Кундан-кунга турмушимиз фаровон, ошиёнимиз обод бўлиб бормоқда. Юртимизда бунёд этилаётган улкан қурилишлар қаторида Пискент тумани марказида ҳам йирик иншоат, жоме масжиди қурилиб, намозхонлар ихтиёрига топширилди.
2017 йилнинг 29 июли пискентликлар учун унитилмас кун бўлди. Масжиднинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов, Пискент туман хокими А.Акрамов, Пискент туман бош имом-хатиби ва Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби Х.Ортиқовлар сўзга чиқиб, намозхонларни бу қутлуғ даргоҳ, гўзал кошона, эътиқод маскани билан қутладилар, сўнгги йилларда мамлакатимизда дин эркинлиги соҳасида, намозхонларнинг ибодат қилиш шароитларини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Масжид аҳли янги масжид биносида Тошкент вилояти бош имом – хатиби бошчилигида илк бора пешин намозини ўқидилар. “Пискент” жоме масжидида ибодат қилувчилар учун барча замонавий шароитлар яратилган. Намозхонларнинг яратилган шароитлар ва кўрсатилган эътибор сабаб қалблари хурсандчиликка тўлди.
Масжид кишини ўзига оҳангрободек тортади. Масжидга кирган кишининг ундан чиққиси келмай қолади. У бирваракайига 2000 намозхонни сиғдириш имкониятига эга. Лойиҳага асосан ўта мустаҳкам таъмал тоши устига пишиқ ғиштдан қурилган. Тўрт мезанали, гумбазли, ўта салобатли. Масжидни гумбази ўта чидамли металлдан Олмалиқ металл заводида ясалган. Томи энг замонавий металл қоплама билан ёпилган. Шифти гипсокартон билан қопланган, иситиш учун пенопласт тўшалган. Эшик ва деразаларига замонавий акфа ромлари ўрнатилган. Полдан иситиш мосламаси ўрнатилган. Полга бир сидирға 1200 кв.метр гилам пояндоз тўшалган. Зина, ҳовли саҳни ва йўлкаларга кафель ва брусчаткалар ётқазилган. Таҳоратхона ва мустаҳабхоналар энг замонавий услубда жиҳозланган. Мўжазгина кутубхона ташкил этилган. Масжид саҳни обод, кўкаламзорлаштирилган. Манзарали дарахт ва гуллар экилган.
Зайнилобиддинхон Қудратов,
Пискент тумани бош имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
У Ҳижру Исмоил деб ҳам номланади. У ярим доира шаклидаги очиқ бинодир. Хатим деб номланишига сабаб, у Каъбадан синдириб олингандир. Қурайш Каъба биносини янгилаганда ўша ерни қолдирган. Исмоил ҳижри дейилишига сабаб, Иброҳим алайҳиссалом Каъбанинг ёнига арок дарахтидан Исмоил ҳамда оналарига капа қуриб берганлар. Демак, ҳижр Каъбанинг қисмидан бўлмаган. Лекин Қурайш Каъбадан қолдириб, Ҳижрга киритган жойи шак-шубҳасиз Каъбадир. Ҳажми олти газу бир қарич, яъни уч метрдир.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хатим ҳақида сўраб: «У Каъбаданми?» десам, у зот: «Ҳа», дедилар. Мен: «Унда нима учун Каъбага қўшиб юборишмаган?» десам, у зот: «Қавмингнинг, яъни Қурайшнинг маблағи етмай қолган...» дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, агар қавминг жоҳилиятдан энди қутулганини ҳисобга олмаганимда, Каъбани бузишга буюриб, унинг чиқиб кетган жойини киргизиб, ерга ёпиштириб, икки эшик, яъни шарқ ва ғарб томондан эшик очиб, Иброҳим алайҳиссалом бунёд этган пойдеворга етказар эдим», дедилар.
Ибн Зубайрни Каъбани бузишга ундаган нарса мана шу эди. Язид: «Ибн Зубайр бузиб, қайта қураётганларида гувоҳ бўлдим. Ҳижрни Каъбага киритдилар. Иброҳим алайҳиссалом қурган пойдевордаги тошларни кўрдим. У худди туянинг ўркачига ўхшар эди», деганларида, Жарир: «Унинг ўрни қаерда эди?» дедилар. У киши: «Ҳозир сенга кўрсатаман», дедилар. Жарир у киши билан Ҳижрга кирдилар. Язид ўша маконга ишора қилиб: «Мана бу ерда», дедилар. Жарир: «Ҳижрни тахминий ўлчаб кўрсам, 6 газ ёки шунга яқин эди», дедилар.
Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларида ҳам очиқ-ойдин келган. Имом Муслимнинг ривоятларида эса: «Ҳижрдан олти газ қўшдим», деб айтилган.
Бу ривоятлардан билинадики, Ҳижр Каъбанинг бир қисмидир. У Каъба атрофидаги тахминан 3 метрлар чамаси жойдир. Бошқа ер эса Каъбадан эмас. Шунга биноан ҳижрнинг орқа томонидан тавоф қилиш дурустдир. Ким Каъба ичида намоз ўқишга имкон топа олмаса, Каъбанинг чамаси 3 метр ёнидаги хатим қисмида ўқиса, гўёки Каъба ичида намоз ўқигандек бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен Каъба ичига кириб намоз ўқишни яхши кўрар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимдан ушлаб, ҳижрга киргиздилар, «Каъбага киришни хоҳласанг, мана шу ерда ҳам ўқийвергин. Чунки у Каъбадан бир бўлакдир», дедилар».
Бошқа ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «Ҳижрдами, Каъбадами намозни қайси бирида ўқишга аҳамият бермайман», деганлар.
Салафлардан қилинган ривоятда: «Хатимда, мезоб остида дуолар мустажобдир», дейилган.
Шайбоний: «Саъид ибн Жубайрнинг Каъбани ҳижрда кучиб турганларини кўрдим», дедилар.
Золим Ҳажжож ибн Юсуф халифа Абдулмалик ибн Марвонга мактуб ёзиб, унда Ибн Зубайр Каъбани ўзгартириб, унинг ўрни бўлмаган жойларни қўшиб, бошқа эшик очганини айтган ва энди Каъбани қайтадан бино қилишини сўраган эди. Ҳажжож Каъбани ўзи айтганидек ўзгартириб бўлганидан кейин Абдулмалик билдики, Ибн Зубайр Каъба қурилишини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек амалга оширган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, агар қавминг жоҳилият замонидан эндигина қутулганини ҳисобга олмаганимда, Каъбани бузиб, чиқиб кетган жойларини қўшиб олган бўлар эдим...» деганлар.
Халифа Абдумалик Ҳажжожга рухсат бергани учун пушаймон чекиб: «Агар Ҳажжож бузишидан олдин ушбу ҳадисни эшитганимда, Ибн Зубайр қурганларини қолдирар эдим», деган Муслим ривояти.
Ривоят қилинишича, баъзи аббосий халифалар Имом Молик ибн Анасдан Каъбани бузиб, ҳадисда зикр қилинганидек, Ибн Зубайр қурганлари каби яна қайта қуриш учун фатво сўрашганида, Имом Молик розияллоҳу анҳу: «Эй мўминлар амири, ўтиниб сўрайман, Байтуллоҳни подшоҳларга ўйинчоқ қилиб қўйманг, хоҳлаган киши уни бузиб ўйнайвермасин. Шу ҳолат бўлаверса, одамлар қалбида Каъбанинг ҳайбати кетиб қолади», дедилар. Имом Моликнинг ушбу гапларидан кейин Каъба мана шу ҳолатда қолди.
Хатим деворининг баландлиги 1 метр 32 см. Деворнинг эни 1 метр 55 см.
Икки кириш орасидаги масофа 8 метр 77 см. Каъба деворидан Хатим деворигача 8 метр 46 см.
Каъбадан Хатимгача мавжуд бўлак 3 метр.
Мултазам томондаги очиқлик ўлчами 2 метр 29 см.
Муқобил очиқликдаги ўлчам 2 метр 23 см. Ташқаридан девор айланасининг узунлиги 21 метр 57 см.
"Макка, Каъба, Замзам тарихи, ҳаж ва умра маносиклари" китобидан