Қадимда бир подшоҳ бўлиб, у доим чексизлик ҳақида ўйлар, унинг қандай эканини ҳеч тасаввур қила олмас экан. Бир куни унинг шаҳрига бир донишманд келиб қолибди. Шоҳ унинг овозасини эшитиб, саройга таклиф қилибди ва ўзини қийнаётган саволни сўрабди. Донишманд унга бундай жавоб берибди: "Узоқ бир ўлкада адамант тоғи бор. У тоғнинг эни етти чақирим, баландлиги ҳам етти чақирим. Ҳар юз йилда ўша тоққа бир кичкина қушча учиб келади ва тумшуғини шу тоғнинг тошига бир марта чархлаб кетади. Қачон қушча тумшуғини чархлаб ўша тоғни тугатса, ана ўшанда чексизликнинг бир сонияси ўтган бўлади".
Хулоса. Чексизлик тушунчаси олдида бизнинг ҳаётимиз бир ёниб ўчган чироқ кабидир. Шунинг учун бу умрни кераксиз нарсаларга сарф қилмайлик.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ тайёрлади
Cавол: Маҳсига масҳ тортиш фарзми, суннатми, вожибми? Маҳси кийган одам таҳорат қилганда масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тўлиқ таҳорат билан маҳси кийган кишининг таҳорати синса ва у маҳсини ечмасдан янгидан таҳорат қилмоқчи бўлса, масҳ тортиши фарз бўлади. Агар масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўлмайди. Чунки маҳсига масҳ тортиш оёқни ювиш ўрнидадир. Шундай экан таҳоратда оёқ ювиш фарз эди, маҳсига масҳ тортиш ҳам фарз бўлади. Бу ҳақда "Лубоб" китобида бундай дейилади:
(وفرض ذلك) المسح (مقدار ثلاث أصابع من أصغر أصابع اليد) طولاً وعرضاً
"Маҳсига масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдоридадир. Бу миқдор қўл бармоғининг бўйи ва энича бўлади (яъни намланган қўллар билан шу миқдорда чизиқ тортади)". Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази