Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Ноябр, 2024   |   03 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:38
Қуёш
06:58
Пешин
12:12
Аср
15:33
Шом
17:17
Хуфтон
18:32
Bismillah
04 Ноябр, 2024, 03 Жумадул аввал, 1446

Албанияда Рамазон

9.06.2017   65032   1 min.
Албанияда Рамазон

Муборак Рамазон ойини кутиб олишда халқларнинг ҳар бирининг ўзига хос урф-одатлари ва анъаналари мавжуд. Европа қитъасида жойлашган Албания давлати мусулмонлари ҳам Рамазон ойини шоду-хуррамлик билан қаршилашади. Албан халқи Рамазон ойи келиши билан қайси дин вакили бўлишига қарамай, қўшниларига таомлар тарқатади, меҳмонлар учун зиёфат дастурхони ёзади. Бу муборак ойда қилинадиган одат тусига  кирган энг яхши расм-русумлардан бири – қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш, борди-келди зиёратларини уюштириш ва жамоат учун ифторлик дастурхонларини ёзишдир.

Албаниялик мусулмонлар Рамазон ойида ифторлик дастурхонига гўшт билан тухум қўшилган таомлар, узум ва олхўри шарбати, ловия, карам, картошка ва ҳар хил зираворлардан тайёрланган суюқ таомлар тортиқ қилишни хуш кўришади.

Рамазон ойига ҳозирлик кўриш учун қуруқ гўштлар, ловия олдиндан сақлаб қўйилади. Сут маҳсулотлари бу муборак Рамазон ойида кўп миқдорда истеъмол қилинади. Шунингдек, албанлар қўй, бузоқ ва эчки гўштларини сут ва картошка билан аралаштириб тайёрланган таомларни ҳамда товуқ гўштини қайнатилган гуруч ва сутли патир билан тановул қилишни ёқтиришади.

Шунингдек, Рамазон ойида албанлар “Симс”, “Кадоиф”, “Шакарбаря” ва “Паҳлава” каби махсус ширинликлар тайёрлашади. 

Муҳими улар рўза ибодатини кишининг ўзини ҳар қандай ёмон хулқ ва фаҳш сўзларни гапиришдан узоқ бўлиши деб билиб, бу салбий иллатлардан нафсини тийишга ҳаракат қиладилар. Масжидларда таровеҳ намозида қатнашади, Қуръонни хатм қилишади. Айниқса, албан халқи “Лайлатул қадр” кечасини ўзгача тароват билан қаршилайди. Унда махсус “Ҳосуд” номли ширинлик тайёрлаб, қариндошлар ва қўшниларга тарқатадилар, бир-бирларига эзгу тилаклар билдиришади.   

 Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.

Рамазон
Бошқа мақолалар

Ўзингизга ўлим тилаганмисиз?

1.11.2024   4209   5 min.
Ўзингизга ўлим тилаганмисиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир кун келиб, фарзандларингизни ҳам қарғаб қўйсангиз нима бўлади?

Қиз бола мусибат келганда, қийинчилик пайтида ўзини ўзи қарғашга ўрганиб қолса, афсуски, бу нарса тилига ўрнашиб қолади. Йиллар ўтиб, худди шу ишни фарзандларига ҳам қилмайди деб, ким кафолат бера олади? Бундай ёмон одатга ўрганиб қолган аёл болалари ёшлик қилиб, жаҳлини чиқарса, уларни қарғаб ташлайди, уларга қўшиб, «Худо жонимни олса-ю, шулардан қутулсам» деб, ўзини ҳам қарғайди. Аслида бошингизга тушган ҳар қандай мусибат – Аллоҳнинг синовидир. Ёмон дуоларингиз, қарғишларингиз ижобат бўлиб, афсус-надоматда қоладиган кун келиб қолмасин, бугуноқ ўзингизни ўнгланг! Зеро, ҳаётда фарзандларини дуоибад қилган учун қанча-қанча оилалар хароб бўлган!

 

Ўзингизга ўлим тилаганмисиз?

Бошимизга оғир иш тушиб қолса, кўзимизга дунё қоронғи бўлиб, яшагимиз келмай қолади. Бу – Аллоҳни танимаслик, динни тушунмаслик, ҳаётнинг қадрига етмасликдир. Бундай кимса учун гўё келажак ҳаёти зимистондан иборат, уни ҳеч қандай яхшилик кутмаётгандек туюлади. Гўёки бу ҳаётда бирорта меҳрибони қолмагандек бўлиб қоади. Бундай ҳолатда инсон беихтиёр ўлимни орзу қилиб қолади, бундай азоблардан халос этишини сўраб, Аллоҳ таолога ёлвора бошлайди.

Шу ўринда бир савол туғилади: қаршимиздаги ҳамма эшиклар ёпилиб, яшашдан умидимиз узилиб қолса, бу азоблардан қутулиш учун ўлимни орзу қилишга ҳаққимиз борми ўзи?

Бу саволга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб берганлар:

«Ҳеч бирингиз бирор кулфат туфайли ўзига ўлим тиламасин! Шунда ҳам бошқа чораси қолмаса, «Аллоҳим, агар мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», десин».

Саҳобалар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одоблари билан зийнатланганлар. Шунинг учун ҳаётларининг энг қийин онларида ҳам ўлимни орзу қилмаганлар.

 

Қайсдан ривоят қилинади: «Ҳаббоб ибн Аратни кўргани бордик. У қорнидаги ярага етти марта куйдирма босган экан. Борсак, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ўлим тилашдан қайтармаганларида, ўзимга ўлим тилаган бўлардим», деди» (Имом Бухорий ривояти).

 

Бир қиз айтади: «Гўдаклигимда отам менга Пайғамбаримизнинг «Ҳеч бирингиз зинҳор ўзига ўлим тиламасин», деган сўзларини ўргатганлар. Отам бу ҳадисни менга жуда кўп эслатар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳим, мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», дейишни ўргатганларини яхшилаб ёд олишга ундар эдилар. Отам: «Инсон ҳаётда кўп қийинчиликларга, мусибатларга дуч келиши мумкин. Аллоҳ асрасин, шундай пайт келиб қолса, ҳеч қачон ўзингга ўлим тиламагин! Умидсизликка тушсанг, Аллоҳга таваккул қилгин-да, «Аллоҳим, мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», деб дуо қилгин!» дер эдилар.

Отам бу дуони ёд олишимга нима учун бунчалик ҳаракат қилганларига, ўзига ўлим тиламасликни бунчалик қаттиқ тавсия қилганларига ҳайрон бўлиб юрардим. Йиллар ўтиб, ўсмирлик ёшига етдим. Ўша даврга хос муаммоларга дуч кела бошладим. Ана шунда беихтиёр отамнинг сўзларини эслаб қолдим. Кўпчилик дугоналарим салгина қийналса ҳам, ўзига ўлим тилаётганини кўриб, ҳайрон қолар эдим. Мен ҳам улардек бўлиб қолишим ҳеч гап эмас эди. Лекин отам ўргатган набавий дуолар туфайли Аллоҳ мени бундай қисматдан асради.

Пайғамбаримизнинг ўлимни орзу қилишдан қайтаришларида яна бир гўзал маъно борлигини англаб етдим. Ўлимни орзу қиладиган, яшашни ёмон кўрадиган қиз Аллоҳга ўлим тилаб дуо қилаверса-ю, Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилмаса, ўз жонига қасд қилишга ҳам журъат қилиб қолиши мумкин. Бу эса жуда катта гуноҳ! Ўлим тилашнинг нечоғлик хатарли эканини яхши англаган қиз эса жонига қасд қилиш нақадар ёмонлигини тушуниб, бу ҳақда ўйлашдан ҳам эҳтиёт бўлади. Жуда қайғуга ботиб, умидсизликка, тушкунликка тушиб қолса ҳам, «Аллоҳим, мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», деб дуо қилса, Аллоҳга таваккул қилса, мабодо вафот этиб қолса ҳам, албатта яхшилик бўлади. Аллоҳ унга умр берса, Аллоҳга ишонгани учун «Демак, ҳали ҳаётимда жуда кўп яхшиликлар бор экан», деб яшайди. Аллоҳ таоло банданинг дуосини албатта ижобат қилади. Мана шундай тушунча қиз болани умидсизликдан, жонига қасд қилиш каби хаёллардан асрайди. Мен бу дуонинг фойдасини ҳаётимда жуда кўп синаб кўрганман, бу дуо менга ҳар доим умид бахш этган, мени янада кўпроқ сабр қилишга чорлаган, келажакка умидимни оширган. Албатта, буларнинг барчаси Аллоҳнинг фазлидир».

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.