Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Июн, 2025   |   9 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:51
Пешин
12:27
Аср
17:35
Шом
19:56
Хуфтон
21:32
Bismillah
05 Июн, 2025, 9 Зулҳижжа, 1446

Рамазон: дунё ва биз

20.06.2017   94777   7 min.
Рамазон: дунё ва биз

Дунё мусулмонлари муборак Рамазоннинг беқиёс кунларини бошдан кечирмоқда. Ҳар бир мўмин имконияти етганича ибодатларини адо этмоқда, орттириб берилажак савобларга муносиб бўлишга бел боғлаган. Бунинг учун, шарафли ойни рисоладагидек ўтказиш – рўза тутиш, яхшиликларга шошилиш, таровеҳ намозларида иштирок этиш, қариндошлар ҳолидан хабар олиш ва бошқа Рамазон ойи учун шарафли бўлган амалларни адо этиш учун имкониятларимиз етарли, кенг йўл очиб берилган.

Ҳадиси шарифда: «Икки неъмат борки, ундан кўп кишилар маҳрумдирлар, бу неъматлар -  саломатлик ва хотиржамликдир», дейилади.

Жаҳонга нигоҳ ташлаймиз: эҳтимол мусулмон мамлакатларда бу айём ўзига хос дабдаба билан кутиб олинар. Бироқ, ҳамма давлатда ҳам осойишталик ҳукмрон эмаслигини туну кун узатиб туриладиган янгиликлардан кўриб, эшитиб турибмиз. Манбаларда ёзилишича, ислом тарихида бу ойда кўплаб жангу жадаллар тўхтатилган, тинчлик ойи сифатида қадрланган. Аммо, бугун оламда содир бўлаётган кўплаб фожеалар айнан айрим разил кимсалар дастидан, террор аталмиш балолар “шарофати билан” эканлигини англаш қийин эмас. Улар дин ниқоби остида фаолият юритсалар-да, муборак ойни ҳурмат қилмаётганлари ҳаммага бирдек аён. Ана шундай жоҳиллар борлиги боис нотинчлик ва сарсонликка барҳам берилмаяпти, кўплаб инсонлар қутлуғ ойда ҳам азият чекмоқда.

Интернет сайтларидаги ёки дунё каналларидаги жаҳон янгиликларига эътибор берганмисиз, бугун дунёда нақадар аянчли воқеалар содир бўлмоқда. Мана биргина 18 июнь кунги янгиликларда қанчалар кўп йўқотишлар ва ачинарли манзаралар мавжуд эканлигига мисол келтирамиз:

Қоҳира яқинидаги портлаш оқибатида полиция ҳалок бўлди...

Колумбия пойтахтида портлаш содир этилди, қурбонлар бор...

Португалияда ўрмон ёнғинлари оқибатида 19 киши ҳалок бўлди...

Италияда кема причалга урилиши оқибатида 55 киши ҳалок бўлди...

Афғонистонда 5 худкуш ҳужум қилиб, 2 полициячини ўлдирди...

Португалиядаги ёнғин қурбонлари сони ортмоқда, қурбонлар 60 нафарга етди...

Афғонистонда покистонлик дипломатлар изсиз йўқолди...

Ироқ ҳарбийлари Мўсул марказини эгаллаш учун ҳужум бошлади...

Яманда 151 мингдан зиёд вабо касаллиги қайд этилди,  бир ярим мингга яқин киши вафот этди...

Кобулда жангарилар америкаликни ўғирлашди...

Туркияда 731 нафар ҳарбий овқатдан заҳарланди...

Германия аэропортида террор таҳдиди туфайли йўловчилар эвакуация қилинди...

Эрон Суриядаги жангарилар базасига ракеталар билан зарба берди...

(Кун.уз сайтидан, 18 июнь янгиликлари асосида)

Ҳа, замин бир кунда қанчадан қанча йўқотишларни бошдан кечирмоқда, неча-неча инсонлар машаққатда яшамоқда, энг афсусланарлиси аксарият ҳолларда бундай аянчли оқибатларга худбин ва разил кимсалар сабабчи бўлмоқдалар.

Бу хабарларни эшитганимизда теран фикр юритишимиз лозим. Ана шунда биз кундалик ташвишлардан, арзимас сабаблар билан бекорга нолиётганимизни англаб етамиз.

Бизлар уйқумиздан базўр уйғониб, эринибгина саҳарлик қилаётганимизда, дунёнинг қаеридадир тўс-тўполондан, туни билан тинмаган ўқ овозидан кўз юммаган жонлар рўзани саросимада тутишни бошлаётганини ҳис қиламизми?

Куни билан иссиқдан қочиб, совуқ хоналарда жон сақлаб, Қуръон ўқишга ҳам малолланиб, ҳатто рўзани пеш қилиб, кундалик юмушларимизни ортга суриб дангасаликка эрк берган кунларимизда, заминнинг бир бурчагида уйсиз, бошпанасиз, бирор соясиз кўчада қолган рўзадорлар борлигини тасаввуримизга сиғдиролмаймиз...

Ифторликка яқин танамизда ҳис қилган очлик, ташналикнинг қийинчилиги билан сўзларимизга эрк берамиз, ишлаб чарчаганимизни рўкач қиламиз, ҳали вақт бўлса-да дастурхон тайёр эмаслигидан яқинларимизни койиймиз. Сабр лозим маҳалда бесабрликни лозим тутамиз. Дуолар ижобат паллани бекорчи ишларга сафарбар этамиз, телефонда ўйин ўйнаймиз, бемаъни суҳбатларга бериламиз. Яқинларимизга ёрдам беришга малолланамиз, оғиз очгандан сўнг эса, Аллоҳга шукрона келтиришни унутган ҳолда тановулга шўнғиймиз... Билмаймизки, ана шу лаҳзаларда қаерлардадир, оғзини очгану ейишга бир нарса тополмаган заминдошлар ҳолатини ўйламаймиз... биз бир неча соат ҳис қилган очлик ҳиссини улар неча кунлаб тотди экан а,  қултум сувга етишганда неча бор шукрона айтганларини биз ҳам танамизда синаб кўрдик. Бироқ, биз етишган неъматларнинг нақадар ҳисобсизлигини ҳеч ўйлаб кўрганмизми?

Бир кунда неча бор эзгуликлар қилишга имкониятимиз бор, лекин хоҳламаймиз. Кўча-кўйда кетаётганимизда, кимгадир йўл кўрсатиш, транспортда жой бериш, йиғлаган болажонларни юпатиш, кексаларга кўмак бериш каби биз учун қийин бўлмаган, бироқ кимдир бундан жуда хурсанд бўладиган ишларни қилишни унутиб қўямиз. Ахир Рамазоннинг файзи ана шу хайрларимиз билан янада ошадику!

Оиламиз, яқинларимизга қўполлик қилишда давом этамиз, арзимаган сабаб билан жанжал қилишни ўзимизга эп кўрамиз. Ота-оналаримиз олдидаги одобни-да унутиб қўямиз. Уларнинг борликлари учун шукрлар айтиш у ёқда турсин, баъзан дилларини оғритиб қўйганимизни ҳам билмай қоламиз. Рамазон ойида бу каби дилхираликлар асло мумкин эмаслигини унутдикми? Шарафли ойда яхши фазилатларимизни намоён этсак, Рамазонда одатланганимиз – сабр ва яхши хислатларимиз йил давомида бизга ҳамроҳ бўлиши мумкинлигини билмаймизми?

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки бир кун ўз оиласи ичида тинч, тани соғ бўлиб турса ва олдида шу кунига етарлик таоми бўлса, у одамга гўё бутун дунё берилган ҳисобланади”, деган эканлар. Аллоҳга шукроналар бўлсинки, ҳар биримиз ана шу инъомлардан баҳрамандмиз.

Шукрки, бугун юртимизда қаёққа қараманг, Рамазон шукуҳи! Оилаларда тотувлик, дастурхонларимиз тўкин-сочин. Маҳаллада қўшнилар бир-бирига  оқибатли, ширин сўзини, мурувватини аямайди. Ўзаро иссиқ нону бир коса овқати билан кўнгилларни кўтарадилар. Бундайин мурувватли, меҳр-оқибатли эл қаерда бор яна. Давлат Раҳбарининг шахсан ўзлари халқ қайғусини баробар чекади, бу биз учун бахт эмасми? Ҳар бир муаммони дилдан эшитиб ҳал қилишни ният қилган, қаердадир адашиб юрган юрт фарзандига отасидан-да кўпроқ жон койитган Юртбоши яна қаерда бор? Бундай мурувватни ҳеч қайси давлатдан топиш мумкин эмас.

Бир ўйлаб кўринг, шундай шароитда ҳам нолиш мумкинми? Шунда ҳам нолиганларни “нонкўр” дейиш керак. Шундай меҳр-оқибатдан, имкониятдан юз ўгириб Ватан юзига оёқ қўйганларни “инсон” деб аташ-да нотўғридир.

Азиз юртдошим! Атрофга теран назар ташлайлик. Лоқайдликка йўл қўймайлик. Шукронага арзирли неъматларимиз саноқсиз, уларни асраб авайлайлик! Ҳамиша огоҳ бўлайликки, бизнинг буюк неъматимиз – тинчлигимизни бузишга йўл қўйилмасин. Осмонимиз мусаффолиги йўқолмасин. Ана шунда авлодларимизга ҳам биздан мана шундай гўзал ва осойишта диёр қолади, иншааллоҳ. Муборак Рамазонда дуо қилайлик, юртдошларимиздан ҳеч бири тўғри йўлдан адашмасин, имонидан айрилмасин.

Шарифа ҒАНИЕВА,

“Зиё” студияси муҳаррири

Рамазон
Бошқа мақолалар

Етти юз дирҳам келтирадиган бир дирҳам

02.06.2025   3643   3 min.
Етти юз дирҳам келтирадиган бир дирҳам

Аллоҳ таоло бизга бир садақамизни етти юз баробар кўпайтириб беришини ваъда қилди. Шундай экан, нега энди муҳтожларга эҳсон қилишга иккиланамиз?!

Ривоятларда келишича, Муҳаллабий деган бир вазир ўтган бўлиб, аввалбошда камбағал бўлган экан. Дунё матоҳларидан бирор нарсаси бўлмаган ҳам экан. Шу ҳолида у сафар қилади. Борган жойида ҳам ейишга бирор нарса топа олмайди. Гўшт ейишни қаттиқ иштаҳа қилса-да, гўштга етгулик пул топа олмайди ва:

Аё, харид қилсам ўлим сотилурму,
Бул маийшат хайрсиз бўлди манга,
Вооҳ, бу ҳаётдин ўлим тотли бўлурму,
Бу хушсиз ҳаётдин келиб мани халос этса…

У кишининг ҳамсафари бўлиб, исми Абу Абдуллоҳ Сўфий эди. У байтни эшитиб, бир дирҳамга гўшт сотиб олиб, пишириб Муҳаллабийнинг қўлига тутқазади. Кейин эса улар ўз йўналишлари бўйича ажралиб кетишади.

Кунлар ўтиб Муҳаллабий Бағдодда вазир даражасига кўтарилади. Бу ёқда Абу Абдуллоҳ Сўфийнинг шароити оғирлашиб, қийналиб қолади. У вазирнинг ҳузурига боради ва бир парча қоғоз бериб, уни соқчидан киргизиб юборади. Қоғозда қуйидагилар ёзилган эди:

Аё вазирингга етказ, унга жонимни фидо айладим,
Йигит ҳеч замон гапин ёддан чиқармас.
Ёдингдаму йўқчиликдан қийналиб айтган гапинг,
“Аё, харид қилсам ўлим сотилурму” деганинг…

Вазир Муҳаллабий хатни ўқигач, ўтган кунлари ёдига тушиб, гўшт егиси келганида гўшт олиб пишириб берган ҳамсафарини эслайди. Кўзлари ёшга тўлиб, Аллоҳнинг неъматлари ичида яйраб яшаётганини, қандай қилиб бу мартабаларга эришиб, халифанинг вазири бўлиб қолгани ҳақида тафаккур қилади. Кейин эса: “Бу хатни ёзган кишига етти юз дирҳам бериб юборинглар”, деб буюради ва хат остига жавоб тариқасида мана бу оятни ёзиб қўяди:

«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчи кишиларнинг (савобининг) мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди...»[1] (яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда).

Бу орқали вазир ҳамсафарига “Менга бир дирҳам эвазига олиб берган гўштинг ҳаққини Аллоҳ таоло етмиш баробар кўпайтириб берди”, демоқчи эди.

Шоир айтади:

Яхшилик ўгурганнинг мукофоти йўқолмагай ҳеч,
Холиқу халқ орасиндаги суннат зоил ўлмагай ҳеч.

Ҳеч бир кишидан миннатдорчилик кутманг!

Ҳакимлардан бири айтади: “Ким қилган яхшилиги учун миннатдорчилик, раҳмат кутса, шубҳасиз, у охират савобини дунёда олишга шошилибди”.

Яхшилик қилиш мақтовга арзирли харажатдир

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: “Ҳар нарсада исроф бор, иллоки ҳусни хулқни қўлга киритишда, яхшилик қилишда, одамгарчиликни юзага чиқаришда исроф йўқ”.

Бир ҳаким зотнинг гапини доимо ёдингизда тутинг: “Яхшилик қилувчи киши ҳеч чоҳга тушмайди. Мабодо тушган тақдирда ҳам, бир тиргак топади”.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бақара сураси, 261-оят.