Муқаддас ислом динимизда оила масаласига алоҳида эътибор билан қаралган. Зеро, оила ҳар бир жамиятнинг илиги ҳисобланади. Ўзаги мустаҳкам жамиятнинг ўзи ҳам мустаҳкам бўлади.
Куйида ҳар бир ишларида намуна бўлган Зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умр йўлдош сифатидаги намуналарни ибрат учун эслаб ўтсак.
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
“(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21 оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният ичра хулқлари ва одоблари энг гўзал Зотдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда таъкидлаб:
وَإِنَّكَ لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيمٍ
“Сиз энг буюк хулқ узрадирсиз”, дея марҳамат қилган (Қалам сураси, 4 оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу буюк хулқлари билан оилавий ҳаёт кечирганлар ва Раббимизнинг аёллар борасидаги:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ
“Улар билан яхшиликла яшангиз”, деган илоҳий фармонини амалда кўрсатиб берганлар (Нисо сураси, 19 оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларига жуда меҳрибон ва раҳмли бўлганлар. Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда кетаётган эдик. Бир ялангликка етганимизда тўсатдан мунчоғим узилиб тушиб қолди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қидириш учун тўхтадилар. Одамлар ҳам тўхташди. Ҳолбуки ичишлик учун на одамларда, на бир яқин атрофда сув бор эди. Одамлар Абу Бакрнинг олдига бориб:”Оишанинг нима қилганини кўрмайсизми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва У зот билан бирга одамларни ҳам тутиб қолди-ку! Одамлар суви бор жойда ҳам эмаслар, ўзлари билан сувлари ҳам йўқ”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чарчаб тиззамга бошларини қўйиб ухлаб қолдилар. Шу пайт отам Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб: “Шундай тақчиллик нозик пайти ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тўхтатасанми?” – деб мени койидилар. Койиш асносида мени шундай турткилардиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб кетмасинлар деб зўрға қимирламай ўтирардим. У зот ҳам ухлаб туриб, сувсиз бўлиб қолгандилар. Шунда Аллоҳ таоло таяммум оятини нозил қилди. Дарвоқе, Усайд ибн Хузайр: “Эй Абу Бакрнинг оиласи, сизларнинг баракангиз туфайли!” – деди. Оиша розияллоҳу анҳо сўзларида давом этиб: Кейин мен минган туяни турғизган эдик, мунчоғимни ўшанинг тагидан топдик” (Имом Бухорий ривояти).
Эътибор берган бўлсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биргина мунчоғни деб чанқоқлик пайтида ҳам одамларни тўхтатиб уни излашга тушганлар.
У зот алайҳиссалом бирор марта бировга қўпол сўз айтмаганлар, ҳеч кимни хақорат қилмаганлар, қўл кўтармаганлар, қувватларини фақатгина Аллоҳнинг йўлида сарфлаганлар. Бу меҳр-шафқатни тўғрироқ тасаввур қилиш учун баъзи статистик маълумотни келтириб ўтамиз: Мусулмон бўлмаган, айни вақтда пешқадамликни даъво қилаётган баъзи мамлакатлар аҳолиси орасида 70% эркаклар ўз аёлларини урар ва шу калтакланган аёлларнинг 83%и оғир аҳволда шифохоналарга тушар экан. “Маданият”ни даъво қилаётган юртларда аёллар ҳуқуқи ана шу аҳволда.
Энди яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига қайтайлик. Бир куни сафарда София онамиз минган улов орқада қолиб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келганларида София онамиз йиғлаб: “Мени секин юрадиган уловга миндирибсиз”, - дейдилар. Набий алайҳиссалом эса онамизнинг кўз ёшларини артиб, юпатдилар (Насаий ривояти).
Пайғамбаримизнинг ўз аҳли аёлларига нисбатан муомалалари худди шундай меҳрибонлик ва ғамхўрлик билан йўғрилган эди.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида Оиша розияллоҳу анҳонинг баланд овозда гапираётганлигини эшитди ва яқин келиб: “Эй Умму Румоннинг қизи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида ҳам овозингни баланд қиласанми?!” – дея койидилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларини ажратдилар ва кетгач: “Сен билан ҳалиги кишининг орасини ажратганимни кўрдингми?” – дедилар. Бироз вақт ўтгач Абу Бакр розияллоҳу анҳу қайта келиб, киришга изн сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизни кулдириб ўтирган эдилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Жанжалларингизга шерик қилганингиздек, қувончингизга ҳам мени қўшинглар”, - дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барчага бир хил гўзал муомалада бўлганлари каби аҳли аёллари билан ҳам ана шундай намунали ҳаёт кечирганлар. Бугунги кунда ҳар биримиз У зотдан ўрнак олсак, жамиятимиз қандай ҳам гўзал ва фаровон бўлар эди!
Жалолиддин Ҳамроқулов
Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафендраси мудири,
Тошкент шаҳар“Новза” жоме масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ражаб ойида истиғфор айтишни кўпайтиринг. Чунки бу ойнинг ҳар бир соатида дўзахдан озодлик бор” (Дайламий ривояти. Ал-Фирдавс (81/1. 247).
أَسْتَغْفِرُ اللهَ
Ўқилиши: “Астағфируллоҳ”.
أَسْتَغْفِرُ اللهَ وَأَتُوبُ
Ўқилиши: “Астағфируллоҳа ва атуубу илайҳ”.
أَستغفِرُ اللهَ الَّذي لا إلَهَ إلَّا هو الحيُّ القيُّومُ وأَتوبُ إليه
Ўқилиши: “Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа иллаа ҳувал ҳайюл қаййум ва атуубу илайҳи”.
رَبِّ اغْفِرْ لِي وَتُبْ عَلَيَّ إِنَّكَ أَنْتَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ
Ўқилиши: “Роббиғфир лий ва туб ъалаййа иннака антат тавваабур роҳийм”.
سُبْحَانَكَ وَبِحَمْدِكَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ
Ўқилиши: “Субҳаанака ва биҳамдика астағфирука ва атуубу илайк”.
سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ
Ўқилиши: “Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду аллаа илаҳа иллаа анта астағфирука ва атуубу илайк”.
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
Ўқилиши: “Аллоҳумма иннака афуввун кариймун туҳиббул афва фаъфу ъанний”.
أَللَّهُمَّ مَغْفِرَتُكَ أَوْسَعُ مِنْ ذُنُوبِي وَرَحْمَتُكَ أَرْجَى عِنْدِي مِنْ عَمَلِي
Ўқилиши: “Аллоҳумма мағфиротука авсаъу мин зунуубий ва роҳматука аржаа ъиндий мин ъамалий”.
أسْتغفرالله ربي من كلّ ذنبٍ وأتوبُ إليه
Ўқилиши: “Астағфируллоҳа Роббий мин кулли занбин ва атуубу илайҳ”.
Даврон НУРМУҲАММАД