари бунга далил. Ҳадисда “одамлар” деганда, динидан, ирқидан, миллатидан қатъи назар барча инсонлар англашилади. Уни, қайси динда эканига қарамасдан, ҳурматини жойига қўйишимиз лозим. Чунки биз у билан бир ота-она, яъни Одам ато ва момо Ҳавонинг авлодларимиз. Яратган Парвардигорнинг: وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ яъни “Ҳақиқатан биз Одам болаларини мукаррам қилдик” (Исро сураси, 70-оят), деган каломида мукаррамлик Одам болаларининг барчаси учун бир хилда алоқадор экани маълум бўлмоқда. Демак, Одам боласи бўлгани учун ҳам у бизнинг қариндошимиз ҳисобланади. Зиммамизда унинг бир ҳаққи бор. Бу – инсонлик ҳаққи.
“Аҳли китоб” деб Аллоҳ таоло юборган китобга амал қилувчиларга айтилади. Биз мусулмонлар насроний ва яҳудий билан китобийлик нуқтаи назаридан яқинмиз. Шунинг учун ҳам бизга зарари тегмаса, биз ҳам азият етказмаймиз ва гўзал муомалада бўламиз. Уларнинг бизда иккита ҳаққи бор: инсонийлик ва аҳли китоблик ҳаққи.
Мўмин-мусулмонлар диндош биродарларимиз. Улар билан китобимиз бир, бир пайғамбар умматимиз, қибламиз битта, биргина диний таълимот асосида ҳаёт кечирамиз. Шунинг учун ҳам мўминнинг мўминга ҳаққи учта дейилади. Улар: инсонийлик, аҳли китоблик ва мусулмонлик ҳақларидир.
Ислом динининг гўзал жиҳатларидан яна бири шуки, қўшни билан ҳам чиройли муомалада бўлишни таълим беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, қўшнисига икром қилсин”, дея марҳамат қилганлар. Демак, ҳар бир мўъмин-мусулмон зиммасида қўшнилик ҳаққи ҳам бор экан.
Ана шундай ҳақлардан яна бирига қариндошлик ҳаққи дейилади. Қариндошлик ҳаққини адо этиш ва хеш-ақроболар билан алоқани мустаҳкамлаш ҳамда чиройли муомалада бўлиш бизга фарз қилинган. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида ушбу фикрни таъкидлаб шундай дейди: وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ ۚ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبً (1-оят). “Номини ишлатиб, бир-бировингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқингиз. Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатувчи Зотдир”. Ояти каримадан маълум бўлаяптики, қариндошлик алоқалари устидан кузатиб турувчи Аллоҳнинг ўзи экан. Оятдаги “Қўрқингиз” феъли икки калимага бориб боғланади, яъни “Аллоҳдан” ва “қариндошлик (алоқалари)дан” сўзларига. Демак, оятда, биринчидан, Аллоҳ буйруқларини бажармай қўйишдан, иккинчидан, қариндошлик алоқаларини узиб юборишдан қўрқингиз, дейилмоқда. Аллоҳ таоло бу каломи билан қариндошлик алоқаларини узиш Ўзининг буйруқларини бажармаслик билан бир хил даражадаги гуноҳ эканини уқтириб ўтмоқда. Демак, биз Аллоҳнинг бу оятини теран англаган ҳолда қариндош-уруғ билан чиройли муомалада бўлмоғимиз лозим экан.
Оила Исломда муқаддас бир қўрғон саналади. Бу қўрғон бут бўлса, жамият аъзолари ҳар хил жисмоний, маънавий, ахлоқий ва руҳий тажовузлардан ҳимояланган бўлади. Айни пайтда, у ота-она, жуфти ҳалол, фарзандлар, ака-ука, опа-сингилларни ўз бағрига олган фароғат маскани ҳамдир. Энг чиройли муомала, ҳурмат-иззат ва меҳр-муҳаббат оилага қаратилиши лозим. Бу ҳам бизнинг бўйнимиздаги ҳақлардан. Бу ҳақларни адо этиш билан инсон фароғатда яшайди, авлодларининг хулқидан кўнгли тинч бўлади.
Ушбу ҳақларнинг барчаси динимизда баён қилинган. Биз уларни ўқиб-ўрганишимиз, ва зиммамиздаги ҳақларни адо этишимиз лозим. Зеро, маърифат йўли бандага икки дунё саодати кафолатланган мунаввар йўлдир.
Қурбонали ЁДГОРОВ,
Зангиота тумани “Имом ал-Бухорий” жоме масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кишилик тарихини кузатсак, киши ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанишини билиб оламиз. Мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг буйруқлари ва Унинг Расули кўрсатмаларига амал қилиб, илму ирфонни ўрганган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган. Аксинча, илм-фандан юз ўгириб, лоқайдлик ва танбаллик туфайли жаҳолатга юз буришганида қўлларидан нусрат, салтанат, сарват кетган, ўзлари хўрланишган.
Илм инсонга нима фойда-ю, нима зарар эканини билдиради, киши орзу-мақсадларига фақат илм орқали етишади. Илму ирфондан юз ўгирган ёки илм олишга лаёқати паст бўлган жамият эса ҳамиша кимгадир юкуниб яшашга маҳкум бўлди. Зеро, Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримда: «...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» (Зумар сураси, 9-оят) деб бу борада аниқ мезонни белгилаб берди.
Азал-азалдан бу юртнинг нури бутун дунёга таралиб, порлаб тургани сир эмас. Масалан, Имом Бухорийни ким билмайди? Имом Термизийни, имом Доримийни-чи? Ёки Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муъийн Насафий каби улуғ зотларни ким эътироф этмайди? Бу улуғ имомларнинг илмий мерослари асрлар давомида ушбу заминнинг буюк тарихидан далолат бериб келмоқда. Бутун Ислом олами Бухоро сўзини эшитганда чексиз ҳурмат бажо келтириши ҳаммамизга маълум. Бундай эҳтиром, аввало буюк ватандошимиз – Имом Бухорий ҳазратлари, қолаверса, юртимизда етишиб чиққан уламолар шарофатидан.
Мовароуннаҳр диёри ҳар бир асрда Ислом оламига буюк алломаларни, дунё тан олган олимларни етказиб бергани тарихий ҳақиқат. Масалан, ҳижрий II асрда атоқли фиқҳ олими Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва улуғ муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак яшаб ўтишган бўлса, кейинги аср Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ва Абу Ийсо Термизийларнинг даври бўлди. Тўртинчи асрда Абу Мансур Мотуридий, бешинчи юзйилликда Абул Муъин Насафий, олтинчи асрда Абул Қосим Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Алоуддин Косоний, еттинчи асрда Абул Баракот Насафий каби улуғ Ислом олимлари етишиб чиқди.
Илм-фаннинг бошқа соҳаларини олиб кўрсак, бу борадаги ютуқлар ҳам илғор бўлган. Масалан, Косинуслар теоремасини биринчи бўлиб Абу Райҳон Беруний кашф қилган бўлса-да, олти юз йилдан кейин Оврупада француз олими Веитга нисбат берилди. Палеонтология ва седиментология соҳасида илк марта тажриба ўтказиб, бу бўйича китоб ҳам ёзган Абу Али ибн Сино бўлса-да, Албертга «Буюк Алберт» унвони берилди.
Биргина тиббиёт соҳасида юртимиздан чиққан улуғ олим ва ҳаким Абу Али ибн Синони бутун дунё замонавий медицинанинг отаси деб тан олгани, унинг тиббиётга оид «Ал-Қонун» каби шоҳ асари XVI асргача Ғарбдаги барча тиббиёт дорилфунунларида дарслик қилиб ўқитилгани, замонавий тиббиёт жуда кўп жабҳада Ибн Синодан ўрганганини гапириб ўтирмаймиз. Чунки бу далилларни Шарқу Ғарбда ҳамма жуда яхши билади.
Улуғ ватандошимиз Мусо Муҳаммад Хоразмий биринчи бўлиб алгебра фанига асос солган, «алгебра» истилоҳи унинг «Ал-жабр вал-муқобала» рисоласидан олинган, олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанга кирган, унинг арифметикага оид рисоласи XII асрдаёқ Испанияда таржима қилиниб, шу асосда дарслик ёзилган. Яна бир улуғ олимимиз Аҳмад Фарғоний фалакшуносликнинг (астрономия) отаси саналади, унинг «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум» китоби XII асрда Оврупа тилларига таржима қилиниб, «Алфраганус» деган лотинча ном билан бир неча аср мобайнида Ғарб университетларида астрономиядан асосий дарслик сифатида ўқитилган. Дунёда биринчи ҳисоблаш маркази Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек раҳбарлигида қурилган. XV асрда Мирзо Улуғбекнинг машҳур расадхонасида ишлаган Ғиёсиддин Жамшид Коший биринчи бўлиб ўнли касрларни кашф этган. Оврупада эса ундан 175 йил кейин Симон Стевин бундай сонлар ҳақида илк фикрларини оммага тақдим этди.
Яна бир атоқли қомусий олимимиз Абу Райҳон Беруний Христофор Колумбдан анча олдин уммон ортида номаълум қитъа борлигини айтган, Галилейдан 600 йил аввал Ернинг айланишини исботлаб ва изоҳлаб берган, биринчи глобусни ясаган, Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчаган, конуслар теоремасини француз олими Вентдан 500 йил олдин кашф этган.
IX асрнинг 1-ярмида халифа Маъмун томонидан Бағдодда ташкил этилган «Байт-ул ҳикма» («Билим уйи») деб аталган академияга ҳам марвлик Абу Али Яҳё ибн Мансурдан кейин Муҳаммад Хоразмий раҳбарлик килган эди. Бу даврда Хоразмий насаби шу даражада машҳур бўлиб кетдики, кимнинг Хоразмий насаблик шогирди бўлса, обрў ҳисобланар эди.
Энди шу жойда озгина бугунги кунимизга назар ташлайлик. Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монелик йўқ, аксинча, чорлов бор, имконият бор. Аммо бизда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтиришларга, ношаръий маросимларга сарфлаб юборяпмиз. Илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ҳаяжон билан воқиф бўлаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга эса вақт-имкон «топа олмаяпмиз». Яқин ўтмишимиздаги оила дастурхони устида хонадон каттасининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат қилгани, тожир, ҳунарманд ва зироатчилар узоқ қиш оқшомларида бир устоз этагини тутиб, илм мажлислари ташкил этишгани, ёшларнинг илм талабида ҳатто қўшни юртлардаги устозларникига қатнашгани каби ҳолатлар бугун эриш туюладиган бўлиб қолди.
Кундалик ташвишларни бир чеккага суриб туриб, ўтмиш ва бугунимизни қиёслаб кўрайлик. Кеча ким эдик, кимларнинг ворисларимиз деган саволни бериш билан бирга унга ечимни излайлик. Ажаб эмаски, шунда инсоният тамаддунида ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлиш билан бир қаторда дунё пешқадамларига айлансак.
Маҳмуд Маҳкам