Дунё мусулмонлари муборак Рамазоннинг беқиёс кунларини бошдан кечирмоқда. Ҳар бир мўмин имконияти етганича ибодатларини адо этмоқда, орттириб берилажак савобларга муносиб бўлишга бел боғлаган. Бунинг учун, шарафли ойни рисоладагидек ўтказиш – рўза тутиш, яхшиликларга шошилиш, таровеҳ намозларида иштирок этиш, қариндошлар ҳолидан хабар олиш ва бошқа Рамазон ойи учун шарафли бўлган амалларни адо этиш учун имкониятларимиз етарли, кенг йўл очиб берилган.
Ҳадиси шарифда: «Икки неъмат борки, ундан кўп кишилар маҳрумдирлар, бу неъматлар - саломатлик ва хотиржамликдир», дейилади.
Жаҳонга нигоҳ ташлаймиз: эҳтимол мусулмон мамлакатларда бу айём ўзига хос дабдаба билан кутиб олинар. Бироқ, ҳамма давлатда ҳам осойишталик ҳукмрон эмаслигини туну кун узатиб туриладиган янгиликлардан кўриб, эшитиб турибмиз. Манбаларда ёзилишича, ислом тарихида бу ойда кўплаб жангу жадаллар тўхтатилган, тинчлик ойи сифатида қадрланган. Аммо, бугун оламда содир бўлаётган кўплаб фожеалар айнан айрим разил кимсалар дастидан, террор аталмиш балолар “шарофати билан” эканлигини англаш қийин эмас. Улар дин ниқоби остида фаолият юритсалар-да, муборак ойни ҳурмат қилмаётганлари ҳаммага бирдек аён. Ана шундай жоҳиллар борлиги боис нотинчлик ва сарсонликка барҳам берилмаяпти, кўплаб инсонлар қутлуғ ойда ҳам азият чекмоқда.
Интернет сайтларидаги ёки дунё каналларидаги жаҳон янгиликларига эътибор берганмисиз, бугун дунёда нақадар аянчли воқеалар содир бўлмоқда. Мана биргина 18 июнь кунги янгиликларда қанчалар кўп йўқотишлар ва ачинарли манзаралар мавжуд эканлигига мисол келтирамиз:
Қоҳира яқинидаги портлаш оқибатида полиция ҳалок бўлди...
Колумбия пойтахтида портлаш содир этилди, қурбонлар бор...
Португалияда ўрмон ёнғинлари оқибатида 19 киши ҳалок бўлди...
Италияда кема причалга урилиши оқибатида 55 киши ҳалок бўлди...
Афғонистонда 5 худкуш ҳужум қилиб, 2 полициячини ўлдирди...
Португалиядаги ёнғин қурбонлари сони ортмоқда, қурбонлар 60 нафарга етди...
Афғонистонда покистонлик дипломатлар изсиз йўқолди...
Ироқ ҳарбийлари Мўсул марказини эгаллаш учун ҳужум бошлади...
Яманда 151 мингдан зиёд вабо касаллиги қайд этилди, бир ярим мингга яқин киши вафот этди...
Кобулда жангарилар америкаликни ўғирлашди...
Туркияда 731 нафар ҳарбий овқатдан заҳарланди...
Германия аэропортида террор таҳдиди туфайли йўловчилар эвакуация қилинди...
Эрон Суриядаги жангарилар базасига ракеталар билан зарба берди...
(Кун.уз сайтидан, 18 июнь янгиликлари асосида)
Ҳа, замин бир кунда қанчадан қанча йўқотишларни бошдан кечирмоқда, неча-неча инсонлар машаққатда яшамоқда, энг афсусланарлиси аксарият ҳолларда бундай аянчли оқибатларга худбин ва разил кимсалар сабабчи бўлмоқдалар.
Бу хабарларни эшитганимизда теран фикр юритишимиз лозим. Ана шунда биз кундалик ташвишлардан, арзимас сабаблар билан бекорга нолиётганимизни англаб етамиз.
Бизлар уйқумиздан базўр уйғониб, эринибгина саҳарлик қилаётганимизда, дунёнинг қаеридадир тўс-тўполондан, туни билан тинмаган ўқ овозидан кўз юммаган жонлар рўзани саросимада тутишни бошлаётганини ҳис қиламизми?
Куни билан иссиқдан қочиб, совуқ хоналарда жон сақлаб, Қуръон ўқишга ҳам малолланиб, ҳатто рўзани пеш қилиб, кундалик юмушларимизни ортга суриб дангасаликка эрк берган кунларимизда, заминнинг бир бурчагида уйсиз, бошпанасиз, бирор соясиз кўчада қолган рўзадорлар борлигини тасаввуримизга сиғдиролмаймиз...
Ифторликка яқин танамизда ҳис қилган очлик, ташналикнинг қийинчилиги билан сўзларимизга эрк берамиз, ишлаб чарчаганимизни рўкач қиламиз, ҳали вақт бўлса-да дастурхон тайёр эмаслигидан яқинларимизни койиймиз. Сабр лозим маҳалда бесабрликни лозим тутамиз. Дуолар ижобат паллани бекорчи ишларга сафарбар этамиз, телефонда ўйин ўйнаймиз, бемаъни суҳбатларга бериламиз. Яқинларимизга ёрдам беришга малолланамиз, оғиз очгандан сўнг эса, Аллоҳга шукрона келтиришни унутган ҳолда тановулга шўнғиймиз... Билмаймизки, ана шу лаҳзаларда қаерлардадир, оғзини очгану ейишга бир нарса тополмаган заминдошлар ҳолатини ўйламаймиз... биз бир неча соат ҳис қилган очлик ҳиссини улар неча кунлаб тотди экан а, қултум сувга етишганда неча бор шукрона айтганларини биз ҳам танамизда синаб кўрдик. Бироқ, биз етишган неъматларнинг нақадар ҳисобсизлигини ҳеч ўйлаб кўрганмизми?
Бир кунда неча бор эзгуликлар қилишга имкониятимиз бор, лекин хоҳламаймиз. Кўча-кўйда кетаётганимизда, кимгадир йўл кўрсатиш, транспортда жой бериш, йиғлаган болажонларни юпатиш, кексаларга кўмак бериш каби биз учун қийин бўлмаган, бироқ кимдир бундан жуда хурсанд бўладиган ишларни қилишни унутиб қўямиз. Ахир Рамазоннинг файзи ана шу хайрларимиз билан янада ошадику!
Оиламиз, яқинларимизга қўполлик қилишда давом этамиз, арзимаган сабаб билан жанжал қилишни ўзимизга эп кўрамиз. Ота-оналаримиз олдидаги одобни-да унутиб қўямиз. Уларнинг борликлари учун шукрлар айтиш у ёқда турсин, баъзан дилларини оғритиб қўйганимизни ҳам билмай қоламиз. Рамазон ойида бу каби дилхираликлар асло мумкин эмаслигини унутдикми? Шарафли ойда яхши фазилатларимизни намоён этсак, Рамазонда одатланганимиз – сабр ва яхши хислатларимиз йил давомида бизга ҳамроҳ бўлиши мумкинлигини билмаймизми?
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки бир кун ўз оиласи ичида тинч, тани соғ бўлиб турса ва олдида шу кунига етарлик таоми бўлса, у одамга гўё бутун дунё берилган ҳисобланади”, деган эканлар. Аллоҳга шукроналар бўлсинки, ҳар биримиз ана шу инъомлардан баҳрамандмиз.
Шукрки, бугун юртимизда қаёққа қараманг, Рамазон шукуҳи! Оилаларда тотувлик, дастурхонларимиз тўкин-сочин. Маҳаллада қўшнилар бир-бирига оқибатли, ширин сўзини, мурувватини аямайди. Ўзаро иссиқ нону бир коса овқати билан кўнгилларни кўтарадилар. Бундайин мурувватли, меҳр-оқибатли эл қаерда бор яна. Давлат Раҳбарининг шахсан ўзлари халқ қайғусини баробар чекади, бу биз учун бахт эмасми? Ҳар бир муаммони дилдан эшитиб ҳал қилишни ният қилган, қаердадир адашиб юрган юрт фарзандига отасидан-да кўпроқ жон койитган Юртбоши яна қаерда бор? Бундай мурувватни ҳеч қайси давлатдан топиш мумкин эмас.
Бир ўйлаб кўринг, шундай шароитда ҳам нолиш мумкинми? Шунда ҳам нолиганларни “нонкўр” дейиш керак. Шундай меҳр-оқибатдан, имкониятдан юз ўгириб Ватан юзига оёқ қўйганларни “инсон” деб аташ-да нотўғридир.
Азиз юртдошим! Атрофга теран назар ташлайлик. Лоқайдликка йўл қўймайлик. Шукронага арзирли неъматларимиз саноқсиз, уларни асраб авайлайлик! Ҳамиша огоҳ бўлайликки, бизнинг буюк неъматимиз – тинчлигимизни бузишга йўл қўйилмасин. Осмонимиз мусаффолиги йўқолмасин. Ана шунда авлодларимизга ҳам биздан мана шундай гўзал ва осойишта диёр қолади, иншааллоҳ. Муборак Рамазонда дуо қилайлик, юртдошларимиздан ҳеч бири тўғри йўлдан адашмасин, имонидан айрилмасин.
Шарифа ҒАНИЕВА,
“Зиё” студияси муҳаррири
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Машойихлар рўзадор амал қилиши керак бўлган рўза тутишнинг олтита қоидасини ёзиб кетишган.
Биринчиси, кўзни тийиш, яъни бирор бир кераксиз нарсага назар тушмасин. Бегона, номаҳрам аёллар у ёқда турсин ҳатто ўзиниг аёлига шаҳват назари билан қарамасин. Шунингдек кўзини бекорчи, лағв нарсалардан ҳам сақласин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ ..назар шайтоннинг ўқларидан бир ўқ...”, деганлар. Аллоҳдан қўрқиб кўзини тийган кишига Аллоҳ шундай иймон нурини берадики, унинг лаззатини қалбида топади. Руҳий тарбия устозлари “кераксиз” нарсани эътиборни Аллоҳдан бошқага, қаратилишига сабаб бўлувчи барча нарсадир, деб уқтиришади.
Иккинчиси, тилни тийиш. Бунга ёлғон гапириш, ғийбат, туҳмат, сўкиш, фахш сўзлар ва лағв сўзлар киради. Имом Бухорий келтирган ҳадисда рўза кишига қалқон эканлиги айтилган. Шунинг учун рўза тутаётган кишининг оғзидан беадаб, уятсиз, лағв, кераксиз сўзлар чиқмасин. Масалан, кимнидир мазаҳ қилиш, жанжал ва х.к.з. Агар кимдир сиз билан жанжаллашмоқчи бўлса, ва ҳатто ўзи биринчи бошлаган бўлса ҳам аралашманг, сиз унга рўзадор эканлигингизни айтинг. Агар у гапга тушунадиган бўлса, сиз рўзадор эканлигингизни айтинг, агар тушунмайдиган бетайинлар хилидан бўлса, қалбингизга бу қуруқ гапларга жавоб бериш аҳмоқлик ва фойдасиз нарса деб тушунтиринг. Айниқса ғийбат ва ёлғондан сақланиш керак. Баъзи уламоларнинг фикрича бу нарсалар рўзани бузади.
Аллоҳ Қуръонда ғийбатни ўлган биродарини гўштини ейишлик деб атади. Шунга ўхшаш хабарлар ҳадисларда ҳам жуда кўп келган. Ғийбат аслида инсон гўштини ейишлик эканлиги ҳадиси шарифлардан ҳам маълум бўлади. Аллоҳ таоло ўзи бизни бу нарсадан сақласин, чунки биз бу нарсага бепарволик қилиб қўямиз. Оддий одамларни-ку қўяверинг, ҳатто аҳли илмлар ҳам ғийбат билан банд. Дунёга берилган одамларни ҳақида-ку умуман гапирмасак ҳам бўлади. Энг ачинарлиси одамлар ғийбат билан машғул эканликларини билишмайди. Агар қалбда бу ғийбат дея хафв пайдо бўлса, бу ўзи бор нарса деб оқлашга тушишади. Набий саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди: “Ғийбат нима?”, У зот жавоб бердилар: “Кимнидир орқасидан гапиришинг. Ва бу унга ёқмайдиган нарса”. “Агар бу нарса унда топилсачи?”, дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат айни шу. Агар унда бўлмаган нарсани гапирсанг у туҳматдир”, дедилар.
Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр олдидан ўтдилар ва: “Бу қабр эгалари азобланмоқда, биттаси бавлидан сақланмас эди, иккинчиси чақимчилик билан шуғулланар”, эди дедилар.
Учинчиси, рўзадор қулоқларини ҳам тийиши керак. Тил билан айтиш мумкин бўлмаган ҳамма гап сўзларни эшитиш ва эътибор бериш ҳам мумкин эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғийбат қилган ва уни эшитган иккаласи гуноҳкор деганлар.
Тўртинчиси, тананинг бошқа аъзоларини гуноҳдан сақлаш. Масалан, ман қилинган нарсани ушлаш, ман қилинган ерларга бориш худди шундай бошқа тана аъзолари хам. Шунингдек ифтор пайтида, шубҳали таомлардан сақланиш керак. Рўза тутиб ифтор пайтида ҳаром луқма истеъмол қилган киши гўё бир касалликни даволаб, дорисини ичига захар солиб берганга ўхшайди. Дори касални тузатади, лекин захар ҳалок қилади.
Бешинчиси, ифтор пайтида қоринни тўлдирмаслик, таомингиз ҳалол бўлса ҳам, чунки рўзадан кўзланган мақсад йўқолади. Рўзадан кўзланган мақсадлардан бири, куч, нафс, шаҳват сифатларини синдириш ва руҳни озиқлантириш ва фаришталар сифатига эга бўлишлик. Ўн бир ой биз таом едик. Бир ой сал камроқ есак нима бўлади ? Лекин биз ифторда йўқотган хамма нарсани ўрнини тўлдиришни хоҳлаймиз, сахарда эса бошқа вақт Рамазондан ташқари емаган нарсаларни ейишга уринамиз. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Рўзадан кўзланган мақсадга -яъни иблисни синдириб, нафсни жиловлашга - агар ифторда одам шу даражада кўп таом еса, қанақасига эришиши мумкин? Кўзланган мақсад ҳалок бўладику”.
Ҳақиқатда биз фақат таомланиш вақтини ўзгартирдик ва бундан бошқа нарса эмас. Аксинча Рамазонда бошқа ойларда кўрмайдиган таомлар хилма хиллигини оширдик халос.
Одамларда яхши таомни Рамазонга олиб қўйиш одати бор. Нафс кундузги очликдан сўнг таомга ҳужум қилиб бўкиб қолгунича ейди. Биз нафсни синдириш ўрнига тиқаверамиз, ва бу рўзадан кўзланган мақсаддан, оғиб кетишга сабаб бўлади. Мақсадмиз рўзанинг асл моҳиятини тушуниб, хамма нарсасидан фойда олиш. Буларни хаммасини қўлга киритиш учун озгина очликни хис қилиш керак. Рўзанинг маълум бўлган энг катта фойдаси, нафсни синдириш, бу ҳам маълум вақт оч бўлишиликка боғлиқ.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шайтон одам боласини қон томирларида юради. Очлик билан уни йўлларини торайтиринг”, дедилар.
Рўзанинг иккинчи мақсади, бечораларга ўхшашлик ва уларнинг ҳолатини ҳис қилишликдир. Бунга ифторгача очлик нималигини билмасдан юриш учун, сахарда жиғилдонни барча нарсани тиқиш йўли билан эришилмайди. Сизни очлик безовта қилганда фақирларга сал ўхшашингиз мумкин.
Бишир Хофий раҳматуллоҳи алайҳни олдига бир киши келди. Бишир қалтирар эди, кийими эса олдида ётарди. Келган одам ҳозир ечиниб ўтирадиган вақтми деб сўради. У: “Камбағаллар жуда кўп. Мен уларнинг ҳаммасига хайриҳоҳ бўла олмайман. Лекин уларга ўхшаб ҳамдард бўла оламан”, деди.
Алломаларимиз айтишади, рўзадан кўзланган мақсад, катта ажрни қўлга киритиш, камбағал одамларни тушуниш учун очликни ҳис қилиш даркор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло тўлдирилган нарсалар ичида энг суймайдигани ошқозон эканлигини айтганлар. Бошқа ҳадисда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам инсонни қаддини тутиб юриши учун бир неча бўлак таом кифоя деганлар. Агар одам шу даражада кўп таом емоқчи бўлса, ошқозонни учдан бирини таом, учдан бирини сув, ва учдан бирини ҳаво билан тўлдирсин.
Олтинчиси, рўзадор эътибор қаратиши муҳим нарса, бу тутган рўзаси қабул бўлдими ёки йўқми деб хадиксираши. Худди шундай ҳар бир ибодатимизда хам, биз сезмаган хато камчилик бор бўлиб, у сабабли ибодатларимиз мақбул бўлмаслиги мумкин.
Шунинг учун рўзадор ниятини яхшилаши ва қўрқувда бўлишилиги, Аллоҳнинг розилиги сабаби қилишини сўраб дуо қилиши матлуб.