Рамазон охирлаб бормоқда. Биз режалаштирган қайси эзгу амалларимизга улгурдигу қайсиларини кейинги йилга олиб қўймоқчимиз. Бироқ ҳали вақтимиз бор, ойлар султонининг ҳар дақиқаси бебаҳо ва мазмунли, улгурамиз кўп эзгуликларга иншооллоҳ.
Қуръони каримнинг Нисо сураси, 80-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди. Кимда-ким бош тортса, Сизни улар устидан қўриқловчи қилиб юборганимиз йўқ”. Чиндан ҳам, Набий (а.с.)нинг ҳаёт йўллари биз ўрганишимиз, намуна олишимиз учун энг муносиб ҳидоят манбаидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Рамазон ойи давомида ҳар доимгидан кўпроқ ибодат ва эзгуликлар қилишга шошилар эдилар. Биз ҳам уларнинг бу қутлуғ йўлларидан юришга муяссар бўлишни дилимизга тугганмиз. Зеро, бу бизнинг олий мақсадимиз бўлиши керак.
Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилишнинг айни палласи – Рамазон ойидир. У Қуръон ойи, маърифат ойи деб бежиз таъкидланмаган. Бу муборак шаҳр – Қуръон нозил бўлган ойдир. Ҳадисларда келтирилишича: “Жаброил (а.с.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига Рамазонда ҳар тунда келар, бу ҳол Рамазон тугагунча давом этар эди. Расулуллоҳ Жаброил (а.с.)дан Қуръонни ўтказиб олар эдилар”. Ушбу ҳадисдан маълумки, Рамазон ойида қанча кўп Қуръон ўқилса шунча яхши, унинг яхшилиги ва баракаси ҳам ортиб бораверар экан. Қолаверса, оятларнинг мазмунини тушунишга ҳаракат қилиш, суралар моҳиятини тафаккур қилиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Бугунги кунда тобора чирой очиб бораётган масжидларда адо этилаётган хатми Қуръонлар ана шу гўзал анъананинг давомидир.
Рамазонда ҳар қачонгидан ҳам саховатли бўлмоқ жоиз. Бинобарин, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам сахийлик бобида пешқадам эдилар. Айниқса қутлуғ ойнинг шарофати билан уларнинг карамлари янада ортгандан ортиб бораверар эди. Ҳадисларда таъкидланишича, “Расулуллоҳ (с.а.в.) инсонларнинг энг сахийси эдилар. айниқса Рамазонда Жаброил (а.с.) билан учрашганларида сахийликлари янада ортар эди”. Демак, ҳали вақтимиз бор. Атрофимизга бир назар ташлайлик, қийналган қариндошларимиз ёки ночор қўни-қўшнию бева-бечораларнинг ҳолидан бир бор хабар олиб, кексаларни йўқлашни унутмайлик.
Бу ойда дуоларимизни янада кўпайтиришимиз фазилатли. Айниқса, ифтор пайтида қилинган дуонинг хосияти бемисл. Расулуллоҳ (с.а.в.) оғиз очганларида шундай дер эдилар: “Ташналик кетди, томирлар намланди ва ажр савоб собит бўлди”. Ифтор пайти дуолар қабул бўладиган вақтлар қаторидадир. Бу эса нақадар буюк имконият. Рамазоннинг қадрли лаҳзаларида, ифторлик палласида чин дилдан, юрак-юракдан Яратганга илтижо қилишнинг фазли тенгсиз. Бу ғанимат онлардан фойдаланиб қолайлик.
Рамазон меҳр-оқибат, мурувват фаслидир. Айниқса, киши ўз оила аъзолари билан янада хушмуомала бўлиши, эзгулигу саховатларини аввало оиласи учун адо этмоғи муҳим ҳисобланади. Ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз оиласига яхшиларидир”, дея марҳамат қилинади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам Рамазон ойида аҳли оиласига гўзал муомала қилганлар, аёлларига ибодат ва бошқа масалаларда таълим берганлар.
Рамазон охирлаб бораётган кунларда ҳар бир мусулмон фитр садақаси ҳақида унутмаслиги лозим. Бинобарин, ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) фитр садақасини рўзадорнинг сўкиш ва лағв ишларини поклаш ҳамда мискинлар учун таом маъносида фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, мақбул закот, ким намоздан сўнг адо қилса, садақанинг бир тури ҳисобланади”. Демак, ушбу муборак кунларда фақирларнинг хонадонига хурсандчилик улашиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш бир томондан зиммамиздаги масъулиятли вазифа бўлса, иккинчидан, оилаларга шодлик ва барака олиб келувчи шарафли ва савобли амаллардан экан.
Биз Рамазоннинг ғанимат имкониятларининг денгиздан томчисинигина эслатиб ўтдик. Бироқ, унинг яхшиликларини санаб охирлаш мумкин эмас. Рамазон охирлаб бормоқда. Унинг имкониятларга бой лаҳзаларини исроф қилмайлик. Қолаверса, Рамазон ойидан таълим олганларимизни йил давомида ўзимизга одат билайлик: Ҳамиша эзгуликларга шошилайлик, Қуръони карим тиловати ва маърифат эгаллашдан тўхтамайлик, дуоларимизда Аллоҳдан юртимизга тинчлик, халқимизга омонлик сўрайлик, муҳтож ва касаллар ҳолидан ҳамиша хабардор бўлайлик. Ана шунда Рамазон шукуҳи қалбларимизни йил давомида тарк этмайди.
Шарифа ҒАНИЕВА,
“Зиё” студияси бош муҳаррири
Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган.
Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.
Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.
Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.
Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.
Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.
Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.
Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.
Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!
Акбар ШУКУРОВ,
Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”
жоме масжиди имом ноиби