“Қуръонни ўрганган сари унинг мукаммал ва улуғлигини тушуна борамиз. Жозибадор Қуръон тоборо инсонни ҳайратга сола бошлайди, ўзига мафтун этади. Кишини ўзини ҳурмат қилишга мажбурлайди ва шу таҳлит ҳаммага таъсир қилади”
Эдмунд, инглиз мутафаккири
* * *
“Қуръон инсонларга мукаммал тарбия дарси беришидан ташқари, уларга шахсий ҳаётларида ахлоқли, олижаноб, хайрпарвар, жасур ва ғайратли бўлишни, ҳамда бутун мусулмонларни севишни ўргатади”.
Арнольд Ховард
* * *
“Тарихда инсоният яратган ҳеч бир қонун бир лаҳза бўлса ҳам, ўзининг комил суратини кўрсата олмаган. Аммо Қуръони карим ҳукмрон бўлган даврида ўзининг ҳар томонлама комиллигини кўрсатиб, араблар ўртасида ақл бовар қилмайдиган ижтимоий ва маънавий ислоҳотлар ўтказган”.
О.Пьери, тарихчи олим
* * *
“Қуръонга ошно бўлган ҳар бир инсон ушбу илоҳий китобнинг бетакрорлигини эътироф этмасдан иложи йўқ. Унинг услубидаги ўзига хослик шунчалар макаммалки, бирор бир Европа тилига таржима қилинганда ундаги мазмунни тўла қамраб олиш мумкин эмас”.
Эдвар Монтенинг “Қуръоннинг француз тилига таржимаси” китобидан
* * *
“Биз нималарни кашф қилган бўлсак, бир неча юз йил аввал келган Қуръонда уларнинг барчаси мужассам. Демак у Аллоҳнинг сўзидир”.
Жоли Самсон, профессор-гинеколог
* * *
“Қуръон шубҳасиз илоҳий китобдир. Унинг энг улуғ ва мўъжизавий китоб эканини инкор этишга бўлган уриниш қачон ва ким томонидан, қандай кўламда бўлмасин, барчаси чиппакка чиқаверади”.
Вольфганг фон Гёте, немис адиби
* * *
“Қуръон Жаброил (а.с.) воситасида Муҳаммад (с.а.в.)га сўзма-сўз ўқиб берилган Аллоҳнинг каломидир. У Аллоҳ ва унинг элчиси Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳақлигини исботлайдиган мўъжизадир. У шунчалик улуғвор ва мукаммалки, бирорта инсон ёки жин унинг энг қисқа сурасининг ҳам ўҳшашини келтиролмайди. Бундан ташқари, ундаги келажак ҳақидаги маълумотлар, Муҳаммад (с.а.в.) асло ўзича айта олмайдиган, ақл бовар қилмас билимга асосланган”.
Херри Гайлорднинг “Исломни тушуниш сири” асаридан
* * *
“Мусулмонларнинг таҳсили ва тарбияси ошиб боргани сари, фикрлари ҳам шу нисбатда Қуръонга таянаверади”.
Доктор Моррис
* * *
“Қуръонда энг ақлли инсонлар энг буюк файласуфлар ва энг қобилиятли сиёсатчилар ҳам айта олмайдиган донишмандона ҳикматлар мажмуасини топиш мумкин. Аммо Қуръоннинг илоҳийлигига яна бошқа далил мавжуд. Бу ҳам бўлса, унинг ваҳий қилинган кундан буён асрлар давомида ҳеч бузилмасдан сақланганидир”
Лаура Вессианинг ““Ислом” номига бир шарҳ” номли китобидан
* * *
“Қуръони каримни ҳар гал ўқиганимда, мен унга янада яқинлашавераман. Гўё у худди шу бугун нозил бўлгандек ва тўғридан-тўғри менга мурожаат қилаётгандек”.
Рожа Горами, француз файласуфи
* * *
“Қуръоннинг нозил бўлганига XIV асрдан ўтиб бораётганига қарамасдан, худди кеча нозил бўлгандек, бугунги ҳаётнинг долзарб муаммоларини содда ва адолатли ҳал этиши унинг нақадар улуғ Китоб эканлигидан далолат беради”.
Либон, франциялик шарқшунос
* * *
Қуръоннинг хусусиятларидан бири шуки, бир мусулмон ёки ҳар қандай инсон Қуръонни қўлига олиб ҳар қайси саҳифасини очиб ўқимасин, жуда долзарб бўлган ҳаётий ғоялар кўради.
Жон Эспозито, машҳур теолог
* * *
“Қуръон инсониятга ўта мос ва одил қонунларни ўз ичига олган ўзгача Китобдир. Унинг оятларига ўҳшаш оятлар бошқа бирор дин манбааларида йўқ ва инсон унга ўҳшаш оятларни яратишга доимо ожиздир”.
Рональд Никольсон, шарқшунос олим
Адабий жиҳатдан қараганда Қуръон ярим шеърий ва ярим насрда ёзилган араб тилининг жозибасини намоён этувчи энг нодир намунадир.
Тилшуносларнинг кўп ҳолларда Қуръонда қўлланган маълум қолип ва ифодаларга тақлид қилганлари, Қуръонга тенг келадиган бирор асар ёзиш учун бир неча марта уринганлари, аммо ҳанузгача бу борада муваффақиятга эришолмаганлари маълумдир”.
Ф.Арбатнотнинг “Инжил ва Қуръоннинг тузилиши” асаридан
* * *
“Агар бирор киши мендан ҳаётдаги ажиб нарса нима, деб сўраса, мен Қуръонннинг асрлар давомида ўз мазмун ва моҳиятини йўқотмасдан келиши, деб жавоб берардим. Агар пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олиб келган Қуръон ҳаётга тадбиқ этилганида эди, бугунги кунда инсоният олдида кўндаланг турган ечилмас муаммолар бир лаҳзада ҳал бўлар эди”.
Жорж Бернард Шоу, инглиз адиби
* * *
“Қуръон, ақийдалар ва ахлоқнинг инсонларга ҳидоят ва ҳаётда муваффақият бахш этувчи мукаммал мажаладир”.
Доктор Стайнгис
* * *
“Қуръон уламоларга илмий симпозия каби бўлиб, луғатчиларга луғат қомуси, тил ўрганмоқчи бўлганларга нахв муаллими, шеърни яхши кўрадиганларга аруз китоби ҳамда ҳуқуқшуносларга қонун-қоидаларни мужассам қилган қомус энциклопедиясидир. Ундан олдин келган илоҳий китобларнинг бирортаси маъноларининг чиройлилиги ва лафзларининг латифлиги жиҳатидан Қуръон сураларига, ҳатто энг қисқа сурасига ҳам тенг келмайди. Шу сабабли биз ривожланаётган табақа кишилари мусулмон умматининг бу китобини маҳкам ушлаб, нутқларини Қуръон оятлари билан зийнатлаган ҳолда иқтибослар келтиришаётганини, фикрларини шу оятлар билан асослаётганини кўрамиз”
Доктор Мурис Франций, франциялик шарқшунос
* * *
“Қуръоннинг ахлоқий ва маданий сабоқлари Исломнинг муҳташам қасрларига бамисоли зарҳал дарвоза ишланган кабидир”.
Чэмберс Энциклопедияси (Англия)
* * *
“Қуръондаги инсон ривожланиши ҳақидаги ифодаларнинг шарҳланишига ёрдам қилиш менга катта завқ бағишлайди. Мен аниқ айта оламанки, бу ифодаларни ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ берган. Чунки бу билимларнинг кўпи юз йиллар давомида кашф қилинмади. Бу менга бир нарсани исботлайди: ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг элчисидир”
Профессор Кейт Мур, Торонто университети профессори
Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 21 апрелдаги “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.
Мазкур ҳужжатнинг аҳамияти ҳақидаЎзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори, таниқли диншунос олим Музаффар Комилов билан ЎзА мухбири суҳбатлашди.
– Музаффар Муротович, Президентимизнинг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг аҳамияти ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Ҳақиқатдан ҳам, муҳтарам Президентимизнинг ушбу фармони диний-маърифий соҳага давлат сиёсати даражасидаги эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси дейишимиз мумкин. “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг мазмун-моҳиятини эътиборга оладиган бўлсак, бугун бу соҳага алоҳида эътибор ва меҳрни ҳис қилиб турибмиз.
Мазкур фармон мамлакатимизда диний соҳадаги давлат сиёсатини янада такомиллаштиришга оид муҳим ҳужжатлардан бири бўлиб фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда алоҳида аҳамият касб этади.
4 та бўлим 17 та банддан иборат бўлган фармонда бугун диний-маърифий соҳада муаммо бўлиб турган айрим йўналишларни муҳтарам Президентимизнинг ўзлари алоҳида таҳлилларга асосланган ҳолда кўриб чиқиб, унинг ечимиларини берди.
Энг аввало, бугунги мураккаб шароитда дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кузатиб, мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган халқчил тамойилга асосланган ислоҳотлар қанчалик муҳим эканлигини ушбу фармондан кўришимиз мумкин.
Фармонда белгиланган асосий мақсадлар, фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, ҳар бир шахснинг динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқини кафолатлаш, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик, диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушуниш муҳитини яратишдан иборат.
Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда диний таълим муассасаларини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва диний-маърифий соҳадаги халқаро ҳамкорлик бугун кун тартибида турган долзарб масалалардан эканлигини кўриб турибмиз.
Жамиятда виждон эркинлигини кафолатлаш, диний бағрикенглик, фуқаролараро тотувлик ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Бағрикенг жамият – барқарор давлат” тамойили асосида Дин ишлари бўйича қўмита билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг янги ҳамкорлик тизими йўлга қўйилади. Бу жамиятдаги муаммоларни мутасадди ташкилотлар билан биргаликда, баҳамжиҳат, бамаслаҳат ҳал қилиш учун асос ва тамал тоши вазифасини бажаради.
Шунингдек, ушбу фармон билан диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириб бориш мақсадида доимий асосда фаолият кўрсатувчи Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилишини шахсан ўзим юқори кайфият билан қабул қилдим. Сабаби, мувофиқлаштирувчи кенгаш диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқот ишларининг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган маслаҳат органи ҳисобланади.
Ушбу фармоннинг ижроси орқали мамлакатимизда диний соҳадаги давлат сиёсати янада такомиллашади, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланади, жамиятда тинчлик ва тотувлик муҳити мустаҳкамланади.
– Ушбу фармонга мувофиқ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясига айлантирилди. Ўқув-илмий даргоҳининг қайта номланиши унинг фаолиятига қандай таъсир кўрсатади?
–Ўзбекистон халқаро ислом академияси – диний-маърифий соҳадаги таълим, дин ва давлат муносабатлари уйғунлигини ва бирдамлигини кўрсатиб берадиган олий таълим муассасаси ҳисобланади. Бугун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси номига ўзгартирилгани бевосита академияни ўзининг фаолиятидаги қамровни, илмий-академик йўналишлар, тадқиқотлар ва шу соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш масаласини олдига қўяди. Айнан шу мақсадда академиянинг номи шу йўналишга мос равишда ўзгартирилди.
Академияга жуда катта вазифалар қўйилган. Жумладан, 6 та банддан иборат топшириқ яъни, исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш, виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига оид илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш олдимизда турган энг муҳум вазифалар.
Диний-маърифий йўналишдаги илмий тадқиқотларни, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, илм-фан йўналишига тадбиқ этиш шунингдек, интернет тармоғида турли холис ва нохолис фикрлар билдирилаётган манбааларнинг ўрнига ҳақиқий илмий, асосли хулосаларга эга бўлган контентлар билан тўлдириш талаб этилади. Албатта, ёшларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанни севиш, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, мамлакатимизда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича алоҳида вазифа ва топшириқлар берилган.
Қолаверса, мазкур фармон билан академияга бир қатор ҳуқуқлар ҳам берилаяпти. Кўп йиллар давомида академияда йиғилиб қолган муаммолар, жумладан, хориждан профессор-ўқитувчиларни чақиришда номутаносибликлар бор эди. Академияга ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган юқори малакали хорижий мутахассисларга муносиб тўловларни амалга ошириш, талаб кўп бўлган йўналиш ва мутахассисликлар бўйича тўлов-контрактлар суммасини бир неча баробарга оширган ҳолда талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш имконияти берилди.
Етук хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда Академия вакилларини хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига малака ошириш ва тажриба орттириш учун юборишдаги айрим муаммолар ҳам ўз ечимини топди. Академияга ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш имкониятининг берилгани мақсадга мувофиқ бўлди. Бундан бутун жамоамиз, профессор-ўқитувчилар, илм аҳли, зиёлилар жуда ҳам мамнун.
– Ҳужжатда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Ушбу марказ юртимиз маърифий ҳаётида қандай ўрин эгаллайди? Сизнингча, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд илмий меросининг аҳамияти қандай?
– Ҳар бир миллат ўзининг маънавий бойлиги, тарихий мероси ва улуғ алломалари билан фахрланади. Бундай улкан шахсиятлардан бири тасаввуф илми ва ирфон йўлининг йирик намояндаларидан бири бўлмиш Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидир. У кишининг илмий мероси нафақат Ислом оламида, балки бутун инсоният маънавиятида алоҳида ўринга эгадир.
Фармон асосида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши, очиғи бу, бизнинг бир неча йиллардан буён ушалмай турган орзуйимиз эди. Эсимда бор, ўтган йили Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим жаноби олийлари Тошкентга келганларида ҳам Бухорога қилган ташрифлари давомида “ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандга бизда миллионлаб эргашувчи издошлар бор, агар бу ерларда яхши имкониятлар бўлса келиб илмий тадқиқотлар олиб борилса, асарлари ўрганилса, нақшбандийлик таълимотини ёшларга тўғри талқин қила оладиган мутахассислар доирасидаги давра суҳбати ва конференциялар ўтказилса мақсадга мувофиқ бўларди”, деган таклифларни билдирган эди.
Фармон билан Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиб, буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш, тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, нақшбандийлик таълимотининг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилиш, сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишининг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Шу билан бирга Баҳоуддин Нақшбанд илмий меросини ўрганиш орқали академик тадқиқотлар йўналишлари ҳам кенгаймоқда. Зеро, ул зотнинг асарлари нафақат ирфонга оид, балки ижтимоий, ахлоқий ва маданий соҳаларда ҳам мустаҳкам асосга эга. Ушбу мерос халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган бўлиб, унинг тадқиқи турли тилларга таржима қилинаётгани ва дунё илмий жамоатчилиги орасида қизиқиш уйғотаётгани бунинг исботидир. Бу мерос ҳар бир инсонни камтарлик, поклик, адолат ва эзгуликка чорлайдиган мустаҳкам йўлдир.
– Мазкур фармонга кўра, 2025 йил 1 сентябрга қадар “Ҳаж ва Умра ягона портали”ни яратиш кўзда тутилган. Ушбу порталнинг ишга тушиши муборак зиёратга борувчилар учун қандай енгилликлар яратади?
– Фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрга қадар “Ҳаж ва Умра ягона портали” яратилади. Ушбу ташаббус мамлакатимизда диний соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичидан далолат беради. Мазкур порталнинг жорий этилиши зиёрат қилувчилар учун бир қанча қулайликларни яратади.
Аввало, электрон тартибда мурожаат ва рўйхатдан ўтиш имкони туғилади. Бу орқали фуқаролар Ҳаж ёки Умра зиёратига бориш учун навбатга туриш, ҳужжатларни тўплаш ва топшириш каби жараёнларни онлайн шаклда амалга оширишлари мумкин бўлади. Бу эса уларнинг вақтини ва саъй-ҳаракатларини тежашга хизмат қилади.
Иккинчидан, шаффофлик таъминланади. Порталда навбатлар, тўловлар ва бошқа барча жараёнлар очиқ тарзда намоён бўлади. Бу орқали коррупциянинг турли кўринишларининг олди олинади.
Учинчидан, хизматлар марказлаштирилади. Сафар олдидан зарур бўлган тиббий кўриклар, маълумотномалар, суғурта ва бошқа хизматлар ҳам портал орқали мувофиқлаштирилади. Шу тариқа зиёратга тайёргарлик кўриш янада осонлашади.
Тўртинчидан, ахборот хабардорлиги ошади. Зиёратчилар учун зарур бўлган барча маълумотлар – сафар жадвали, манзиллар тўғрисидаги маълумотлар, диний-маърифий йўриқномалар, зиёрат одоблари ва бошқа кўрсатмалар тўлиқ электрон тарзда тақдим этилади.
Бешинчидан, тезкор алоқа ва мурожаат хизматлари йўлга қўйилади. Зиёрат давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этиш, фавқулодда ҳолатларга жавоб бериш имконини берадиган электрон мурожаат ва алоқа тизими ҳам порталнинг муҳим қисми бўлади. Бу ташаббус мамлакатимизда диний соҳани рақамлаштириш ва фуқароларга хизмат кўрсатиш даражасини янада юксалтиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.
– Самимий суҳбат учун ташаккур!
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири