frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар

04.08.2017   26783   2 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар
  1. “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”(Ибн Можа, Имом Термизий ривояти). 

  2. “Уч нарсага қасам ичаман: Банданинг моли садақа қилиш билан камаймайди. Кимга бирор зулм етганида сабр қилса, Аллоҳ унинг иззат-шарафини оширади. Ким тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади...” (Имом Термизий ривояти).

 

  1. “Диннинг офати учтадир: Гуноҳларни қилаверувчи фақиҳ, золим имом ва жоҳил мужтаҳид” (Имом Дайламий ривояти).

 

  1. Мунофиқнинг аломати учта: агар гапирса, ёлғон сўзлайди; агар ваъда берса, хилоф қилади; агар омонат берилса, хиёнат қилади (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. Учта дуо ижобат қилинган: Рўзадорнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси (Ақийлий ривояти).

 

  1. Уч нарса борки, ўша нарсани ҳақлигини биламан. Бир киши зулм қилинганда афв қилса, Аллоҳ у билан азизликни зиёда қилади. Бир киши тиланчилик эшигини очса ва у билан мол-дунёси кўпайишини талаб қилса, Аллоҳ унга камбағалликни зиёда қилади. Бир киши ўзига садақа эшигини очса ва у билан Аллоҳнинг розилигини талаб қилса, Аллоҳ унга фақат кўпликни зиёда қилади (Имом Байҳақий ривояти).

 

  1. Учта фазилат борки, мусулмон кишини дунёдаги саодатидир: Солиҳ қўшни, кенг маскан ва енгил маркаб (Имом Табароний ривояти).
  2. Уч нарса омонликдир: Ичидаю устида Аллоҳдан қўрқиш, розиликдаю, ғазаби келганда адолатли бўлиш, камбағаллигу бойликда тежамкор бўлиш. Уч нарса борки, у ҳалокатдир: Ҳавойи нафсига тобеъ бўлиш, ўзига бўйсундирувчи хасислик ва киши ўзи ҳақида юксак фикрда бўлиши (Абу Шайх ривояти).

 

  1. Инсон ўзидан кейин қолдирган нарсаларнинг энг яхшиси учтадир: Дуо қилиб турувчи солиҳ фарзанд, садақаи жория, ўзидан кейин фойдаланиладиган илм (Абу Қатода ривояти).

 

  1. Учта ёлғондан бошқа барча ёлғон ёзилади: Урушда киши ёлғон гапириши. Чунки уруш ҳийладир. Киши хотинини рози этиши учун ёлғон гапириши. Икки кишини орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапириш (Имом Ибн Сунний ривояти).
Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   37683   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари