Тавба сурасининг 75–77 оятларида, ваъда бериб, сўнг уни бажармайдиган мунофиқлар васф қилиниб, шундай дейилади:
«Улар орасида: “Агарда бизга (Аллоҳ) фазли (бойлиги)дан берса, албатта, садақа қилурмиз ва солиҳ (киши)лардан бўлурмиз”, – деб Аллоҳ билан аҳдлашадиганлар ҳам бор.
Аллоҳ уларга фазлидан берганда эса, (улар) унга бахиллик қилдилар ва юз ўгириб кетдилар. Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғончилик қилганлари сабабли уларга, то Уни учратадиган кунлари (қиёмат)гача дилларида мунофиқлик бўлишини қисмат қилиб қўйди».
Кўплаб тафсир китобларида ушбу оят Саълаба ибн Ҳотиб (розияллоҳу анҳу) сабаб нозил бўлган дейишади. Ваҳоланки, бу саҳобий Бадр қатнашчиси бўлган ансорлардан ҳисобланади. Тафсир ва ишончли манбаларда у киши ҳақида бу мазмундаги оят нозил бўлиши мумкин эмаслиги, балки бу маълумот ўта заиф ва нотўғри экани айтилади. Жумладан, Маҳмуд ибн Абулҳасан Найсобурий ал-Ғазнавий “Ийжозул баён ъан маъонил Қуръон” китобида қуйидагича келтиради: “Дарҳақиқат Саълаба ибн Ҳотиб, Аллоҳ таолонинг: «Улардан: «... “Агарда бизга (Аллоҳ) фазли (бойлиги)дан берса, албатта, садақа қилурмиз ва солиҳ (киши)лардан бўлурмиз”, – деб Аллоҳ билан аҳдлашадиганлар ҳам бор”» (Тавба, 75), ояти нозил бўлиши сабабчиси, дейилган. Лекин, оятда зикр қилинган шахс, Саълаба ибн Ҳотиб ансорийдан бошқа кишидир”.
Ибн Ҳажар Асқалоний “Ал Исоба фи тамйизус саҳоба” китобида, Саълаба ибн Ҳотиб (розияллоҳу анҳу)нинг таржимаи ҳолида бу қиссани келтирмаган. Аксинча, бу саҳобийни бадр қатнашчиси дея ҳимоя қилган. Мазкур қиссани эса зирор масжидини қуришда қатнашган мунофиқ Саълаба ибн Ҳотиб ёки Абу Ҳотибга нисбат берган. Олим, Саълаба ибн Ҳотиб (розияллоҳу анҳу) ҳақидаги сўзларни келтиргач, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қуйидаги: “Бадр ва Уҳудда қатнашган бирор кимса дўзахга кирмайди”, деган лафзларини эслатади.
Айрим мўътабар манбаларда исмлар бир-бирига ўхшаш бўлгани учун улуғ саҳобийга нисбатан нотўғри нисбат берилган бўлиши мумкин. Бу ҳадис нотўғри талқин орқали одамлар орасида кенг тарқалиб кетган.
Аслида, воқеълик қуйидагича бўлган: “Саълаба ибн Хотиб ансорий, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хузурларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг расули! Аллоҳдан менга мол-дунё беришини сўраб дуо қилинг” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳолинга вой бўлсин! Эй Саълаба! Шукрини адо қилган оз нарсанг, сен тоқат қила олмайдиган кўп нарсадан кўра яхшироқдир” – дедилар. Саълаба яна мурожаат қилиб: “Эй, Аллоҳнинг расули! Аллоҳдан менга мол-дунё беришини сўраб дуо қилинг” деди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй, Саълаба! Мендан ибрат олсанг бўлмайдими? Аллоҳга қасамки, агар мен Аллоҳдан тоғни тилло ва кумушга айлантириб беришини сўрасам, албатта уларни тилло ва кумушга айлантириб беради. Лекин мен сўрамадимку, шундан ибрат олсангчи?” – дедилар.
Саълаба яна келиб: “Эй, Аллоҳнинг расули! Аллоҳдан менга мол-дунё беришини сўраб дуо қилинг. Агар Аллоҳ менга мол-дунё берса, ҳар бир ҳақдорни ҳаққини адо этардим” – деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳим Саълабани мол-мулк билан ризқлантиргин” – деб дуо қилдилар.У қўй олди. Қўй худди қурт сингари ўсиб кўпая бошлади. У пешин ва аср намозини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ва қолган намозларини қўйлари ёнида ўқирди. Қўйлар шу даражада кўпайиб, энди унга Мадина ўтлоқлари торлик қилиб қолди. У қўйларини олиб Мадинанинг атрофига олиб чиқиб кетди. Энди у беш вақт намоз у ёқда турсин, жума намозини ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга адо этолмади. Жумани ҳам, жамоатни ҳам тарк қилди.
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саълабага нима бўлди?”, деб сўраб қолдилар. Қўйлари кўпайиб, водийга сиғмасдан, улар билан бирга Мадинанинг ташқарисига чиқиб кетгани айтилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саълабанинг ҳолига вой! Саълабанинг ҳолига вой! Саълабанинг ҳолига вой!” – дедилар. Аллоҳ таоло тавба сурасидаги қуйидаги:
«Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир» (Тавба, 103) оятини нозил қилгач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ансор ва Бани Сулайм қабиласидан икки кишини садақа иши билан шуғулланишга тайинладилар. Уларга садақа ҳақидаги кўрсатмаларини ёзма тарзда бериб, одамлардан садақа йиғмоққа амр қилдилар.
Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мактубларини олиб Саълаба ҳузурига боришди ва унга мактубни ўқиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг закот ҳақидаги буйруқларини етказишди.
Шунда Саълаба: “Бу жизя ёки унинг ўхшашидир. Ундан бошқа нарса эмас. Сизлар бораверинглар мен ўйлаб кўрай, кейин келасизлар.” – деди.
Улар унинг ҳузуридан чиқиб Сулманинг хузурига боришди. Сулма эса закотга ўзининг мол-қўйлари ичидан энг яхшиларини чиқариб берди. Улар яна Саълаба ҳузурига қайтганларида, у олдинги сўзларини такрорлаб, у икковини қайтариб юборди.
Улар йўлда келишар экан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га рўбару бўлишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улардан сўрашларидан олдин: “Саълабанинг ҳолига вой!”, дедилар ва Сулманинг ҳақига ҳайрли дуо қилдилар.
Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:
«Улар орасида: «Агарда бизга (Аллоҳ) фазли (бойлиги)дан берса, албатта, садақа қилурмиз ва солиҳ (киши)лардан бўлурмиз», – деб Аллоҳ билан аҳдлашадиганлар ҳам бор. (Аллоҳ) уларга фазлидан берганда эса, (улар) унга бахиллик қилдилар ва юз ўгириб кетдилар. Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғончилик қилганлари сабабли уларга, то Уни учратадиган кунлари (қиёмат)гача дилларида мунофиқлик бўлишини қисмат қилиб қўйди» (Тавба, 75–77).
Шундан сўнг Саълабанинг қариндошларидан бири унинг олдига бориб: “Сен ҳақингда оят нозил бўлди” – деди. Саълаба дархол Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хузурларига келиб, ундан садақасини қабул қилишларини сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Аллоҳ таоло менга сенинг садақангни қабул этмаслигимни буюрди. Бу сенинг менга итоатсизлигинг оқибатидир”, – дедилар. Саълаба бошига тупроқ сочганига надомат чекиб қолди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этиб, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) халифа бўлганларида, Саълаба садақотларини кўтариб унинг хузурига келди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ундан қабул қилмадилар. Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳумо) халифа бўлганларида, уларга ҳам садақасини қабул этишларини сўраб ёлворди, аммо, улар ҳам қабул қилмадилар. Саълаба Усмон (розиаллоҳу анҳу) халифалиги даврида вафот этди”.
Бу воқеъа баъзи муфассирлар наздида қанчалик машҳур бўлмасин, у икки жиҳатдан ҳақиқатга тўғри келмайди. Биринчидан, Қуръон ва Суннатда келган “тавба қилувчининг тавбасини қабул бўлиши” ҳақидаги хабарга зид экани, иккинчидан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Закотни ман қилувчилар” ҳадисларига зиддир. Унда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) закотни ман қилувчига нисбатан қилинадиган муомала ҳақида сўз борган.
Ундан ташқари бу маълумотнинг нотўғри экани, қуйидаги манбаларда келтирилган маълумотларда ҳам ўз ифодасини топган:
Абу Умар: “Закотни ман қилувчилар ояти Саълаба хусусида нозил бўлди” деган сўз тўғри эмас”.
Хулоса қилиб айтганда, аксар олимлар ушбу қиссанинг заиф эканига иттифоқ қилишган. Аллоҳ таоло барча саҳобалардан рози бўлсин.
Олимхон ЮСУПОВ,
Имом Бухорий халқаро маркази “Манбашунослик” бўлим бошлиғи
Инсоният тарихида ўз ўрнига эга бўлган буюк алломаларимиздан бири Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Ул сиймо фақат бир замоннинг эмас, балки барча замонларнинг долзарб ва муҳим масалаларига асосли ҳамда қатъий жавобларни бера олган мутафаккир олим.
У зотнинг дунё илм-фанига, айниқса, ақида илмига қўшган ҳиссаси, ақл ва нақлни уйғунлаштиришдаги ўрни ҳақида замондошлари ҳамда муҳаққиқ олимлар томонидан юксак баҳолар берилган.
Кўпчилик «Абу Мансур» нисбасини эшитганда, у зотнинг ўғли «Мансур» бўлганми, деган саволга тўхталади. Лекин манбаларда Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг «Мансур» исмли ўғли бўлгани айтилмаган. Аммо тадқиқотчилар манбаларга таяниб, у зотнинг қизи бўлганини таъкидлаган. Лекин Имом Мотуридий ўз тафсирида ўғил фарзандли бўлишни орзу қилганини ва уни «Мансур» деб номлашини айтиб ўтган. Бу ҳақда «Таъвилот ал-Қуръон»да шундай дейилади: «Абу Мансур» деб, унга «Мансур» исмли ўғил туғилиши умидида ишлатилади».
Бу орзу амалга ошган ёки йўқлиги ҳақида тарихий маълумот учрамайди. Қайд этилган жумла Имом Мотуридийнинг шахсий ҳаётидаги содда бир орзуни кўрсатса-да, унинг туйғулари қанчалик самимий эканини билдиради.
Имом Мотуридийнинг илмдаги даражаси ҳақида у зотнинг шогирдлари ва издошларидан етишиб чиққан етук олимлар юксак баҳолар берган. «Сайфул-ҳақ» (Ҳақиқат қиличи) деган шарафли унвонга сазовор бўлган олим Абу Муин Насафийнинг таъкидлашича: «Агар аҳли сунна олимлари орасида фақат Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ўзи бўлганида ҳам, етарли бўлар эди». Бу таъриф Имом Мотуридийнинг аҳли сунна ва жамоа асосини барпо этишдаги ўрнини ёрқин намоён қилади.
Ундан ташқари, Абу Муин Насафий Имом Мотуридийга: «Илм уммонига шўнғиб, ундаги ноёб дурларни қўлга киритишга муваффақ бўлган, диннинг ҳужжат-далилларини баён этиб, уларни ўз фасоҳати, чуқур илми ва юксак ақл-заковати билан сайқаллаштирган олим», деган таърифни берган.
Устози Абу Наср Иёзийнинг у зотга нисбатан ҳурмати ва эътирофи ҳам жуда таъсирли. У дарс мажлисларида Мотуридий ҳозир бўлмагунча гапирмас эди. Ҳар гал уни узоқдан кўриб, ҳайрат билан назар ташлар ва Қуръони каримдан қуйидаги оятни тилга оларди: «Парвардигоринг хоҳлаганини яратади ва ихтиёр этади» (Қасос сураси 68-оят).
Абдулҳай Лакнавий «ал-Фавоидул-баҳия» асарида Имом Абу Мансур Мотуридийни мутакаллимлар имоми ва мусулмонларнинг тўғри ақидасини асослаб берган буюк аллома сифатида тавсифлайди. Унинг таъкидлашича, Имом Мотуридий беназир асарлар яратиб, ботил ақида вакилларининг бузғунчи ғояларига раддиялар берган.
Айрим манбаларда Имом Мотуридий тариқат шайхлари томонидан ҳам умматни тўғри йўлга йўлловчи шахс сифатида эътироф этилгани айтилади. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний Имом Мотуридийнинг тасаввуфдаги устозларидан бири бўлган.
Замонавий мотуридийшунос олимлардан Аҳмад Саъд Даманҳурий ўзининг Имом Мотуридийга бағишлаб ёзган асарида шундай дейди: «Имом Мотуридий фиқҳ, илм, тақво, дину диёнат, фазилат ва яхшиликда пешқадам бўлиб, у билан ҳамфикр ёки унга қарши бўлганларнинг барчаси унинг беназир олим эканини эътироф этган. У суннатнинг кескир қиличи, бидъат ва гумроҳликка қарши курашган аллома бўлган. Ул зот кўплаб китоблар ёзиб, ислом динини ҳимоя қилган, унга қарши чиққанларни мағлуб этган».
Мотуридийшунос олим Сўнмас Қутлуғ эса шундай дейди: «Имом Мотуридий Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган энг улуғ инъом, бебаҳо туҳфадир».
Айримлар «Китоб ат-тавҳид»нинг кириш қисмидаги ақлий далилларга қараб, у зот фақат ақлга таянган деб хулоса қилади. Лекин Яратувчининг мавжудлигини инкор қилаётган инсонга ўша мавжудликни ақл орқали исботлаш табиий ва зарурий услубдир. Имом Мотуридий нақлни четлатмаган, балки уни ўз ўрнида ишлатган. Аксинча, Имом Мотуридий илмда нақл ва ақлни мукаммал тарзда уйғунлаштира олган олим эди. У зот ўзининг соғлом эътиқодга бағишлаб ёзган «Китоб ат-Тавҳид» асарида Қуръони каримнинг 77 та сурасининг, 350 та оятидан фойдаланган. Бу эса Мотуридийнинг ақида масаласида нақлга нақадар эътибор қилганини кўрсатади. Турк олими Бакр Тўпол ушбу кўрсаткичларни таҳлил қилиб, ҳатто Имом Мотуридийнинг ишора қилиб кетган оятларини ҳам келтирган ва бу сон янада юқори чиққанини таъкидлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан буюк олимга юксак ҳурмат ифодаси ўлароқ «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилингани, албатта, бутун дунё мотуридийшуносларини чексиз қувонтирди. Бу эса ҳар бир инсоннинг қалбида фахр ва шодлик туйғусини уйғотмай қолмайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Имом Абу Мансур Мотуридий – ислом ақидасини ҳимоя қилган, аҳли сунна вал-жамоа таълимотининг илмий асосларини тизимлаштириб, мустаҳкамлаган буюк олимдир. У ўз асарлари ва илмий баҳслари орқали турли бидъатчи тоифаларнинг нотўғри ақидаларини рад этган. Имом Мотуридий фақатгина раддия берувчи эмас, балки ақидавий масалаларга ақл ва нақл асосида ечим топа билган буюк шахсият эди.
Ихтиёр Абдураҳмонов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: uza.uz