Ҳар йили мусулмонлар томонидан интиқиб кутиладиган, Аллоҳ таолонинг ойлари ичида энг суюклиси бўлмиш Рамазоннинг ҳам ярми ортда қолди. Ҳар бир инсон билиб-билмай кичик ва катта гуноҳлар қилади, жуда бўлмаса бировнинг кўнглини оғритиб қўяди, ҳаққига хиёнат қилиб қўяди. Аллоҳ таолонинг ваъда берган марҳаматига ихлос ила, ана шу ишлардан покланиш ҳамда онадан янги туғилган каби бегуноҳ бўлиб чиқиш мақсадида ушбу ойга доим интиқ бўлади. Аллоҳ таолонинг марҳаматининг кенглигини қарангки, ҳар йили бандасига янгидан имкон беради, йилда бир маротаба уни тозалайди, поклайди. Биз инсонлар эса бундан ҳар йили фойдаланаверамиз, фойдаланаверамиз. Худди она фарзандини оқ ювиб, оқ тараб кўчага чиқариб юборгандан кейин унинг кўча-куйда ўйнаб, яна кир-чир бўлиб келганидек. Чунки бола уйда уни яна ювиб-тараб қўядиган онажони борлигига ишонади-да. Шу каби, инсон ҳам Кечиргувчи Аллоҳ таолога шу каби “эркалик” қилса керак. Лекин афсуски, бу унинг сўнгги Рамазони бўлиши мумкинлигини доим ҳам англай олмайди.
----- Ўн беш кундан бери саҳарликка ҳам ифторликка ҳам алоҳида тадорик. Мана ҳозир ҳам навбатдаги ифторликка она қизи билан ошхонада тайёргарлик кўраяпти. Ифтор дастурхони деганда, турли нозу-неъматлар, дастурхонга сиғмай кетадиган таомлар эмас, балки меъёрида, исрофдан нари бўлган дастурхон. Ана ота ҳам қўлида тарвуз кўтариб ишдан қайтди. Оила отани илиқ табассум ила кутиб олди. Ўғил отанинг қўлидан тарвузни олиб ошхонага олиб кирди. Ифторлик вақти бўлиб ота-она ва улардан ўрнак олаётган икки фарзанд Аллоҳ таолонинг ваъда берган мағфиратидан умид қилган ҳолда, узундан-узун дуо қилиб оғизни ҳам очдилар. Ана шу лаҳзалардаги роҳатни тил билан таърифлаб бўлмаса керак. Буни фақат бошдан ўтказиш керак. Шом намозини адо этиб таомлангандан сўнг таровиҳ намозига ҳаракат бошланди.
“Қуш уясида кўрганини қилади” деганларидек, қандай гўзал намуна.
----- Саҳарликка яқин вақт. Она чанқади шекилли, ошхонага сув ичгани чиқди. Ошхонанинг эса чироғи ёқиқ, қизи саҳарлик қилиш билан овора:
- Бугун ҳам рўза тутмоқчимисан? Ахир, ўқишга борасан, толиқиб қоласан. Оч қоринга дарсларни тушуна олмайсан. Ҳали улгурасан рўза тутишга, ҳозир фақат ўқишинг ҳақида ўйлашинг керак. Сен ёшсан, каттароқ бўлганингда тутарсан.
- Ойижон, кўпчилик рўза тутаяпти. Мен ҳам саҳарлик ва ифтор қилганимда ҳамма-ҳамма тилакларимни айтаяпман, ўқишимни аъло баҳоларга битиришимни ҳам Аллоҳ таолодан сўраяпман. Сиз хавотир олманг, қийналмаяпман, ойижон.
Фарзандга тўғри йўлни кўрсатадиган, нима тўғри-ю, нима нотўғри эканлигини илк таълим берадиган ва ўрнак бўладиган ота-она эмас-ми?
----- Рамазон ойи давом этмоқда. Бу хонадондан эса афсус унинг таровати таралмаяпти. Ҳар кунги кундалик тартибдаги ҳаёт давом этмоқда. Эрталаб нонушта, ўқишда ва иш жойида тушлик, кечки овқатнинг ифтор вақтига умуман алоқаси йўқ. Худди осмондан ерга таралган Рамазоннинг нури қалин парда тортилган ушбу хонадоннинг деразасидан кира олмагандек.
Аллоҳ таолодан барчамизнинг қалбимизни Рамазон каби барча марҳаматлари билан тўлдиришини сўраймиз.
----- Йўналишли таксининг ичи тўла. Ҳайдовчи рулга ўтириб машинани ўт олдирди ва шу вақтнинг ўзида папиросини ҳам тутатди. Машина деразаси очиқ бўлгани билан шамол ҳам атай қилгандек ҳамма тутунни ичкарига ҳайдади. Ҳаммаёқ папирос ҳидига тўлди. Шунда кекса онахон ҳайдовчига қараб деди:
- Ўғлим, шу папиросингни машинага ўтиришингдан олдин чексанг бўлмайдими? Ҳаммаёқни тутатиб юбординг-ку? Бу тутинни ҳидлаб биз ҳам заҳарланишимизни қўя тур, ахир ҳозир Рамазон ойи бўлса, орамизда қанча рўзадорлар бор. Наҳот Рамазонга ҳурматинг йўқ?
Ҳайдовчи бир энсасини қотиргандек бўлдими ёки уялдими, секин папиросини деразадан улоқтирди.
Бироз вақт ўтмасдан худди келишиб олгандек, орқа ўриндиқда кимдир писиллатиб газли ичимлигини очди.
Ким нима учун Рамазон рўзасини тутмаётганининг минг бир сабаби бордир. Лекин, орамизда рўза тутмайдиганлар бўлса-да, унинг моҳиятини билмасликларига ишонмайсиз. Чунки бу ҳақида оммавий ахборот воситалари томонидан ҳар куни қанчадан-қанча маълумотлар бериб борилмоқда, кўрсатувлар намойиш этилаяпти. Наҳот, Рамазоннинг ҳурматини қилиш шунчалар мушкул бўлса?
Хулоса ўрнида... Бир неча йиллар олдин, кўп қаватли уйнинг олтинчи қаватида яшаган пайтларимиз деразадан қараганда бошқа бир неча кўп қаватли уйлар кўриниб турар эди. Рамазон ойининг биринчи кунларидан бошлаб саҳарликка турганимизда доим деразадан ташқарига қарардим. Қоронғи бўлганлиги сабабли ошхона чироқлари ёқиқ бўлган, саҳарликка уннаган хонадонларни санаш қийин эмас эди. Бугун қанча одам рўза ҳаракатида эканлиги билинарди. Рамазон охирлаб борган сари баъзи чироқлар ёнмай бошларди, сафимиз камайгани яққол кўринарди.
Аллоҳ таолодан қалбимиздан ҳидоятини дариғ тутмаслигини, Рамазоннинг сўнгги кунларигача иҳлосимизни бардавом қилишини ва ғафлат гирдоби ўз домига тортишидан паноҳ сўраймиз.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва
Ҳадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
ўқитувчиси Саодат Валиева
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.
Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!
Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.