Нафсимизни тарбия қилишда ёрдам берадиган муборак рамазон ойини бизга насиб қилган меҳрибон Парвардигоримизга беадад ҳамду-санолар бўлсин!
Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал саловоту дурудлар бўлсин!
Рамазони шариф бошимизга соябон бўлиб келганида бу муборак ойнинг фазилатидан баҳраманд бўлиб қолишга интиламиз. Рўза тутиш ибодати билан қалбимизда тақво уруғини экиб, ҳосилини олишга ҳаракат қилиб қоламиз.
Аллоҳ таоло ояти каримада:
«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам, рўза тутиш фарз қилинди, шоядки (у сабабли), тақволи бўлсангиз», дейди (Бақара сураси 183).
Тақво араб тили луғатида “сақланмоқ, қўрқмоқ” деган маъноларни билдиради. Истилоҳда эса, “Тақво бу- инсон Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиб, ўзини ҳаром ишлардан сақлаши ва тийилиши” деб тушунилади.
Рўза тарбияси орқали тақвога эга бўлишимиз керак. Инсонни тақводор бўлишига олиб борадиган омиллар кўп. Улардан бири эса рўзадир. Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси бўлиб, киши қалбида тақво ҳиссини уйғотиши керак бўлади. Инсон рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Рўза туфайли инсон ёлғон гапиришни, ғийбат қилишни ва молояний сўзларни тарк қилиши, қалбидан бундай касалликларни чиқариб ташлаши керак бўлади.
Хадиси шарифда:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким ёлғон гапириши, унга(ёлғонга) амал қилишини тарк қилмаса, уни оч қолиб таом ва шаробини тарк қилмоғига (яъни рўза тутишига) Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ” -дедилар (Бухорий ривояти)
Рўза тутган одам ўзини нафақат емоқ ва ичмоқдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Инсон ўзини таом ва шаробдан тийиб турса-ю, лекин ёлғон, иғво, ғийбат, бўҳтон каби сўзларни гапираверишдан тилини тиймаса, ношаръий ишларни қилаверишдан жасадини тўхтатмаса, унинг тутаётган рўзасидан хеч қандай фойда бўлмайди.
Ояти каримада «Шоядки, тақволи бўлсангиз», деб рўзадан кўзланган асосий мақсадни жуда чиройли баён қилиб қўймоқда.
Рўза ҳавою нафсни жиловлашга, истак майлини изга солишга хизмат қилади. Рўза нафсни истак ва ҳохиш балосидан қутилиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишга ёрдам беради.
Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандасини тақво, деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи, қиёматда “Раййон”деб номланган эшикдан жаннатга кириш бахтига эга бўлувчи инсонлар қаторида қилади.
Инсон ўзини-ўзи назорат қилмоғи лозим. Бу назорат эса рўза тутиш орқали пайдо бўлади.
Бир куни ҳазрати Умар Убай ибн Каъбдан сўрадилар.
- “Аллоҳ таоло Қуръони каримда тақвони кўп амр қилган. Тақво ўзи нима?”
Убай ибн Каъб жуда мазмундор қилиб жавоб бердилар:
- “Эй Умар, сен тиканли далада юрганмисан? ”
- “Ха,юрганман!”, деб жавоб берди.
- “Қандай қилиб юргансан?”, деб сўради. Убай ибн Каъб
- “Кўйлагимни этакларини йиғиб олиб юрганман”- деди. (Араблар узун кўйлак киядилар).
-“Нега бундай қилиб юрардинг?”- деб сўради. Убай ибн Каъб
-“Тиканлар этакларимни йиртмаслиги ва оёғимга тиканлар кирмаслиги учун”-деди.
“Тақво ҳам шундай!”- деб жавоб берди.Убай ибн Каъб
Убай ибн Каъб жуда олим киши эди. Қаранг қандай ажойиб жавоб бердилар
Демак рўза тарбияси орқали тақвога эга бўламиз, шу сабабли тақво эгаларига хозирлаб қўйилган жаннатга киришга мушарраф бўламиз.
Аллох таоло Қуръони Каримда: “Жаннат ва ундаги неъматлар тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган” –деб марҳамат қилади. (Оли имрон сураси, 133 оят)
Тақвога эса Рамазон ойида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайхиссаломнинг суннатларига амал қилган ҳолда рўза тутиш орқали эришамиз.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
“Кулол-Қўрғон” масжиди имоми
Мухаммадрасул Абдуллаев
Қўлни бўғимгача ювиш фойдалари
Маълумки, биз таҳоратни икки қўлимизни ювишдан бошлаймиз. Бунинг кўплаб фойдалари бор. Инсон қўли билан турли нарсаларни ушлайди, ўзгалар билан қўл бериб кўришади. Мана шу нарса бактериянинг тарқалиши ва унинг кўпайишига сабаб бўлади. Қўл орқали юқадиган касалликларга ич терлама, дизентерия (ичбуруғ) ва гастрит кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Исломда қўлни покиза сақлаш, тирноқларни вақтида олиб, озода бўлиб юриш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қатъий вазифаларидан саналади.
Қўл ювилганда, бармоқ учларидан нур чиқиб, қўл атрофида доира ҳосил қилади. Бунинг натижасида бизнинг ички энергиямиз ҳаракатга келади ва қўлларимиз тоза, чиройли кўриниш касб этади.
Оғизни чайиш (мазмаза) фойдалари.
Таҳоратда аввал қўлларни ювишнинг фойдаси жуда кўп. Агар қўллар яхшилаб ювилмаса, бактериялар оғиз орқали ошқозонга ўтиб, касаллик келтириб чиқаради.
Оғизни пок тутиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унга ҳаво, озиқ-овқат ва бошқа сабаблар билан турли зарарли моддалар тушади. Агар булар вақтида тозаланмаса ёки мисвок билан покланмаса, оғизда кўплаб касалликлар, жумладан, милк ва тиш касалликлари келиб чиқади.
Таҳоратда мисвок ишлатиш суннати муаккада бўлиб, бу нарса тиббий нуқтаи назардан ҳам фойдалидир.
Замонавий илмий кашфиётлар мисвок ҳақида қуйидаги хулосаларга келди:
– арок дарахтидан олинадиган мисвок таркибида кўп миқдорда фторид бўлиб, бу модда тиш чиришининг олдини олишда катта аҳамиятга эга;
– мисвок эмал ва милкларга зарар бермаган ҳолда тишларни муваффақиятли тозалайди ва оқартиради;
– мисвок таркибидаги табиий антисептиклар оғиздаги зарарли микроорганизмларга қирон келтиради;
– мисвок таркибидаги фтор моддаси тишларнинг кариесга йўлқишининг олдини олади;
– хлор моддасига эга бўлгани сабабли тишлардан турли ранг ва доғларни кеткизади;
– ошловчи кислота (дубилъная кислота) милкни касалликлардан сақлайди;
– хлорид моддаси ҳар хил тошма ва доғларнинг кетишига ёрдам беради;
– мисвок таркибидаги силикат моддаси тишларни оқартиради;
– мисвокдаги баъзи моддалар оғиз саратони ва чиришнинг олдини олади;
– фарфор моддаси тишни чиритувчи бактериялардан ҳимоя қилади;
– мисвокдаги хушбўй ёғ сўлак ажралиб чиқишини (саливация ) кўпайтиради ва натижада ксеростомия касаллигининг олди олинади;
– мисвок умумий шамоллашнинг оддий давосидир;
– гингивит касаллигини камайтиради;
– арок дарахти экстракти билан оғиз чайилса, оғиздаги бактериялар 75% гача камайиши ўз тасдиғини топди. Мисвок билан тозалаганда ҳам шу натижага эришилади;
– милк қонашининг олдини олади;
– Мисрда олиб борилган изланишларда маълум бўлишича, мисвок билан оғиз тозалангач, унинг қолдиқлари икки кунгача (!) бактерияларни ўлдириш хусусиятини сақлаб қолар экан;
Одилхон қори Юнусхон ўғли