Рамазон ойи давомида Россия Федерация шаҳарларида таровеҳ намозларини ўқиб бериш учун юртимиздан жўнаб кетган қориларимиз хатми Қуръонларни зўр иштиёқ билан давом эттирмоқдалар.
Куни кеча вакилларимиз таровеҳ намозларини адо этиб бераётган масжидларда жума намозларини ўқиб бердилар. Қориларимиз жума маърузаларида Рамазон ойининг фазилатлари, Рамазон рўзаси ҳақида Қуръон ва ҳадисларда келтирилган оят ҳамда ҳадислар асосида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, маъруза давомида мусулмонларнинг турли бузғунчи оқимлар гирдобига тушиб қолмасликлари, бунинг учун амалга ошириш лозим бўлган ишлар ҳақида айтиб ўтдилар.
Жума намозларида фақат эркаклар йиғилишини инобатга олиб, жума намозидан сўнг аёллар учун алоҳида йиғилиш ўтказилиб, уларни ҳозирги глобаллашув ва таҳликавий даврда ёшлар ва аёлларни турли нотўғри ақидавий ҳуружлардан сақланишлари ҳақида гапириб ўтилди. Бунда уларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси нашрларидан бўлган “ИШИД фитнаси” китоби яхши қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг олий мезони ва халқимизга хос азалий қадрият эканлигининг далолатидир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Зиёрат давомида Диний идора тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларга ибрат бўлган устозлар уйларига борилиб, уларга эҳтиром билдирилди. Ҳадялар улашилди.
Шу билан бирга, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон домла Алимов, Абдураззоқ ҳожи Юнусов, Анвар қори Турсунов каби марҳум улуғларимизнинг хонадонларига борилиб, оила аҳллари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бундай тадбирлар жойлардаги вакилликлар томонидан ҳам амалга оширилиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар орқали Ислом динида ўтганлар хотирасига эҳтиром, тирикларни қадрлаш, устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли анъаналар бардавом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати