Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Март, 2026   |   10 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:10
Пешин
12:33
Аср
16:55
Шом
18:50
Хуфтон
20:03
Bismillah
30 Март, 2026, 10 Шаввол, 1447

Ҳамма гап қандай қарашда

03.07.2017   10076   2 min.
Ҳамма гап қандай қарашда

Бир замонлар бир кўзи ғилай ва бир оёғи калта подшоҳ бўлган экан. Кунларнинг бирида у барча рассомларни чақиртириб ўз суратини жисмоний нуқсонларини яширган ҳолда чизишни буюрибди. Лекин рассомларнинг бирортаси бунга рози бўлмабди. Улар ўзаро “Бир кўзи ғилай ва бир оёғи калта подшоҳни соғлом кўз ва оёқли қилиб тасвирлаш ёлғон манзара бўлади, биз бундай ишга қўл урмаймиз”, дейишибди ва ҳар хил баҳоналар билан шоҳга ўз узрларини изҳор қилибди. Аммо бир рассом бунга рози бўлиб, барча мусаввирларни ҳайратга солибди.

Ҳақиқатан, у подшоҳнинг нуқсонсиз расмини жуда ҳам чиройли тасвирлабди.

Суратда подшоҳ ов милтиғини ушлаб кийикни нишонга олаётган ҳолатда эди. Бундай чоқда табийки, овчи бир кўзини юмиб олган ҳамда бир оёғини букиб ерга таяниб турган бўлади. Маҳоратли рассом суратда подшоҳнинг ғилай кўзи ва чўлоқ оёғини шу ҳолатда яшира олди. Бошқа ҳамкасблари унинг маҳорати ва зийраклиги олдида бош эгди ва тасаннолар айтди. Чунки у одамларга айблов кўзи билан эмас, балки ижобий кўз билан қараб, уни бенуқсон суратда тасвирлай олган эди.

Бизнинг ҳам атрофимиздаги одамларнинг баъзи камчиликлари кўзга ташланиши мумкин. Лекин биз улар ҳақида гапирганимизда бу камчиликларни яширишимиз ва яхши тарафга йўйишимиз даркор. Чунки инсон хатодан холи эмас. Ундан ташқари, одамларнинг баъзи қилаётган ишларига унинг ҳақиқатини билмасдан, зоҳирига қараб баҳо бериш билан ноўрин айблаб қўйиб, сўнг пушаймон бўлишимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деганлар. Ояти каримада ҳам Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин», деган (Ҳужурот, 12).

Демак, ўзгалардаги аниқ кўриниб турган айбларни гапиришимиз ғийбат, аниқ бўлмаган камчилик ёки айбларни айтишимиз бадгумонлик, асли бўлмаган айбни айтиш эса бўҳтон ва туҳмат бўлар экан. Шундай экан, бошқалар ҳақида гапирганимизда тилимизга эҳтиёт бўлайлик ва фақат уларнинг яхши тарафини тилга олайлик.

Ш.ЧЎЛПОНОВ,

Тошкент ислом институтининг “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

“Туяга боқмайдиларми?” – Қуръон чорлаган тафаккур

26.03.2026   11588   3 min.
“Туяга боқмайдиларми?” – Қуръон чорлаган тафаккур

Иймон ва тафаккур

 

      Доктор Зағлул Нажжор шундай дейди:

“Рамазон ойи кириб келганда инсон ўз нафси билан бир лаҳза тўхтаб, фикр юритиши ва тафаккур қилиши керак. Чунки ҳар бир Рамазон – Қуръони карим билан янги саёҳатдир. Мен одатда бир сура ёки бир нечта оятни танлаб, унинг маънолари ҳақида чуқур ўйлайман, сирларини англашга ҳаракат қиламан.

Бу йил эса менинг эътиборимни бир ояти карима ўзига тортди. У қалбимни ларзага солди ва Яратган Зотнинг буюк қудратини янада чуқур ҳис қилдирди. Ушбу ояти карима инсонни фақат қарашга эмас, балки чуқур тафаккур қилишга чорлайди.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Ахир улар туяларга қараб, қандай яратилганига боқмайдиларми – у қандай яратилган?(Ғошия сураси, 17–оят).

Туя – ер юзини кезувчи ажойиб мўъжизакор ҳайвонлардан биридир. Келинг, унинг баъзи ҳайратланарли хусусиятлари ҳақида мулоҳаза қилайлик.

Туя шўр сувни ҳам ичиши мумкин. Аммо шунга қарамай, унинг танасидаги мувозанат бузилмайди. Чунки унинг буйраклари жуда мукаммал тозалаш тизими каби ишлайди: сувни туздан ажратиб, танасига тоза ҳолда етказади.

Туя қаттиқ тиканларни ҳам бемалол истеъмол қила олади. Бу эса унинг оғзи ва ҳазм тизими ўзига хос тарзда яратилгани билан боғлиқ. Шу сабабли тиканлар унга зарар етказмайди.

Туянинг кўзлари ҳам жуда ажойиб тарзда яратилган. Унда икки хил қовоқ бор: бири оддий қовоқ, иккинчиси эса шаффоф пардага ўхшайди. Қум бўрони пайтида шу шаффоф қовоқ ёпилиб, туя йўлини кўришда давом этади, аммо кўзига бир дона қум ҳам кирмайди.

Унинг яна бир ажойиб хусусияти - танаси ҳароратини муҳитга мослаштира олишидир. Совуқ жойда ҳароратини кўтаради, жуда иссиқ саҳрода эса пасайтиради. Бу даражадаги мослашув бошқа айрим жонзотларда учрамайди.

Шунинг учун Қуръон каримда: Улар туяга қарамайдиларми у қандай яратилган? – дея тафаккурга чақирилади.

Бир оз диққат билан қараган инсон ушбу махлуқнинг ҳар бир аъзосида Аллоҳнинг қудрати намоён эканини кўради. Гўёки унинг ҳар бир ҳужайраси: “Бу Аллоҳнинг яратишидир”, деб гувоҳлик бераётгандек.

Олимлар айтадиларки, ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсон эътиборини туя яратилишидаги сирларга қаратмоқда. Чунки унда тафаккур қилган инсон учун тавҳид (Аллоҳни ягона деб эътиқод қилиш) га элтувчи далиллар ва илоҳий қудратнинг белгиларини кўриш мумкин.

Ҳақиқий илм аҳллари шуни таъкидлашади: туя яратилиши ҳақида тафаккур қилган инсон Қуръон карим табиатига бекорга ишора қилмаганини англайди. У инсон ақлини оддийдек кўринган, аммо ажойиб яратилган махлуқотлар орқали Аллоҳ таолонинг қудратини англашга чақирмоқда:

 “Эй Роббим, Сен нақадар буюксан!
 Китобингдаги ҳар бир оят – нур,
яратган ҳар бир махлуқинг
– далил,
ва ҳар бир тафаккур
иймон эшикларидан бирини очади.

                                 Илёсхон Аҳмедов таржимаси.