Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Рўзани бузадиган омиллар

8.06.2017   81746   4 min.
Рўзани бузадиган омиллар

Рўзанинг бузилишига сабаб бўлувчи омиллар асосан иккига бўлиниб, бирида фақат қазо лозим бўлса, иккинчи ҳолатда эса ҳам қазо, ҳам каффорот лозим бўлади. Демак, рўзадор шу омилларни яхши билиши керак бўлади. Агар уларнинг фарқига бормаса (бандачилик билан рўзани бузувчи бирон бир ҳолатларни қилиб қўйса) бўйнига қазо лозим бўлдими ёки ҳар иккаласи  ҳам лозим бўлдими, бунинг ҳам фарқига бормайди.

Қуйидаги амаллар рўзани бузади ва фақат қазо рўза тутиш вожиб бўлади:

  • Рўза сафарга чиқиш, касаллик, ҳайз-нифос ва ақлдан озиш каби сабаблар билан бузилса;
  • Одатда тановул қилинмайдиган нарсалар, масалан, қоғоз ва лой кабилар истеъмол қилинса;
  • Тош, темир, олтин, кумуш ва бошқа қаттиқ жисмлар ютилса;
  • Мажбурият юзасидан еб-ичилса;
  • Ҳали тонг отмади, деб ўйлаб еб-ичиш ёки жинсий алоқа қилиб қўйилса-ю, аслида тонг отиб бўлган бўлса ёхуд кун ботди деган гумон билан оғизни очиб қўйса-ю, бунинг акси бўлиб чиқса;
  • Оғиз ёки бурунни чайишда эҳтиётсизлик туфайли сувни ичкарига киритиб юборса;
  • Қасдан кўнгилни айнитиш туфайли оғиздан тўлиб қайд қилса;
  • Қор ёки ёмғир оғизга тушса;
  • Тутунни қасдан ҳидласа;
  • Тишлар орасида қолган нўхат ва ундан каттароы ҳажмдаги овқат қолдиғини ютса;
  • Рўзани унутиб еб ёки ичиб қўйгач, энди рўзам очилиб кетди, деган гумон билан тановулни давом эттирса;
  • Тунда ният қилмагани учун рўзани бузса;
  • Кун ярмидан кейин сафарга чиқиб, рўзани очиб юборса;
  • Ният қилмай кун бўйи емоқ ва ичмоқлардан тийилиб юрса;
  • Қулоққа томизилган ёғ ёки сувнинг мазасини ҳалқумида сезса;
  • Бурунга дори томизса;
  • Клизма қилса;
  • Аёлини қучиш ёки ўпиш туфайли маний чиқса;.
  • Қориндаги ярага қўйилган дори ошқозонга ва бошдаги ярага қўйилган дори димоққа етса;

 Ушбу юқорида санаб ўтилган амаллардан бирини қилган киши рамазоннинг ҳурмати учун куннинг қолганини ўзини тийиш билан ўтказиши зарур бўлади ҳамда бир кунига бир кун рўза тутиб беради.

Қуйидаги амаллар рўзани бузади ҳамда қазо ва каффорат вожиб бўлади:

  • Қасдан таом ейиш ёки ичиш.
  • Узрсиз дори-дармонлар ичиш.
  • Қасдан жинсий яқинлик қилиш.
  • Оғизга тушган ёмғирни қасдан ютиш.
  • Донни чайнагандан сўнг бўлса ҳам ютиш.
  • Кунжут донини ютиш.
  • Туз истеъмол қилиш.
  • Чекиш.
  • Одатланиб қолган инсоннинг тупроқ ейиши. Агар ўрганиб қолмаган бўлса, каффорат талаб қилинмайди.

Масалан:

Туз еса, фақат қазо рўза вожиб бўлади. Аммо туз еб юриш одати бор одам бўлса, ҳам рўзани қазо қилади, ҳам каффорат беради. Туз еган рўзадорга ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади, деган фатволар мавжуд. Бинобарин, бунда эҳтиёткорлик лозим бўлади (“Фатовойи Оламгирия”, “Хулоса”, “Шарҳи ниҳоя”).

 Бировнинг мажбур қилиши сабабли ёки рўзалиги эсида бўла туриб, эҳтиётсизлик билан (масалан таҳорат ёки ғусл қилаётганида) томоқдан сув ўтиб кетса, қазонинг ўзи вожиб, каффорат лозим эмас.

 Кундузи ухлаётган рўзадор уйқусираб, сув ичиб қўйса, рўзаси очилади. Каффоратсиз, фақат қазосини тутиб беради (“Фатовойи Оламгирия”, “Қозихон”).

“Каффорат” ҳақида тушунча

 Каффорат уч турли бўлади:

  • Қул озод қилиш. Лекин ҳозир қулчилик бекор бўлгани сабабли буни бажаришнинг иложи йўқ.
  • Кетма-кет 60 кун рўза тутиш. Бу рўзани тутишда орасини узмаслик шарт қилинади. Шунинг учун икки ҳайит ва ташриқ кунларига тўғри келиб қолмаслиги керак.
  • Инсон ўзи истеъмол қиладиган таом каби егуликлар билан 60 та мискинни овқатлантиради. Бунда каффорат бераётган шунга аҳамият бериши керакки, мискинлар орасида ота-онаси, хотини ва фарзандларига ўхшаш яқинлари бўлмаслиги лозим. Шунингдек, ҳар бир мискинга ярим соъ (тахминан 2 кг.) буғдой ёки уни бир соъ арпа ёки хурмо кабилардан ёхуд улардан бирининг қийматини бериш ҳам мумкин.

“Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси М.КАРИМОВ тайёрлади.  

 

Рамазон
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг ризқ йўлида меҳнат қилишларидаги ҳикматлар

25.11.2024   1606   1 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг ризқ йўлида меҳнат қилишларидаги ҳикматлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитлик ёшларини қаршилашлари билан ризқ йўлида ҳаракат қила бошладилар. У зот кейинчалик ўзлари ҳақида бундай деганлар: “Мен Макка аҳлининг қўйларини арзимаган чақалар эвазига боқиб берардим”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқ ва озуқа топиш мақсадида чўпонлиқ қилишларида учта муҳим ибрат бор:

1) У зотнинг амакилари Абу Толиб жуда ҳам меҳрибон ва ғамхўр эди. Лекин, Расулуллоҳ алайҳиссалом имконлари етганича амакиларига кўмаклашар эдилар. Гарчи топаётган фойдалари амакилариникига нисбатан жуда оз бўлса ҳам, бу нарсада ташаккур билдириш, имкон қадар ёрдамлашиш ва гўзал муносабат бор эди.

2) Аллоҳ таолонинг илоҳий ҳикмати бизга: инсон ўз қўли билан касб қилиб топган нарсалари энг тотли ва лаззатли эканини билдирмоқда. Энг қадрсиз ва ёмон нарса эса қийинчилик ва машаққатсиз топилган мол-дунё эканига ишора қилмоқда.

3) Агар инсонларни тўғри йўлга етакловчи насиҳат қилиши ортидан инсонларнинг қўлига қараб қолса, унинг эслатмалари ҳеч қандай қийматга эга бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир инсоннинг қасб-ҳунари бўлиши керак. Шундагина инсонлардан бирортаси унга на миннат қилади ва на унинг тилини қиса олади.


Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.