Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Рамазонда Қуръоннинг фазли ва барокати

16.06.2017   7876   21 min.
Рамазонда Қуръоннинг фазли ва барокати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила (бошлайман).

Бир куни бир одам пайғамбар алайҳиссаломнинг хизматларига келиб сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, киши фарзандига Қуръон ўқутса, уни ажри қандоғ бўлади?”. Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Қуръон – каломуллоҳдирки, уни ажрининг ниҳояси бўлмайди”. Ва бу жавобни айтиб турганларида Жаброил алайҳиссалом нозил бўлдилар ва айтдиларки: “Ё Муҳаммад, Аллоҳ таоло Сизга салом юборди ва айтдики, ҳар ким фарзандига Қуръон ўқитса гўёки 10000 марта ҳаж қилгандек ва 10000 марта қул олиб озод қилгандек ва 10000 марта ғазот қилгандек ва 10000 марта мискинга таом бергандек ва 10000 марта кийми йўққа либос бергандек бўлади ва ўқутган Қуръоннинг ҳар бир ҳарфи учун у банданинг номаи аъмолига Аллоҳ таоло 10000 ҳасанот ёзур ва 10000 гуноҳни ундан ўчирур ва то қиёматгача у бандани қабрида бир каломуллоҳ ҳамроҳ булиб туради ва қиёматда у каломуллоҳ унга ҳужжат бўлади ва то у банда жаннатга кирмагунча каломуллоҳ ундан ажрамайди”(Мажмаъул маъориф китобидан). Юқоридаги  ҳадисни бу ҳадиси шариф билан тушунтирсак олам- олам маънога эга бўламиз. Ва ҳадисдан оладиган фойдамиз ҳам шу бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

“Агар ҳар ким илм ўрганмоқ учун устозни олдига бориб чукка тушиб ўтирса, Аллоҳ таоло уни учун раҳмат хазинасидан 70 эшик очади ва устоздин таълим олиб, у ердан турган вақтида гўёки онасидан янги туғилгандек гуноҳдин пок бўлиб турар ва уни ўқуган илмининг ҳар бир ҳарфининг баробарига Аллоҳ таоло 70 шаҳиднинг савобини ато қилур ва ҳар бир калимасига бир йиллик ибодатнинг савобини ато қилур( калима феъл, исм ва ҳарфдан ташкил топади) ва ҳар бир варақи учун унга жаннатдин бир шаҳар бино қилади” (Мажмаъул маъориф китобидан).  “Қул” (Иҳлос сурасидаги қул калимаси “айт” маъносида )сўзида иккита ҳарф бор. Шу калиманинг ўзи билан йўқ жойдан 140 шаҳиднинг савобини ва бир йиллик савобни қўлга киритасиз. Бир варақда камида 200 та сўз бўлади. Бу амални ҳисоблашнинг энг осон йўли ҳамма ҳарфларни санаб чиқасиз кейин калималарни санаб чиқиб уни ҳар куни ҳисоблаб борсиз ва ҳар куни қанча миқдорда савоб олаётганингизни ҳис қилиб, кундан кун бу амални давомийликка айлантирасиз ва иҳлос ва эътиқод билан шу савобни умид қиласиз. Ҳамма офат ва данкасалик ишончсизликдан келиб чиқади. Сиз эса амалий тарзда Аллоҳнинг расули ва ҳабиби Муҳаммад Амин соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашаётганингизни қалбингиз билан бутун танангизга билдириб қўйинг. Агар сиз устоздан бир варақ дарс олсангиз ҳарфлар ва калималар жамланмаси орқали жаннатда бир шаҳар эгасига айланасиз. Бир варақда қанча ҳарф ва қанча калима бўлса уларда ваъда қилган савоблар камайтирилмасдан берилади. Агар сиз бу дарс олишни Қуръондан бошласангиз нур устига нур бўлади. Айниқса, рамазонда Пайғамбаримиз ҳам Жаброил алайҳиссаломдан қуръодан дарс олганлар. Пайғамбаримизга эргашган барча саҳобалар, тобеъинлар ва тобаъ- тобеъинлар ҳам ҳатто бошқа зарур ишлари қолиб кетсалар ҳам факқат қуръон ўқиш ва ўқитиш билан машғул бўлганлар.

Қуръонннинг фазли ва барокатлари тўғрисидаги бошқа ҳадислар билан танишиб чиқсак зора бизнинг қалбимизда ҳам қуръонга муҳаббат уйғониб қуръонни ёдлаб қўйсак ва даражаларимиз қиёматда шафоъатчимиз Муҳаммад алайҳиссалом айтган даражалар билан бирга бўлсак. Ҳамма ҳолига қараб амал қилган нарсани гапириш керак. Келинглар! Ўзлари ҳақиқий ҳолда умматларига ўрнак бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўзлари билан давом эттирсак.

Абу Зарр Ғифорий розийаллоҳу анҳу айтади: “Бир куни мен: “Эй Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?” дедим. У зот: “Аллоҳга тақво қил, чунки у барча ишларнинг бошидир”, дедилар. “Эй Расулуллоҳ, яна зиёда қилинг”, дедим. Шунда у зот: “Сен Қуръон тиловатини ўзингга лозим тут. Зеро у сен учун ерда нур ва осмонда заҳирадир”, дедилар” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да узун ҳадисда ривоят қилган. Ривоят санади заиф).

Абу Зарр розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан насиҳат сўраганида, у зот энг биринчи навбатда Абу Заррга тақвони маҳкам ушлашни тайинладилар. Ҳақиқатан, тақво барча ишларнинг бошидир. Агар иш тақво асосида амалга оширилса, у Аллоҳ даргоҳида мақбулдир. Тақвосиз қилинган амал ҳар қанча чиройли кўринмасин, миқдори кўп бўлмасин, натижа бериши қийин.

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч (тоифа кишилар)ни катта қўрқинч қўрқита олмайди ва уларга ҳисоб етмайди. Халойиқ ҳисоб қилингунича улар мушк ичра бўладилар. (Улар) Аллоҳ розилиги учун Қуръон ўқиган ва у билан қавмга имомлик қилган, (жамоат) ҳам ундан рози бўлган киши, Аллоҳ розилиги учун беш вақт намоз ўқишга чақирган даъватчи ва ўзи билан Парвардигори ҳамда ўзи билан хўжайинлари орасини ислоҳ қилган қуллардир” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да, Табароний “Авсат” ва “Соғийра”да санади билан ривоят қилган). 

Абу Зарр Ғифорий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сизлар Аллоҳга ундан (яъни, Қуръондан) чиқадигандан кўра афзалроқ нарса билан қайта олмайсизлар” (Ҳоким “Мустадрак”да, Абу Довуд “Маросийл”да ва Аҳмад “Зуҳд”да ривоят қилган. Ҳоким ҳадис санади саҳиҳ, деган).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Қуръон ўқиса, бас, у нубувват (даражаси)га поғонама-поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди, холос. Қуръон соҳиби қалбида Аллоҳнинг Каломи бўла туриб ғазаб қилган киши билан тортишиши ва жоҳил кишига қўшилиб жоҳиллик қилиши тўғри эмас” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ва Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган ва: “Бу саҳиҳ санадли ҳадис, аммо иккиси ривоят қилишмаган”, деб айтган).

Ибн Умар розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Темирга сув тегса занглаганидек бу қалблар ҳам занглайди”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” дейилди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш ва Қуръон тиловат қилиш”, дедилар” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да, Абу Нуайм “Ҳилйатул-авлийа”да ва Қузоъий “Муснадуш-шиҳаб”да ривоят қилган). Темир занглагани каби қалб ҳам занглайди. Темир занглашига унга сув тегиши сабаб бўлса, банда қилган гуноҳлари асорати йиғилиб-йиғилиб қалбни занглатади, уни қорайтиради. Қуръон тиловати билан қалб яйрайди, банда қироатдан руҳий озуқа олади. Шу йўсин қалбга ёпишган занглар секин-аста тозаланиб боради.

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم قَالَ: خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ 

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ўргатганларингиздир”, деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ривояти.)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, деб марҳамат қилдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти.)

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қуръон ўқийдиган мўминнинг ўхшаши утружжа[2] кабидир, унинг ҳиди ҳам, ўзи ҳам шириндир. Қуръон ўқимайдиган мўмин ўхшаши ҳурмо кабидир, унинг таъми ширин бўлиб, ҳиди бўлмайди, Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг ўхшаши райҳон кабидир, ҳиди ҳушбўй, лекин мазаси аччиқдир. Қуръон ўқимайдиган мунофиқнинг ўхшаши эса ҳанзала[3]кабидир, унинг ҳиди ҳам йўқ, таъми ҳам аччиқдир”. (Бухорий ва Муслим ривояти.)

 Умар[4]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деб марҳамат қилдилар. (Муслим ривояти.)

Абу Умома Боҳилий[5]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, деб марҳамат қилдилар. (Муслим ривояти.) 

Ибн Умар[6]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар.(Бухорий ва Муслим ривояти)

Абдуллоҳ ибн Масъуд[7]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар. (Термизий ривояти.) 

Абу Саъид Худрий[8]розияллоҳу анҳуданРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир”. (Термизий ривояти.) 

Ибн Аббос[9]розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир”, деб марҳамат қилдилар.(Термизий ривояти.)

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос[10]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Қуръонни ёдлаган қорига (қиёмат куни) “Ўқи, кўтарил ва дунёда тиловат қилганингдек тиловат қил. Сенинг манзилинг охирги ўқиган оятингдадир”, деб айтилади”. (Термизий ва Насоий ривояти.)

Муоз ибн Анас[11]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни ўқиб, ундаги ҳукмларга амал қилса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг ота-онаСега тож кийдиради. Унинг нури дунё уйларидаги қуёш нуридан кўра ёрқинроқдир. Бунга амал қилган инсон ҳақида гумонинг қандай?”. (Абу Довуд ривояти.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, деб марҳамат қилдилар. (Доримий ривояти.)

Аллоҳ таолонинг Каломини ёдлаш улуғ неъмат ва фазилатдир. Бу ҳақида Қуръон карим оятлари ва Ҳадиси шарифларда кўплаб хушхабарлар келган. Бунга Юнус сурасининг 58-оятни мисол қилиб келтиришмиз мимкин. Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

قُلْ بِفَضْلِ اللّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُواْ هُوَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ

Айтинг: "Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса(бойликлари)дан яхшироқдир.

Бу оятда Аллоҳнинг икки улуғ неъмати зикр қилинмоқда.  Бири фазли, яъни Ислом дини. Иккинчиси раҳмати, яъни Қуръони карим.

Ояти карима тафсири ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳнинг фазли – Ислом, раҳмати – сизларни Қуръон аҳлидан қилганидир”.

Насаий, Ибн Можа ва Ҳоким Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. “Улар кимлар?” – деб сўрадилар. У зот: “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар.

Мунавий: “Қуръон аҳли” Қуръонни тадаббур қилиб, унга амал қилишни лозим тутганлардир”, деган.

Қуръони карим оятлари ва Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадислардан  Қуръон ҳомиллари(қори)га берилган бу неъматнинг қанчалик улуғ эканини англаб олишимиз мумкин.  Оиша онамиз розияллаҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ким еттита узун сурани ёдласа, у олимдир”.

Имом Аҳмад ва Имом Ҳокимнинг “Муснад”ларида келтирилган. Демак, инсон Қуръони каримни ёдлаш сабабидан олимлик даражасига кўтарилар экан. Аллоҳ таоло Анкабут сурасининг 49-оятида:

بَلْ هُوَ آيَاتٌ بَيِّنَاتٌ فِي صُدُورِ الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ

“Йўқ, у (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларидаги аниқ оятлардир”

дея марҳамат қилади. Бундан Қуръон ҳофизлари аҳли илмлардан экани маълум бўлади. Чунки илмнинг аввали Аллоҳ таолонинг Китобини ёд олиш ва уни тушунишдир. Кўплаб уламоларнинг ҳаётига назар ташласак, Аллоҳ таолонинг Каломини ёд олганликларини кўрамиз. Буюк бобокалонларимиздан Ибн Сино ва Амир Темурлар ҳам бунга яққол мисол бўлади. Шунингдек, баъзи олимлар ўз олдига илм талабида келганларни Қуръони каримдан қанча  ёд олганига қараб уларни қабул қилган, ёки қайтарган.

Ибн Ҳузайма: “Мен отамдан Қутайба ҳузурига боришга изн сўраган эдим, у менга: “Аввал Қуръонни ўқи, кейин изн бераман”, деди. Мен Қуръонни ёдлаганимда, у: “Энди уни намоз (Рамазон)да хатм қил”, деди. Мен бу ишни ҳам қилдим. Биз ҳайит байрамини нишонлаётганимизда отам менга изн берди”, деган.

Қуръон ёдлаш билан олимлик даражасига етилади. Илм сабабидан эса ҳақлар адо этилади, силаи раҳм қилинади ва даражалар кўтарилади. Мужодала сурасининг 11-оятида бундай деб марҳамат қилинади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

Ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қуръон қиёмат куни ҳолдан тойган киши кўринишида келиб, “сени тунлари бедор қилган ва кундузлари чанқатган менман”, дейди” (Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ривоят санади ҳасан[1]).

Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтиргандим, у зот: “Сизлар Бақара сурасини ўрганинглар! Зеро, уни олиш барака, тарк қилиш ҳасратдир. Унга сеҳргарлар қодир бўлолмайдилар”, деб айтганларини эшитдим. Сўнг бир муддат турдилар ва: “Бақара ва Оли Имрон сураларини ўрганинглар! Зеро у иккиси икки ёритувчи нур бўлиб, қиёмат куни икки булут ёки икки соябон ёки бир гуруҳ саф тортган қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларига соя қилади. Қиёмат куни қабр очилиб, банда у ердан чиқиб келганида Қуръон уни чарчаган киши суратида кутиб олади ва унга: “Мени танидингми?” дейди. Банда: “Сени танимайман”, дейди. Шунда у: “Мени танимайсанми?” деб сўрайди. Банда яна: “Мен сени танимайман”, деб жавоб қайтаради. Шунда (Қуръон): “Мен сени иссиқ кунларда чарқатган, кечалари бедор қилган дўстинг Қуръонман. Ҳар бир савдогар тижорати орқасидан фойда кўради. Сен ҳам бугун тижоратинг орқасидан фойда кўрасан”, дейди. Бас, унинг ўнг қўлига мулк, чап қўлига мангулик берилади. Унинг бошига виқор тожи кийдирилади. Унинг ота-онасига икки либос кидирилади. У иккисига дунё аҳли тенг келолмайди. Шунда улар (яъни ота-онаси): “Бу бизларга нима сабабдан кидирилди?!” деб сўрайдилар. Шунда: “Фарзандларингиз Қуръонни ўргангани учун”, дейилади. Кейин унга (яъни, Қуръон соҳибига): “Ўқи ва жаннат поғонаси ва хоналари томон кўтарил”, дейилади. У хоҳ тез, хоҳ шошилмасдан қироат қилсин, аста-секин юқорилаб бораверади”, дедилар” (Доримий, Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади ҳасан).

وَعَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلاَمُ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ عِشْ مَا شِئْتَ فَإِنَّكَ مَيِّتٌ وَاحْبِبْ مَنْ أَحْبَبْتَ فَإِنَّكَ مُفَارِقُهُ وَاعْمَلْ مَا شِئْتَ فَإِنَّكَ مَجْزِيٌّ بِهِ ثُمَّ قَالَ: يَا مُحَمَّدُ شَرَفُ الْمُؤْمِنِ قِيَامُ اللَّيْلِ وَعِزُّهُ

اسْتِغْنَاؤُهُ عَنْ النَّاسِ. رَوَاهُ الْحَاكِمُ فِي الْمُسْتَدْرَكِ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.


Саҳл ибн Саъд розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Жаброил алайҳис салом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, “эй Муҳаммад, хоҳлаганингизча яшанг. Зеро, сиз (вақти келиб) ўласиз. Хоҳлаган одамингизни яхши кўринг. (Бир кун) ундан айриласиз. Хоҳлаган ишингизни қилинг. Зеро, сиз бунинг учун ҳисоб қилинасиз”, деди ва кейин: “Эй Муҳаммад, мўминнинг шарафи кечаси қоим бўлиш ва унинг ҳурмати одамлардан беҳожатлигидадир”, деди” (Ҳоким “Мустадрак”да, Байҳақий “Шуабул-иймон”да ва Табароний “Авсат”да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Туннинг маълум қисмини қоим ўтказиш тўғрисида қуйидаги ривоят келган.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ким (кечаси) Қуръондан ўн оят билан қоим бўлса, ғофиллардан, деб ёзилмайди. Кимюз оят билан қоим бўлса, “Аллоҳга итоат этувчилардан” деб ёзилади. Ким минг билан қоим бўлса, “кўп миқдорда савобга эришганлардан”, деб ёзилади” (Абу Довуд, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Бу маънода келган ривоятларни юқорида кўриб чиққан эдик. Саълабий Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Ким кечаси икки ракъат намоз ўқиса, Аллоҳ йўлида сажда қилган ва қоим бўлган ҳолида тонг оттирибди”.
Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Ким тунда Бақара сурасини ўқиса, кўп ва яхши қилибди” (Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).
Иброҳим Нахаъий шундай деб айтарди: “Кечаси озроқ бўлса ҳам Қуръон тиловат қилинглар!”

Авзоий: “Ким кечалари бедор бўлиб, Қуръонни кўп ўқиса, қиёмат куни ҳисоб бериши осон бўлади”, деган. Кечаси намоз ўқиш ва қироат қилишнинг афзаллиги шундаки, кечаси қалб тинч ҳолатда, ҳар хил чалғитувчи нарсалардан узоқ бўлади. Бунда банда дунё ташвишларидан фориғ бўлиб, Парвардигорига сиғиниши осон кечади. Бу вақтда риё ва амалларни бекор қилувчи иллатлардан сақланиш осонроқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг улуғ мўъжизаларидан бўлмиш Исроъ ва Меърож воқеалари ҳам кечаси содир бўлгани бежиз эмас. Кечаси қоим бўлиш ёки Қуръон тиловат қилишда меъёрга амал қилиш яхши. Бутун тунни қоим ҳолда ўтказишга одатланиш, инсонга қийинчилик туғдириши, бу ишда давомли бўла олмай, ўз нафсига зарар етказиши мумкин.

Ва яна пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:“Ҳар кимики олимларни хор тутса қиёмат куни уни Аллоҳ таоло халойиқ ичида хор қилади”. Демак шунча сифатларни ўзида жамлаган олимларни хорласа Аллоҳ қиёматда бутун халойиқ ичида хорлашини ваъда бермоқда.

Аллоҳим барчаларимизни Ўзининг каломига аҳл бўлишни насиб қилсин.

Аллоҳумма солли васаллим ва барик ала набиййина Муҳаммад.

Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси кабинет мудири

Урол Назар Абдулқуддус Термизий тайёрлади.

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Диндан чиқишни ният қилган кимса

25.11.2024   1446   17 min.
Диндан чиқишни ният қилган кимса

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

46 - وَمَنْ يَنْوِ ارْتِدَادًا بَعْدَ دَهْرٍ
يَصِرْ عَنْ دِيْنِ حَقٍّ ذَا انْسِلاَلِ

Маънолар таржимаси:

Кимки бирор замондан сўнг муртад бўлишни ният қилса, (шу лаҳзанинг ўзидаёқ) ҳақ диндан пинҳона чиқиб кетганга айланади. 

 

Назмий баёни:

Кимки муртадликни ният-қасд этар,

Шу ондаёқ пинҳона ҳақ диндан кетар.

 

Луғатлар изоҳи:

مَنْ – шарт исм.

يَنْوِ – шарт феъли. Охиридаги ي си ҳазф қилиниши билан мажзум бўлиб турибди.  Ният ташдидли نِيَّةٌ ва ташдидсиз نِيَةٌ шаклларида келади, луғатда “қасд қилиш”, “азму қарор қилиш” маъноларини англатади.

اِرْتِدَادٌ – луғатда “орқага қайтиш”, “тарк этиш” маъноларини англатади. Шу маънода Ислом динидан қайтган киши муртад дейилади.  

بَعْدَ  – зарф.

دَهْرٍ – калимаси “замон”, “аср”, “узун умр” маъноларини англатади.

يَصِرْ – жавоб шартликка кўра жазм бўлиб турибди.

عَنْ – жор ҳарфи مِنْ маъносида келган.

حَقٍّ  دِيْنِ– музоф, музофун илайҳ. Ҳақ дин деган сўз билан Ислом динининг сифати баён қилинган. 

انْسِلاَلِ – бу масдар бирор жойдан билдирмасдан чиқиб кетишга нисбатан ишлатилади.


Матн шарҳи:

Ушбу матнда Ислом динидан қайтишни ният қилган кимсанинг муртад бўлиши баён қилинган. Бу масала ўта нозик бўлганидан матнда келган ҳар бир калимани диққат билан атрофлича ўрганиб чиқишни тақозо қилади. Муртад бўлишни ният қилса, дейилди. Ният қалбнинг иши бўлганидан аввало қалбда ниятгача бўлган босқичлар ҳам борлигини билиб олиш лозим. 

Қалбнинг бирор нарсага қандай боғланиши ҳақида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аби Жамрадан қуйидаги ривоятни келтирган: қалбга келадиган нарсалар қуйидаги тартибда бўлади:

1. اَلْهَمَّةُ (кўнгилга келиш);

2. اَللَّمَّةُ (истак пайдо бўлиш);

3. اَلْخَطَرَةُ (ўй-фикр келиш);

4. اَلنِّيَّةُ (ният қилиш);

5. اَلاِرَادَةُ (қасд қилиш);

6. اَلْعَزِيمَةُ (азму қарор қилиш).

Яъни дастлаб бирор маъно кўнгилга келади, сўнгра ўша маъно кучаяди, кейин эса у ҳақида турли ўй-фикрлар келади. Ушбу учта босқич  банданинг ихтиёридан ташқарида бўлгани учун улар ҳақида банда масъул қилинмайди. 

Аммо булардан кейинги ният, қасд қилиш ва азму-қарорлар банданинг ихтиёри билан вужудга келгани учун булар ҳақида банда жавобгар бўлади.

Демак, қайси бир мўмин киши миссионерлар таъсирига тушибми ё бошқа бир сабаблар туфайлими, маълум бир муддатдан кейин қисқа вақт бўлсин ёки кўпроқ вақт бўлсин, ўз ихтиёри билан Исломдан чиқишини ният қилса (Аллоҳ сақласин), келажакда муртад бўлишни ният қилаётган бўлса-да, ўша ондаёқ диндан чиқиб кетган ҳисобланади. Чунки Исломни дин деб қабул қилиб, охиратга ишонган ҳар бир мўмин бандага келтирган иймонида собит туриш буюрилган:

“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, (шу) Пайғамбарига нозил қилган Китоб (Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилган Китобга иймон келтирингиз!”[1].   

Яъни иймон келтирганларга қарата яна иймон келтиринг, дея буюрилиши, эй иймон келтирганлар, келтирган иймонингизда собитқадамлик билан бардавом бўлинглар маъносини англатади. Чунки ишонган нарсаси тўғрисида қатъи эътиқодда туриш иймон тақозосидир. Агар банда ушбу қатъи эътиқодига қарши боришни ният қилса, бу нияти қалбидаги тасдиқни йўққа чиқаради, тасдиқни йўққа чиқаришга рози бўлиш эса ўзининг куфрга кетишига рози бўлишдир. Куфрга рози бўлиш эса куфр бўлади.  Шунинг учун билиб-билмасдан бундай ишга дучор бўлган кимса дарҳол калимаи шаҳодат қайтариб, тавбага шошилиши лозим бўлади.

Аммо ушбу масаланинг тескариси бундай эмас. Яъни кофир одам бир муддатдан сўнг мўмин бўламан, деб ният қилса, то иймон келтирмагунича куфрдан чиқмайди. Чунки воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади, иш-ҳаракат эса ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Бунинг мисоли муқимлик билан сафарга ўхшайди, мусофир киши муқимликни ният қилишнинг ўзи билан муқимга айланади, чунки муқимлик сафардан воз кечишдир. Воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади. Муқим киши эса ёлғиз ниятнинг ўзи билан мусофирга айланмайди, у яшаб турган жойидан ажралиб чиққанидан кейин мусофирга айланади. Чунки сафар иш-ҳаракатдир, иш-ҳаракат ёлғиз ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Ислом иш-ҳаракатдир, шунга кўра мусофир ниятнинг ўзи билан муқимга айланиб қолганидек, мусулмон киши ҳам куфрни ният қилишнинг ўзи билан кофирга айланади. Кофир эса, муқим киши сафарга чиқмагунича, ниятнинг ўзи билан мусофирга айланиб қолмаганидек, то иймонга иқрор бўлмагунича, мўминга айланмайди...”[2].

   

Бепарволикнинг аянчли оқибати баёни

47 - وَلَفْظُ الْكُفْرِ مِنْ غَيْرِ اعْتِقَادٍ بِطَوْعٍ رَدُّ دِيْنٍ بِاغْتِفَالِ

Маънолар таржимаси:

Эътиқод қилмасдан (бўлса-да) ўз ихтиёри билан куфр (сўз)ни талаффуз қилиш ғафлат билан динни рад этишдир.


Назмий баёни:

Эътиқодсиз ихтиёр-ла куфрни айтиш,

Демишлар: ғафлат-ла ҳақ диндан қайтиш.


Луғатлар изоҳи:

لَفْظُ – мубтадо. Лафз луғатда “чиқармоқ”, “талаффуз қилмоқ” каби маъноларни англатади. Истилоҳда икки хил таъриф берилган:

1. Инсон талаффуз қилган нарса;

2. Талаффуз қилган ё қилмаганидан қатъи назар унинг ҳукмидаги нарса.

الْكُفْرِ – музофун илайҳ.

مِنْ – “табйиния” (фарқлаш) маъносида келган жор ҳарфи.

غَيْرِ– сифат.

اعْتِقَادٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. 

بِ – “сабабия” маъносидаги жор ҳарфи.

طَوْعٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. طَوْعٍ масдари луғатда ихтиёрий равишда бўйунсуниш маъносини ифодалаш учун ишлатилади.

رَدُّ – хабарликка кўра раф бўлиб турибди. Луғатда “қайтариш”, “инкор қилиш” маъноларини англатади. 

دِيْنٍ – музофун илайҳ. Дин калимаси луғатда “тоат”, “мукофот” маъноларини англатади. Истилоҳда эса “ақл эгаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги нарсани қабул қилишга ундайдиган илоҳий қонун – дин деб аталади”.

Ислом дини ва Ислом миллати ўртасидаги фарқ қуйидагичадир:

– Унга итоат этилиш жиҳатидан дин деб номланади, яъни итоат этиладиган илоҳий ҳукмлар Ислом дини дейилади;

– Унга жамланиш жиҳатидан миллат деб номланади, яъни Ислом дини  ҳукмларига итоат этувчилар Ислом миллати дейилади.  

بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлмоқ) маъносидаги жор ҳарфи.

اغْتِفَالِ – жор мажрур رَدُّ га мутааллиқ. اِغْتَفَلَ феъли ғофил ҳолатда эътиқод қилишга нисбатан ишлатилади.


Матн шарҳи:

Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир” деган ҳикматли сўз бор. Сўфи Оллоҳёр бобомиз тилга ўта эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳақида шундай насиҳат қилган:

Ёмон тил икки оламда зарардир,

Гоҳи исён, гоҳи хавфу хатардир.

* * *

Ёмон тил шумлиғи ки, жонга урғай,

Гоҳи жондин ўтиб иймонға урғай.

Яъни ёмон тил дунё-ю охиратда кишига зарар етказади. Унинг ёмонлиги гоҳида эгасининг бошига етса, гоҳида диндан чиқишига сабаб бўлади. Эътиқодга тааллуқли сўзларни яхши билмасдан гапириш мумкин эмаслигини ҳар бир мусулмон киши яхши англаши лозимдир. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ихтиёрий равишда куфр сўзини талаффуз қилиш диндан қайтиш эканини айтган. Ушбу баҳсга алоқадор масалалардан бири куфр калимасини мажбуран айтган кишининг иймони тўғрисидаги сўзлардир. Мажбурдан куфр калимасини айтган кишилар ҳақида турли хил қарашлар бор. Қалби иймонга тўлиқ бўлгани ҳолда, рўпарасидаги аниқ ўлимдан қутулиш учунгина ўзини иймондан қайтган қилиб кўрсатиш куфр бўлмаслиги ояти карима билан собит бўлган: 

“Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби иймон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир”[3].

Яъни кимки иймон келтирганидан сўнг куфр калимасини тилга олса, кимки куфрга рози бўлиб, унга кўксини очса, ундайларга жаҳаннамнинг қаттиқ азоби етади. Аммо қалби иймонга лимо-лим бўла туриб куфр калимасини айтишга мажбурланганларга бундай азоб бўлмайди. Муфассирлар ушбу ояти каримани Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган, – дейишган. Мушриклар у зотни тутиб азоблашганида у зот қаттиқ зўрланганидан улар хоҳлаётган нарсани мажбур ҳолатда айтиб қўйган. Шунда инсонлар: “Аммор кофир бўлди”, дейишган. Аммор розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига йиғлаб келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Қалбингни қандай ҳис қиляпсан, деганлар. У иймонга лимо-лимлигини айтган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Агар улар қайтарсалар, сен ҳам қайтаргин”, – деганлар.

Шу ўринда улуғ саҳобалардан бири бўлган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.


Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Арабистон яриморолидаги Тиҳома номли жойда ҳижратдан 54 ёки 57 йил олдин туғилган. Насаблари Аммор ибн Ёсир ибн Омир ибн Молик ибн Кинона ибн Қайс бўлган.

Бу зот Исломни энг аввал қабул қилганлардан бири бўлиб дастлаб Исломга кирганларнинг еттинчиси ҳисобланади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бўлган. Уҳуд, Аҳзоб, Хайбар, Макка фатҳи ва Ҳунайн ғазотларида  иштирок этган.

Отаси Ёсир Ямандан Маккага иш билан келиб шу ерда қолиб кетади. Абу Ҳузайфа ибн Муғийра Махзумийнинг чўриси Сумайяга уйланади ва ундан Аммор розияллоҳу анҳу туғилади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу узун бўйли, кенг елкали киши бўлган.

Онаси Сумайя бинти Хоййат Исломдаги энг аввал шаҳид бўлган аёл ҳисобланади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу “Дорул Арқам”да Исломни қабул қилган. Бу зот Исломга кирганидан сўнг отаси Ёсир, онаси Сумайя ва укаси Абдуллоҳлар ҳам мусулмон бўлганлар. Бу оила Исломни қабул қилганлари сабабли Қурайш мушриклари томонидан жуда қаттиқ қийноқларга солинган. Қурайшлик зодагонлар бу оилани қийнаш билан бошқа янги мусулмон бўлганларни ҳам қўрқитиб қўйишмоқчи бўлишган. Махзумийларнинг Ёсир розияллоҳу анҳунинг оиласига қилган қийноқлари ҳақида турли ривоятлар келган. Ҳатто Абу Жаҳл Исломдан қайтишдан бош тортгани учун Сумайяга найза санчади. Ёсирни ҳам ўлдирадилар. Шунга кўра Аммор розияллоҳу анҳунинг ота-онаси Исломдаги дастлабки шаҳидлардан бўлганлар. Уларнинг Аммор розияллоҳу анҳуга қилаётган қийноқлари шу даражага етганки, у қийноқнинг зўридан нима деётганини идрок қила олмайдиган даражага етган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оила ҳақида “Сабр қилинглар, Ёсир оиласи, сизларга жаннат ваъда қилинган”, – деганлар. Мазкур қийноқлардан қолган оловнинг излари Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг юзларида умрининг охиригача билиниб турган. Бу зот ҳақида қуйидаги оят нозил бўлган:

“Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, – қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно – ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор”[4].

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу икки марта ҳижрат қилган. Қибла ўзгартирилишдан олдин намозни Байтул мақдисга қараб ўқиган саҳобалардан бири бўлган.

Бадр, Уҳуд ғазотларида қўшиннинг олдинги сафида туриб жанг қилган. “Байъатур ризвон”да ҳам қатнашган. Ямома ғазотида қулоқлари кесилиб кетган.  

Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу зотни Куфага волий қилиб тайинлаган. 

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақларида айтган айрим сўзлари:

–  “Аммор бошидан оёғигача иймон билан тўлдирилган, иймон унинг гўшти ва қонларига аралашиб кетган”;

–  “Жаннат уч кишига муштоқдир: Алига, Амморга ва Салмонга”; 

– “Сумайянинг ўғли икки иш ўртасидан албатта тўғрироғини ихтиёр қилади, шунинг учун унинг изидан юринглар”.    

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг доимо Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳунинг ёнларида бўлган.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу  ҳижрий 37 йилда Сиффин жангида Али розияллоҳу анҳунинг қўшини сафида жангга кирган ва Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг қўмондонларидан бири бўлган Абу Ғония Жуҳаний томонидан шаҳид этилган.    

Сиффин жангида тўқсон ёшдан ошган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари кўплаб мусулмонларнинг ҳақиқатни англаб етишларига ва Али розияллоҳу анҳунинг ёнларига қайтишларига сабаб бўлган. Чунки жангда қатнашганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида “Амморни ўлдирадиган боғий гуруҳнинг ҳолига вой, бу уларни жаннатга чақиради, улар эса уни дўзахга чақиришади”, деган сўзларини билар эдилар. Али розияллоҳу анҳу бу зотнинг жасадларини кўтариб олиб чиқади ва кўпчилик жамоат билан жанозасини ўқиб, кийимлари билан дафн қиладилар. 

 Аллоҳ таоло бу зотни Ўз раҳматига олиб ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.

Куфрга мажбурланиш ҳақида сўз кетар экан, мажбурлаш даражалари ва мажбурланган кишининг ҳолатлари борасидаги баҳсларни ўрганиб чиқиш зарур бўлади. “Фатовои Қозихон” китобида “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар” мавзусида мажбурланган кишиларнинг ҳолатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган.


Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар

 “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар тўрт қисмдир:

1. Мажбур қилинган амалдан бош тортишдан кўра уни бажариш тўғрироқ ҳисобланадиган, бош тортиш сабабли гуноҳкорга айланадиган ишлар;

Масалан, ўлимтик ейишга ё шу каби бирор ҳаром нарсани истеъмол қилишга мажбур қилиниб, агар буюрилган нарсани бажармаса, ўлдирилиши, ё қўли кесиб олиниши, ёки юз қамчи урилиши билдирилса, мажбурланган ишни қилиб ўзини талофатдан қутқариб қолиши тўғрироқ бўлади. Агар мажбурланган ушбу ишни бажармаса ҳалок бўлиши аниқлигини била туриб, бош тортса гуноҳкор бўлади. Аммо билмаса гуноҳкор бўлмайди.    

2. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш тўғрироқ бўлган, қилмаслик туфайли савобга эга бўладиган, аммо қилиш сабабли гуноҳкор ҳам бўлмайдиган ишлар;

Масалан, Аллоҳ таолога куфр келтиришга мажбур қилиниб, агар куфр келтирмаса ўлдирилиши ё бирор аъзосига талофат етказилиши билдирилса, тил учида айтиб ҳалокатдан қутулиб қолишга рухсат борлигини билса ҳам, бу ишни ўзига эп кўрмасдан бош тортса, савобга эга бўлади. Шунингдек, қутулиб қолиш учун тил учида айтса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Аммо ўлдириш ё бирор аъзосига талофат етказиш эмас, кишанлаб қўйиш ё қамаб қўйиш билдирилганда агарчи қалби иймонга лимо-лим бўлиб турган бўлса-да, тил учида ҳам куфр келтириш мумкин эмас.  

3. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш туфайли савобга эга бўладиган, уни бажариш сабабли гуноҳкор бўладиган ишлар;

Масалан, мусулмон кишини ўлдиришга ё зино қилишга мажбур қилиниб, агар бажармаса ўлдирилиши билдирилса, жонини берса ҳам бу ишдан ҳазар қилиши туфайли савобга эга бўлади, жонини қутқариш учун шу ишни қилиб қўйса, гуноҳкор бўлади. 

4. Мажбурланган ишни қилиш ва қилмаслик баробар бўлган ишлар.

Масалан, бошқанинг молига талофат етказишга мажбурланса, бундай ҳолатда иккала тарафи ҳам баробар бўлиб қолади.

Баён қилинганларнинг барчасида мажбурланаётган киши билдирилаётган нарсанинг қўрқитиш ва пўписа учун айтилмаётганига, амалга ошиши аниқ эканига ишонсагина, мажбурланган ҳукмида бўлади, акс ҳолда бу ҳукмда бўлмайди”[5].
 

Кейинги мавзулар:
Мастнинг гапи ҳақида;
Номавжуднинг “шай” эмаслиги баёни.


[1] Нисо сураси, 136-оят.
[2] Мулла Али Қори. Зовъул маолий. – Истанбул: “Дор Саодат”, 1962.  – Б. 103.
[3] Наҳл сураси, 106-оят.
[4] Наҳл сураси, 106-оят.
[5] Ҳасан ибн Мансур ибн Маҳмуд Ўзгандий. Фатовои Қозихон, тўртинчи жилди. Покистон: “Мактабату Ҳаққония”. – Б. 419.

 

Кутубхона