Италияда ислом. Ана шу иборанинг ўзиёқ эшитган кишини ҳушёрликка чорлайди. Ахир, тасаввур қилинг: бу давлат пойтахтида Рим-Католик Черковининг маркази Ватикан – шаҳар-давлат бор.
Бироқ, келинг, асрлар қаъридаги тарихга назар ташлаймиз. Аён бўлишича, минг йиллардан ҳам олдинроқ ғарбий европадаги бошқа давлатларга қараганда ислом Италияда кенг ёйилган экан. Ўрта асрлардаги араб истилоси даврида Жанубий Италияда ислом дини кенг тарқалган эди. Борий амирлиги жанубий ярим оролда 847 йилдан 871 йилгача мавжуд бўлган. Бундан ташқари, 700 йилдан 1091 йилгача, 400 йил давомида Пантеллерия, Сицилия, Мальта ва бошқа ороллар мусулмонлар назорати остида бўлган ва бу маконлар, гарчанд, кейинчалик аососий аҳолиси насронийлар бўлган бир неча мусулмон князликларига бўлиниб кетган бўлса-да, шартли равишда Сицилия амирлиги деб аталган. Жанубий Италияни норманлар босиб олганидан сўнг мусулмонларнинг бу ердаги давлати барҳам топган. Шундай бўлса ҳам мусулмонларнинг кўплаб жамоалари Сицилияда ХIV асргача сақланиб қолган.
Айнан ўша даврда Сицилия оролида мусулмон Испанияси билан бирга ушбу минтақада ҳозиргача маданияти ва санъатининг изи қолган ислом тараққиёти ташкил топган.
Гўёки тарих саҳифаларига сингиб кетгандек тилсиз гувоҳлар – Палермодаги ажойиб меъморий ёдгорликлар ва оролдаги бошқа шаҳар ва қишлоқлар, уларнинг номлари, манзарали ва амалий санъат асарларининг ёрқин намуналари, Сицилия музейидаги ноёб экспозициялар, араб тилидаги китоблар ва қўлёзмалар, оролдаги энг муҳташам кутубхонада сақланаётган Қуръони каримнинг қадимий нусхасидир.
IX асрнинг биринчи ярмида мусулмонлар Корсика ва Сардиниянинг бир қисмини босиб олди. Унинг ортидан Мальтани ҳам ишғол қилди. Шундан кейин Ўрта ер денгизи мусулмон давлатининг ичкарисидаги денгиз бўлиб қолди.
Ислом тамаддуни бир неча юз йил давомида Италияда барқ уриб, ҳозирги кунимизгача сақланиб қолган бебаҳо меъморий обидалар барпо этди. XIV юзйиллик сўнггига қадар араб тили сицилияликларнинг муомаладаги тилларидан бири бўлган. Ҳозирги вақтда сицилияликлар тилида арабчадан ўша вақтларда ўзлашган кўп сўзлар мавжуд. Минтақада араблар ва турклар билан боғлиқ қатор ҳайкаллар ҳам сақланиб қолган. Кейинчалик, Уйғониш даврида ислом ўрта асрлар Италиясининг маданий анъаналарида ўз аксини топди. Норманлар истилосидан сўнг Сицилияда мусулмонлар давлатчилиги барҳам топди. Аммо ХIV аср бошларига қадар бу ерда кўплаб мусулмон жамоалари сақланиб қолган. Ислом маданияти ва меъморчилиги таъсири Италияда ҳозирги кунларда ҳам сезилиб туради. Бугунги кунда ислом дини Италияда Ғарбий Европанинг бошқа давлатларига ўхшаб икки кўринишда тарқалмоқда. Бир тарафдан, улар турли вақтларда ислом динига кирган италянлар. Уларнинг сони 10-15 минг атрофида деб айтилса-да, баъзида 30-50 минг киши дейишади. Аммо Италиядаги мусулмонларнинг аксари эса Осиё ва Африканинг ўттиз мамлакатидан келган 560 минг муҳожирдир. Уларнинг ҳаммаси Италия фуқаролигини олган ёки яшашга ва ишлашга рухсатномаси бор шахслардир. Баъзи манбаларга кўра, муҳожир-мусулмонларнинг сони бир миллиондан баланд бўлиши ҳам мумкин. Италияга мусулмон муҳожирларнинг оммавий равишда оқиб келиши ўтган асрнинг 80-йилларига тўғри келади. Лекин ундан олдин ҳам мамлакатда мусулмонларнинг жамоаси мавжуд эди. Уларнинг кўпчилиги Африка давлатлари, бир замонлар Италиянинг мустамлакаси бўлган – Сомали ва Ливия давлатлари фуқароларидир. Кўпайиш босқичидаги италиялик мусулмонларнинг иккинчи авлоди, биринчи муҳожирлар тўлқинининг фарзандларидир. Италиялик мусулмонлар босқичма-босқич италия жамиятига сингишди ва бу жамият муҳожирларни этник ва диний эътиқодидан ажратиб ололмади.
Италияда исломнинг ўрни ҳақида гапирадиган бўлсак, худди қўшниси Франция каби католикликдан кейин иккинчи ўринда туради. Кейинги ўн беш йил ичида муҳожирлар оқимининг кўпайиши сабабли италиялик мусулмонлар ташкилотлари тобора ортиб бормоқда. Дастлаб жамоалар пайдо бўлди, ибодатхоналар очилди, кейин эса турли-туман ислом маданият марказлари ташкил топа бошлади. Миланда чоп этиладиган «Ил журнал» нашри ёзишича, 2002 йил Италияда 350 масжид ва ибодатхоналар бўлган ва уларнинг учдан бир қисмининг минора ва гумбазлари бор бўлиб, ана ўшаларнигина масжид деб аташ мумкин бўлган.
Этник ва диний жамоаларнинг фарқли жиҳатларига қарамасдан Италияда келиб чиқиши турли миллатлардан бўлган, шунингдек, ислом динига кирган маҳаллий мусулмонларни ҳам ўзига жалб этадиган ислом марказлари бор. Бундай марказлар мамлакатда 30га яқин. Уларнинг энг машҳурлари Милан ва Римда, мамлакат жанубида эса Неапол ва қисман Палермода.
Миландаги Ислом маркази масжидларга ўхшаб барпо этилган – Ислом маданияти институтидир. Уларнинг биринчисини 1977 йилда италиялик сунний мусулмонлар барпо этган. Бу марказ исломий мавзуларда турли тадбирлар ўтказади, италян ва араб тилларида хабарнома чиқаради, адабиётлар тарқатади, турли ўқув курслари ташкил қилади ва шаръан ҳалол бўлган гўшт етиштиради. Миланлик дастлабки мусулмон италияда машҳур саналган сулолалардан бирининг вакили Абдул Воҳид Паллавич ҳисобланади. Ислом маданияти институти ва унинг масжидлари беш вақт намоз вақтида игна тушадиган жой топилмай қоладиган, ҳатто одамлар кўчаларгача чиқиб кетадиган, кўплаб мусулмонлар билан боғлиқ. Шунингдек, институт имон келтирганлар ўртасида тарғибот ишларини ҳам олиб боради. Мусулмонларнинг яна бир муҳим маркази – Рим. Ғарбий Европадаги энг катта саналувчи ҳашаматли масжид 1995 йил Римда барпо этилган.
Масжиднинг фаолияти Италия ислом маданияти институти ҳамда Римда аккредитация қилинган мусулмон давлатлари элчхоналари билан боғлиқ. Ушбу мамлакатларнинг дипломатик корпуслари вакиллари институт кенгаши раҳбарлари ҳисобланади. Италияда мусулмонларни умуммиллат даражасида бирлаштиришга кўп бора ҳаракат қилинган. Чунки Италияда ҳам бошқа давлатлардагига ўхшаб мусулмонларнинг манфаатини ҳимоя қиладиган, зарурат туғилганда давлат ҳокимияти билан мунозара қилишга қодир бўлган марказлашган бирлашмага эҳтиёж бор. Италиялик мусулмонларнинг Қуръони каримни мактабда ўргатиш ёки муқобил тарзда барпо этилган мусулмон мактаблари ҳуқуқини давлат мактаблари билан тенглаштириш, янги масжидлар қуриш учун рухсат олиш тартибини соддалаштириш, ислом шариати асосида ўқилган никоҳни расмий тарзда қайд этиш ва бошқа масалаларга доир ечимини топиши зарур бўлган муаммолари ҳам бор. Руйхатдан ўтган ибодатхоналар ва масжидлар қошида ҳалол гўшт дўконлари мавжуд. Мусулмонлар учун алоҳида қабристонга ҳам жой ажратилган.
Италия мактабларида “дин соати” дарси кўзда тутилган. Аммо қайси динни ўрганиш ёки даҳрийлик йўлини тутиб мазкур дарсга қатнашмаслик ўқувчи ва ота-онанинг ихтиёрига қараб бўлади. Бироқ ҳозирча баъзи жойда бунга кадр етишмаслиги, баъзи жойда хона етишмаслиги, гоҳида исломобофия тизими ишга тушаётгани сабабли мусулмон болалар ислом дини дарсларига етарлича қатнаша олмаяпти. Шунинг учун италиялик мусулмонларнинг учдан бир қисми фарзандларига исломнинг асосларини пухта ўргата олмаётганини асосий муаммолардан бир деб ҳисоблайди. Шунингдек, шифохоналардаги мусулмон беморларга руҳий-маънавий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам шундай муаммолар сирасига киради. Улар бу каби муаммолар вақтнинг оқими билан барҳам топиб бораверади, деб ишонадилар.
Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.
Одамларга аслий ҳолатингиздан-да гўзал муомалада бўлинг. Зеро, зулм умрни қисқартиради. Биз атрофимиздагиларга зулм қилиб, ҳақларига риоя қилмаганимиз учун ҳам уларни йўқотамиз. Ўз ҳисоб-китобларимизни уларнинг камчиликлари устига қурамиз, лекин улардаги олийжаноб фазилатларни унутамиз. Уларни батамом айбсиз бўлишларига талабгормиз, шунингдек, “одам боласи хатодан холи бўлмайди” деган гапни далил қилиб ўзимизни оқлаймиз.
Мабодо одамлар сизни тошбўрон қилсалар ҳам, бу тошларни тўплаб, бирор-бир уйни таъмирлаш учун ишлатинг. Агар сизни гуллар билан қарши олсалар, гулдасталарни сизга таълим берган ва ночор пайтингизда қўлингиздан тутганларга улашинг.
Аввал Аллоҳга ишонинг, кейин эса ўзингизга. Айбларингизни тан олинг. Ишонинг, агар сиз ўша айбларингиздан халос бўлсангиз, орзуларингизнинг рўёбга чиқишига бир қадам қолади... Ўз хатоларингизни ёдингизда тутинг, дўстларингиз, яқин қариндош-уруғларингизни атрофингизда сақлаб қолишни истасангиз, уларнинг хатоларини эсингиздан чиқаринг. Билингки, ҳақиқий саодат киши бошқаларнинг айбини қўйиб, ўз айблари билан овора бўлишидадир.
Борди-ю, бирорта ишда муваффақиятни қўлга киритсангиз, ғурурланиб кетманг! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бу борада Нажм сурасининг 32-ояти каримасида: “...Шундай экан ўзингизни оқламанг, У ким тақводорлигини яхши биладир”, дея марҳамат қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам камтарликка тарғиб қилиб: “Аллоҳ таоло менга сизларнинг камтар бўлишингизни ваҳий қилди. Тоингки, бирорта одам бошқанинг олдида фахрланмасин ҳам, зулм ҳам қилмасин”,[1] дедилар.
Йиқилганингизда “одамлар атайлаб чоҳ қазиб қўйган” деган номаъқул хаёлни миянгиздан чиқариб ташланг. Аксинча, қайта туришга ҳаракат қилинг. Қаддингизни ростлаб олсангиз-да, ўзингиз каби йиқилганларга ёрдам қўлини чўзинг, ўзларини тиклаб олишларига кўмаклашинг. Ҳаёт йўлларининг пасту баландларига, машаққатларига сабрли бўлинг, кўзингизни каттароқ очинг ва ақлингизни йиғинг.
Душманингиз устидан ғалаба қозонсангиз-да, унинг омадсизлигидан қувонманг. Киши бошига мусибат келса, ҳеч бўлмаса дуо билан ҳамдард бўлинг. Аллоҳ таоло Шуро сурасининг 43-оятида бундай марҳамат қилади: «Шубҳасиз, ким сабр қилиб кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир». Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бундай деб дуо қилардилар: “...Аллоҳ, ҳасадгўй душманни менинг мағлубиятим сабаб қувонтирма”.
Қаноат ҳамда дангасалик, иззат ҳамда ғурур ва тавозеъ билан хорлик орасини жамлай олмайсиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун тавозеъли бўлса, Аллоҳ унинг мартабасини кўтаради, охир бориб иллийиннинг энг чўққисига олиб чиқади”, дея камтар бўлишга тарғиб қилганлар.
Ўзингиз учун бир солиҳ кишини дўст тутинг ва уни асраб-авайланг. Бу борада Расулуллоҳ соллаллҳу алайҳи васаллам: “Киши ўз қадрдон дўстининг динида бўлади, шундай экан ҳар бирингиз ким билан дўст тутинганига бир назар ташласин!” дедилар. Солиҳ дўстингизни майда-чуйда нарсалар билан итоб қилаверманг, унинг янглишишларига аҳамият берманг, ахир, тамоми камолот сифатига эга бўлиш фақат Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзигагина хосдир.
Одамлар билан хусуматлашманг. Чунки беҳуда тортишувлар дўстлик арқонини узиб, руҳиятлар орасида тўсиқ пайдо қилади. Солиҳ кишиларнинг ичи тор бўлмайди, аксинча, улар кўнглини кенг қиладилар ва бошқаларнинг айбларини кўтарадилар. Одамларнинг ёмонликларини хотирангиздан ўчириб ташланг ва уларнинг яхшиликларини ёдингизда тутинг.
Сизга тааллуқли ишларда хато қилганларга ҳам бағрикенг бўлинг, уларни “бир узри бордир” дея оқлашни ўрганинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирортангиз Абу Замзамдай бўлишга кучи етмайдими?! У қачон уйидан чиқса, мен ўз обрўйимни одамларга садақа қилдим, дер эди”, деган сўзлари ҳам одамларнинг бир-бирларига айтган баъзи гаплари ёки хатолари борасида кенгфеълли бўлишга тарғибдир.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Муслим ривояти.