Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Моҳи Рамазоннинг аввали ўн кунини раҳмат, ўртасини мағфират, охирини халос бўлиш даҳаси қилиб, ушбу кунларга биз бандаларини чексиз неъматлар билан етказган ва ўз раҳматидан муяссар қилган Роббимиз Аллоҳ субҳаноҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.
Ушбу ҳар бир ўн кунликни ўзгача қадрлаган ва шу неъмат қадридан соф эътиқод ила фойдаланган ҳамда ушбу таълимини ўз умматларига ўргатган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.
Аввалиҳу роҳма - кунларининг бугун охирги ўнинчи кунига ҳам ўрталаб қолди. Во ажаб, кечагина рамазон келяпти деб қалбларда қувонч билан кутаётган рамазон ойимиз ниҳоясига етай деб қолди.
Раҳмат кунларининг шукуҳи, қоронғу тун ичра субҳи содиқ вақти киргунча саҳарлик ва қизил шафақ тортиб ботаётган қуёшнинг сўнги вақтида ифторликнинг файзи, масжидларимизда таровеҳ намози ва хатмул Қуръон тароватидан сармаст бўлиб, ғаниматли кунларнинг ўтиб кетаётганини сезмай қолибмиз.
Ҳа, бу кунлар хақиқатан руҳий озиққа ташна қалбларга ғаниматдир. Бунинг қадрига етмаган ва ундан баҳра олиб қолишни унутиб ғафлатда қолган инсонларга таажжуб қиласиз.
Рамазон ойи келиб заминимизни файзу таровати билан безаб турса-да, уни беписанд ўтказиб юборса, бундай кишилар қандай буюк мукофотлардан бебаҳра қолаётганини билармикан...
Иш хонада, касса олдида кассирни кутиб ўтириб, у келганида кўзлари қувончга тўлиб кеттган ишчи-ходимларнинг нигоҳига назар солсангиз, ана шу дамда гўёки улардан бахтлироқ инсон йўқдек. Ойлик маошини олади-ю кассирга чексиз эхтиром ила миннатдорчилик билдиради, аммо осмондан боши узра ёғаётган раҳмат ёмғирига парво қилмайди.
“Биз ишдаги одамлар, кўчада юрамиз, очликка чидайман-у, иссиқда чанқоққа бардош беролмайман-да” дея узрхоҳлик қилаётганларни эшитиб ҳайрон бўласиз: ахир рамазон соя-салқинда ётиб олиб бекорчиликда қиладиган иш эмас-ку. Ифторликларга уялмай-нетмай чиқиб ястаниб ўтирган “кўзалар”нинг ҳоли таажжубли.
Жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпиладиган ойда ўзларига жаннатнинг эшигини ёпиб олган инсонларга таажжуб қиласиз киши.
Уйи масжиднинг ёнида бўла туриб, таровеҳ намозидан қолаётганларнинг ҳоли таажжубли. Наҳот, Қуръон оятлари ва тасбеҳ оҳанглари қалбларига етиб бормаса.
Мусо алайҳиссалом даврида осмондан Аллоҳнинг неъмати ёғилиб, уларни қавми еб-ичиб, бунинг шукронасига ибодат қилинглар дейилганида, уларнинг биз бундай нарсаларни эмас, бошқа нарсаларни хоҳлардик деб саркашлик қилганини биламиз, бугун эса ўша ҳодиса олдида юқорида санаб ўтган таажжубларимиз ҳеч нарса эмас.
Нима ҳам дердик, Аллоҳнинг имтиҳони бу...
Барчамизга Рамазон муборак бўлсин.
М.ШОЖАЛИЛОВ,
Tasbeh.uz сайти администратори
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ