Ҳар йили Рамазон ойи бошланиши ва ҳайит кунини аниқлашда, Ўзбекистон уламолари ислом дини кўрсатмалари ва Астраномия институти маълумотларига таянишади. Мана шундай манбаларга асосланиб, диний идора уламолари обдон ўйлаб, кейин бир қарор қабул қилади. Лекин, айрим кишилар уламоларимиз қарорига итоат этмай, “бугун фалон араб юртида ёки фалон қўшни мамлакатда ҳайит экан”, деб рўзасини очганлар ҳам учрамоқда. Аммо, бундай иш тутишдан динимиз қаттиқ қайтаради.
Маълумки, Исломда саналар қамарий ой билан ҳисобланиб, уларнинг бошланиши янги ой ҳилолини кўриниши билан белгиланади. Ўзбекистонда Рамазон ҳайитининг биринчи кунини белгилашда Астрономия институтининг ҳилол – янги ойни кўриш ҳақидаги маълумоти ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари хулосаси асос қилиб олинди. Астраномия институтининг берган маълумотига кўра, жорий йилда Ўзбекистонда ҳилолнинг кўриниши 25 июнь якшанба куни Қуёш ботгандан сўнг, кечқурун кузатилиши қайд этилади. Шунга кўра, Ўзбекистон мусумонлари идораси уламолари томонидан 26 июнь душанба куни ҳайитнинг биринчи куни деб эълон қилинди.
Бундай тўхтамга келиниши Ислом таълимотига мувофиқ, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар”, деган ҳадиси шарифларига тўла мос келади. Шунингдек, Ислом фиқҳи академиясининг “Бошқа мамлакатларда ойнинг кўринишидан қатъий назар, дунёнинг қайси бир мамлакатида янги ой ҳилоли оддий кўз билан ёки астрономик жиҳозлар орқали кўрилган бўлса, унга амал қилишлари зарур деб ҳисоблансин”, деган қарорига ҳам ҳамоҳангдир.
Рамазон ойининг юртимизда тўлиқ 30 кун давом этиши азалий миллий ва диний қадриятларимиз ҳамда урф-одатларимизга мос ва ҳамоҳанг ҳисобланади. Рамазон ойининг тўлиқ 30 кун бўлиши ҳақида муҳаддислардан Абу Довуд ва Насоийнинг саҳоба Ҳузайфадан қилган ривоятларида Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидагича марҳамат қилганлар: “Рамазон ойидан олдин тутманглар, янги ойни (Рамазон ҳилолини) кўринглар. Рамазон кунлари саноғини тўлдиринглар!”.
Машҳур муҳаддислардан Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Термизийларнинг Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг издоши, етук фиқҳ олими Ибн Аббосдан келтирган ривоятига кўра: “Рамазон ойи ўттизга тўлдирилади ва янги Шаввол ойи бошланади”, деб таъкидланган.
Юқоридаги асосли далиллар ва иш бошиларнинг қарорига амал қилиш ҳар бир уммат учун вожиб бўлади. Ҳеч қайси бир шариат кўрсатмаларида рўзанинг бошланиш куни ёки Рамазон ҳайитининг биринчи кунини аниқлашда муайян бир араб ёки бошқа давлатга тақлид қилинсин, деган кўрсатма йўқ.
Яна бир масала, бу йил мамлакатимизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида тузилган Шаввол ойи ҳилолини кузатиш, яъни Рамазон ҳайитининг биринчи кунини аниқлаш бўйича ҳайъат тузилиб, 2017 йил 24 июнь куни Республикамизнинг Андижон, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида Шаввол ойининг ҳилоли чиқишини кузатиш бўйича махсус ҳайъат иш олиб борди. Ҳайъат аъзолари Тошкент шаҳрида кечки соат 19:30 дан соат 20:30 гача, ҳудудларда намоз вақтидаги оралиқ тафовутни инобатга олган ҳолда бир соат давомида ҳилолни кузатишган. Ҳайъат аъзоларининг якдил хулосаларига кўра, янги ҳилол кўринмаган.
Демак, ибодат масалаларида эҳтиёт бўлиш керак. Фалон юртда бугун ҳайит экан, деб оғизни очиб юбориш мумкин эмас. Зеро, Рамазон рўзасининг бошланиши ҳам, тугаши ҳам муфтий эълон қилиши билан аниқ бўлади.
Агар бир мусулмон юртда янги ой чиқишини аниқлашга масъул идора рўза тутиш ёки рўзани очиш бўйича қарор чиқарса, ўша юрт мусулмонлари бунга итоат қилишлари, бўйсунишлари шарт. Чунки бу ҳукм “Ҳар бир юрт аҳли ўзлари янги ойни кўрадилар”, деган қарашга асосланган бўлади (“Ҳидоя”, “Оламгирия” китоблари асосида).
Шайх Юсуф Қаразовий айтади: “... Бир юрт ёки бир шаҳар фуқароларининг бир-биридан ажралиб, бир гуруҳи бугун Рамазон деб рўза тутиши, бошқаси уни Шаъбондан деб тутмаслиги, ой охирида эса, бир гуруҳи рўза тутиб, бир гуруҳи ҳайит қилиши қабул қилинмайдиган бир ҳолатдир”.
Хулоса шуки, ҳар бир юрт аҳли уламолари янги ойни кўришга ҳаракат қилишлари ва фуқаролар шунга амал қилишлари керак. Демак, айрим мамлакатларнинг Рамазон ҳайитини бошлаши бизнинг ҳайитни бошлаш кунидан фарқ қилиши мумкин.
Шунинг учун мўмин-мусулмонларимизни юқорида баён қилинганларни чуқур англаб, бошқаларга тақлид қилиб, хатога йўл қўймасликларига чақирамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Пешин намозини 12:12 деб ёзилган, бу дегани 12:12 да пешинни ўқисам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, тақвимда кўрсатилган вақт намознинг аввалги вақтидир. Шу вақтдан бошлаб намоз ўқиш жоиз. Хусусан пешинни ҳам. Лекин жамоат билан ўқиш ва жамоатни кўпайтириш каби фазилат кўзда тутилса, бу вақтдан бироз кечиктириш ҳам дуруст. Аёллар эса жамоатга чиқмаганлари сабабли намоз вақти киргандан адо қилишлари афзалдир. Бу ҳақда “Баҳрур-роиқ” китобида бундай дейилади:
وأداء الصلاة في أول الوقت أفضل إلا إذا تضمن التأخير فضيلة لا تحصل بدونه كتكثير الجماعة، ولا يتأتى هذا في حق من في المفازة فكان التعجيل أولى، ولهذا كان أولى للنساء أن يصلين في أول الوقت لانهن لا يخرجن إلى الجماعة.
“Намозни аввалги вақтида ўқиш афзал. Лекин жамоатни кўпайтириш каби намозни (аввалги вақтидан) кечиктирмаса ҳосил бўлмайдиган фазилатли ҳолатлар бундан мустасно. Саҳро (чўл) жойлардаги киши ҳақида бундай фазилат ҳосил бўлмагани учун, намозни тезлаштириши афзалдир. Шунинг учун ҳам аёллар намознинг аввалги вақтида ўқиши авло. Чунки улар жамоатга чиқмайдилар”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази