Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Май, 2025   |   10 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:40
Қуёш
05:12
Пешин
12:25
Аср
17:20
Шом
19:31
Хуфтон
20:57
Bismillah
08 Май, 2025, 10 Зулқаъда, 1446

Минг ойлик ибодатга тенг кеча

19.06.2017   108538   3 min.
Минг ойлик ибодатга тенг кеча

Рамазон ойида қалбларимизда ўзгача бир туйғу, ҳаракатларимизда ўзгача бир самимият,  ҳаёлларимизда Аллоҳнинг  чексиз раҳматидан умидворлик, ибодатларимизда ўзгача бир хушуъ бор.

Не не пайғамбарлар охири замон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати бўлиш  орзусида ўтганлар. Чунки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига Аллоҳнинг чексиз марҳаматлари бисёр.

Аллоҳнинг ана шундай неъматлари ичида Рамазон ойи ва унда минг ойданда яхшироқ бўлган Қадр кечасининг фазли биз умматларга берилган бебаҳо бойлигидир.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Кимки Қадр кечасида имон-эътиқод, қаноат ва ишонч билан турса олдинги гуноҳлари кечирилади, кимки Рамазон рўзасини имон-эътиқод ва ишонч билан тутса, олдинги қилган гуноҳлари кечирилади”.

(Имом Бухорий ривояти).

 “Тўрт кечанинг кундузи ҳам кечаси каби фазилатлидир. Аллоҳу таоло бу кунларда дуо этган кишининг дуосини рад этмайди, уларни мағфират этади ва улар бу куни мўл эҳсонга эга бўладилар. Булар қадр кечаси, арафа кечаси, барот кечаси, жума кечаси кунларидир.” (Дайламий)

Бундай   муборак вақтларда гуноҳлардан узоқ туриш, тоатларни, ибодатларни ва ҳар турли хайрли ишларни кўпайтириш керак. Аллоҳ таоло ғанимат қилиб берган вақтнинг барокатини, ҳурматини ва шарафини  ҳис этишимиз даркор.

Ривоят қилинишича, бир куни Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога нидо қилиб: “Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман”, - деди. Аллоҳ таоло: “Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”, - деди. Мусо алайҳиссалом яна: “Илоҳо, сенинг раҳматингнинг орзусидаман”, - деди. Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”, - деди. Мусо алайҳиссалом: “Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”, - деди. Мусо алайҳиссалом нидоларини давом этиб: “Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”, - деди. “Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”, - деди Аллоҳ. Мусо алайҳиссалом: “Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ таоло “Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзахдан нажот топадилар”, - деди. Мусо алайҳиссалом яна илтижо қилиб: “Илоҳо, сенинг розилигингни топишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло: “Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракъат нафл намоз ўқиганлар топадилар”, - деди (“Зубдатул воъизин” китобидан).

Қадр кечасида илм ўрганиш, Қуръони каримни тиловат қилиш, қазо намозларини ўқиш, тасбеҳ, такбир, таҳлил айтиш,  садақа бериш,   атрофдагиларга чиройли муомалада бўлиш бошқа  вақтда қилинган ибодатларга нисбатан ажри савоби улуғдир.

Ўзимиз, оила аъзоларимиз, фарзандларимиз ва яқинларимизни минг ойнинг савоби ёғилиб турадиган ушбу кечада яхшиликларга чорлаб, эзгу амаллар қилишга ундашимиз даркор. Беморларни бориб кўриш, ночорларга ёрдам бериш,  қалбни хурсанд қиладиган сўзлар айтиб, атрофдагилар кўнглини кўтариш ҳам савоб амаллардандир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Мунира АБУБАКИРОВА

 

Рамазон
Бошқа мақолалар

Ғазаб чиқишининг олдини олувчи калима

07.05.2025   1945   2 min.
Ғазаб чиқишининг олдини олувчи калима

Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари қизариб, томирлари бўртиб чиқа бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен агар у айтса, ундаги бу нарса кетадиган калимани биламан. У Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожиймдир», дедилар. Бас, у: «Менда жиннилик бор деб ўйлайсанми?» деди» (Тўртовлари ривоят қилишган).

Ғазаби чиқишининг олдини олиш ниятида бўлган одам «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»ни айтиб юрмоғи лозим. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетди, бўлмаса ёнбошласин, дедилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).

Албатта, бу ишларнинг ғазабни сўндириши тажрибада ҳам собит бўлган.

Имом Абу Довуд Абу Воил Оссдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Урва ибн Муҳаммад Саъдийнинг олдига кирган эдик. Бир одам гапириб, унинг ғазабини қўзғади. Шунда у ўрнидан туриб, таҳорат қилди. Сўнгра: Отам менга бобом Атийя розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни айтиб берган эди, деб қуйидагиларни айтди: Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин, дедилар (Абу Довуд ривояти).

Албатта, мазкур ва шунга ўхшаш чоралар ғазабни қайтариш учун қўлланиладиган ёрдамчи чоралардир. Ғазабнинг асосий чораси эса Аллоҳга бўлган иймон, қиёматдан умидворликдир. Ғазаби чиққан одам дарҳол Аллоҳ таолони эслаши, У Зот ҳар бир нарсани кўриб-билиб турганини ва ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиши шубҳасизлигини ёдга олиши зарур.

Шунингдек, ғазабни ишга солиб ёмонлик қилса, қандай жазо олишини, ғазабини ютиб ортга қайтса, қандай савоблар олишини ўйлаши лозим.

Руҳий тарбия китоби асосида тайёрланди