“Лайлатул Қадр” нима?
Қуръони каримда 114 та сура бўлиб, улардан бири “Қадр” деб номланади. Суранинг номи унинг биринчи оятидаги “Қадр” сўзидан олинган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, унинг номи “Лайлатул Қадр” яъни “Қадрли кеча” номидан келиб чиққан. Демак “Лайлатул Қадр” деганда мазкур сурада ва бошқа кўплаб ҳадиси шарифларда баён қилинганидек Рамазон ойининг ичидаги алоҳида қадр-қийматга эга, фазилатларга бой бир кеча тушунилади. Зеро, бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзал ҳисобланади.
Нега бу кеча “Қадрли кеча” деган ном олган?
Сура муборак кеча “Қадр” деб аталишининг икки хил маъноси бор:
Нега бир кечалик ибодат минг ойдан яхшироқ ҳисобланади?
Нима учун биргина “Лайлатул қадр” кечасида қилинган ибодат унда “Лайлатул қадр”и бўлмаган минг ойдан яхшироқ ҳисобланиши ҳақида Аллома Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ бундай жавоб берган: “Аввалги умматлардан бир киши Аллоҳ йўлида минг ой жидду-жаҳд қилгани ривоят қилинди. Бу хабардан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар ажабландилар. Пайғамбаримиз алайҳис салом ўз умматларига ҳам шундай бўлишини орзу қилиб: “Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!”-дедилар.
“Лайлатул қадр сенга ва умматингга ўша одам жидду-жаҳд қилган минг ойдан яхшироқ”, деди Аллоҳ таоло.
Демак, бу кеча Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ҳисобланади.
“Лайлатул қадр”ни бедор ўтказган кишининг гуноҳлари кечириладими?
Севикли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Лайлатул қадр” кечасини иймон билан савоб умидида бедор ўтказган мўминларнинг гуноҳлари кечирилиши хушхабарини берганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. وَ مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. وَمَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Ким Рамазонда иймон ила савоб савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Рамазонда иймон ила савоб савоб умидида қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким “Лайлатул қодр”да иймон ила савоб савоб умидида қоим бўлса (бедор ўтказса), унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Шунинг учун бу кечани Қуръон тиловат қилиш, намоз ўқиш, дуо қилиш ва истиғфор айтиш билан бедор ўтказиш керак.
“Лайлатул қадр” кечасида бирор дуони ўқиш тавсия қилинганми?
Ҳа, “Лайлатул қадр” кечасида қуйидаги дуони ўқиш тавсия қилинган:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ يَارَسُولَ اللهِ أَرَأَيْتَ إِنْ عَلِمْتُ أَيَّ لَيْلَةٍ لَيْلَةَ الْقَدْرِ مَاأَقُولُ فِيهَا ؟ قَالَ:قُولِي: اَللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّا تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули агар мен қайси кечанинг Қадр кечаси эканини билсам у кечада нима деб дуо қилай”, дедим. У зот: “Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул афва фаъфу анний” (Эй Аллоҳим, албатта сен ўта афв қилгувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қилгин”, деб дуо қилинг), дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Шунинг учун Рамазон ойи давомида ҳар кеча ушбу дуони ўқишга одатланиш керак.
“Лайлатул қадр” кечасида фаришталар ерга тушадиларми?
“Лайлатул қадр” кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчилигида кўплаб фаришталар раҳмат ва баракотлар билан ер юзига тушадилар.У кеча тонг отгунча тинчлик-омонлик кечаси бўлади. Бу кечада фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло бандаларига фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади.
“Лайлатул қадр”Рамазоннинг қайси кечаси?
“Лайлатул қадр” қайси кеча экани ҳақида бир-биридан фарқли бир қанча ривоятлар келган. Уларнинг ичида энг мўътабари Рамазон ойинининг йигирма еттинчи кечаси экани ҳақидаги ривоятдир. Мўминлар ибодат мавсуми бўлмиш Рамазон ойида янада кўпроқ ибодат қилишлари учун “Лайлатул қадр”нинг қайси кеча экани аниқ билдирилмаган. Шунинг учун Рамазоннинг барча кечаларини имкон қадар ибодатлар билан ўтказиш керак.
Манбалар асосида
ТИИ проректори
Ибодулла Аҳроров
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан