Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло оналарингизга оқ бўлишни, қизларни тириклайин ерга кўмишни ҳаром қилиб, мумсик (закот ва ушр каби зиммага вожиб бўлган нарсаларда бахил) бўлиш ва тамаъ (олишга ҳақли бўлмаган нарсани талаб) қилишдан қайтарди. Шунингдек, миш-миш гаплар тарқатиш, кўп савол бериш ва мол-дунёни беҳуда сарф қилиш каби ишларни ёмон кўради”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ота-онага оқ бўлиш гуноҳи кабира. Аллоҳ таоло бандаларни Ўзигагина ибодат қилишга сўнгра ота-онага яхшилик ва итоат этишга буюрди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинди:
“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро, 23).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онани ҳақорат қилиш гуноҳи кабира”, дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, фарзанд ота-онасини ҳақорат қиладими?” дейишди. “Ҳа, ким бошқанинг отасини ҳақорат қилса, ўз отасини, онасини ҳақорат қилса ўз онасини ҳақорат қилган бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розиллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ризоси ота-она розилигида бўлади. Ота-она ғазаб қилганга у ҳам ғазаб қилади”, дедилар” (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳадисда қариндошларга яхшилик қилишга амр этилган. Она боласига меҳрибон, раҳмли бўлгани, ҳомиладорлик машаққати, дунёга келтириш, тарбиялаш, унга хизмат қилиш каби кўплаб машаққатларни бошдан ўтказгани учун яхшиликка энг ҳақли зотдир”, деган.
Ота-онанинг фарзандларига шафқатли бўлиши динимиздаги муҳим кўрсатмалардан биридир. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Қизларларни тириклайин кўмиш гуноҳи кабирадир. Бу ноҳақ қасд қилиш, силаи раҳмни узишдир. Жоҳилият даврида қиз болани ор билиб, кўмиш одат бўлгани сабаб ҳадисда гўдак қизларни тириклайин ерга кўмиш манъ этилди.
Ибн Ҳажар рaҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳадисда қизлар турли-туман ишларни бажаришда ўғил боладан заиф бўлгани сабабли уларнинг ҳақини таъкидлаш маъноси ҳам тушунилади”, деган.
Муқаддас диднимизда кўп гапириш қораланди. Зеро, кўп гапириш ғийбат, чақимчилик, ёлғончилик каби қалб касалликларига сабаб бўлади. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ “миш-миш гаплар тарқатиш” ҳақида шундай дейди: “Хатога олиб борадиган гапнинг макруҳлиги, бошқаларнинг сўзларини, баҳсларини ноаниқ ҳикоя қилиб бериш, диний ихтилофларга сабаб бўладиган нарсаларни сўзлаш кабилардан зарарли иллатлар келиб чиқади”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшитган нарсасини гапиравериши, кишининиг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади” дедилар (Имом Муслим).
Бу қайтариқ нотўғри, ноаниқ гапни ўз ичига олади. Тўғри ва аниқ гапни ишончли одам ҳикоя қилиб беришининг зарари йўқ. Ўйлаган нарсасини гапириш инсоннинг тойилишига сабаб бўлади.
Инсон кўп гапириб гуноҳкор бўлишига тил сабаб бўлади. Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу: “Фитнадан сақланинг. Тил қиличдек фитна келтириб чиқаради”, деган. Кўп савол бериш макруҳ амал. Ҳажжож ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўп савол беришдан сақланинглар”, дедилар. Аллоҳ таоло мўминларни билмаган вақтдагина сўрашга буюрди:
“Бас, (эй, Макка аҳли!) Агар билмайдиган бўлсангиз, (Таврот, Инжилни биладиган) зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё, 7-оят).
Уламолар заруратсиз савол бериш мумкин эмас деб иттифоқ қилганлар. Баъзи олимлар савол берувчи ва сўралган одамга озор бермаган заруратсиз савол кароҳият билан дуруст бўлади. Аммо иккисидан бирига озор берса савол бериш ҳалол эмас деганлар. Бошқалари одамларнинг хабарлари, моли, мушкуллари ҳақида муайян бир одам ҳақида сўраш, у кимса ёқтирмаган ҳолларда макруҳ бўлади, дейишган.
Сўровчи изн сўраш, масалани аниқ баён қилиш, саволга тайёргарлик кўриш, вақтни олмаслик, биладиган нарсасини сўрамаслик, муҳтож бўлган нарсани сўраш, ўзи учун савол бериш, жавобни шошилтирмаслик, масъул билмайдиган, тушунмайдиган нарсани сўрамаслик каби савол бериш одобларига риоя қилиши лозим бўлади.
Аллоҳ таоло бандалар ҳожатларини чиқариши учун мол беради. Ҳалол йўл билан ҳожат чиқариш жоиз. Динимизда мақталган ўринларга сарф қилиш эса фазилатдир. Имом Нававий: раҳматуллоҳи алай: “Дунё ва охиратга фойдаси йўқ ўринга сарф қилиш, ушлаб қолишнинг имкони бўлиб, сақлаб қолмаслик молни беҳуда сарф қилиш бўлади”, деган.
Молни закот, нафл садақаларга, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашга, муҳтожларга ёрдам беришга Аллоҳ таоло рози бўладиган ўринларга ишлатиш шукр қилишдир. Имом ибн Саъдий “Аллоҳ таоло ғазаб қилган ва инсон ҳаётига зарарли ўринга молни сарфлаш нафақа вожиб бўлган вақтда ожиз қолишига сабаб бўлади”, деган. Молни ёшларни ақлини заифлаштириб, ахлоқини бузадиган, вақтларни беҳуда ўтказадиган турли-туман ўйинлар, маст қилувчи ичимликлар каби қайтарилган ўринларга сарфлаш исрофдир. Исроф эса ҳаромдир. Қуръони каримда шундай марҳамт қилинади:
“Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф, 31).
Манбалар асосида Баҳриддин Жўрабек ўғли тайёрлади.
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси