Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Апрел, 2025   |   24 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:07
Қуёш
05:33
Пешин
12:27
Аср
17:11
Шом
19:14
Хуфтон
20:34
Bismillah
22 Апрел, 2025, 24 Шаввол, 1446

Рўзадорнинг дуоси

20.06.2017   104356   2 min.
Рўзадорнинг дуоси

Юртимизда меҳмон бўлган муборак Рамазон ҳам охирлаб бормоқда. Солиҳ амалларни етарлича қила олмаган мўмин бандалар учун имконият тугади дегани эмас экан. Чунки амаллар хотимасига қараб белгиланиши маълумдир. Шунинг учун ҳам азиз юртдошлар, қолган мана шу оз миқдордаги саноқли кунларни ўзгача ғайрат-шижоат билан ўтказишга ҳаракат қилайлик. Бу борада бизга мўминнинг асосий қуроли бўлган дуо ёрдам беради.

Аллоҳ таоло мусулмонларга рўзани фарз қилган оятларининг сўнггида мана бундай марҳамат қилади: “Бандаларим қачон сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен яқинман, дуо қилувчи қачон дуо қилса, ижобат қиламан”. (Бақара сураси). Рўзадорнинг дуоси шаксиз қабул қилиниши ҳақида Пайғамбар (с.а.в.) ҳам бир неча ҳадисларда таъкидлаб ўтганлар. Жумладан, ибн Умар (р.) ривоят қилган ҳадисда “Рўзадорнинг оғиз очиш даврида қабул қилинадиган дуоси бор”, (Насоий ривояти) деган бўлсалар, Абу Ҳурайра (р)дан ривоят қилинган ҳадисда “уч кишининг дуосини қайтармаслик Аллоҳнинг зиммасидадир: рўзадорни оғиз очгунча (қилган дуосини), мазлумни ғолиб келгунча (қилган дуосини) ва мусофирни қайтиб келгунча (қилган дуосини)”, деганлар (Баззор ривояти). Яна бир ҳадисда ул зот марҳамат қиладилар: “Рамазонда Аллоҳни кўп ёд этувчи мағфират қилинади ва бу ойда Аллоҳдан сўровчи қуруқ қолмайди”. (Табароний ривояти). Булардан кўриниб турибдики, биз дуо орқали катта-катта фазилатларга эришишимиз мумкин экан. Айниқса, сизу-бизлар ўтказаётган дамларда Аллоҳ таоло илтижоларни қайтармаслигини унтмаслигимиз керак экан.

Диёримиздаги кўплаб масжидларда Рамазон шарофати билан бошланган Қуръон хатмлари давом этмоқда. Бу ҳам бизлар учун яна бир фурсат демакдир. Чунки Имом Байҳақий Анас (р) дан ривоят қилган ҳадисда Набий (с.а.в.): “Ҳар бир хатмнинг мустажоб дуоси бор”, деганлар. Ушбу ҳадис бошқа ўринда мана бундай лафз билан келади “Қуръон хатмида мустажоб дуо ва жаннатда бир дарахт бор”. (Байҳақий ривояти).

Хуллас, азиз ака-ука ва опа сингиллар, модомики Рамазон ҳали тугамаган экан, биз учун мустажоб дуолар имконияти бордир. Келинглар, гуноҳларимизни кечирилиши, фарзандларимизни бахту-саодати, диёримизни гуллаб-яшнаши учун туну-кун дуоларда бўлайлик, шоядки Аллоҳ таолонинг бахтли бандалари қатори Раййон эшигидан жаннатига кирсак.  

Саййиджамол Масайитов  

Рамазон
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

2025 йилги Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчилар учун муносиб шароит яратиш масаласини муҳокама қилдилар

21.04.2025   1421   1 min.
2025 йилги Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчилар учун муносиб шароит яратиш масаласини муҳокама қилдилар

Ўзбекистон бош консули Сирожиддин Шамсутдинов Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Жидда бўлими директори Фарид бин Саад аш-Шаҳрий билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 
 

Учрашув аввалида Фарид бин Саад аш-Шаҳрий мамлакатимиз бош консулини янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, Саудия ТИВ раҳбари томонидан имзоланган консуллик экзекватуранинг асл нусхасини тақдим этди.

 

У, шунингдек, Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Жидда бўлими Ўзбекистон Бош консулхонасини барча масалаларда қўллаб-қувватлашини билдирди.

 

Мулоқот чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Шу билан бирга, ўзаро савдо-иқтисодий, сайёҳлик, илм-фан ва маданият соҳаларида бўлиб ўтадиган халқаро кўргазма, фестиваль ва конференциялар ҳақида ўзаро маълумотлар алмашиш ҳамда вакиллар иштирокини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

 

Томонлар Бош консулхона қошида "Ўзбек тили ва маданияти" марказини ташкил этиш имкониятлари хусусида фикр алмашилдилар.

 

Бундан ташқари, "Ҳаж-2025" мавсумини юқори даражада ташкил этиш, хусусан Ўзбекистондан келадиган бўлажак ҳожиларга муносиб шароитларни яратиш масалалари муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари