Рамазон – пайғамбарлар орзу қилган ой. Бу ой Қуръон ўқиш, хайру саховот улашиш ва меҳр кўрсатиш мавсумидир. Айниқса, бу ойда муборак бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечани ибодат билан ўтказса, бошқа пайтда минг ой ибодат қилгандан кўп савобга эришади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади”, дедилар (Имом Насаий).
Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда имон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта, Аллоҳ аввалгию кейинги гуноҳларини кечиради. У тоқ кечада бўлади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёки бешинчи ёки учинчи ёки охирги кеча қадр кечасидир”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Кўп уламолар хулосасига кўра,
Қадр кечаси йигирма еттинчи кечадир
Саҳоба Зирр (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)га: «Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким бир йил тунлари қоим бўлса, Қадр кечасини топади”, деб айтганлар», деганида, Убай ибн Каъб: “Аллоҳ Абу Абдураҳмон (Ибн Масъуд)ни мағфират қилсин. Ҳақиқатда, у Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эканини билар эди. Бу кеча йигирма еттинчи кечадир, лекин одамлар шунга суяниб қолмаслиги учун айтмасди, – деди. Сўнг қатъий қасам ичиб: – Йигирма еттинчи кечада, деди. Шунда мен: “Эй Абу Мунзир, нима далил билан шундай дейсан?” дедим. У зот: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга айтган белги билан: у кун қуёш шуъласиз чиқади”, деб жавоб берди (Имом Муслим ва Теримизий ривояти).
Абдуллоҳ Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир қанча саҳобалари “Лайлатул қадр”ни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг тушларингиз “Лайлатул қадр” Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади. Кимки “Лайлатул қадр”ни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Саҳоба Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) Қадр кечасини йигирма еттинчи кечада бўлишини айтар ва бундай дер эканлар: “У бизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хабар берган кеча бўлиб, қуёш ўшанда оппоқ бўлиб, милтиллаб чиқади” (Имом Муслим, Аҳмад, Абу Довуд ривояти).
Фақиҳлар томонидан Қадр кечасининг қачон бўлиши ҳақида қирқдан зиёд фикрлар, тахминлар айтилган. Аслида, Қадр кечаси қачон бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди.
Қадр кечасининг 7 та аломати
1. Қадр кечасида сокинлик ҳукм суради. Атроф мусаффо, ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади.
2. Осмондаги юлдузлар учмайди, бошқа жисмлар қалтис ҳаракат қилмайди. Касалликлар пайдо бўлмайди.
3. Ҳаво мўътадил бўлади, жуда иссиқ ҳам, жуда совуқ ҳам бўлмайди.
4. Эрталаб қуёш қизариб, тоғарага ўхшаш, ёғдуси жуда заиф бўлиб уфқдан бош кўтаради. Сабаби ўша тун ва кунда кўп фаришталар ерга тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини ҳам тўсиб қўяди.
5. Қадр кечасида ёмғир-қор ёғмайди, ёғса ҳам ўта майин ва ёқимли бўлади. Шўр сувлар чучук бўлади.
6. Дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туради.
7. Ўша куни шайтонлар чиқишига йўл қўйилмайди.
Мазкур аломатларга қуйидаги саҳиҳ ҳадислар далил бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қадр кечасини тавсифлаб, бундай дедилар:
“Бу кеча мурувватли, (яхши, саховатли), бўшашган, (озод, сокин), иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам эмасдир. Унинг қуёши ўша тонгда қип-қизил заиф бўлиб чиқади”(Имом Абу Довуд ва Баззор ривояти).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:
“Албатта Қадр кечасининг аломатлари шуки, у мусаффо, ёп-ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади. У кечада (ўта) совуқ ҳам, (жуда) иссиқ ҳам бўлмайди. Ўша кечада тонггача юлдузлар отилишига йўл қўйилмайди. Яна унинг аломатларидан бири қуёш эрталаб ўн тўрт кечалик ойга ўхшаб, нурсиз чарақламасдан чиқади. Ўша куни шайтонлар чиқишига ҳам йўл қўйилмайди”(Имом Аҳмад ривояти).
Ибн Абу Осим Набил Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечалардан биридадир. У кеча очиқ ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, гўё ой борга ўхшайди. У кеча тонг отгунигача шайтонлар чиқмайди”, дедилар».
Қадр кечасининг Рамазон ойига яширилишининг ҳикмати ўлим вақтини ва қиёматни яшириш ҳикмати кабидир. Шунинг тучун Қадр кечаси мўминлар тоат этишга рағбат ва ҳаракатни кучайтириши, ғофил ва дангаса бўлмаслиги лозим. Абул Олия (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир аъробий кимса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб, “Лайлатул қадр қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга бундай дедилар: “Лайлатул қадрни Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!”(Имом Абу Довуд).
Парвардигори олам ўзи хоҳлаган бандасига Қадр кечасини билдиради. Қадр кечасини аниқ билиб, тонг отгунча ибодат қилиб чиқиш афзалдир.
Имом Табарий ва Имом Байҳақий ривоятларида яна мазкур муборак кечада касалликлар пайдо бўлмаслиги, шўр сувлар чучук бўлиши, дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туриши кабилар ҳам зикр этилади.
Барчамизни Қадр кечасини топишга муваффақ айласин.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Исломда янги кун қайси соатдан бошлаб киради? Масалан, шартли қабул қилинган тартиб бўйича соат 00:00 янги куннинг бошланиши саналади? Исломда янги куннинг бошланиши ва тугаши қайси вақтдан эътиборга олинади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизга кўра, кун шом вақтидан бошланади ва кейинги шомгача давом этади. Бошқача қилиб айтганда, исломда кун кеча билан бошланади ва унинг эртасида кун ботиб, кундуз тугаганида, ўша кун ҳам якунланади. Бунга оят ва ҳадислардан кўплаб далиллар бор.
Фақат айрим аҳкомларда куннинг бошланиши бомдод намозининг вақти кириши (субҳи содиқ)дан бошланади ва кун кейинги бомдод вақтигача давом этади. Масалан, Ҳажда Арафот водийсида туришда ҳукм шундай.
Шунингдек, айрим ҳолларда “кун” тушунчаси юқоридагидек, 24 соатдан иборат (сутка) маъносида эмас, балки тунга муқобил – қарама-қарши маънода қўлланилиши ҳам мумкин. Бу ҳолда кун бошланиши бомдод вақтидан то қуёш ботгунигача бўлган муддат, яъни кундуздан иборат бўлади. Бунга мисол учун “бир кун рўза тутиш” деганда айнан шу муддат назарда тутилади.
Хулоса қилиб айтганда, динимиздаги умумий қоидага кўра, куннинг бошланиши кун ботганидан бошланиб, кейинги кун ботишигача давом этади. Айрим истисно қилинган ҳолатларда куннинг қачон бошланиб, қачон тугаши диндаги ҳукмларга қараб фарқ қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.