Саудия Aрабистони Подшоҳлиги Марокашдаги қадимий Уқба бин Нафиъ масжиди ва унга туташ тарихий шаҳарни қайта тиклаши орқали пойтахт Aглобид ва Aфрикадаги Исломнинг биринчи пойтахтини ҳам тиклаш ҳаракатида.
Ҳижрий 50-йилда қурилган Уқба ибн Нафиъ масжиди маҳаллий мусулмон халқлар ҳаётида муҳим ўрин тутган. Унинг майдони 9700 квадрат метрни ташкил қилади. Бу ноёб меъморий дурдона дунёдаги энг нафис ислом ёдгорликларидан биридир.
Масжид энг қадимий миноралардан бири эга бўлиб, баландлиги 31,5 метр ва у 3 қаватдан иборат. Мутахассисларининг фикрича, масжидда терак ёғочидан ўйиб ясалган минбар мавжуд бўлиб, у ҳижрий 3-асрга тўғри келади. Шунингдек, масжиднинг ўзига хос қадимий безаклари ҳанузгача сақланиб қолинган. Масжиднинг ташқи кўриниши унинг қалин ва баланд деворлари туфайли улкан қалъага ўхшаб кетишидан далолат беради.
Бу диққатга сазовор Уқба бин Нафиъ масжиди деворларида ёриқлар борлиги туфайли бино хавфли ҳолатга келиб қолган. Подшоҳ Салмон бин Aбдулазиз Ол Сауднинг қайта тиклаш лойиҳаси “Қейрван” масжидининг олдинги жилоси ва ёрқинлигини қайта тиклашга қаратилган.
Бу лойиҳа 36 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган ва 1988 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият бўйича "Юнеско" ташкилоти томонидан Жаҳон мероси сифатида рўйхатга олинган қадимий Қейрван шаҳрига эътибор қаратишни ўз ичига олади.
Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Тунисдаги элчиси доктор Aбдулазиз бин Aли ас-Сақар Саудия матбуот агентлигига берган баёнотида Уқба бин Нафиъ масжидини қайта тиклаш лойиҳаси Саудия ва Тунис халқалари орасини ўзаро боғловчи биродарлик муносабатларининг тимсоли эканлигини таъкидлади.
Саудия Арабистони ҳукуматининг тарихий масжид сифатида Ислом динида тутган ўрнининг юқорилиги туфайли Уқба бин Нафиъ масжидини қайта тиклаш лойиҳаси қадимий масжидларни таъмирлашдаги “Нигоҳ-2030” тараққиёт лойиҳасининг бир қисми саналади.
ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир ажойиб ҳолат ҳақида фикр юритдим: баъзида мўминнинг бошига бир иш тушса, у астойдил дуо қилади, аммо дуоларининг ижобати кўринмайди. Умидсизликка тушай деганда, унинг қалбига қаралади. Агарда у Аллоҳнинг фазлидан умидини узмагани ҳолда тақдирига рози бўлса, дуонинг ижобати тезлашади. Бу маънолар Аллоҳ таоло нозил қилган ояти каримада ўз ифодасини топган: «...Ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?» деган эдилар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир”»[1].
Шундай ҳолат Яъқуб алайҳиссалом билан ҳам бўлган. У зотнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом дом-дараксиз йўқолиб қолганида, кушойиш келишидан ноумид бўлмаганлар. Кейинги ўғиллари ҳам тортиб олинганида, у зот Аллоҳнинг фазлидан умидларини узмаганлари ҳолда: «...Шоядки, Аллоҳ уларнинг (Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган ўғлимнинг) барчаларини (бағримга) қайтарса...»[2], деганлар.
“Дуойимнинг ижобат бўлиш муддати узайиб кетди”, деб қайғурманг. Аллоҳ таоло сизнинг тазарруингиз, ялиниб-ёлворишларингизни кўришни ирода қилмоқда. Сизни қилган сабрингизга ажр ила мукофотламоқчи. Сиз шайтон билан жанг қилишингиз учун ҳам дуойингизнинг ижобатини кечиктириш ила сизни синаяпти.
Гоҳида Аллоҳ таоло сизнинг азиймат, қатъиятингиз нақадар қувватли экани ва балога қанчалик сабрли эканингизни кўриш учун ҳам дард бериб имтиҳон қилади. Агар сабр қила олсангиз, демак, сиз итоаткор бандалар сафидасиз. Борди-ю, иродасизлик қилсангиз, зиёнкорлардан бўласиз. Сабрдан кейин фақат ва фақат ечим, ёруғ кунлар бор.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Сабр қилсанг, ажрга эга бўласан, барибир ёзилгани бўлади. Сабрсизлик қилсанг, гуноҳкор бўлиб қоласан, барибир ёзилгани бўлади”, деганлар.
Шоир айтади:
Балою имтиҳон келса, аларга ҳар он ризо кўрсат,
Синов берган сиҳатни ҳам Ўзи бергай аниқ, албат.
Бандасига не ҳукм этса, ҳикмати бор, итоат қил,
Битганидан қутулмоқлик чорасиздир, бил, эй ғофил!
Ноумидлик ханжарини кўкрагингга урма аммо,
Ки Аллоҳнинг қудратила ечилгайдир ҳар муаммо.
Аллоҳдан умидингизни узманг. Синовларга сабр қилинг, шундагина улкан ажрларни қўлга киритасиз. Фазл ибн Саҳл айтади: “Касалликларда неъматлар бор”. Бу борада қуйидагиларга эътиборли бўлинг:
– гуноҳлардан тозалаш;
– савобни қўлга киритиш;
– ғафлатдан уйғониш;
– соғлик неъматини эслаб қўйиш;
– тавбага шошилиш.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бақара сураси, 214-оят.
[2] Юсуф сураси, 83-оят.