Болалигим хотиралари
Эслайман. Ёш бола эдик. Опа-сингиллар, қўшни ҳамтенглар – ҳаммамиз болалик ўйинларининг бирортасини бегона қилмаганмиз. Ҳар бир байрамни-ку асти сўраманг. Бир-икки ҳафта олдин кийимлар олдириб, ёки онажонимизга тиктириб, ҳар куни камида 2-3 марта кўйлакларимизни кийиб кўриб, роса завқланардик: шодлигимизнинг чеки бўлмасди. Айниқса, ҳайит байрамларининг шукуҳи ўзгача эди. Хонадонимизнинг катталари бизни пул, ширинликлар, ҳар хил совға-саломлар билан сийлашарди. Ўша куни онамнинг оналари – Зулфин момомнинг ташрифлари бир қувончимизга ўн қувонч қўшарди. Бошларида енгли желак бўларди, уни қанд-қурсга тўлдириб келардилар. Музқаймоқ олиб енглар, деб пул ҳам берардилар раҳматли моможоним. Кечқурун катта сўрида жой ҳозирлаб, байрамона дастурхон тузаларди. Ҳаммамиз дастурхон атрофида ўтириб, тансиқ таомлар тановул қилиб, момом айтган рамазон ва қурбон ҳайити шеърларини мириқиб тинглардик. Мана ўша шеърлардан эсимда қолганлари:
Моҳи Рамазон,
Азиз, жонажон.
Сен келганинг он,
Қувонч бир жаҳон.
Йилда бир эмас,
Кўпроқ келсайдинг.
Бизга ёқишинг,
Кошки билсайдинг.
Моҳи Рамазон,
Азиз, жонажон.
Қурбон ҳайитига аталган мана бу шеър ҳам ҳамон ёдимда:
Қурбон ҳайит, қурбон ҳайит,
Дастурхони тўкин бу ийд.
Йўқловларинг яна бойит,
Юраклардан ғамни арит,
Қурбон ҳайит, қурбон ҳайит.
Моможонимнинг тилларидан тўкилган бу дурлар халқ оғзаки ижодиданми ёки ўзларининг ижодлариданми билмадиму, бу мисралар хотирамда бир умрга муҳрланиб қолган.
Йиллар ўтди. Каттарганимда негадир бу байрамни нишонламай, сайлларга чиқмай қўйдик. Сабаби эса аён.
Истиқлол бизга ўша – болалик шодликларимизни қайтариб берди. Болаларимга, набирамга ҳайитлик улашар эканман, кўнглимда ўша орзиқиш, ўша хотиротлар қайта тикланади. Илоҳим, менинг юрагимда яшаётган ҳайит шукуҳи энди фарзандларим, набираларим қалбида ўзининг баланд бўйини кўрсатсин.
Зебо ОМОНОВА
Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ “Ҳазиҳи мушкилаатуҳум” китобида ёзади: “Дарахтлар ҳар йили қуриб, баҳор келганида жонланиб қайтадан ўсади. Бу ҳодисага ҳайрат билан қарамаймиз, аксинча, табиий ҳодиса деб қараймиз. Чунки бу нарса ҳаётимизда доим такрорланиб, уни ёшлигимиздан кўриб келганимиз. Лекин ўсимлик ерни ёриб чиққани сингари бир неча йил олдин ўлган одам қабридан тирилиб чиқиб, шошилиб уйига кетди, деса уни ёлғон деймиз ва инкор қиламиз. Чунки у биз дуч келмайдиган ҳодиса ҳамда ўзимиз тузган ҳаёт қоидаларига тўғри келмайди.
Лекин Аллоҳ бу ҳолатни борлиқ низоми ва одатий иш қилишни хоҳласа, у ҳам бизга оддий бўлиб қолади. На ҳайратланасиз, на инкор қиласиз. Энди илмий институтлар шуни ўрганиб таҳлил қила бошлайди. Шу асосда янги низом ва қоидалар ишлаб чиқишади.
Демак, мумкин ва амри маҳол воқеалар ўртасидаги фарқ инсонларнинг ўй-хаёлларидан келиб чиққан. Ақлий қарор ёки ҳукмдан келиб чиқмаган”.
Ойбек ҲОШИМОВ,
Ҳадис илми мактаби катта ўқитувчиси.