frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Маккада кучли ёмғир ёғди

13.04.2023   4628   1 min.
Маккада кучли ёмғир ёғди

Шу кунларда Масжидул Ҳаром ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам масжиди ишлари бўйича Бош раҳбарият давлат идоралари билан ҳамкорликда Байтуллоҳ зиёратчиларининг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш мақсадида фавқулоддаги режаларини фаоллаштирди. Унда Ҳаром масжиди ҳудудида кучли ёмғирлар келтириб чиқарадиган турли нохушликларни олдини олиш ва зиёратчиларга қулай шароитлар ташкил этиш ўрин олган.

Бунинг учун Байтуллоҳ хизматлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идораси вакиллари Масжидул Ҳаромда кучли ёмғирли вазиятларни бартараф этиш ва муаммога йўл қўймаслик мақсадида 200 дан ортиқ назоратчи ва кузатувчи, 4000 нафар эркак ва аёл ишчи ҳамда 500 дан ортиқ техникани жалб қилди.

10 апрель куни Маккадаги зиёратчилар кучли ёмғир остида қолишди. Каъбани тавоф қилиш вақтида Маккада ёмғир ёға бошлади ва зиёратчилар сув оқимлари остида зиёратгоҳ атрофини айланиб чиқишда давом этди, деб ёзади “Islam news”  матбуоти “ал-Aрабия” телеканали хабарига таяниб. Кўпчилик зиёратчилар бу пайтда айтиладиган махсус ёмғир дуоларини ўқишди.

Бу пайтда хавфсизлик ва биринчи тиббий ёрдам ходимлари ёмғир билан боғлиқ ноқулайликлар олдини олиш учун чора кўришди.

 

ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ироқлик олим Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлди

14.07.2026   4289   2 min.
Ироқлик олим Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлди

"Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли" I Халқаро ислом форуми доирасида юртимизга ташриф буюрган Ироқдаги Имом Аъзам Нўмон ибн Собит университети доктори Фаҳмий Аҳмад Абдураҳмон Қаззоз Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига келди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов меҳмонни дастлаб Имом Бухорий музейи фаолияти, олим ва тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан таништириб, алломанинг илмий сафарлари ва бугунги кунда юртимиз фондларида сақланаётган асарларининг нусхалари ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, Имом Бухорийнинг Боғдодда имтиҳон қилиниши акс этган экспозиция меҳмонда катта таассурот қолдирди.

Марказ кутубхонаси билан танишув давомида ироқлик олим ўзининг йиллар давомида ёзган 20 га яқин китобини Марказ фондига тақдим этди. Мавзулари ранг-баранг бўлган бу асарлар фиқҳ, ақида ва ҳадисларга бағишланган бўлиб, айримларида ёт унсурларнинг бузғунчи ғоялари асоссизлиги ва фақат ғаразли мақсадлар хизмат қилиши очиб берилган.

Мулоқот давомида ҳамкорликда Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросини тадқиқ қилиш, олимларимиз изланишларининг натижаларини ўзбек ва араб тилларида нашр этиш, Марказ илмий ходимлари билан биргаликда қўшма илмий лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда халқаро семинарлар ташкил этиш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз: доктор Фаҳмий Аҳмад Ироқда Zoom дастури орқали минглаб талабаларга ҳадис илмлари ва "Ал-Жомеʼ ас-саҳиҳ" асари бўйича "Хатмул кутуб" асосида сабоқ бериб келади.

Учрашув якунида меҳмон Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Марказ раҳбарияти томонидан олимга Имом Бухорийнинг ўзбек тилига таржима қилинган "Халқу афъолил ибод" асари туҳфа этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Ироқлик олим Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлди
Ўзбекистон янгиликлари