Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июл, 2025   |   21 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:24
Қуёш
05:04
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:58
Хуфтон
21:31
Bismillah
16 Июл, 2025, 21 Муҳаррам, 1447

Узумнинг фойдалари ва зарарлари

21.08.2017   24170   2 min.
Узумнинг фойдалари ва зарарлари

Узум инсон организми учун нимаси билан фойдали?

Узум — фойдали витаминлар ва минераллар хазинасидир. Унинг таркибида С витамини, А, РР, Н  витаминлари, В группасига кирувчи витаминлар, шунингдек  К витамини мавжуд.

Шунингдек, узумда натрий, кальций, темир, фосфор, бор, фтор, никель, марганец, цинк ва   кўпгина бошқа фойдали металларни, минералларни ва бир қатор нодир фойдали моддаларни учратиш мумкин. Бундан ташқари, узум таркибида  саратон касаллиги пайдо бўлишига қаршилик кўрсатувчи фитостерин деб номланувчи модда мавжуд. Яна унинг таркибида антиоксидант таъсир кўрсатувчи органик кислоталар, фойдали озуқавий тўқималар, шунингдек,  илмий тилда флавоноидлар ва  моносахаридлар  деб номланувчи инсон организми учун фойдали моддалар мавжуд.

 Агар зерикарли рақамлар билан ифодаланадиган тилда айтиладиган бўлса, олимлар томонидан узумда икки юз хилга яқин фойдали моддалар мавжудлиги аниқланган.

Шунингдек, узум уруғи ҳам инсон учун фойдали, унда хушбўй моддалар, фитостеринлар ва  эфир мойлари бор.

Узум иммунитетни ва юрак мускулларини мустаҳкамлайди, томирларни кенгайтиради ва бош оғриғини бартараф этишда ёрдам беради. Узум қон таркибидаги холестерин миқдорини камайтиради, ични юргизади.

 Узумнинг озуқавий қуввати

Узум парҳез меваси эмас, шунинг учун уни истеъмол қилиш меъёрида бўлиши лозим. Унинг озуқавий қуввати 100 грам мевасида (унинг навига қараб) 45 дан 63 ккал гачани ташкил этади. Албатта унинг озуқавий қуввати баланд эмас, лекин унинг иштаҳа очиш хусусияти кучли бўлганидан, кўпроқ овқат истеъмол қилишга сабабчи бўлади.

 Узум нимаси билан зарарли?

Барчамизга маълумки, ҳар бир фойдали нарсанинг зарарли томони ҳам бўлиши мумкин. Узумнинг баъзи кишилар учун асосий камчилиги таркибида қанд моддаси миқдори жуда баландлигидадир. Узумни семириш, қандли диабет, ошқозон яраси, кариес касалликларида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Шунингдек, уни истеъмол қилишдан қонни суюлтириш мақсадида дори-дармон истеъмол қилаётганда ҳам ўзини тийиш тавсия этилади.

                             Жалолиддин Нуриддинов

                                    Манба: hronika.info  

 

Табобат
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом меросининг бебаҳо хазиналари Лондонда намойиш этилди

11.07.2025   4401   3 min.
Ўзбекистондаги Ислом меросининг бебаҳо хазиналари Лондонда намойиш этилди

Лондонда муҳим маданий воқеа бўлиб ўтди: Буюк Британияда илк бор Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ, Ислом цивилизациясининг олтин даврларига оид ноёб Қуръон қўлёзмалари ва тарихий артефактлардан иборат коллекция намойиш этилди. Ушбу муқаддас ёдгорликлар йиллар давомида хусусий коллекциялар ва музейларда сақланган, эндиликда улар ўз диёри – Ўзбекистонга қайтмоқда.

 

Дунёнинг машҳур Sotheby’s ва Christie’s аукцион уйлари мезбонлигида ташкил этилган ушбу кўргазмалар 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурилган ташаббус – Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳанинг бир қисмидир. Сўнгги йилларда миллий ва халқаро мутахассислар томонидан йўқолган маданий меросни излаш ва аниқлаш бўйича кенг тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

 

Лондондаги икки кўргазмада илк бор халқаро жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган экспонатлар орасида дунёнинг етакчи олимлари, экспертлари, масъул мутахассислар, машҳур музей ва кутубхоналар вакиллари  ва коллекционерлари иштирок этди.

 

– Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу маданий-маърифий мега платформа – Ислом цивилизацияси маркази ташаббусини илгари суриш баробарида шахсан унинг амалга оширилишига бошчилик қилмоқда. Тарихий ва маънавий дурдоналарни  Ватанга қайтариш бўйича давлатимиз  раҳбарининг тўғридан-тўғри топшириғи асосида  ушбу кенг қамровли лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу фақат тарихий артефактларнинг  қайтиши эмас – бу хотиранинг, миллий ўзликнинг ва Ўзбекистоннинг ислом меросини асрашдаги бетакрор ролини тан олишнинг тимсолидир, – дея таъкидлади Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов кўргазма очилиш маросимида.

 

Намойиш қилинган нодир артефактлар орасида IX-XIII асрларга оид  Қуръон қўлёзмалари саҳифалари, миниатюралар, нафис заргарлик буюмлари, маиший буюмлар, матолар ва санъат асарлари бор. Улар Ўзбекистонни жаҳондаги муҳим интеллектуал марказлардан бири сифатида кўрсатади.

 

– Ушбу кўргазмалар – Ўзбекистон Президенти шахсий ташаббуси билан амалга оширилаётган муҳим маданий ҳодиса бўлиб, ёш  авлодни илҳомлантиришга қаратилган. Ўз меросини қайтаришга йўналтирилган бундай амалий қадриятлар маданий уйғониш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади, – деди Буюк Британиядаги "Ал-Фурқон" фонди директори Сали Шаҳсивари.

Кўргазмаларда тақдим этилган экспонатларнинг кўпчилиги 2025 йилда Sotheby’s ва Christie’s аукционларида Ислом цивилизацияси маркази фаолияти доирасида харид қилинган.

 

Sotheby’s савдо уйининг Шарқ мероси бўйича вакили  Бенедикт Картер шундай деди:

– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилиш биз учун катта шарафдирМарказий Осиё тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ёдгорликларнинг Ватанга қайтишига кўмаклашганимиздан мамнунмиз.

 

Тошкентнинг марказида 10 гектардан ортиқ ҳудудда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази минтақадаги энг йирик маданият ва маърифат институтларидан бирига айланмоқда. Унинг экспозиция майдони 8000 квадрат метрдан ошади. Марказ таркибига қуйидаги беш мавзули галерея киради:

"Қуръон зали"

"Исломгача бўлган мерос"

"Ренессанснинг биринчи ва иккинчи даврлари"

“Янги Ўзбекистон”.

 

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов қуйидагиларни таъкидлади:

– Бугун Ўзбекистон ўз тарихий меросини тиклаш ва асраб-авайлаш борасида улкан саъй-ҳаракатлар қилмоқда. Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази каби ташаббуслар бу йўлдаги муҳим қадам бўлиб, тез орада у билим ва динлараро мулоқот маёғи сифатида ўз эшикларини очади. Бу бизнинг тарихий ўзлигимизни англаш ва уни очиқ тараннум этишга интилишимизнинг ифодасидир.

 

Лондондаги ушбу кўргазмалар нафақат муҳим маданий воқеа, балки тарихий адолатнинг тикланиши ифодаси бўлди. Намойиш этилган экспонатлар Ўзбекистоннинг ислом олами интеллектуал маркази сифатидаги ўрни ва бугунги Янги Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш йўлидаги навбатдаги ютуқларини амалда исбот этди.

Сisc.uz

Ўзбекистондаги Ислом меросининг бебаҳо хазиналари Лондонда намойиш этилди
Ўзбекистон янгиликлари