Яҳё қори Турдиев (“Ҳасанбойота” жоме масжиди имом ноиби):
1978 йил Тўйтепадаги масжидда имомлик қилаётганимда Марокашнинг муфтийси билан ҳамсуҳбат бўлдим. Қуръони каримдан тиловат қилганимда муфтий кўзида ёш ила қуйидаги сўзларни айтди: “Инсон олтин, гавҳар каби қимматбаҳо тошларни ҳеч қачон оддий ёғоч сандиқда сақламайди. Аллоҳ таоло ҳам Қуръони каримни сақлайдиган қалбни Ўзи яратади ва Ўзи ҳимоя қилади.
Аллоҳ таоло қорининг қалбига Ўзининг каломи Қуръони каримни омонат қилиб топширар экан, аввало, қалбни яратади, сўнгра у қалбга Қуръони каримни жойлайди. Ана шундай қалбдан Қуръони карим кўтарилмайди. Бундай қалб Қуръони каримга хиёнат қилмайди. Доимо уни такрор қилади ва унинг одобларига риоя этади”.
Шундан сўнг, муфтий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу ҳадисларини айтиб сўзини якунлади:
“Аллоҳумма я мусаррифал қулуб, сарриф қулубана ъала тоъатика”,
(Ё қалбларни ўзгартирувчи Аллоҳ, қалбларимизни тоатинга буриб қўйгин)
“Аллоҳумма, я муқоллибал қулуб, саббит қулубуна ъала дийника”
(Ё қалбларни ўзгартирувчи Аллоҳ, қалбларимизни динингда собит қилгин)
Даврон НУРМУҲАММАД
ёзиб олди
Бугун, 10 август куни Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида хайрли ва саховатпеша тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда яқинлашиб келаётган янги ўқув йили муносабати билан Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла ва саховатпеша ҳомийлар ташаббуси билан боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди.
Тадбир доирасида мактаб ёшидаги ўқувчиларга янги ўқув йили учун зарур бўлган мактаб формаси, сумка ва тўлиқ ўқув қуроллари тўпламлари тантанали равишда топширилди.
Маросим якунида юртимиз тинчлиги, хонадонлар файзу баракаси ва хайрли ишга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати