Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Август, 2025   |   9 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:48
Қуёш
05:20
Пешин
12:34
Аср
17:31
Шом
19:42
Хуфтон
21:07
Bismillah
03 Август, 2025, 9 Сафар, 1447

“Лайлатул қадр” ва ундаги ҳикматли ишлар

15.06.2017   96721   12 min.
“Лайлатул қадр” ва ундаги ҳикматли ишлар

“Лайлатул қадр” номи умумий тўрт хил маънога далолат қилади:

  1. Ҳукм чиқариладиган кеча. Яъни бу кечада то келгуси Қадр кечасигача бутун йил давомида бўладиган ишларга ҳукм чиқарилади;
  2. Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрли, мартабали кеча. Зеро қадр ва мартаба улуғ нарсаларга нисбатан ишлатилади;
  3. Муборак кеча. Яъни бандаларига Аллоҳ таолонинг раҳматлари ёғилиб, У зотнинг марҳаматига сазовор бўлинадиган кеча;
  4. Саодатли кеча. Яъни ибодатлар кўплаб адо этиладиган саодатли кеча.

“Лайлатул қадр” ҳақидаги хабарлар баён қилинган сура Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим туширилгани ҳақидаги хабар билан бошланган:

 إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ

“Албатта биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик”.

Албатта” дея таъкид билан бошланиши икки хил маънони англатади:

  1. Қуръонни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло нозил қилганини инкор қилувчиларга ёки бунга шубҳа билан қаровчиларга раддия маъносида бу хабар таъкидлаб баён қилинган;
  2. Берилаётган хабарнинг улканлигини билдириш ва уни қабул қилишга ундаш учун таъкидлаб баён қилинган.

Оят давомида “Мен нозил қилдим” дейилмасдан” кўплик шаклида “Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик” дейилиши, нозил қилувчи ва нозил қилинган нарсанинг улуғлигини ифодалайди. Яъни оятда кўплик шаклининг қўлланиши Аллоҳ таолонинг ва каломининг улуғлигига далолат қилади.  

Қуръони каримнинг Қадр кечасида нозил қилиниши маъносини “Қуръон таржимони” унвонини олган Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай тушунтирган: “Қуръон ушбу кечада Лавҳул маҳфуз”дан дунё осмонидаги “байтул изза” (иззатли уй)га тўлалигича нозил қилинган. Сўнгра уни Жаброил алайҳиссалом йигирма уч йил мобайнида турли воқеалар муносабати билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлак-бўлак тарзда олиб тушган”.

Аллома Совий “Жалолайн” тафсирининг ҳошиясида дунё осмонидаги “байтул изза” (иззатли уй) ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Жаброил алайҳиссалом Қуръонни шу кечада дунё осмонидаги фаришталарга ўқиб берган ва улар уни дунё осмонида турган саҳифаларга ёзишган. Дунё осмонидаги мазкур саҳифалар турган жой “Байтул изза” (иззатли уй) дейилади”.   

Уламолар Қуръони каримнинг бундай босқичларда нозил қилинишининг ҳикматини қуйидагича тушунтирганлар: “Қуръони каримнинг дастлаб “Байтул изза”га тўлалигича туширилиши хабари унинг ҳаммаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берилишини англатган. Шу маънода бу хабар  у зотни шодлантириш учун бўлган. Йигирма уч йил мобайнида бўлак-бўлак қилиб туширилиши эса бандаларнинг қалбларини унга мослаштириш ва унинг ҳукмларини қабул қилишни енгиллаштириш маъносидаги илоҳий илтифот бўлган”.   

Имом Замахшарий “Кашшоф” тафсирида қуйидагиларни ёзган: “Аллоҳ таоло ушбу сурада Қуръоннинг улуғлигини уч жиҳатдан намоён қилган:

  1. Нозил қилиш нисбатини ўзига бериб “Биз нозил қилдик”, дея уни Ўзига хослаган;
  2. Унинг ҳатто исмини очиқ айтишга ҳам эҳтиёж йўқ даражада машҳур ва маълумлигига гувоҳлик бериб “Қуръонни” демасдан “уни” (Қадр кечасида нозил қилдик) дея замир билан келтирган;
  3. Уни нозил қилган вақтнинг миқдорини (минг ойдан яхшироқдир дея) юксак қилган”.

Келгуси оятда Қуръон нозил қилинган мазкур кечанинг фазилатлари баёнига ўтилган:

وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ

“(Эй, Муҳаммад алайҳиссалом) Қадр кечаси нима эканини сизга нима билдирди?”. Яъни бу кечанинг улуғлигини сизга нима билдирди?

Имом Мотуридий бобомиз бу оятни “Қадр кечаси нима эканини (Биз билдирмасак) сиз билмас эдингиз” маъносида ҳам тушуниш мумкинлигини айтган.

Баъзи уламолар: “Ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериш маъносида туширилган”, деганлар. Оятнинг давомида Қадр кечасининг биринчи фазилати шундай баён қилинган:

لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ

“Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”. Яъни, қадр кечасида қилинган амаллар унда қадр кечаси бўлмаган минг ой яъни саксон уч йилу тўрт ой давомида қилинган амаллардан яхшироқдир. 

Шунингдек муфассир уламолар бу оятдан аниқ минг ойлик вақтнинг баёни эмас балки қадр кечасининг мутлақ улуғлигини кўрсатиш маъноси ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин, деганлар. Зеро миқдор баёни гоҳида муаян ададни эмас бирор нарсанинг яхши ё ёмон сифатларини кўрсатиш маъносида ҳам келади. Худди ўзбек тилида “Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи”, дейилганидек. Шунга кўра бу оят ушбу кечадаги ибодатлар минг ойлик муддатга тенг ибодатлардан кўра яхшироқдир маъносининг ўзини эмас, балки бошқа вақтларда қилинган ибодатлардан мутлақо яхшироқдир маъносини ифодалаши ҳам мумкин бўлади.  

 Оятнинг давомида Қадр кечасининг иккинчи фазилати шундай баён қилинган:

تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ

“Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушади”.

Оятдаги Руҳни аксар муфассирлар Жаброил алайҳиссалом, деганлар. Баъзи уламолар эса Руҳни Аллоҳ таолонинг раҳмати маъносида тушуниш ҳам мумкинлигини айтганлар. Бундай тафсир қилинганда  бу оят: “фаришталар Аллоҳнинг раҳмати билан тушадилар”, маъносида бўлади. “Барча ишлар учун тушади” ояти шу йил давомида қилинадиган ишлар учун тушади маъносини англатади. Яъни аслида фаришталар Аллоҳ таолонинг бандаларига нима тақдир қилганини билмайдилар. Эҳтимол улар ана шу кечада мазкур ишлардан хабардор қилинадилар ва Аллоҳ таолонинг амри билан ўша ишлар учун ерга тушадилар.  

“Лайлатул қадр” кечасида келгуси шу кечагача бутун йил давомидаги  барча ишлар ажрим қилиниши Духон сурасида бундай хабар берилган:

فِيهَا يُفْرَقُ كُلُّ أَمْرٍ حَكِيمٍ

“У (муборак кеча)да барча ҳикматли ишлар ажрим қилинади” (Духон сураси, 4-оят). 

Ушбу оятдаги “ажрим қилинади” маъносидаги оятни Аллома Совий: “Тасарруф қилишга вакил қилинган фаришталарга барча мубрам (ўзгармайдиган) ишлар баён қилинади”, дея тафсир қилган. Шунга кўра бу кечадаги ажримни “Лавҳул маҳфуз”даги битикдан бир йилга тегишли миқдори мазкур фаришталарга билдирилади, маъносида тушунилади.     

Фаришталарнинг Қадр кечасида ерга тушишларининг ҳикматлари ҳақида Ваҳба Зуҳайлий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни ёзган: “Фаришталар шу кеча ердаги турли турли тоат ибодатларни кўрадилар ва гуноҳкор бандаларларнинг  мағфират сўраб ёлвориб илтижо қилаётганларини эшитишади ва бир-бирларига: “Келинглар бизнинг тасбеҳларимиздан кўра Роббимизга севимли бўлган овозларни эшитамиз”, деб ерга тушишади.

Шунингдек фаришталарнинг ерга тушишлари бу кечада ерда қилинган тоатларга алоҳида хос фазилатлар ато қилиниши сабабли бўлиши ҳам мумкин. Худди ер юзининг барча жойлари ичида Масжидул ҳаромда қилинган ибодатларга алоҳида хос фазилатлар ато қилинганидек. Шунга кўра фаришталарнинг бу кечада ерга тушишлари ўша фазилатларга эришиш учун бўлиши ҳам мумкин”.

Оятнинг давомида бу кечанинг учинчи фазилати қуйидагича баён қилинган:

 سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ

“У то тонг отгунича саломатликдир”.

Ушбу оятдаги “У саломатликдир” сўзини аксар муфассирлар “у саломат бўлинадиган кеча” деб тафсир қилганлар. Яъни қуёш ботгандан то тонг отгунича бу кеча турли офат балолардан саломатлик бўлади.

Заҳҳок: “Аллоҳ таоло бу кечада фақат саломатликни тақдир қилади, бошқа кечаларда эса балоларга ҳам саломатликка ҳам ҳукм қилади”, деган.

Бази уламолар “У саломатлик”ни “фаришталар қанотларини силкитиб Аллоҳ таолонинг бандаларига саломи, раҳмати ва мағфиратини йўллаб турадилар” маъносида тафсир қилганлар.

“То тонг отгунича” сўзини Мотуридий бобомиз қуйидаги маъноларда ҳам тушуниш мумкинлигини айтган:

– мазкур баракалар то тонг отгунча давом этади;

– то тонг отгунича салом айтилиб турилади;

–  то тонг отгунича фаришталар ерда бўлиб турадилар.

Ҳар бир мўмин киши ундаги фазилатларига эришишни орзу қиладиган ушбу улуғ кечанинг айнан қайси кечалиги ҳақида турли ривоятлар келган:

  • Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан қидириш лозимлиги айтилган;
  • Имом Таҳовий Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Рамазоннинг аввалги ёки охирги ўн кунлигида экани айтилган;

– Имом Бухорий ва имом Муслимлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқларидан излаш  хабар берилган;

  • Имом Абу Довуд Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда йигирма еттинчи кеча экани очиқ айтилган;
  • Машҳур саҳобий Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: “Кимки йил давомида қоим бўлса Қадр кечасини топади”, деган гапи айтилганда, Убай ибн Каъб: “Абу Абдурраҳмонни (Абдуллоҳ ибн Масъуднинг куняси) Аллоҳ раҳматига олсин, Аллоҳга қасамки албатта у Қадр кечасини Рамазоннинг ичида эканини билган, лекин уни гапиришларини ёқтирмаган. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки у Рамазоннинг ичида, йигирма еттинчи кечададир”, деган.

Баъзи ориф зотлар Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу қасам ичиб айтган ушбу гапларини Қадр сурасида келган ишоралар қўллаб-қувватлашини айтганлар. Бу ҳақида Аллома Совий “Жалолайн” тафсирининг ҳошиясида қуйидаги ишораларни келтирган:

– Қадр сурасидаги калималарнинг адади Рамазон кунлари сингари ўттизтадир. Унда келган هِيَ  (у) қалимаси эса йигирма еттинчи калимадир.

  • لَيْلَةِ الْقَدْرِ (Қадр кечаси) маъносидаги калималарнинг ҳарфлари тўққизта бўлиб, ушбу калималар сурада уч марта такрорланган. Учта тўққиз эса йигирма етти бўлади.

Аслида Қадр кечасининг ҳаммага қатъий равишда аниқ билдириб қўйилмагани ҳам Аллоҳ таолонинг яна бир раҳматидир. Зеро бандаларга уларнинг қачон вафот этишлари ва қиёмат вақти махфий қилингани сингари Қадр кечаси ҳам махфий қилинган. Чунки унинг вақтини аниқ билмаслик бутун ой давомида ғафлатда қолмасликка ва ҳамиша тоат ибодатларга ғайрат қилишга ундаб туради.  

Шунинг учун Рамазон ойи давомида доимо қуйидаги дуони ўқиб юришга одатланиш тавсия қилинади:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ أَرَأَيْتَ إِنْ عَلِمْتُ أَيَّ لَيْلَةٍ لَيْلَةَ الْقَدْرِ مَا أَقُولُ فِيهَا ؟ قَالَ:قُولِي: اَللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّا تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули агар мен қайси кечанинг Қадр кечаси эканини билсам у кечада нима деб дуо қилай”, дедим. У зот: “Аллоҳумма иннака афвуввун туҳиббул афва фаъфу анний” (Эй Аллоҳ, албатта сен ўта афв қилгувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қилгин), деб дуо қилинг”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Аллоҳим, бизларни Қадр кечасининг фазилатларига муваффақ қилгин, гуноҳлари кечирилган бандаларинг қаторига қўшгин. (Амийн).

Ўта афв қилгувчи меҳрибон Роббимизга ҳамду санолар, У зотнинг элчиси бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин!  

Абдулқодир Абдур Раҳим

Рамазон
Бошқа мақолалар

Эн оғир ҳаром

01.08.2025   4203   9 min.
Эн оғир ҳаром

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Етимнинг ҳаққини ейишнинг катта гуноҳ, оғир жиноят ва ўта кетган пасткашлик эканини ҳеч ким инкор қилмаса керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Етимларнинг мол-мулкларини зулм билан еган кимсалар қоринларига дўзахни ебдилар, холос» (Нисо сураси, 10‑оят), дея бежизга таҳдид қилмаган.

«Фалончи етимнинг пулини ўмарибди», дейилса, ҳар қандай виждонли одам ўзи билган энг оғир гаплар билан уни қарғаши, ҳақорат қилиши табиий.

Бироқ, шариат ва воқелик нуқтаи назари билан қарасак, етимнинг ҳаққини ейишдек яна бир катта гуноҳ, оғир жиноят бор, аммо негадир кўпчилик унга бепарво. Бу ‒ омманинг молидан ноҳақ, ўғрин-ча, ейишдир.

Очиғини айтиш керак, постсовет мамлакатларда давлатнинг мулкини ўмариш одат тусига кириб, одамларнинг қон-қонига сингиб кетди. Одамлар давлатнинг мулкини худди эгасиз молдек тасаввур қиладиган бўлиб қолган. Давлатнинг мулкидан ўғрилаётганлар ўзини ҳеч ноқулай ҳам ҳис қилишмайди, худди отасидан қолган боғдан олма егандек, халқ мулкини бемалол ўпқонига тиқаверади. Ўрни келса, бу борада мусобақалашиб ҳам кетишади.

Бунинг бир қатор сабаблари мавжуд бўлиб, шулардан бири биздаги замонавий давлатчиликнинг тарихий илдизига бориб тақалади. Даҳрийлар инқилоб қилиб, Русия ҳукуматини ағдарди, уларнинг тож-тахтини, мол-мулкини талон-тарож қилиб, тортиб олди. Кейин бу талончилик давом этиб, кенгайиб, бутун бир халқнинг юқори қатламига тегишли барча нарса мусодара қилинди. Даҳрий тузумга қарши чиққанлар, зиёлилар, ҳур фикрли, онгли кишилар халқ душмани деб эълон қилиниб, ўлдирилди, қамалди, сургун қилинди. Шунинг учун ўша пайтдаги мазлум қатлам бу давлатга нисбатан аламзада бўлиб қолди, «давлат менинг насабимни, мавқеимни, мол-мулкимни тортиб олди, энди мен ҳам давлатникини совураман, чунки унда менинг ҳаққим бор» деган тушунчада бўлди. Совет даврининг охирига бориб, ниҳоятда оммалашган бу тушунча бутун халққа сингиб, давлатнинг мулкини ўғирлаш оддий иш бўлиб қолди, ҳатто уддабуронлик ҳисоблана бошлади.

Шу зайлда давлат халқнинг мулкини, халқ давлат мулкини талон-тарож қилишга одатланиб қолди. Буларнинг барчаси давлат билан халқ ўртасида жарлик, беаёв душманликни янада чуқурлаштириб юборди. Бугун ҳам мана шу руҳият кўп жойда ҳукмрон. Бу, Қуръон таъбири билан айтганда, халқнинг ўз-ўзини ўлдиришидир (Нисо сураси, 29-оятга ишора).

Минг афсуски, мустабид тузум парчаланиб, юртимиз мустақил бўлса ҳам, жуда кўпчиликда давлатнинг мулкига нисбатан ана шундай нотўғри муносабат сақланиб қолди. Жамиятни бугунгача зимдан қўпориб, емириб, заҳарлаб келаётган коррупция, порахўрлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш, бировларнинг мулкини алдов ёки фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш ана шу манфур тузумдан қолган разил сарқит, десак, хато бўлмайди.

Аслида давлат мулки омманинг моли бўлиб, уни ноҳақ ва яширинча олиш энг оғир ҳаромлардан саналади.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда омманинг молидан яширинча олиб ейиш «ғулул» дейилади. Бу сўз одатда ўлжа тақсимланмасдан олдин ундан бирор нарсани махфий равишда олишни билдиради, лекин уламолар бу нарса омманинг молидан яширинча ейишнинг барча кўринишларини ўз ичига олишини таъкидлашади.

Руммоний айтади: «Ғулул сўзи «ғолалун» сўзидан олинган бўлиб, аслида сувнинг дарахтлар орасига сингишига айтилади. Хиёнатда мулкка одамлардан махфий суратда, ҳалол бўлмаган йўл билан кирим бўлгани учун бу гуноҳ «ғулул» деб аталган».

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:

«Кимки ғулул қилса, ўлжага хиёнат қилса, Қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келади. Сўнгра ҳар бир жон қилган қилмишини(жазосини) тўлиқ олади. Уларга зулм қилинмас».

Демак, ким омманинг мулкидан яширинча бирор нарса олса, Қиёмат куни маҳшаргоҳга ўша нарса бўйнига осилган ҳолда келади, одамлардан яшириб қилган хиёнати барчага ошкор этилади. Бу ҳолатнинг тафсирини бевосита ҳадиси шарифда ўқишимиз мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда туриб, ғулул ҳақида сўзладилар. Унинг гуноҳи катталигини, иши оғирлигини гапириб, шундай дедилар: «Қиёмат куни бирортангиз елкасида маъраётган қўй билан, кишнаб турган от билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» деганини кўрмайин! Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, сенга (ҳукмларни) етказганман», демайин. Елкасида ўкириб турган туя билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», деб турмайин. Елкасида унсиз нарса билан келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», демайин. Ёки елкасида ҳилпираб турган бир парча латта билан келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қутқаринг!» демасин. Мен ҳам: «Сен учун ҳеч нарса қўлимдан келмайди, мен етказганман», демайин».

Бухорий ва Муслим ривояти.

Бу ҳадиси шарифда ким омманинг молидан нимани ўғирлаган бўлса, Қиёмат куни ўшани елкасига ортган ҳолда келиши, унга ҳатто шафоатчиларнинг пешвоси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёрдам бера олмасликлари таъкидланмоқда. Бундан оғир ҳолат бўлмаса керак.

Омманинг мулкидан ўмаришнинг катта-кичиги бўлмайди, барчаси ҳаром ва оғир гуноҳ ҳисобланади. Имом Бухорий «Саҳиҳ»да бу ҳақда алоҳида боб очиб, уни «Ғулулнинг ози ҳақида», деб номлайди ва унда бундай хиёнатнинг ози ҳам оғир гуноҳ эканига далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтиради:

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларига Киркира деган киши мутасадди эди. У вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У дўзахдадир», дедилар. Бориб қарашган эди, бир абоа (чопонга ўхшаш устки кийим) топиб олишди. У буни ўлжага хиёнат қилиб олган экан».

Омманинг молидан ҳақсиз равишда, яширинча олиш ҳатто шаҳидни ҳам дўзахга улоқтиради. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Бир қул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларини тушираётган эди, тўсатдан дайди ўқ келиб, ўша қулга тегди. Одамлар: «Унга шаҳидлик қутлуғ бўлсин!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Хайбар куни ўлжалардан улушлар тақсим бўлмай туриб олган шамласи (ўраниб олинадиган устки кийим) унинг устида олов бўлиб ловуллайди», дедилар. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан буни эшитган заҳоти бир пойабзал ипини олиб келиб, «Мен мана шуни олган эдим», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу дўзахдан (олинган) пойабзалнинг ипи!» дедилар».

Қаранг, ким омманинг молидан бирор нарса олса, дўзахдан ўшанча улуш олган ҳисобланар экан. Бир ип олса, дўзахдан бир ип, бир кўйлак олса, дўзахдан бир кўйлак олган бўлади. Бу маъно бошқа ҳадисларда ҳам таъкидланади.

Имом Термизи Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаромдан битган ҳар бир эт дўзахга муносибдир», деганлар.

Имом Бухорий Хавла Ансорийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳнинг молига ўзини ноҳақ урадиган кишиларга Қиёмат куни дўзах бўлади», деяётганларини эшитганман».

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадисни шарҳлар экан, «Яъни мусулмонларнинг мол-мулкини ботил тасарруф этадиганлар», дея изоҳлайди.

Демак, мусулмонларнинг молига масъул бўлган киши уни ўзига эмас, бировга ноҳақ берса ҳам, ўзига дўхазни сотиб олган бўлар экан.

Бу ҳадиси шарифда эътибор бериладиган яна бир нукта шуки, омманинг моли Аллоҳнинг моли ҳисобланар экан. Бинобарин, халқнинг мулкини ўмараётган кимса Аллоҳнинг молидан олаётганини унутмаслиги керак.

Кимдир «Нима учун омманинг моли етимнинг ҳаққига тенглаштирилмоқда?» дейиши мумкин. Бунинг сабаби жуда оддий. Омманинг молида етимнинг ҳаққи бўлиши тайин, чунки умумий бойликда бутун халқнинг ҳаққи бор, жамиятда эса етимлар бўлиши табиий. Бинобарин, омманинг мулкидан ноҳақ олган киши қайсидир етимнинг ҳаққини ҳам олган бўлади. Аммо у қайси етимнинг қанча ҳаққини олганини била олмайди ва шу жиҳатдан бунинг гуноҳи янада оғирроқ бўлади. Бу гуноҳнинг тавбаси чин қалбдан надомат чекиш, бу ишни қайтиб қилмасликка қатъий жазм қилишдан ташқари ўша ноҳақ олинган молни тўлалигича ўз жойига қайтариш билангина бўлади.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид