Россия мусулмонлари жамияти таклифига кўра, жорий йил Рамазон ойида Чувашия Республикаси, Омск вилояти, Сибир ва Москва шаҳарларида таровеҳ намозларини ўқиб бераётган қориларимиз Қуръон хатмларини якунладилар. Хатми Қуръон якунида Чувашия Республикасида вақтинча меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар иштирокида катта ифторлик тадбири бўлиб ўтди. Унда миллий таомимиз – ош дамланиб, йиғилганларга тортиқ қилинди.
Ифторлик дастурхони атрофида қориларимиз томонидан Қуръон тиловати қилиниб, Қадр кечасининг фазилати, Рамазон ҳайити, ҳайит одоблари ҳақида маърузалар қилдилар.
Қориларимиз сафарларини якунлаб, 25 июнь куни юртимизга қайтиб келишлари режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Ўзбекистон бош консули Сирожиддин Шамсутдинов Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Жидда бўлими директори Фарид бин Саад аш-Шаҳрий билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Учрашув аввалида Фарид бин Саад аш-Шаҳрий мамлакатимиз бош консулини янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, Саудия ТИВ раҳбари томонидан имзоланган консуллик экзекватуранинг асл нусхасини тақдим этди.
У, шунингдек, Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Жидда бўлими Ўзбекистон Бош консулхонасини барча масалаларда қўллаб-қувватлашини билдирди.
Мулоқот чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Шу билан бирга, ўзаро савдо-иқтисодий, сайёҳлик, илм-фан ва маданият соҳаларида бўлиб ўтадиган халқаро кўргазма, фестиваль ва конференциялар ҳақида ўзаро маълумотлар алмашиш ҳамда вакиллар иштирокини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар Бош консулхона қошида "Ўзбек тили ва маданияти" марказини ташкил этиш имкониятлари хусусида фикр алмашилдилар.
Бундан ташқари, "Ҳаж-2025" мавсумини юқори даражада ташкил этиш, хусусан Ўзбекистондан келадиган бўлажак ҳожиларга муносиб шароитларни яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати