Болалигим хотиралари
Эслайман. Ёш бола эдик. Опа-сингиллар, қўшни ҳамтенглар – ҳаммамиз болалик ўйинларининг бирортасини бегона қилмаганмиз. Ҳар бир байрамни-ку асти сўраманг. Бир-икки ҳафта олдин кийимлар олдириб, ёки онажонимизга тиктириб, ҳар куни камида 2-3 марта кўйлакларимизни кийиб кўриб, роса завқланардик: шодлигимизнинг чеки бўлмасди. Айниқса, ҳайит байрамларининг шукуҳи ўзгача эди. Хонадонимизнинг катталари бизни пул, ширинликлар, ҳар хил совға-саломлар билан сийлашарди. Ўша куни онамнинг оналари – Зулфин момомнинг ташрифлари бир қувончимизга ўн қувонч қўшарди. Бошларида енгли желак бўларди, уни қанд-қурсга тўлдириб келардилар. Музқаймоқ олиб енглар, деб пул ҳам берардилар раҳматли моможоним. Кечқурун катта сўрида жой ҳозирлаб, байрамона дастурхон тузаларди. Ҳаммамиз дастурхон атрофида ўтириб, тансиқ таомлар тановул қилиб, момом айтган рамазон ва қурбон ҳайити шеърларини мириқиб тинглардик. Мана ўша шеърлардан эсимда қолганлари:
Моҳи Рамазон,
Азиз, жонажон.
Сен келганинг он,
Қувонч бир жаҳон.
Йилда бир эмас,
Кўпроқ келсайдинг.
Бизга ёқишинг,
Кошки билсайдинг.
Моҳи Рамазон,
Азиз, жонажон.
Қурбон ҳайитига аталган мана бу шеър ҳам ҳамон ёдимда:
Қурбон ҳайит, қурбон ҳайит,
Дастурхони тўкин бу ийд.
Йўқловларинг яна бойит,
Юраклардан ғамни арит,
Қурбон ҳайит, қурбон ҳайит.
Моможонимнинг тилларидан тўкилган бу дурлар халқ оғзаки ижодиданми ёки ўзларининг ижодлариданми билмадиму, бу мисралар хотирамда бир умрга муҳрланиб қолган.
Йиллар ўтди. Каттарганимда негадир бу байрамни нишонламай, сайлларга чиқмай қўйдик. Сабаби эса аён.
Истиқлол бизга ўша – болалик шодликларимизни қайтариб берди. Болаларимга, набирамга ҳайитлик улашар эканман, кўнглимда ўша орзиқиш, ўша хотиротлар қайта тикланади. Илоҳим, менинг юрагимда яшаётган ҳайит шукуҳи энди фарзандларим, набираларим қалбида ўзининг баланд бўйини кўрсатсин.
Зебо ОМОНОВА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Одамларда турли хил қизиқиш бўлади. Бир одам замонасида қанча улуғ зот бўлса, ҳаммасининг ҳузурига бориб, «агар эртага охирги кунингиз экани маълум бўлса, ўша кунда қандай амал қиласиз?» деб сўрарди. Бу одамнинг мақсади Аллоҳнинг валийлари наздидаги савоби энг кўп ва нажотга сабаб бўладиган амални билиш эди. Шундай қилиб, турли хил одамларнинг олдига бориб, шу саволни бериб юрди. Ўша пайтдаги машҳур муҳаддис Абдурраҳмон ибн Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳ ҳузурларига ҳам борди ва у кишидан ҳам шу саволни сўради: «Агар сизга эртага вафот этишингиз маълум бўлса, бугун қандай амал қилган бўлар эдингиз?»
Абдурраҳмон ибн Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб жавоб бердилар: «Менинг ҳар куни қиладиган амалим бор, ўшани қиламан. Унга бирорта амал қўша олмайман. Чунки вақтларимни шундай тартиблаб олганманки, гўё ҳар бир кун менинг энг охирги кунимдир. Эрталабдан кечгача ҳаётимни шундай тартибга солганманки, гўё бугун ҳаётимнинг охирги куни ва мен қайси амални қилишим керак бўлса, ўша амални қиляпман».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан