Баъзи инсонлар фасод ишларда, бузғунчиликда, ҳавойи нафсига эргашиб шайтонга ҳам залолат этар экан. Яъни, уни довдиратиб қўяркан.
Бу борада Ҳазрати Алишер Навоий бобомизнинг қуйдаги байтлари мисол бўла олади.
Ёмонни, демаки, излол этар экан шайтон,
Дегил: фасодда мундин етар залолат анга.
Маъноси: Ёмон кишини шайтон адаштириб залолатга солар экан, гумроҳ қилар экан дема, аксинча, бузғунчиликда ёмон кимсадан шайтонга залолат етди. Ҳазрат Навоийнинг бу байти Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг каломидаги ушбу оятга мувофиқ.
“Сўнг у (Фиръавн) (халқини ва сеҳргарларни) тўплади ва (уларга) ҳайқирди: “Мен сизларни энг олий раббингизман!” – деди” (Нозиот сурасининг 24-ояти).
Фиръавн бу гапидан қирқ йил олдин ҳам аъёнларига: “Мен сизлар учун ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмасман” деган эди” (Қасас сурасининг 38-ояти). Яна Шуаро сурасининг 28-оятида ҳам Шайтон шайтон бўла туриб илоҳлик даъвосини қилгани йўқ. Аммо инсон инсон бўла туриб худоликка даъво қилди. Иблис бундан узоқ турди, ҳатто иймон аҳлига қарши жангга кирган куфр тоифасига қараб: “Мен сизлардан безорман... ва мен Аллоҳда қўрқурман, чунки Аллоҳ жазоси ўта шиддатли зотдир”, деди (Анфол сурасининг 48-ояти).
Бундан англаш мумкинки. Шайтон ўзига тегишли бўлмаган бир мартабани даво қилмади. Аммо юқоридаги оятнинг мазмунидан кўриниб турибдики, Фиръавннинг сўзини шайтон эшитиб, неча фарсанг узоқликки қочиб кетгани айрим ривоятларда келтирилган.
Ҳа дарҳақиқат, инсон фасодда шайтондан ҳам ўтади, уни гумроҳ қилиб қўядиган даражага етади. Аммо бу сўзлар шайтон ҳақида ижобий фикр билдириш учун эмас, балки инсонларни фасоддан огоҳлантириш учун, холос.
“Руҳул баён” китобида айтиладики: “Иблис худоликни даъво қилмаган бўлса ҳам лаънатланди, Фиръавн ва унга ўхшаганлар эса худоликни даъво қилса ҳам на тайин жиҳатидан, на таҳсин жиҳатидан иблисдек лаънатланмади”. Бунинг ҳикмати нима? дейдиган бўлсангиз, бу саволга жавобан айтиладики: “Чунки иблиснинг нияти инсонларнинг ниятидан ёмонроқдир”. Ҳа, инсонларнинг ёмонидан, одам қиёфасидаги шайтонларнинг хийла-макридан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи асрасин.
Абдуқодир УСМОНОВ,
Марҳамат туманидаги “Сулаймон Сирли” жоме масжиди имом-хатиби
Хабарингиз бор, 2025 йил ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муҳтарам Президентимизга Қурбон ҳайити табригини йўллаб, юртга қайтгач ҳар бир ҳожи «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари» деган эзгу ташаббусни бир овоздан олға сурган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббус бугун амалга кўчиб, ҳожилар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боряпти.
Бугун, 10 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида туман бош имом-хатиблари, ҳожилар, отинойилар ва маҳалла фаоллари иштирокида Хонқа туманидаги «Сайид ота» жоме масжидида сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирдан сўнг Хайрулла домла Абдуллаев ҳудуддаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмаклар кўрсатди ҳамда ҳақларига хайрли дуолар қилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2025” зиёратчилари, маҳалла раислари иштирокида тумандаги маҳаллаларга ташриф буюрдилар.
Маҳалладаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Шунингдек, эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган оилалар ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.
Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.
Шундан сўнг ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда тумандаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.
Мазкур тадбирлардан сўнг Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати