«Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча, сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир» (Оли Имрон, 92).
Имом Насафий (рaҳимаҳуллоҳ) оят тафсирида: “Муҳтожларга қилaётган инфоқ-эҳсонингиз ўзингиз яхши кўрган ва афзал деб билган мол-мулкингиздан бўлсин”, деган.
Мазкур оятнинг «...яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар...» жумласидан “Яхши бандалардан бўлолмайсиз” ёки “Аллоҳнинг ажру савобига эришолмайсиз”, деган маънолар тушунилади. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Аллоҳ розилиги учун яхши кўрган нарсасини – гарчи у бир дона хурмо бўлса ҳам – садақа қилган киши мазкур оятга амал қилган бўлади», деган. Имом Воситий (рaҳимаҳуллоҳ) эса: «Яхшилик (жаннат)га эришиш” яхши кўрган нарсаларнинг маълум қисмини инфоқ-эҳсон қилиш билан бўлади», дейди. Муҳаммад ибн Ҳусайн (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ривоят қилинади: «Имом Суддий (раҳимаҳуллоҳ): “Оятдаги “яхшилик”дан мурод жаннатдир», деган.
Банда ўзи яхши кўрган нарсани муҳтожларга эҳсон қилса, буюк ажрга эга бўлади. Умар ибн Абдулазиз шакар сотиб олиб, уни садақа қилар эди. У зотдан: “Нега шакарни пулини садақа қилиб қўя қолмайсиз?” деб сўралди. “Ўзим яхши кўрган нарсани эҳсон қилишни хоҳлайман”, дея жавоб берди.
Ўзида бўлишини хоҳлаган нарсасини бошқага бериши кишининг имони комиллигига ишорадир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Инсон яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам илиниб, унда шу нарса бўлишини яхши кўрмагунча комил мўмин бўлолмайди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Манбаларда айтилишича, Ойша (розияллоҳу анҳо) Қуръони карим тиловат қилаётиб, «Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар» оятига етганларида тўхтаб, тилла суви юритилган Мусҳафларини сотиб, пулини садақа қилиб юборганлар.
Мазкур оятнинг «...Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир» қисмини Имом Абу Жаъфар (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай тафсир қилган: “Эй мўминлар, Аллоҳга итоат этиб, Унгагина ибодат қилинг. Ундан умид қилинаётган яхшилик, Аллоҳ таоло сизларни жаннатга киритиб, дўзах азобидан халос этишидир”.
Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) Мадина шаҳридаги ансор саҳобаларнинг мол-мулки кўпларидан бири эди. Унинг Масжиди Набавий рўпарасида Байраҳо номли боғи бўлиб, уни жуда яхши кўрарди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам боққа кириб, ундаги булоқнинг сувидан ичар эдилар. Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: «Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар...» ояти нозил бўлган пайтда, Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, менинг энг яхши кўрган нарсам Байраҳо номли боғим. Уни Аллоҳ йўлида садақа қилдим. Мен уни охиратга захира бўлишини умид қиламан. Боғни Аллоҳ буюрган жойга ишлатинг”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сенга барака берсин! Бу жуда фойдали мол бўлди, жуда фойдали мол бўлди. Эй Абу Талҳа, уни ўзингнинг муҳтож яқинларингга сарфлашингни фойдали деб ўйлайман”, дедилар. Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) боғни қариндошлари ва амакиларининг ўғилларига бўлиб берди (Имом Бухорий ривояти).
Ояти каримада ихтиёрий эҳсон-садақа қилишнинг меъёри баён қилинмоқда. Унга кўра, инсон инфоқ қилишда қўлидаги арзимас, яроқсиз нарсани эмас, балки ўзига маҳбуб-севимли, сифатлисининг маълум қисмини чин кўнгил билан бериши лозим. Фарз эҳсонлар – закот ва ушр каби садақаларни эса молнинг ўртачасидан бериш кераклиги манбаларда зикр қилинган. Зеро, оятнинг сўнгида «...Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир» деб севимли ва сифатли нарсани инфоқ қилишга тарғиб этилмоқда.
Аллома Шаъровий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «“Аллоҳ таоло банда яхши кўрган нарсасини инфоқ қилгани эвазига яхшилик – жаннатни беради. Инсон ҳақиқатда яхши кўрганини инфоқ қилгани ёки яроқсиз нарсани бергани Аллоҳ таолога маълум. Эй мўминлар, бу борада ўзингизни алдашга уринманг! Зеро, Аллоҳ қалбнинг тубида ҳаммадан яширин бўлган сирларни ҳам билур. Шунинг учун оятнинг сўнгида “Ниманики инфоқ қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билгувчидир”, деб огоҳ этмоқда!»
Инсон дунёда яхши кўрган нарсасини беҳуда сарфламайди. Балки унинг ортидан яхшироқ нарсага эришишига ишонса, уни шунга сарфлайди. Демак, ўзи учун севимли нарсани дўстига эҳсон қилган киши охиратда қайта тирилиши, ҳисоб-китоб бўлиши, ажр-мукофот олиши ва берганидан кўпроғига эга бўлишига ишонади.
Эҳсон қилинадиган нарса сифатли бўлиши лозим. Ҳадяни олган одам ўзини камситилгандек ҳис қилмаслиги керак. Балки хурсандчилик, очиқ юз билан қабул қиладиган совға бўлсин. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Эй имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилинг! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламанг! Шунингдек, билингки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ Зотдир» (Бақара, 267).
Баъзи кишилар закот ёки садақа берадиган бўлсалар, сифатли ва марғуб молларидан эмас, балки нуқсонли ва паст навли нарсаларидан берадилар. Ваҳоланки, ўша нарсалар ўзларига берилса, олмаган ёки ноиложликдан олган бўлур эдилар. Бу ояти кариманинг нозил бўлишига сабаб баъзи мусулмонларнинг ўша даврда закотга бериш учун энг паст навли хурмоларни ажратганликлари бўлган.
Аллоҳнинг ғанийлиги, яъни бой ва беҳожат экани тўғрисида қайд этилишининг сабаби Унинг бутун борлиқ ва мулкка эга экани ҳамда одамларнинг берадиган эҳсон ва садақаларига мутлақо муҳтож эмаслиги, балки қилинадиган хайр-эҳсонлар ва закоту ушрлар бандалардан олиниб, яна уларнинг муҳтожларига берилишидир.
Аллоҳ таолони эслатишидан мурод бандаларига буюрган ёки уларга тақиқлаган ишларини У билим ва ҳикмат асосида қилишини, бирор ишни беҳуда ёки бесабаб қилмаслигини эслатишдан иборатдир (Шайх Абдулазиз Мансур).
Тафсир китоблари асосида Бувайда туманидаги
“Пошшопирим” жоме масжиди имом ноиби
Баҳодир АЪЗАМОВ
тайёрлади.
“Ҳидоят” журналидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу
Бугун сизларга 6 ёшли бир қизалоқ ҳақида сўзлаб бераман. Қизалоқнинг исми Тесси бўлиб, у камбағал оилада яшарди. Уйларининг биринчи қаватида дорихона жойлашган эди.
Қизалоқ кунларнинг бирида ота-онасига билдирмасдан шу дорихонага борди. Дорихоначи узоқ йил кўришмаган чикаголик бир дўсти билан суҳбат қурарди. Улар дорихонага кирган қизалоқни пайқамай, гаплашишда давом этардилар. Охири Тесси столни тақиллатиб, қўлидаги бир долларни сотувчининг олдига қўйди-да: “Илтимос менга мўъжиза бериб юборинг” деди.
Сотувчи ҳайрон бўлиб: “Сенга нима керак қизалоқ?” деди.
Қизалоқ: “Мана бир доллар, менга мўъжиза керак” деди.
“Биз мўъжиза сотмаймиз” деди сотувчи.
Қизалоқ бу гапни эшитиши билан йиғлаб юборди. “Илтимос қиламан, менда яна 11 сент ҳам бор, менга мўъжиза топиб беринг”.
Сотувчи: “Менда сен излаётган нарса йўқ. Кечирасиз, лекин мен сенга ёрдам беролмайман”, деди.
Дорихоначининг олдида турган дўсти тиз чўкиб, қизалоқдан сўради: “Сиз қандай мўъжиза сотиб олмоқчисиз?”.
“Укам, укам.... касал. У юқори қаватдаги уйимизда аҳволи оғир ҳолатда ётибди. Ҳозиргина шифохонадан келди. Лекин миясидаги шишни даволаб бўлмаяпти. У ўлиб қолади, укам яшаши учун менга мўъжиза керак” деди жажжи қизалоқ кўзлари ёшга тўлиб.
Ҳа, қизча мўъжизани сотиб олса бўладиган нарса деб ўйларди. Чунки у шифокорнинг укаси оғир касал экани, бунинг учун катта маблағ кераклиги ҳақида айтган сўзларини эшитганди. Шифокорнинг бу сўзларидан кейин Тесси кўзлари ёшга тўлган отасининг умидсизлик билан айтган ушбу сўзларини ҳам эшитганди: “Энди...энди ўғлимизни фақат мўъжиза қутқара олади”.
Шунинг учун қизалоққа мўъжиза жуда зарур эди.
“Сизда неча пул бор?” деб сўради ҳалиги чикаголик одам.
“Бир долларим ва яна ўн бир сентим бор”, деди Тесси.
“Қандай ҳам яхши, менинг мўъжизам учун айнан шунча керак бўлади” деб жилмайди ва жажжи муштига пулларини қисиб олган қизчанинг қўлидаги пулни олиб, “Қани менга уйингни кўрсат-чи, укангни кўрмоқчиман” деди.
Маълум бўлишича, бу одам таниқли нейрохирург шифокор Карлтон Aрмстронг экан. У дунёдаги энг яхши нейрохирурглардан бири эди.
Шифокор қизалоқ билан бирга уйга борди ва Тессининг укасини кўриб: “Мен сизнинг фарзандингизни мутлақо бепулга даволайман”, деди. Тессининг оиласи бундан ниҳоятда хурсанд бўлишди. Мўъжиза содир бўлаётганига ишонишмасди.
Шифокор Армстронг жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширди ва унинг бу амалиётда қўллаган услуби бутун дунё тиббиёт мактабларида ўргатиладиган бўлди.
Тез орада Тессининг укаси бутунлай соғлом ҳолда уйга қайтди. “Сизнинг ўз оёқларингиз билан уйимизга келиб қолишингиз бу – ҳақиқий мўъжиза. Пулимиз ҳам йўқ эди. Наҳотки, бепулга шундай мураккаб амалиётни қилиб берган бўлсангиз”, деди қизалоқнинг отаси. Бу гапларни қизалоқ Тесси эшитиб қолиб, югуриб келди: “Йўқ, кечириб қўясиз ҳеч бепул эмас. Мен бу мўъжиза учун 1 доллар ва 11 сент тўлаганман”, деди. Қизалоқнинг ота-онаси ҳайратланиб: “Йўғе, бу сенинг ишингми?” дейишди. Шифокор: “Ҳа, ҳаммасига шу жажжи қизалоқ сабабчи”, деди.
Ушбу ҳикоядан ўзимизга қандай фойдаларни олишимиз мумкин:
Аввало, ёш болаларнинг беғуборлиги, соф табиат экани. Бир нарсага шак-шубҳасиз ишонишлари.
Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг раҳмати кенглиги.
Учинчидан, агар бир нарсага чин қалбдан ишонсак ва унга эришиш учун астойдил ҳаракат қилсак, албатта мўъжиза биздан узоқ эмаслигига гувоҳ бўламиз.
Қиссада гувоҳи бўлганингиздек, қизалоқнинг қатъий ишончи сабабли Аллоҳ таоло шифокорни юборди. Натижада, қизалоқнинг укаси тузалиб кетди, мўъжиза содир бўлди. Бунинг учун бор йўғи 1 доллару 11 сент сарфланди.
Даврон НУРМУҲАММАД