Лайлатул қадр – шараф ва улуғлаш, ҳукм ва тақдир кечаси. Аллоҳ таоло бу кечада келаси йилдаги ўлим, ажал, ризқ ва шу каби тақдирга оид ишларни белгилайди.
Маҳмуд Замахшарий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Қадр кечаси бу барча ишларнинг тақдири ва ҳукми белгиланадиган кечадир”.
Бу кечада фаришталар Аллоҳнинг изни билан ерга тушади. Тонг отгунча инсонларни дуо қилади ва инсонларнинг дуоларига “омин” деб туришади.
Қадр кечаси қуёш ботишидан то тонггача давом этади. Аллоҳ бу кечада фақат яхшиликни тақдир этади. Бошқа кечаларда эса балоларни ҳам, яхшиликларни ҳам ҳукм қилади.
Аксар уламолар фикрига кўра, Қадр Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасидир. Зирр (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)га: «Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким бир йил қоим бўлса, Қадр кечасини топади”, деб айтганлар”, деганида, Убай ибн Каъб: “Аллоҳ Абу Абдураҳмон (яъни, Ибн Масъуд)ни мағфират қилсин, чиндан ҳам у Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эканини билар эди. Бу кеча йигирма еттинчи кечадир, лекин одамлар у нарсага суяниб қолмаслигини хоҳлаб айтмасди”, деди. Сўнгра қатъий тарзда: “Қадр йигирма еттинчи кечада”, деди. Шунда мен: “Эй Абу Мунзир, нима далил билан бундай дейсан?” дедим. У зот: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга айтган белги билан: у кун қуёш шуъласиз чиқади”, деб жавоб берди» (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Демак, Қадр кечасининг катта аломатларидан бири – ўша куни қуёш шуъласиз оқариб чиқади. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қадр кечаси ҳақида: “У кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Қуёш ўша куни оч қизил ҳолатда чиқади”, дедилар».
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечаларидан биридадир. У кеча очиқ ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас. Гўё ой бор кечага ўхшайди. У кеча тонг отгунича шайтонлар чиқмайди”, дедилар (Тафсири Самарқандий).
Шундай экан, биз ҳам қўлимиздан келганича кимдир намоз ўқир, кимдир тиловати Қуръон билан, яна кимдир тасбеҳу таҳлил каби тоату ибодат ва дуолар билан машғул бўлиб Қадр кечасини ўтказсак, Яратганнинг улкан инъомидан баҳраманд бўламиз.
Шоди ҲАҚБЕРДИЕВ,
Ургут тумани бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Телеграм ижтимоий тармоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жаброил алайҳиссалом менга ўргатди. Сизларга уни айтиб бераман, ким найсон (апрель) ойида ёмғир ёққанда сувидан олиб, 70 мартадан фотиҳа, оятал курси, фалақ, нас, кафирун, сураларини ўқиб дам солиб ичса эркак ва аёл бепушт бўлса фарзанд кўради, фалаж бўлмайди, танадаги бор касалликлар тузалади", мазмунли хабар тарқалди. Ҳақиқатан ҳам шу маънодаги ҳадис борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазкур ривоятни ҳадис деб айтиш катта гуноҳ ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш ҳисобланади. Бирорта ҳам эътиборли ва ишончли ҳадис китобларида бундай мазмундаги ҳадис келган эмас. Айрим уламолар уни ҳадис тўқиш билан шуғулланадиганларнинг тўқимаси эканлигини таъкидлаб ўтишган. Шунинг учун ҳар қандай маълумотларни, хусусан, динга оид маълумотларни тўғри ёки нотўғрилигини аниқламасдан туриб тарқатишдан жуда ҳам эҳтиёт бўлиш лозим. Бундай ишлар ёлғонга хизмат қилиш ва бошқаларни алдаш ҳисобланади. Қолаверса, бу ёлғон оддий ёлғонлар каби шунчаки ҳаром бўлиб қолмай, жаҳаннам билан таҳдид қилинган гуноҳлар сирасига киритилгани ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
عَنْ سَعِيدِ بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللَّه عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: "إِنَّ كَذِبًا عَلَيَّ لَيْسَ كَكَذِبٍ عَلَى أَحَدٍ ، مَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ" (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ)
“Менинг номимдан (айтилган) уйдирилган ёлғон сўз бошқа бир киши номидан уйдирилган ёлғон каби эмасдир. Кимки менинг номимдан қасддан ёлғон сўз тўқиса, жаҳаннамдаги жойига тайёргарлик кўрсин!” (Имом Бухорий ривояти).
Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаш керакки, шу мавсумда, яъни, апрель ойида ёғадиган ёмғирнинг фойдалари тиббий жиҳатдан исботланган бўлса, соҳа мутахассисларининг кўрсатмаси бўйича истеъмол қилиш хато ёки гуноҳ ҳисобланмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.