Илоҳи, лутф қил ҳасратли соат
Ҳабибингдин насиб этгил шафоат.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоат қилишлари ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган:
عَنْ عَوْفِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ قَالْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيهِ وَ سَلَّمَ: أَتَانِي آتٍ مِنْ عِنْدِ رَبِّي فَخَيَّرَنِى بَيْنَ أَنْ يَدْخُلَ نِصْفُ أُمَّتِي الْجَنَّةَ وَ بَيْنَ الشَّفَاعَةِ فَاخْتَرْتُ الشَّفَاعَةَ وَ هِىَ لِمَنْ مَاتَ لاَ يُشْرِكُ بِاللهِ شَيْئًا رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Авф ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Роббимнинг ҳузуридан бир келгувчи келди ва умматимнинг ярми жаннатга киришини ёки шафоатни танлашимни сўради. Бас, мен шафоатни танладим. У Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай вафот этган киши учундир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам хабар берган ана шу шафоатни уламолар саккиз турга ажратганлар:
1. Барча Пайғамбарлар орасидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хос қилиб берилган улкан шафоат. Қуръони каримда ушбу шафоатга ишора келган:
“Шоядки, Роббинг сени (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” [1].
Ояти каримада зикр қилинган “мақтовли мақом”ни жумҳур уламолар Пайғамбаримизга бериладиган қиёмат кунидаги улкан шафоат дейишган.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб қолган қавмларни жаннатга киришлари учун қиладиган шафоатлари. Баъзилар бу шафоат тўғрисида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам, у зотдан бошқадан ҳам саҳиҳ хабар келмаган дейишган. Баъзилар эса ушбу оятни келтиришган:
“Аъроф (арасот) узра (жаннат ва дўзахдагиларнинг) ҳар бирини сиймолари (аломатлари)дан таниб оладиган кишилар (бўлур)” [2].
Яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб қолган кишилар бир тафсирга кўра ушбу ояти кариманинг умумий маъносига кирадилар. Яъни, яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб ўртада туриб қолган кишилар Расулуллоҳнинг шафоатлари билан жаннатга кирадилар, дейишган.
3. Баъзи умматларининг дўзахга кирмасликлари учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умумий қилиб айтган қуйидаги сўзларидир:
عَنْ جَابِرِ بنِ عَبْدِ الله قال: قال رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَفَاعَتِي لاِهْلِ الكَبَائِرِ مِنْ أُمّتِي رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан аҳли кабоирларга шафоатим бордир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Шунингдек, дўзахга кирган баъзи кимсаларнинг у зотнинг шафоатлари сабабли ундан чиқарилиши ҳақида ҳам ривоятлар келган:
حَدَّثَنَا عِمْرَانُ بْنُ حُصَيْنٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَخْرُجُ قَوْمٌ مِنْ النَّارِ بِشَفَاعَةِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ يُسَمَّوْنَ الْجَهَنَّمِيِّينَ رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Бизларга Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганини гапириб берди: “Бир қавм Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари сабабли дўзахдан чиқиб, жаннатга кирадилар, “жаҳаннамийлар” деб номланадилар”. Бухорий ривоят қилган.
Имом Муслим Абу Саид розияллоҳудан қилган ривоятда: “Улар (яъни, жаҳаннамийлар деб ном олганлар) Аллоҳга дуо қиладилар, Аллоҳ улардан ушбу исмни кетказади”, дейилган.
4. Жаннатга кирганларни амалларининг савоблари тақозо қилган даражадан юқори даражага кўтариш учун қиладиган шафоатлари. Бунга ушбу ҳадис далилдир:
عَنْ أُمّ سَلَمَةَ قَالَتْ: دَخَلَ رَسُولُ اللّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَىَ أَبِي سَلَمَةَ وَقَدْ شَقّ بَصَرُهُ فَأَغْمَضَهُ ثُمّ قَالَ: إِنّ الرّوحَ إِذَا قُبِضَ تَبِعَهُ الْبَصَرُ فَضَجّ نَاسٌ مِنْ أَهْلِهِ فَقَالَ: لاَ تَدْعُوا عَلَىَ أَنْفُسِكُمْ إِلاّ بِخَيْرٍ فَإِنّ الْمَلاَئِكَةَ يُؤَمِّنُونَ عَلَىَ مَا تَقُولُونَ ثُمّ قَالَ: اللّهُمّ اغْفِرْ لأَبِي سَلَمَةَ وَارْفَعْ دَرَجَتَهُ فِي الْمَهْدِيّينَ وَاخْلُفْهُ فِي عَقِبِهِ فِي الْغَابِرِينَ وَاغْفِرْ لَنَا وَلَهُ يَا رَبّ الْعَالَمِينَ. وَافْسَحْ لَهُ فِي قَبْرِهِ وَنَوّرْ لَهُ فِيهِ رواهُ مُسْلمٌ
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саламанинг ёнига кирдилар. Унинг кўзи бир томонга қараб қолган эди, уни ёпиб қўйдилар. Сўнгра: “Қачон руҳ қабз қилинса кўз унга эргашади”, дедилар. Унинг яқинлари йиғлаб юборишди. У зот: “Ўзларингизга фақат яхши нарсани тиланглар, албатта фаришталар айтаётган нарсаларингизга омийн деб турадилар”, дедилар. Сўнгра: “Эй Аллоҳим, Абу Саламани мағфират қилгин, унинг даражасини ҳидоят қилинганлар ҳолатида кўтаргин, унга аҳлидан ўринбосарлар қилгин, эй оламлар Роббиси бизни ҳам, уни ҳам кечиргин. Унга қабрини кенг ва нурли қилиб бергин”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.
5. Баъзи қавмларни жаннатга ҳисобсиз киришлари учун қиладиган шафоатлари. Бу ҳақида қуйидаги ҳадисда хабар берилган:
عَنْ الزُّهْرِيِّ قَالَ حَدَّثَنِي سَعِيدُ بْنُ الْمُسَيَّبِ أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ حَدَّثَهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مِنْ أُمَّتِي زُمْرَةٌ هُمْ سَبْعُونَ أَلْفًا تُضِيءُ وُجُوهُهُمْ إِضَاءَةَ الْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ وَقَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ فَقَامَ عُكَّاشَةُ بْنُ مِحْصَنٍ الْأَسَدِيُّ يَرْفَعُ نَمِرَةً عَلَيْهِ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ ادْعُ اللَّهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مِنْهُمْ قَالَ اللَّهُمَّ اجْعَلْهُ مِنْهُمْ ثُمَّ قَامَ رَجُلٌ مِنْ الْأَنْصَارِ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ ادْعُ اللَّهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مِنْهُمْ فَقَالَ سَبَقَكَ بِهَا عُكَّاشَةُ رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Зуҳрийдан ривоят қилинади: менга Саъид ибн Мусаййаб гапириб берди, унга Абу Ҳурайра гапириб берган экан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Жаннатга менинг умматимдан юзларидан нур балқиб турган бир гуруҳ киради. Улар етмиш мингтадир. Уларнинг юзлари тўлин ой кечасидаги ойнинг зиёсидек нур таратиб туради”, деяётганларини эшитдим. Абу Ҳурайра: Шунда Уккоша ибн Миҳсон Асадий устидаги чакмонини кўтариб сакраб ўрнидан турди ва: эй Аллоҳнинг Расули, мени ўшалардан қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилинг, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳим уни ўшалардан қилгин”, дедилар. Сўнгра ансорлардан бўлган бир киши ўрнидан туриб: эй Аллоҳнинг Расули мени ўшалардан қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилинг, деди. У зот: “Уни Уккоша сендан олдин қўлга киритиб бўлди”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
6. Азобга гирифтор бўлганларнинг азобларини енгиллатиш учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَذُكِرَ عِنْدَهُ عَمُّهُ أَبُو طَالِبٍ فَقَالَ لَعَلَّهُ تَنْفَعُهُ شَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيُجْعَلُ فِي ضَحْضَاحٍ مِنْ النَّارِ يَبْلُغُ كَعْبَيْهِ يَغْلِي مِنْهُ أُمُّ دِمَاغِهِ رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳуданривоят қилинади у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида амакилари Абу Толиб зикр қилинди. У зот: “Шоядки қиёмат кунида унга менинг шафоатим наф берса, у оловнинг чуқур бўлмаган, икки тўпиғигагина етиб турадиган саёз жойига қўйилади. Ўша жой сабабли бош миясининг пардаси қайнаб туради”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
7. Барча мўминларга жаннатга кириш изни берилиши учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:
عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَا أَوَّلُ شَافِعٍ فِى الْجَنَّةِ رَوَاهُ الدَّارِمِىُّ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен жаннатга эришиш учун аввалги шафоатчиман”, дедилар”. Доримий ривоят қилган.
Яъни, инсонларнинг жаннатга киришлари учун аввалги шафоатчидирлар.
8. Гуноҳи кабира қилган умматлари учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:
عَنْ جَابِرِ بنِ عَبْدِ الله قال: قال رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَفَاعَتِي لاِهْلِ الكَبَائِرِ مِنْ أُمّتِي رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан аҳли кабоирларга шафоатим бордир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Сўфи Оллоҳёр бобомиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини сўраб дуо қилишни шундай таълим берган:
Илоҳи, лутф қил ҳасратли соат
Ҳабибингдин насиб этгил шафоат.
* * *
Айурма яхшиларни(нг) орасидин
Йироғ этма ҳабибинг қорасидин.
Яъни, эй, Роббимиз, қиёмат кунидаги ҳасратли вақтларда бизларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан баҳраманд этгин, яхши зотлар билан бирга қилгин, ўша кунда бизларни Муҳаммад алайҳиссаломдан ёнларидан асло айирмагин.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан баҳраманд бўлиш бахтига муваффақ қилсин.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.
Абдулқодир Абдур Раҳим
ҲИДОЯТ
Исрофгарчиликка йўл қўймаслик оиладан бошланади
Ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар ҳам ақлан, ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.
Таассуфлар бўлсинки, бугун аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай, бирваракайига исроф қилинишини кузатиш мумкин.
Хўш, исроф нима? Бугун ҳар бир инсон исрофгарчиликка йўл қўймаслик учун тежамкорликни нимадан бошлаши керак? Бу борада динимизда нима дейилган?
Аллоҳ таоло исрофнинг ёмон иллат эканлиги ҳақида Қуръони каримда марҳамат қилган. Жумладан, “Аъроф” сураси, 31-оят мазмунида: “...Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”, дейилади.
Исроф динимизда қаттиқ қораланган. “Исроф” деганда кераксиз нарсаларга беҳуда пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам мақтанишнинг юқори кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам, жумладан, бундай дейилган: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад ривояти).
ОҚАР ДАРЁ БЎЛСА ҲАМКИ, СУВНИ ТЕЖАНГ
Ҳар бир инсон исрофгарчиликка йўл қўймасликни ўз оиласидан бошлаши керак. Бу борада ўзлари намуна бўлиб, фарзандларига тўғри тарбия бериши лозим. Дастлабки тежамкорликни сувдан бошлаш зарур. Аллоҳ бандаларига берган неъматларидан унумли фойдаланиб, исрофгарчиликка йўл қўймасликка буюради. Бироқ кўпчилик эрталаб сув жўмрагини тўлиқ очган ҳолда юз-қўлни ювишади.
Афсуски, айрим юртдошларимиз қовун-тарвуз, ичимликларни салқинлатиш ёки машиналарни ювиш учун кўп миқдорда тоза ичимлик сувини ишлатади. Бу – исрофдир. Ўша мева ёки ичимликларни бошқа йўл билан ҳам совутиш, машина юваётганда бир челакка сув олиб, увол қилмасдан ювиш мумкин-ку, ахир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бутун инсониятга қарата шундай марҳамат қилади: “Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдиргувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?” (“Воқеа”, 68-70).
Сув нафақат истеъмол, балки покланишимиз учун ҳам муҳимдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар ва бир мудд сув билан таҳорат олар эдилар (Муттафақун алайҳ). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тахминан, 0,688 литр сув билан таҳорат қилардилар. Бу нарса ҳаммамизга ўрнак бўлиши лозим.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Бир куни Саъд таҳорат қилаётган чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва унга қарата: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?!”, дедилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” дея ажабланди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гарчи оқар дарёда бўлсанг ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатиш исрофдир”, дея унга танбеҳ бердилар (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Аввалги пайтларда таҳорат учун сув алоҳида идишга олиниб, оз-оздан қуйиб амалга оширилган. Ҳозирда махсус қувур ва жўмраклари орқали сув ўтказилиб, сувдан фойдаланишда қулайлик пайдо бўлган. Аммо бу, сувдан хоҳлаганича фойдаланиш, уни исроф қилиш мумкин, дегани эмас. Балки, бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилиб, тежамкорлик йўлига ўтишимиз ҳаммамиз учун бирдек зарур.
Қолаверса, бугун аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш дунёвий муаммо даражасига кўтарилган бир паллада қўни-қўшни, ёру дўстларимизни сувни тежашга чақирсак, дунёда ютуқларга, охиратда эса Аллоҳнинг розилигига сазовор бўламиз.
Шундай экан, ҳар биримиз сувни исроф қилмасдан, тежамкорлик билан ишлатишни ўрганайлик!
ҚАНЧА ТАОМ ТАНОВУЛ ҚИЛМОҚ КЕРАК?
Ким исрофгарчиликка йўл қўяди? Албатта, увол-савобнинг фарқига бормаган одам. Шундай оилалар бор, вақти келса қолипли нонга пул тополмайди. Шундай оилалар бор, фақат бирон йиғин сабаб ёпган нон сотиб олади.
Таассуфки, бугун айрим чиқиндихоналарда турли нонлар, ширинликларни, ҳатто овқат қолдиқларининг ташлаб юборилаётганини кўриб, ақлингиз шошади. Уни бир одам исроф қилмагани аниқ. “Танаси бошқа дард билмас”, деганларидек, атрофдагиларнинг ҳаёти ундай одамларни қизиқтирмаслиги аниқ. Агар қизиқтирганида, қўшнисининг яшаш шароити ўйлантирганида эди, бугун бундай нонлар, турли таомлар чиқиндихоналардан жой олмас эди.
Айтишингиз мумкин, кўп қаватли уйларда турадиган одамларнинг моли бўлмагач нима қилсин, деб. Аммо меъёр деган нарса бор-ку! Наҳотки бир кунлик меъёр қанчалигини англаш қийин бўлса?!
Айнан мана шу меъёрни ҳар бир оила эрталабки нонушта олдидан бир кунда қанча нон, овқат ва бошқа таомлар зарурлигини билиши керак. Киндий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони – қориндир. Кишига ҳаракат қилиши учун керак бўлган миқдордаги таом кифоя қилади, ёки бўлмаса қорнини уч қисмга бўлсин, бир қисми таом учун, бир қисми сув учун, яна бир қисми нафаси учундир” (Имом Аҳмад ривояти). Аллоҳ таоло айтади: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас” (Аъроф, 31).
Ноннинг увоғи ёки бир бурда нон ҳам аслида бутун ноннинг кичкина бўлагидир. Кўзимизга илмаган ушоқ ҳам йиғилса, бутун нон бўлади. Шундай экан, бизлар барча неъматларнинг қадрига етиб, уларни кичик санамаслигимиз лозим. Акс ҳолда, киши неъматларга нонкўрлик қилган бўлади. Неъматларни қадрлашни, уларни кичик санамай барчасига бирдек яхши муомалада бўлишни Пайғамбаримиздан ўрганишимиз керак.
МЕЪЁРДАН ОШСА, ИСРОФГАР БЎЛАДИ
Муҳтож кишиларга садақа ва эҳсонлар қилиш динимиз талаби ва бунинг учун бандага улуғ савоблар ваъда қилинган. Аммо бу соҳада ҳам меъёрдан ошса, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади.
Саховат – яхши фазилат. Саховат хасислик ва исроф ўртасидаги меъёрий бир босқичдир. Садақа ва эҳсонларда исрофгарчилик қилиш кўпинча кимўзарга тўйлар қилиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва шу каби кўринишда намоён бўлади. Унутмайликки, хоҳ амали, хоҳ молу давлати билан бўлсин, риёкорлик қилиш банданинг охиратдаги аҳволини ёмонлаштиради.
Шуни билингки, кийимда ҳам исрофгарчилик бўлади. Инсон ўзига керакли, фақат ҳожатига етарли либос кийиши керак. Мода ортидан қувиб, сон-саноқсиз кийим-кечак ва турли либосларни сотиб олиш исроф ва бу такаббурликка олиб боради.
НЕЪМАТЛАРНИ ҚАДРЛАШИМИЗ КЕРАК
Бизда бир тушунча бор: қайси неъмат арзон бўлса, уни хоҳлаганча ишлатиш мумкин, нархи қиммат нарсаларни тежаш керак. Бу нотўғри. Сабаби, Аллоҳ берган неъматларнинг қадри унинг инсонлар наздидаги баҳоси, қиймати билан ўлчанмайди.
Газ ва шу каби неъматлар, одатда, тежаб ишлатилади. Сабаби, эртага унинг пулини тўлаб қўйишни ўйлаймиз. Йўқ, биз неъматларни катта-кичикка ажратмасдан, барини қадрлашимиз керак. Ким билади, биз ҳозир қадрига етмаётган нарса вақти келиб, энг қимматбаҳо нарсага айланар. Неъматлар бардавом бўлсин, заволга учрамасин, десак, вақтида уларнинг қадрига етайлик.
Биз юқорида моддий неъматлар исрофи ҳақида гапирдик. Лекин исрофнинг энг ёмон кўриниши – маънавий соҳадаги исрофгарчиликдир. Буларга, асосан, қуйидаги икки нарса киради:
биринчиси, умрни исроф қилиш. Аллоҳ таоло бандасига берган энг қадрли неъматлардан бири айнан умрдир. Унинг қадри шундаки, бошқа барча неъматларни қайта тиклаш, қўлдан чиқаргач, яна унга эришиш мумкин, аммо умр бундай эмас. Шу сабаб умрни исроф қилишдан узоқ бўлайлик;
иккинчиси, илм ва истеъдодни исроф қилиш. Илм эгаллаш – улуғ фазилат. Илм соҳиби бўлгач, уни ҳаётга татбиқ этиш – илмига амал қилиш ва ўзгаларга илм ўргатиш ҳар бир зиё аҳлининг бурчидир. Акс ҳолда, ўргатилмаган ёки амал қилинмаган илм исрофдир. Бунинг учун банда охиратда жавоб беради.
***
Биз Аллоҳга суюкли халқлардан, маҳбуб умматлардан бўлишни хоҳласак, исрофдан сақланайлик! Аллоҳ берган ҳар бир неъматни катта-кичик демасдан, қадрига етайлик. Шунда ризқимиз янада зиёда бўлади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.
ҚЎЛЛАНМА
ҲАР БИР ОИЛА БИЛИШИ ШАРТ!
Уламолар исрофга йўл қўядиган кишиларнинг ҳолатларини таҳлил қилиш орқали, исрофга йўл қўйишга сабаб бўладиган омилларни, исрофгарликнинг зарарли оқибат ва асоратларидан қутулиш йўлларини аниқлаганлар.
ИСРОФГА ЙЎЛ ҚЎЙИШГА САБАБ БЎЛАДИГАН ОМИЛЛАР:
– аввало, тарбия ўчоғи бўлмиш оилада фарзандларни сабрли ва қаноатли қилиб тарбиялаш ўрнига, улар томонидан бўладиган барча талабларни меъёридан ошириб таъминлаб бериш;
– маишатпараст, дунёпараст кишилар билан улфат ва суҳбатдош бўлиш, уларнинг ҳолатларидан таъсирланиш;
– тезликда, машаққат чекмай тангликдан кейин кенгликка, фақирликдан кейин бойликка эришиш;
– нафснинг хоҳиш ва истакларига сўзсиз итоат этиш;
– бу дунё ҳаёти охират учун тайёргарлик кўриш даври эканлиги, охиратда эса бу дунёда қилинган амаллар учун ҳисоб-китоб бор эканини унутиш ёки тушунмаслик;
– умуман, инсон ҳаётида мўътадиллик ва меъёр деган тушунчалардан йироқ бўлиши.
ИСРОФГАРЛИКНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТ ВА АСОРАТЛАРИ:
– Аллоҳнинг муҳаббатидан мосуво бўлиб, Унинг ғазаби ва қаҳрига мубтало бўлиш;
– шайтонни хурсанд қилиб, унинг шеригига айланиш;
– ҳаётдаги қийинчилик ва машаққатларни кўтара олмаслик, ожизлик ва нотавонликка маҳкум бўлиш;
– танада турли касалликларнинг пайдо бўлиши, қалб қотиши, фикрнинг ўтмаслашуви;
– жамиятда ялқовлик, текинхўрликнинг авж олиши, қашшоқлик ва тиланчиликнинг кўпайиши.
ИСРОФГАРЛИКДАН ҚУТУЛИШ ЙЎЛЛАРИ:
– ҳар ишда Аллоҳ таоло буюрган мўътадил йўлни тутиб, ҳаддан ошиш ва исрофгарликдан ўзни сақлаш;
– Пайғамбар алайҳиссалом, саҳоба ва тобеинлар ҳамда улуғ зотларнинг ҳаёт тарзларини ўрганиб, уларга эргашиш;
– дунёдаги фақир ва мискинлар, уйсиз-жойсиз, оч-наҳор юрган халқларнинг ҳолатини кўз олдига келтириш;
– исрофгар, дунёпараст одамлардан узоқлашиб, қалби синиқ, хокисор кишиларга яқин юриш;
– оила ва фарзандларни сабр ва қаноат каби гўзал фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш.