ЭСЛАТМА!
Ҳижрий сана ҳисобида кеча кундуздан аввал келишини инобатга олсак, 27-кеча Рамазон ойининг 26 дан 27-куни ўтар кечасидир. Жорий милодий 2017 йил ҳисоби бўйича Қадр кечаси 21 июндан 22 июлга ўтар кечасига тўғри келади. Иншоаллоҳ.
“Лайлатул Қадр” – қандай кеча?
Бу кеча – “белгилаш кечаси”, яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кечадир.
Бу кеча «... минг ойдан яхшироқдир» (Қадр, 3).
1000 ой – 84 йилга тенг.
84 йил – 30000 кунга тенг.
Қадр кечасининг бир соати – 3780 кунга тенг.
Бу кечанинг бир дақиқаси – 63 кунга тенг.
“Лайлатул Қадр” кечаси қачон бўлади?
Абул Олия (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир аъробий кимса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб, “Лайлатул қадр қачон бўлади?” деб сўради.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лайлатул қадрни Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар”, деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қадр кечаси борасида: “У 27 ёки 29-кечадир. ушбу кеча ерда фаришталар сони тошчалардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу кечанинг қандай аломатлари бор?
Ибн Хузайма Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У очиқ ва иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади”, дедилар.
Бу кеча Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва “Сидратул мунтаҳо”дан (яъни, Жаброил (алайҳиссалом) масканидан) ерга тушишади, тонг отгунча инсонлар ҳақига дуо қилишади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кечани қандай ўтказар эдилар?
Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар”, дедилар.
Бу кеча қандай амалларни адо этиш лозим?
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, у туннинг биринчи ярмини қоим қилибди, ким бомдодни жамоат билан ўқиса, қолган қисмини ҳам қоим қилибди”, деганлар. Шунга кўра, қадр кечаларида ушбу икки намозни жамоат билан ўқишга астойдил ҳаракат қилиши даркор.
Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай”, дедилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) “Ё Аллоҳ, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Мени (гуноҳларимни) кечиргин, деб айтгин дедилар” (Имом Термизий).
Бу намознинг энг ози икки ракат, ўртачаси 100 ракат, кўпи эса тоқат етгунича ўқилади. “Аллоҳ ризоси учун нафл намоз ўқишни ният қилдим”, деб ният қилинади.
1-ракатда бир марта Фотиҳа ва уч марта Қадр сураси ўқилади.
2-ракатда бир марта Фотиҳа, уч марта Ихлос сураси ўқилади. “Аттаҳиёту”, саловат ва дуолардан сўнг салом берилади.
3- ва 4-ракатлар ҳам айни шаклда ўқилади. 100 ракат ўқиладиган намоз ҳам худди шундай ўқилади.
Намоздан сўнг бир марта ташриқ такбири айтилади: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”. Сўнгра юз марта Қадр сураси, 100 марта “Алам нашрок...” сураси ўқилади. Бундан кейин эса “Қадр” дуоси 100 марта қайтарилади.
Бу кеча гуноҳлар мағфират қилинади?
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар.
Аллоҳ таоло бу ойда холис ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган таровеҳ намозларимизни ва хатму Қуръонларимизни Ўзининг лутфу карами ила қабул қилсин. Ўзи дуоларни ижобат қилувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи Зотдир.
Дуоларингизда бизни ҳам унутманг.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.
Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!
Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.