Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

ҚУРБОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

31.08.2017   8741   3 min.
ҚУРБОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

                                                    Бисмиллаҳир Раҳмонир Раҳим

Оламлар Раббиси Аллоҳ таолога беадад шукрлар,  Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга, оила аъзоларига ва саҳобаларига дуруду салавотлар бўлсин!

Муҳтарам юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан Сизларни улуғ айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбдан, самимий муборакбод этамиз. Ушбу саодатли кунларда Аллоҳ таборака ва таолодан мўмин-мусулмонларнинг  дуо-илтижолари, савоб амалларини ҳусни қабул айлаши ҳамда Ватанимизни янада обод, халқимиз фаровонлигини зиёда қилишини сўраймиз.

Сўнгги даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни инсонпарварлик ғоялари, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар меросини ўрганиш, ислом таълимотининг турли йўналишларида чуқур илмий-тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш борасида салмоқли ишлар олиб борилаётганига барчамиз шоҳидмиз.

Муҳтарам Юртбошимиз Ш. М. Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Тошкент шаҳрида барпо этиладиган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом маданияти маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси  фаолиятининг ташкил этилиши юқоридаги эслатиб ўтилган эзгу мақсадларга, шунингдек, маънавиятимизни янада юксалтириш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, ижтимоий барқарорлик, ўзаро аҳиллик ва тотувликнинг кучайишига хизмат қилади.

Юртдошларимиз инсонийлик, шукроналик ва саховатпешалик фазилатларини янада ёрқин намоён этиб, Аллоҳнинг уларга берган неъматларидан эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга хайр-эҳсонлар қилмоқдалар, ёши улуғ кексалар ва фахрийларимизга ҳурмат-эҳтиром,  меҳр-мурувват кўрсатмоқдалар.

Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсинки, юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтириш бахтига мушарраф бўлдик.

Бугунги шукуҳли кунларда оилаларимиз мустаҳкам, фарзандларимиз бахтли, ёшларимиз ҳар томонлама етук, одоб-ахлоқли, Ватани, халқи, дину диёнатига содиқ бўлиб камол топишларини сўраб, дуои хайрлар қилиш асосий бурчимиз ва вазифамиздир.

Шу кунларда байрам устига байрам – Қурбон ҳайитини байрам қилишимиз Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги билан бирга нишонлаётганимизнинг замирида катта ҳикмат ётибди.

Яна шу кунларда 7200 дан зиёд юртдошларимиз ҳаж ибодатини адо этмоқдалар. Улар орасида Юртбошимиз ташаббуслари билан муборак сафарга жўнатилган 138 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари – табаррук ёшдаги отахонларимиз ҳам муборак сафарда Яратгандан Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида дуои хайрлар қилмоқдалар. 

Бу кунларга соғ-омон етказгани учун Аллоҳга беадад шукроналар айтиб, Қурбон ҳайити ва Мустақиллик байрами - улуғ айёмлар билан муҳтарам Юртбошимизни, барча юртдошларимизни чин дилдан муборакбод этамиз.

Ватанимиз истиқболи порлоқ, диёримиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Парвардигордан сўраб қоламиз. Келаётган қутлуғ байрамларнинг файзу баракоти қалбларимиз ва хонадонларимизни мунаввар ва хушнуд айласин.

Қурбон ҳайити ва Мустақиллик байрами муборак бўлсин, азизлар!

 

Усмонхон  Алимов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси, муфтий

31 август 2017 йил

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

10.08.2026   17510   1 min.
 ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

Сайёр йиғилиш

Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.

Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари