Бугун, 10 июль куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайх-ул-Ислом Оллоҳшукур Пошшозоданинг таклифига биноан, Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрига жўнаб кетди.
Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида икки диний идора ўртасидаги мавжуд алоқаларни янада ривожлантириш ва ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириши режалаштирилган.
Шунингдек, сафар давомида вакилларимиз Озарбайжоннинг бир қатор давлат ташкилотларида ҳам бўлиб, у ерда учрашувлар ўтказиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон делегациясининг Озарбайжонга ташрифи 13 июль кунига қадар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар диний соҳада фаолият юритган Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовнинг падари бузрукворлари Рихситилла ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимиздаги Имоми Бухорий жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси