Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Апрел, 2025   |   1 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:55
Қуёш
05:23
Пешин
12:25
Аср
17:15
Шом
19:21
Хуфтон
20:44
Bismillah
29 Апрел, 2025, 1 Зулқаъда, 1446

Имоми Аҳмад (р.ҳ.) ўлганларга Қуръон ўқишни жоиз ва унинг савоби уларга етиб боради, деганлар

04.08.2017   877   6 min.
Имоми Аҳмад (р.ҳ.) ўлганларга Қуръон ўқишни жоиз ва унинг савоби уларга етиб боради, деганлар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм


Ҳанбалий мазҳабининг муассиси, машҳур олим, улуғ муҳаддис, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ каби буюк муҳаддисларнинг устози Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи вафот этганларга, қабристонда дафн қилинганларга Қуръон ўқиб бағишлашни жоиз деб билганлар ва унинг савоби ўлганларга етади, деган эътиқодда бўлганлар. Бу ҳақида ҳанбалий мазҳаби олимларининг таржимаи ҳолларига бағишланган йирик ҳажмли энг машҳур асар – Ибн Абу Яъло ал-Ҳанбалий (451-526 ҳ./1059-1131 м.) раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “Табақот ал-ҳанобила” асарида қуйидаги маълумот келтирилган:

حدثنى الحسن بن مهران بن الوليد الأصبهانى قال سمعت محمد بن أحمد المروروذى يقول سمعت أحمد بن حنبل يقول: «إذا دخلتم المقابر فاقرؤوا آية الكرسى ثلاث مرات و قل هو الله أحد ثمّ قولوا اللهم فضله لأهل المقابر

و روى أبو بكر فى الشافى قال محمد بن أحمد المروروذى سمعت أحمد بن محمد بن حنبل يقول: «إذا دخلتم المقابر فاقرؤوا آية الكرسى و ثلاث مرات قل هو الله أحد ثم قولوا اللهم إن فضله لأهل المقابر

و روى أبو بكر فى الشافى قال محمد بن أحمد المروروذى سمعت أحمد بن حنبل يقول إذا دخلتم المقابر فاقرؤوا بفاتحة الكتاب و المعوذتين و قل هو الله أحد و اجعلوا ثواب ذلك لأهل المقابر، فإنه يصل إليهم

“Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Марварузий раҳимаҳуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг бундай деганларини эшитдим, деганлар: “Қачон қабристонга кирсангиз, “Оят ал-курсий”ни уч марта ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқинг! Сўнгра, “Эй, Аллоҳ! Унинг фазлини қабристондагиларга бағишладим!”, денглар!”.

Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ “аш-Шофий” китобида ривоят қилишларича, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Марварузий раҳимаҳуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг бундай деганларини эшитдим, деганлар: “Қачон қабристонга кирсангиз, “Оят ал-курсий”ни ва уч марта “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқинг! Сўнгра, “Эй, Аллоҳ! Албатта, унинг фазлини қабристондагиларга бағишладим!”, денглар!”.

Абу Бакр раҳимаҳуллоҳ “аш-Шофий” китобида ривоят қилишларича, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Марварузий раҳимаҳуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг бундай деганларини эшитдим, деганлар: “Қачон қабристонга кирсангиз, “Фотиҳат ал-китоб” (“Алҳамду” сураси)ни ва икки “Муаввазатайн” (“Қул аъузу би-робби-л-фалақ” ва “Қул аъузу би-робби-н-носс” суралари)ни  ҳамда “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқинг ва бунинг савобини қабристондагиларга бағишланглар! Чунки, уларга савоб етади”.
(Абу Яъло ал-Ҳанбалий. Табақот ал-ҳанобила. 2-жилд. – Риёз: ал-Амонат ал-омма, 1999. – Б. 224).

Мазкур ривоят саҳиҳ ҳисобланади. Мазкур ривоятнинг шу ерида Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Марварузий раҳимаҳуллоҳнинг ишончли зот экани қайд қилинган. Ривоятга асоссиз равишда ишончсизлик билдириш мумкин эмас!

Демак, буюк мужтаҳид олим ва машҳур муҳаддис Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи вафот этганлар руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилишни ва уларга савобини бағишлашни жоиз деб билганлар ҳамда унинг савоби ўлганлар руҳига албатта етади, деб эътиқод қилганлар. Бу ҳаққоний аҳли суннат ва жамоатнинг барча вакилларининг ақидаси ҳисобланади. Уни аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифаларгина инкор қиладилар. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи эса ҳаққоний олим, инсоф-диёнатли улуғ мужтаҳид ва муҳаддис эдилар. У зот билан содир бўлган қуйидаги ривоят эса жуда кўплаб манбаларда ўз аксини топган. Жумладан, уни устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳам “вафот қилганларга қироат қилиш” мавзусида бир неча марта келтириб ўтганлар. Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ўз шогирди Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ билан бирга бир жанозада қатнашган эканлар. Маййит дафн этилгач, кўзи ожиз бир киши қабр олдида ўтириб тиловат қила бошлайди. Буни кўрган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи: “Эй, фалончи! Қабр олдида қироат қилиш бидъатдир!”, дейди. Ана шунда, қабристондан чиққач, Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ устози Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳига саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг васиятларини – қабр бошида “Бақара”нинг боши ва охирини ўқишни тавсия қилганлари ҳақидаги ривоятни айтиб беради. Аҳли суннат ва жамоатнинг буюк имоми Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ: “Бориб ҳалиги кишига айт, тиловат қилаверсин!”, деганлар.

Саҳобалар даврида ҳам қабрлар олдида Қуръон қироат қилиш одати бўлганига Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг ўзи вафот этганда, дафн қилинганидан сўнг “Бақара” сурасидан қироат қилишни васият қилганларини кўрсатиш мумкин. Бунга, Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ томонларидан у зотнинг бундай деган гаплари нақл қилинган:

إذا مات أحدكم فلا تحبسوه و اسرعوا به الى قبره و ليقرأ عند رأسه بفاتحة البقرة و عند رجليه بخاتمة البقرة

“Қачон сизлардан бирингиз вафот этса, уни ушлаб турманглар, қабрига тезда олиб боринглар. Бош томонида “Бақара”нинг кириш қисмини, оёқ тарафида эса “Бақара”нинг хотима қисмини қироат қилсин!”. 

(Табароний, 12/13613).

Ҳаққоний аҳли суннат ва жамоатнинг барча вакилларининг ақидаси бўлган вафот этганлар руҳига Қуръон тиловатини бағишлаш ва уларга савоб етиб боради, дейишни буюк мужтаҳид Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ҳам айтган эканлар. Биз ҳам аҳли суннат ва жамоат таълимотига эргашган мусулмонлар сифатида ўлганлар руҳига қироатлар қилиб, савобини бағишлаймиз. Уни аҳли суннат ва жамоат таълимотидан оғишганларгина инкор қиладилар.

Ҳамидуллоҳ Беруний

 

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

Зулқаъда ойи муборак бўлсин! Бу ойда қандай амаллар бажарилади?

08.05.2024   1992   2 min.
Зулқаъда ойи муборак бўлсин! Бу ойда қандай амаллар бажарилади?

 Зулқаъда нима дегани? Луғатда “маконга қайтадиган”, “жойланиб олинадиган” деган маънони англатади.

 

Зулқаъда – шаҳрул ҳаром.

Зулқаъда ойи тўрт ҳаром ойлардан бири бўлиб, бу ойда жанг ва урушлар ҳаром қилинган. (Тўрт ҳаром ойлар зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб). Жоҳилият даврида ҳам бу ойда уруш бошламасдилар. Ҳатто фарзанд ўз отасининг қотилини кўрганда ҳам бу ойнинг ҳурматидан унга бирор сўз айтмасди.

 

Зулқаъда – ҳижрий тақвимнинг ўн биринчи ойи. Бу ой шавволдан кейин ва зулҳижжадан олдин келади.

 

Бу йилги Зулқаъда ойи қачондан бошланади?

Бу йил (2025) Зулқаъда ойининг биринчи куни 29 апрель кунидан бошланиши кутилмоқда, иншаАллоҳ.

 

Қуръони каримда Зулқаъда ойи...

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир(Тавба сураси, 36-оят).

 

Ҳадиси шарифда Зулқаъда ойи...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, замон Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратган пайтдаги ҳолига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ҳамда (тўртинчиси) жумади (ас-соний) ва шаъбон орасидаги музарнинг ражаби (бу ойни ҳурмат қилганлари учун музар қабиласининг номи билан аталган)”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Бу ойда қандай амалларни бажариш лозим?

Аллоҳдан мағфират сўрашни, истиғфор айтишни кўпайтиринг.

Имкон қадар инфоқ, эҳсон садақа қилинг.

Ҳар куни Мулк сурасини ўқинг.

Инсонларга зулм қилманг.

Ғазабингизни ютишга одатланинг.

Зуҳо намозини ўқинг.

Кўпроқ Қуръон тиловат қилинг.

Нафл рўзаларни тутинг.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар