Ҳамма нарсани тажриба қилиб кўришга инсоннинг умри етмайди. Шунинг учун инсон азиз умрини аллақачонлар тажрибадан ўтиб бўлган нарсаларни қайта бошдан тажриба қиламан деб бой бериб қўймасдан, ўтган аждодларнинг ҳаётий тажрибаларидан, билимларидан фойдаланиб дарҳол тўғри йўлга тушиб олгани маъқул.
Тажрибадан ўтган ишларни такрор тажриба қилишга уринган киши кўплаб хато ишларга йўл қўйиб бошига ташвиш орттириб олиши ҳам мумкин. Шундай экан, тажрибадан ўтган тўғри ишларни қабул этмоқ ва уларни келажак авлодларга етказмоқ фойдалидир. Тарихда ибрат олшга арзийдиган мисоллар кўп. Уларни ўқиб тўғри хулоса чиқарилса, инсонга кўп нафи тегади. Ана шундай мисоллардан бири Хорун ар-Рашид ва боғбони ўртасида бўлиб ўтган “Излаган топади” воқеасидир.
Излаган топади
Аббосий ҳукмдорлардан Хорун ар-Рашид боғбонини бир куни ёнига чақирибди ва боғдаги бир гулни унга кўрсатиб: “Бунга қара, мана шу гул мен боғда энг яхши кўрадиган гулдир. Бу гулни кўзингнинг қорасидек эҳтиёт қил. Агар шу гулга бир зарар етса, унинг бадали жуда оғир бўлади”, дебди.
Кунлар ўтаверибди. Боғбон ҳам парваришни энг аъло шаклда бажариш учун ҳаракат қилаверибди ҳамда ҳукмдор кўрсатган гулга ғамхўрлик қилишда давом этибди. Фақат бир куни бир булбул келибди-да айнан ўша гулнинг шохига қўниб япроқларини битта-битта юла бошлабди. Боғбон бу ҳолни кўрса ҳам, ҳеч нарса қила олмасдан қараб туришга мажбур бўлибди. Бечора боғбон қўрқса ҳам воқеадан ҳукмдорни хабардор қилишга мажбур бўлгани боис булбулнинг қилган ишини Хорун ар-Рашидга бирма-бир айтиб берибди. Унинг гапларини диққат билан тинглаган ҳукмдор ғоят хотиржам оҳангда “Қани, индамай турайлик-чи, нима бўлар экан, излаган топади”, дебди.
Бу гапни эшитган боғбон боққа қайтиб ишини давом эттирибди. Аммо орадан бир неча кун ўтиб ўша булбул яна келиб бошқа бир гулнинг шохга қўнибди ва гулнинг япроқларини уза бошлабди. Шу вақтда бир илон пайдо бўлиб булбулни ютиб юборибди. Бу ҳолни ҳайратлар ичида кўрган боғбон боғдан югуриб чиқиб халифанинг олдига борибди ва бўлиб ўтган воқеани гапириб берибди. Ҳаётда кўп нарсани кўрган, тажрибали ҳукмдор сокинлик ила: “Бўпти, излаган топади”, дебди.
Бу жавобни эшитган боғбоннинг ҳайрати икки баробар ортиб боққа қайтиб келибди. Боғбон ишларини аъло даражада бажаришга уринар экан, “гул”, “булбул” ва “излаган топар” деган сўзларни хаёлидан чиқара олмабди. Яна бир куни хаёл суриб сарой боғчасини тозалаб юрар экан, ўша илон пайдо бўлиб унга ташланиб қолибди. Боғбон илоннинг ҳужумидан ўзини ҳимоя қилиб, ғайритабиий тезликда унинг бошини қўлидаги анжоми билан мажақлаб ташлабди.
“Булбул”, “гул”, “илон” “излаган топади” ва “ҳодисаларнинг давомийлиги”дан ҳайратини яшира олмаган боғбон яна ҳукмдорнинг олдига бориб: “Ҳукмдорим, сарой боғида куймаланиб юрган эдим, дафъатан, ўша булбулни еган илон пайдо бўлиб менга ташланиб қолди. Қўрққанимдан ўзим сезмаган тарзда тез ҳаракат қилиб унинг бошига уриб ўлдирдим”, деди. Ҳукмдор яна мутлақо хотиржам оҳангда: “Бўпти. Бўлар иш бўлибди, ваҳимага тушадиган ҳеч нарса йўқ, излаган топади, ишингни давом эттиравер”, дебди.
Боғбон яна боққа қайтиб келиб ишини давом эттирибди. Фақат бу орада нимадир бўлиб иши қозига тушиб қолибди. Қози боғбонни қатл этиш ҳақида ҳукм чиқарибди. Ҳукмни султон тасдиқлаши керак экан. Боғбон қатл этиладиган кун келибди ва қатл олдидан унга сўнгги сўзни берибдилар. Боғбон:
“Ҳукмдоримга ва буюк давлатимга узоқ йиллар хизмат қилдим. Қўлимдан келганини аъло даражада бажаришга астойдил ҳаракат қилдим. Охирги дамларда ҳукмдоримдан ва унинг тимсолида миллатимдан розилик олишни истайман”, дебди. Унинг бу тилаги ҳақида Хорун ар-Рашидга хабар беришибди. Ҳукмдор кўп йиллар давлатга хизмат қилган кекса боғбоннинг сўнгги истагини бажо келтиришга ҳаракат қилибди. Қатлгоҳдаги боғбон ҳаяжонланибди, фақат ўзини тутиб олиб: “Ҳукмдорим, ўзингизга маълум: булбул гулни еди, илон булбулни ютди, илон менинг қўлимда ўлди, менинг қатлимни эса сиз тасдиқламоқдасиз...” дебди.
Бу сўз қаршисида ҳукмдор нима қилишни билмай ҳайратга тушибди. Бир тарафда қатл столида йиллар давомида хизматини қилган боғбони; бир тарафда эса адолат талаби; яна бир тарафда афу этишнинг буюклиги. Буларнинг барчасини адолатнинг ҳассос чизгисига тортган султон гуноҳига тавба қилган боғбонни афу этибди. Унинг кечиримлилигидан халқ миннатдор бўлибди. Албатта, бу билан у ўз бошига келаётган бир мусибатнинг ҳам олдини олибди.
Аҳли суннат йўлидан оғишмаган аждодларимиз ҳаёти бизлар учун ҳаёт синовларидан ўтган ибрат мактабидир. Улар қилган тўғри ишлардан бизлар дарслар оламиз. Ўрнак олганимиз инсонларнинг қилган яхши ишлари каби келажак авлодларга фақат яхшиликларни мерос қилиб қолдиришимиз керак. Ана шунда ўзимизни ва авлодларимизни ёмонликлардан ҳимоя қилиб яхшиликлар эшигини очиб қўйган бўламиз.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Бу ҳаётда меҳр фақат инсонларга эмас, балки табиатга ҳам керак. Сўнгги йилларда табиатдаги салбий ўзгаришлар унга бўлган беэътиборлигимиз ва бемеҳрлигимизни кўрсатди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш табиий мувозанатнинг бузилгани оқибатидир. Бу инсонлар саломатлигига ҳам жиддий путур етказмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу хавфни чуқур англаб, атроф-муҳитни асраш чораларини кўрмоқдалар. Президентимиз ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси фикримиз далили бўла олади. Бу лойиҳа бугун чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатларини экиш анъана тусини олди.
Барчамизга яхши маълумки, “Яшил макон” лойиҳасида шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида “яшил белбоғ” яратиш мақсади белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг: “Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни “она” дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўлаяпти. Шунинг учун “Яшил макон” лойиҳасини бошладик. Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак”, деган фикрлари бугун барчамизни ҳаракатга ундамоқда.
Дарҳақиқат, динимизда ҳам бу хайрли анъанага тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “У сизларни тупроқдан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси, 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси, 56-оят), дейилади.
Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан, кўчат экишга ундаб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлингизда хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, дейилган.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди”, (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига киради. Кўчат экиш ва уни парваришлаш киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилганидан сўнг ҳам, унинг ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.
Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик. Ортимиздан доғ эмас, гўзал боғлар қолсин!
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили,
вилоят бош имом-хатиби