Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Исломда ҳар бир иш Қуръони карим ва суннати набавия таълимоти асосида бажарилади. Ислом динининг жамиятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга муносабати ҳам шу икки манбада ўз ифодасини топган. Ижтимоий ҳимоя деганда аввало аҳоли орасида моддий жиҳатдан қийналган, ўзининг эҳтиёжини қоплай олмаётган фуқароларга моддий ва маънавий кўмак бериш тушунилади. Шу жиҳатдан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ижтимоий ҳимояга нақадар катта эътибор қаратилганини кўришимиз мумкин.
Қуръони каримда “фақирлик” ва “фақирлар” лафзи моддий маънода 13 марта такрорланган. Уларнинг баъзиси одамларнинг Аллоҳга фақир (муҳтож) эканини баён қилса, баъзилари шайтоннинг одамларга фақирликни ваъда қилишини баён қилади, бошқалари эса фақирларга молнинг маълум бўлагидан садақа беришга буюради. “Бойлик” ва “бойлар” лафзи 26 марта келган. Бундан 21 таси Аллоҳнинг беҳожат зот эканини таъкидласа, 5 таси инсонларнинг сифати маъносида ворид бўлган. “Мискин” лафзи кўплик ва бирлик сийғаларида 33 марта такрорланган. “Соил” (тиламчи) лафзи 4 марта келган ва унинг барчасида уларга садақа беришга буюрилган. Иқтисодий жиҳатдан “заифлар” лафзи 4 марта зикр қилинган ва унда заифлардан муайян мажбуриятларни соқит қилиш ва улардаги заифлик сабабларини бартараф этиш ҳақида гапирилган. Иқтисодий жиҳатдан “маҳрум” лафзи 2 марта келган ва иккисида ҳам бойларнинг молида уларнинг ҳам ҳаққи борлиги таъкидланган. Барча турдаги муҳтожларнинг насибаси бор бўлган “закот” лафзи 32 марта такрорланган. Гоҳида закот лафзининг, гоҳида эса нафл садақанинг маънодоши сифатида келадиган “садақа” лафзи 16 марта келган, унинг ҳаммаси ҳам садақа беришликка ундаган ва буюрган. Муҳтожларга молиявий ёрдам кўрсатиш маъносидаги “эҳсон” лафзи 63 марта зикр қилинган. “Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш” жумласи 70 марта ворид бўлган.
Юқоридаги рақамларни жамлаб чиқсак, Қуръони каримда ижтимоий ҳимоя мавзусида 263 ўринда сўз юритилгани маълум бўлади.
Ижтимоий ҳимояга оид ҳадисларни таҳлилий ҳисоб-китоб қилиб чиқиш мушкул иш. Чунки бир томондан ҳадис китобларининг хилма-хиллиги бўлса, иккинчи томондан ривоятларнинг такрорланиши натижасида айнан ўхшаш ҳадислар ҳам такрорланиб келган. Лекин шунга қарамай, ҳадис китобларини кўздан кечириб чиқиш натижасида ушбу мавзуга оид сўзлар 157 марта ворид бўлганини кўриш мумкин ва уларнинг аксарида фақирларга хайрихоҳлик қилиш тўғрисида сўз юритилади.
Мусулмонлар авваламбор ҳар бир нарсани Аллоҳ таоло яратган, бандалар эса шу нарсаларни тасарруф қилишга тайинланган, деган тушунчага суянади. Шундай экан, банда қўлидаги молни унинг ҳақиқий эгаси бўлган Зотнинг розилиги йўлида тасарруф этмоғи лозим бўлади. Шундай қилиш зарурлигини Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас”, деб баён қилади (Қасас сураси, 77-оят).
Ушбу оятдан ҳамма нарсанинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таоло экани ва бизни Ўзи белгилаб берган меъёрга мувофиқ иш юритишга буюргани маълум бўлади. Бу меъёр охиратда Аллоҳнинг розилигига эришиш умидида бу дунёда унга итоат қилишдир. Ибодатларни тўла адо этиш, хайр садақа ва закот бериш шулар жумласидандир. Бойларга яхшилик тариқасида Аллоҳ берган молдан жамиятдаги муҳтожларга эҳсон қилишга буюриши эса шу молда Аллоҳнинг ҳам ҳаққи борлигини англатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шу ҳақни фақир ва муҳтож бандаларига беришга буюради. Фақир ва мискинлар бойлардан садақаларни олишни ўзларига ор деб билмасликлари учун муҳтожларнинг молдаги насибаларини уларнинг ҳақлари деб қарайди. Чунки улар Қуръон оятига биноан ўз ҳақларини худди шерикчилик орқали топилган даромаддаги ўз улушларини олгандек қабул қилишлари лозим бўлади.
Ислом динида фақирлик муаммоси аввало ўша фақирларни меҳнат қилиш, касб-ҳунар билан шуғулланишга тарғиб қилиш, дангасаликдан қочишга чақириш билан ҳал этилади. Чунки меҳнат қилиш бу асосий вазифа ҳисобланади. Бироқ жамиятда меҳнатга ярамайдиган ёки муносиб иш топа олмаётган ёхуд иши бор-у, бироқ ундан оладиган даромади эҳтиёжини қоплашга етмайдиган ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга нисбатан ҳам Ислом дини ўзига хос тарзда раҳнамолик қилишга йўллайди. Масалан, закот, яқин қариндошларга берилиши вожиб бўлган нафақа, нафл садақа, хайрия, вақф ишлари, назрлар, каффоратлар, қўшнилар ҳаққи, меҳмондорчилик ҳаққи, эммигрантлар (ибн сабиллар) ҳаққи, етимларга ғамхўрлик қилиш, тиламчилар (соил) ҳаққи, давлат томонидан ижтимоий таъминот учун ажратадиган ҳақлари шулар жумласидандир.
Ислом дини – эътиқод, шариат ва ахлоқдан ташкил топган бўлса, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга раҳнамолик қилиш ана шу учовининг ҳар бири билан чамбарчас боғлиқдир. Эътиқод ва имон билан боғлиқлик жиҳати – Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг эгаси деган ақидага таянади. Албатта, Аллоҳ бандаси қўлидаги молидан бир қисмини муҳтожларга беришни амр қилган. Мўмин киши эса ўз ақидасига содиқ қолган ҳолда ушбу буйруқни бажаради. Чунки Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ён қўшниси оч ўтирганини била туриб қорни тўқ ётган киши мўмин эмас”, дедилар” (Ҳоким ривояти).
Ижтимоий ҳимоянинг шариат билан боғлиқлиги Исломнинг арконларидан бири бўлмиш закотда яққол намоён бўлади. Аллоҳ таоло закот олишга ҳақли бўлган кишиларни Қуръони каримда бирма-бир баён қилган:
“Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”. (Тавба сураси, 60-оят).
Ижтимоий ҳимоянинг исломий ахлоқ билан боғликлигини бошқа садақалар борасида кўриш мумкин.
“Улар (ҳозирда ўз зиммаларига олган) назрларини адо қилурлар ва ёмонлиги (даҳшатлари) кенг ёйилувчи кундан қўрқурлар. Таомни эса суюб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни едирурлар. (Улар айтурлар): “Бизлар сизларни фақат Аллоҳ “юзи” учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирор мукофот ва миннатдорчилик кутмасмиз. (Инсон сураси, 7-9-оятлар).
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Исломдаги ижтимоий ҳимоя фақат моддийлик билан чекланиб қолмайди, балки ижтимоий ва руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ҳам назарда тутади.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақа, яхшиликка буюришинг ҳам садақа, ёмонликдан қайтаришинг ҳам садақа, йўлдан адашган кишини тўғри йўлга солиб юборишинг ҳам садақа, кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг ҳам садақа, йўлни юзида ётган тошни, тиканни, суякни четга олиб қўйишинг ҳам садақа, челагингдаги сувдан биродарингни челагига қуйиб беришинг ҳам садақадир”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, Ислом динида беморларни зиёрат қилиш, таниган-танимаганга салом бериш, жанозада иштирок этиш, марҳумнинг яқинларига таъзия билдириш борасида ҳам кўрсатмалар берилган ва бу амаллар учун улуғ савоблар ваъда қилинган. Буларнинг барчаси инсонларнинг кўнглига хурсандчилик бағишлайдиган, ижтимоий алоқани янада мустаҳкамлайдиган исломий фазилатлар саналади.
Айни пайтда Ислом динида муҳтожга ёрдам қўлини чўзишдан қочиш қаттиқ қораланади. Қуйидаги ҳадисдан шу маънони англаш мумкин:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла айтади: Эй, Одам боласи! Мен бетоб бўлдим, сен эса мени кўргани келмадинг! У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай кўргани бораман? У айтади: Фалон бандам бемор бўлганини билиб туриб, уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда, ўша ерда мени топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи! Сендан таом сўрадим, сен эса бермадинг. У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай таомлантирай? У дейди: Фалон бандам сендан таом сўраганда сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни ҳозир шу ерда топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи! Мен сендан сув сўрадим, сен бермадинг. У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, сенга қандай қилиб сув берай? У дейди: Фалон бандам сендан сув сўради, сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни мени ҳузуримдан топишингни билмасмидинг?” дедилар” (Муслим ривояти).
Исломда ижтимоий ҳимоя нафақат мўмин-мусулмонлар ўртасида бўлиши, балки мусулмон жамиятида яшаётган бошқа дин вакилларига ҳам ғамхўрлик қилиниши лозим экани таъкидланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Ким зиммийга азият етказса мен у билан хусуматлашаман. Мен ким билан хусуматлашсам қиёмат кунида ундан ҳаққимни оламан”, деганлар.
Зикр қилинишича, Умар ибн Абдулазиз Басра шаҳридаги волийси Адий ибн Артоътга мактуб йўллаб, унда жумладан шундай ёзади: “...Сўнгра, қарамоғингдаги аҳли зиммалардан қайсиларининг ёши кексайиб, қуввати заифлашиб, касб қилишга қурби етмай қолган бўлса, уларга байтул молдан етарли миқдорда нафақа ажратилишини жорий қилгин. Шунинг учунки, мен эшитган эдим, мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уйма-уй юриб, одамлардан тиланчилик қилиб юрган аҳли зиммалардан бўлмиш бир қарияни кўриб: Ёшлингда сендан жизя олсаг-у, кексайганингда қаровсиз қолдирсак, сенга нисбатан инсофсизлик қилган бўламиз, деганлар ва байтул молдан унга етарли миқдорда нафақа беришни жорий қилганлар”. Демак, Ислом тарихида биринчи марта давлат хазинаси ҳисобидан кексаларга ижтимоий таъминот учун нафақа тайинланиши Умар ибн Хаттоб давридан бошланган экан.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини ижтимоий ҳимоя борасида ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо этишга кенг тарғиб қилган диндир.
Ҳ. ИШМАТБЕКОВ, Фатво бўлими мудири
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Агар мадрасавий нақл мутавотир бўладиган бўлса, унда нима учун ҳанафийларнинг мутавотирида моликийларнинг мутавотирига тескари келадиган жойлар бор?
Дарҳақиқат, ҳанафий мазҳаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражада етиб келган бўлса, моликий мазҳаби ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражада етиб келган бўлса, нима учун бу мутавотирлар ўзаро бир хил эмас?
Имом Ҳафс роҳимаҳуллоҳнинг қироати билан имом Шўъбанинг қироати мутавотир эмасми? Етти қироат мутавотир эмасми? Лекин улар бошқа-бошқа-ку?!
Демак, «мутавотир бўлди» дегани бир хил бўлди дегани эмас экан. Шунингдек, Бухорийда келган баъзи саҳиҳ ҳадислар ҳам айнан ўша Бухорийда келган бошқа бир ҳадисга тескари келиши мумкин. Биз эса бу китобдаги барча ҳадисларнинг саҳиҳ эканига ишонганмиз.
Шунингдек, Бухорий ва Муслимда ҳам бир-бирига тескари ҳадислар бор. Униси ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ бўлиб етиб келган, буниси ҳам. Демак, саҳиҳ ва мутавотир бўлиш – нақлда бир хил бўлиш дегани эмас экан, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳодисалар турлича бўлган.
Баъзилар мутавотирни маълум бир кўринишда нақл қилишган, баъзилар эса мутавотирни ёки мустафизни бошқа бир жойда бошқа бир кўринишда нақл қилишган. Буларнинг барчаси китобларда бор. Бизнинг мавзуимиздаги нозик нуқта мутавотир бўлиш эмас, балки нақл бўлиши собитроқ ва кўп такрорланганлигидир. Бунга «мутавотир» деб ном бериш эса мажозий маънодадир.
Тўғри, баъзи далиллар мутавотир бўлиши мумкин. Лекин асосийси – нақл қилиш собит эканида энг юқори даражасига чиққан бўлиши керак. Шунингдек, улар келтирган нақл билан биз келтирган нақл хилма-хил бўлишининг зарари йўқ, чунки ҳанафийлар Кўфада истиқомат қилган Абдуллоҳ ибн Масъуд, Алий ибн Абу Толиб ва бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳумдан нақл қилишган бўлса, моликийлар Оиша, Ибн Умар ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумдан нақл қилишган. Моликийларнинг мазҳаби Зайд ибн Собитга, ҳанафийларнинг мазҳаби эса Абдуллоҳ ибн Масъудга бориб тақалади.
Ушбу мавзуга якун ясаш билан биргаликда, кўп хавотирга ўрин қолмаслиги учун қуйидагиларни ҳам айтиб ўтсак:
Фиқҳий масалаларга нисбатан ҳадисларнинг сони жуда ҳам оздир. Аввалги маълумотларимизда ҳукмлар келган ҳадисларнинг сони уч минг, икки минг, беш юз ёки етти юз атрофида эканини айтиб ўтган эдик. Бу жуда ҳам кам сон.
Шунингдек, оятларнинг ҳам сони чегараланган. Аммо масалалар эса миллионлаб топилади. Шунингдек, ҳадислар ҳам бор, марҳамат, кўришимиз мумкин. Олдинги ва кейинги уламоларимиз ҳукмий ҳадислар ҳақида қанчалаб китоблар ёзишган. Улар ўз китобларида «Мана бу ҳукмий оят, бу эса ҳукмий ҳадис», деб зикр қилишган. Аммо бу ўринда баҳс ҳукмий оятлар ёки ҳукмий ҳадисларда эмас! Сиз кутубхонадан бир неча динорга ҳукмий ҳадислар ёзилган китоб сотиб олишингиз мумкин. Қуръони Карим эса ҳамма жойда бор. Хўш, шу иккаласи билан имом мужтаҳид бўлиб қоладими?
Баҳсимиз бу нуқтада ҳам эмас! Баҳс ушбу масалаларни қандай қилиб чиқариб олиш, ҳукмларни жамлаш ва уларни қандай тушунишдадир. Бу ерда ҳадис етиб келиш-келмаслиги масаласининг аҳамияти қолмайди! Ахир орадан 1400 йил ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизга суннат етиб келди-ку!
Мужтаҳид имомлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталарида эса бир неча йиллар, яъни 70-80-90 йиллар ўтган, холос! Уларнинг бутун турмуш тарзи Исломдан иборат эди, улар оила қуришда, ўзаро муносабатларда, бошқарувда ва барча ҳолатларда Ислом билан ҳамоҳанг эдилар. Қандай қилиб уларга ҳадис етиб бормаган бўлиши мумкин? Қандай қилиб биз ҳаётимизнинг турли жабҳаларида Исломдан узоқ бўла туриб, «Бизга ҳадис етиб келган», деймиз? Шунинг учун «Ҳадис етиб келган-келмаган», деб баҳс қилишнинг ҳеч бир қиймати йўқ! Қуръон ва Суннат бор. Энди бу ўриндаги баҳсимиз улардан қандай ҳукм чиқарамиз, қандай ижтиҳод қиламиз, уларни қандай тушунамиз ва улардан қоидаларни қандай чиқарамиз, деган маънода бўлиши керак.
Яҳё ибн Қаттон роҳимаҳуллоҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан етиб келган саҳиҳ ҳадисларни кўрсатишини сўраб, Аллоҳ таолога тўрт йил дуо қилдим», деганлар.
Биз ўрганаётган мавзу фақат ҳадис ривоят қилиш эмас, балки имом Шофеъийнинг муҳаддислар йўлидан юриб, мазҳаб туза олишидир. Муҳаддислардан олдингилар эса ҳадисларни ҳам ривоят қилишар, бир-биридан фарқли фатволар ҳам беришар эди. Гап ушбу ҳадисларга таяниш учун қандай қилиб мазҳаб ва қоидаларни чиқаришдадир. Албатта, ушбу мавзу биздан катта эътибор талаб қиладиган муҳим мавзулардандир.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан