Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Май, 2025   |   5 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:48
Қуёш
05:18
Пешин
12:25
Аср
17:17
Шом
19:25
Хуфтон
20:50
Bismillah
03 Май, 2025, 5 Зулқаъда, 1446

Таровеҳ намози ва унга оид масалалар

22.06.2017   109669   2 min.
Таровеҳ намози ва унга оид масалалар

Аслида, таровеҳ суннат бўлгани учун унинг қазоси ўқилмайди. Чунки, бомдоднинг суннатигина вақти ўтса ҳам заволгача (бир ривоятда асргача) қазо қилиб ўқиб олиш мумкин. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилганлар. Пешин намозининг аввалги суннати (фарзга улгуриш мақсадида) қолса, фарзидан кейин ўқиб олинади. Бу аслида пешин вақтида бўлаяпти. Мана шу икки суннатдан бошқа суннатлар қазо қилинмайди. Қазоси лозим эмас.

Бироқ, баъзи фақиҳлар таровеҳ бир ой давомида кечалари одат бўлган,  суннат бўлганлиги  учун ва Пайғамбаримиз Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи ва саллам томонидан кўп тарғиб қилинганлигидан ҳатто, баъзи фақиҳларимиз таровеҳни тарк қилган одам кейинги таровеҳгача унинг қазосини ўқиб олсин, деганлар. Агар Рамазонда ўқий олмаса, кейинги Рамазонгача ўқиб олади, деган гап ҳам бор. Бу фикр “Жомиъ ур-румуз”да ҳам келтирилган. Имом Нававий ҳам шуни маъқул кўрган. Уларнинг бундай фикрга келишига мана бу ривоятлар сабаб бўлган:

Имом Муслим Оиша разияллоҳу анҳодан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал оз бўлсада давомли бўлганлигидир”-дедилар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай кечки одати қолиб кетса, уни кундузи ўрнини тўлдиришни таклиф қилганлар:

Абдурраҳмон ибн Абдин ал-Қорийдан қилинган ривоятда “Кимки ўзининг вазифасидан ёки унга ўхшаш бир нарсадан ухлаб қолса, бас, уни бомдод намози билан пешин намозининг орасида ўқиб олса, худди унга уни кечаси ўқигандек ёзилади”- дейилади. (Имом Муслим ривояти).

Абул Лайс ас-Самарқандий ҳазратлари: “Кимки суннатни узр билан тарк қилса, маъзурдир, кимки узрсиз тарк қилса, манмандир”, деган эканлар.

Демак, таровеҳдан қолиб кетганларини иложи бўлса, ўқиб олган яхшироқ экан. Бироқ, ўқимаса гуноҳкор бўлиб қолмайди.

Таровеҳларда бир марта хатми Қуръон қилиш суннатдир. Рамазонда иккинчи ёки учунчи марта хатм этиш эса мустаҳаб ва ҳақиқий нафл амалдир.

Шундай экан бир ойлик рамазонни ва таровеҳ намозларини ғанимат билайлик сусткашликка йўл қўймайлик. Зеро, бу рамазон биз учун охиргиси бу йилги таровеҳ охиргиси бўлиши мумкин.

 

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим

 юрти мударриси Абдуғафур Ниёзқулов

Рамазон
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қабристондан жой сотиб олиш мумкинми?

02.05.2025   2518   1 min.
Қабристондан жой сотиб олиш мумкинми?

Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.

Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.

Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар