Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Апрел, 2025   |   5 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:03
Пешин
12:31
Аср
16:58
Шом
18:53
Хуфтон
20:08
Bismillah
03 Апрел, 2025, 5 Шаввол, 1446

Рамазондаги узрлилар ва уларга оид ҳукмлар

08.06.2017   27663   6 min.
Рамазондаги узрлилар ва уларга оид ҳукмлар

Аллоҳ таоло баъзи кишиларга рўзада ҳам енгиллик қилган. Бу исломнинг ҳукмларида бандаларга енгиллик ирода қилинганига далилдир. Аллоҳ таоло айнан рўза ҳақидаги оятда: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди” (Бақара, 185-оят) деб марҳамат қилади. Манa шунга кўра, фарз бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло баъзи ўринларда бандаларига рўзасини очишга рухсат беради. Булар рамазондаги узрлилар бўлиб, “Ал-Фиқҳул ҳанафийя” китоби муаллифи уларни икки қисмга бўлган:

  1. Оғзини очиш мубоҳ ва қазоси вожиб бўлган узрлилар.
  2. Оғзини очиш вожиб ва фидя вожиб бўлган узрлилар.

Биринчи қисмга қуйидагилар киради:

1.Мусофир. Ислом дини ўз юртидан шаръий сафар масофасича узоқликдаги жойга кетган мусофирга рўза тутмасликка рухсат беради. Ўз юртидан 86 км. ва ундан кўпроқ масофада ўн тўрт кун ва ундан камроқ муддатга туришни ният қилиб чиққан киши мусофир бўлади ва бу мусофирга сафардалик пайтида рўза тутмасликка ислом шариати рухсат беради. Далил: Аллоҳ таоло: Сиздан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” (Бақара,185) деб марҳамат қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқардик. Бизнинг орамизда рўзадорлар ҳам, рўза тутмаганлар ҳам бор эди. Рўза тутганлар тутмаганларни, тутмаганлар рўза тутганларни айбламасди” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

   Аллоҳ таолонинг: “Агар билсангиз рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир” (Бақара,184-оят) деган оятига биноан, агар мусофир кишига зарар бўлмаса, рўза тутиш афзал дейдилар.

2.Бемор. Агар бемор касаллиги зиёда бўлишидан қўрқса ёки касалликдан тузалиши кечикадиган бўлса, ислом унга рўза тутмасликка рухсат беради. Лекин бу гапни мусулмон, ишончли табиблар айтган бўлиши лозим. Агар у ўзининг фикрига асосланиб, рўзасини очадиган бўлса, унга каффорат лозим бўлиб қолади. Гоҳида рўза касалликдан шифо топишига ҳам сабаб бўлади.  Бемор кишининг рўза тутмаслигига рухсат эканлигига далил, Аллоҳ таолонинг юқоридаги Сиздан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” (Бақара,185) деган оятидир.

3.Ҳомиладор ва эмизикли аёл. Шариатимиз бу иккисига агар ўзларига ёки фарзандларига зарар етиш хавфи бўладиган бўлса, рўза тутмасликка рухсат беради. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзига зарар етишидан қўрққан ҳомиладорга ва боласига зарар етишидан қўрққан эмизикли аёлга рўзасини очишга рухсат бердилар (Имом Насаий ва Ибн Можа ривояти).

Эмизикли аёл агар табиб буюрган бўлса, эмизикли боласини муолажасига дори ичиши учун оғзини очиши ҳам мумкин. Бу исломнинг раҳмати, унинг ҳукмларининг енгиллигига катта далилдир.

4. Ҳалок бўлишдан қўрққан киши. Рўзадор кишига жуда қаттиқ чанқоқ ёки очлик етса, ундан ҳалок бўлиб қолишидан ёки ақли ноқис бўлиб қолишидан қўрқса, рўзасини бузиб, уни қазо қилиши мумкин. Аммо, каффорат унга вожиб бўлмайди. Шунинг учун нонвой, темирчи, кончига ўхшаш оғир касб эгаларига рўзасини мукаммал қилишдан ожиз қолдирадиган даражада кўп иш қилмасликлари вожиб бўлади. Балки, булар рамазон кунларида ишларини камайтиришлари ёки имкони бўлса кечки пайтга кўчиришлари лозим бўлади.

Фатовойи Ҳиндия китобида “Нафақага муҳтож касб эгаси агар ўз касби билан шуғулланса, ўзига рўзани бузишни мубоҳ қиладиган зарар етишни билса, унга касал бўлишидан олдин рўзасини бузиши ҳаром бўлади” дейилган.

Бу узрли кишилар рамазонда оғизлари очиқ юрган пайтларида кундузлари рамазоннинг ҳурматидан ошкора таом емасликлари вожиб бўлади. Уларнинг узрлари кетгандан кейин, қуёш ботгунга қадар рўзадорга ўхшаб сақланиб турадилар. Мусофир киши муқим бўлса, бемор соғайиб қолса, ҳайз ва нифос кўрган аёллар пок бўлсалар, оғизни ғарғара қилганда билмасдан ичига сув кетиб қолган кишига ўхшаш хато сабабидан рўзаси очилган бўлса, буларнинг ҳаммаси рамазон ойининг ҳурматидан куннинг қолган қисмини емасдан рўзадорга ўхшаб ўтказишлиги вожиб бўлади.

Юқорида зикрлари ўтган кишилар бир кунга бир кун қилиб, неча кун қазо қилган бўлсалар рамазондан кейин шунча кун қазосини тутиб берадилар.

II.Қисм. Оғиз очиш вожиб ва фидяси вожиб бўлган кишилар. Бу тоифадаги кишилар доимий ожизлик ёки сурункали касалликлари сабабидан рўза тутишдан муттасил ожиз қоладиган кишилар ҳисобланади. Ёши ўтиб қолган кексалар ва бедаво дардга чалинганлар рўза тута олмасалар, булар оғизлари очиқ юраверадилар ва рамазоннинг ҳар бир кунига фитр садақаси миқдорича фидя берадилар. Булар хоҳласалар рамазоннинг бошида, хоҳласалар охирида фидя бераверадилар. Аллоҳ таоло “Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя лозимдир” (Бақара,184-оят) деган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Бу рўза тута олмайдиган қари ва қариялар учундир. Улар ҳар бир кунларига битта мискинни таомлантирадилар”, деганлар. Буни Имом Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган. Али ва Ибн Умар розияллоҳу анҳулардан ҳам ривоят қилинган. (“Ал-Фиқҳул ҳанафийя”, 437-444-бетлар).

Демак, юқоридаги ҳолатлардан холи бўлган кишилар рамазон ойини ғанимат билиб, уни рўзасини тутмоққа бел боғлашлари лозим бўлади. Чунки Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Рўза мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман” деган. Унутмайликки, Аллоҳ энг буюк Зотдир. Буюк Зотнинг мукофоти ҳам буюк бўлади. Шундай экан, буюк зотдан буюк мукофотларни олишга шошилайлик.

“Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Д.ЭСОНОВ тайёрлади.

 

 

РЎЗА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

САДАҚА (эҳсон) нинг   энг  ноёб  80 та  ТУРИ ни УЛУҒ  УСТОЗ  УЛАМОЛАРИМИЗ  баён  қилиб  берганлар:

27.03.2025   10395   26 min.
САДАҚА (эҳсон) нинг   энг  ноёб  80 та  ТУРИ  ни  УЛУҒ  УСТОЗ  УЛАМОЛАРИМИЗ  баён  қилиб  берганлар:

 

САДАҚА (эҳсон) нинг   энг  ноёб  80 та  ТУРИ

ни

УЛУҒ  УСТОЗ  УЛАМОЛАРИМИЗ  баён  қилиб  берганлар:

 

КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА 

ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 

Z «Кимки бир ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар кўпайтириб ёзилур. Кимки бир ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша гуноҳ миқдорида бир гуноҳга яраша жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай» (Қуръони карим. Анъом сураси 6/160).

 

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ

МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:

 

¯ «Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса, ширин сўз билан!».

 

ДОНО  ХАЛҚИМИЗ  МАҚОЛЛАРИДАН:

è Ҳиммати йўқнинг

Ҳурмати йўқ.

 

è Бахилнинг туйнугидан ел кирмас,

Эшигидан – эл.

 

è Яхши топса – элга ёяр,

Ёмон топса – гўрга ёяр.

 

è Оларда ҳисоби тўққиз,

Берарда саноғи – ўттиз.

 

è Бахил авлиё бўлмас,

Авлиё бахил бўлмас.

 

è Ҳасад кўчатини эккан

Бало мевасини ер.

 

è Сахийнинг хайрига бахилнинг боши оғрир.

 

è Аҳмоқда ақл бўлмас,

Ақлли бахил бўлмас.

 

è Ҳасад ўтини дарё учиролмас.

 

è Бахил эҳсондан қочар,

Хасис меҳмондан қочар.

 

è Бермаснинг оши пишмас,

Пишса ҳам қозондан тушмас.

 

è Сахий топса – ўртада,

Бахил топса – халтада.

 

è Яхшининг кўнгли – тоғ,

Бахилнинг кўнгли – доғ.

 

è Хасиснинг пулидан юлдуз яқин.

 

è Қамиш сувга тўймас,

Хасис – пулга.

 

è Сахий бўлмаса, бахил ҳаром ўлар.

 

è Ҳимматли кўкка кўтарилар,

Ҳимматсиз – ерга кўмилар.

 

1)      Таом билан сийлаш – энг хайрли садақадир.

2)      Биродарингизнинг юзига табассум қилишингиз – садақа.

3)      Қариндошга яхшилик қилиш – садақа.

4)      Закот бериш – садақа.

5)      Ушр бериш – садақа.

6)      Фитр рўза бериш – садақа.

7)      Икки киши ўртасида адолатли бўлиш – садақа.

8)      Йўлдаги озор берувчи нарсани даф этиш – садақа.

9)      Ширин сўз айтиш – садақа.

10) Оила аъзоларига меҳр-мурувват қилиш – садақа.

11) Ўз фарзандларини тартиб-интизомга ўргатиш – садақа.

12) Етимларга ёрдам бериш – садақа.

13) Боқувчиси йўқ оилага ёрдам қилиш – садақа.

14) Қийналган инсонга ёрдам бериш – садақа.

15) Одамларга чиройли муомала қилиш – садақа.

16) Овқат тайёрлаш – садақа.

17) Икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этиш – садақа.

18)      Челагингиздаги сувни биродарингизнинг челагига қуйиб бериш садақа.

19) Ёрдам сўраб келган ҳожатмандга ёрдам бериш – садақа.

20) Кишига биринчи бўлиб салом бериш – садақа.

21) Кишига улови борасида ёрдам бериш – садақа.

22) Бир кишини уловга минишига кўмаклашиш – садақа.

23) Бир одамни юкини кўтариб олиб бериш – садақа.

24) Шаҳватини ҳалол йўл билан қондириш – садақа.

25) Бир инсонни мушкулини осон қилиш – садақа.

26) Қарзни тўлашга қийналаётганга ҳақ эгаси муҳлатни чўзиб берса, ҳар куни ҳақ эгаси берган қарзи миқдорича садақанинг савоби ёзилади.

27) Қарздорнинг қарзини кечиб юборган кишига Қиёматгача ҳар куни шунча садақа қилганнинг савоби ёзилиб туради.

28) Киши ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши – садақа.

29) Намоз сари босилган ҳар бир қадам – садақа.

30) Яхшилик қилиш – садақа.

31) Яхшиликка буюриш – садақа.

32) Ёмонлик қилмаслик – садақа.

33) Ёмонликдан қайтариш – садақа.

34) Қарз сўраб келган кишига қарз бериб туриш – садақа.

35) Қарздор кишининг қарзларини тўлаб бериш – садақа.

36) Одамларга яхши сўз айтиш – садақа.

37) Ўзидан кичикка раҳмдиллик қилиш – садақа.

38) Ўзидан каттани ҳурматини жойига қўйиш – садақа.

39) Мусулмонларга ғоибдан туриб дуо қилиш – садақа.

40) Мусулмон кишининг бир инсонга ёрдам бериши – садақа.

41) Бировни оғирини енгил қилиш – садақа.

42) Йўлда адашган кишига тўғри йўлни кўрсатиб, уни йўллаб қўйиш – садақа.

43) Ифторлик қилиб бериш – садақа.

44) Кишини меҳмон қилиш – садақа.

45) Қўшнига яхшилик қилиш – садақа.

46) Мўминнинг кўнглини хурсанд этиш – садақа.

47) Тилни беҳуда гаплардан тийиш – садақа.

48) Ғийбатдан сақланишлик – садақа.

49) Эҳтиёжмандларга яхшилик улашиш – садақа.

50) Кишининг узоғини яқин қилиш – садақа.

51) Кўзи ожиз кишини тўғри йўналишга тушириб қўйиш – садақа.

52) Одамлар учун фойдали илм ўргатиш – садақа.

53) Ёмонликдан сақланиш – садақа.

54) Одамларга сув улашиш – садақа.

55) Келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилиш – садақа. 

56) Йўловчига ёрдам кўрсатиш – садақа.

57) Бемор ҳолидан хабар олиш – садақа.

58) Кўнглиозорни хурсанд қилиш – садақа.

59) Азадор инсонни кўнглини кўтариш – садақа.

60) Билиб-билмай хафа қилган инсонни кечириш – садақа.

61) Билиб-билмасдан ёмонлик қилган одамни кечириш – садақа.

62) Одамларга яхши тилак тилашлик – садақа.

63) Инсонларга яхши гумонда бўлишлик – садақа.

64) Мевали кўчат ўтқазиб ёки бирон экин экса, ундан одамлар, ҳайвон-паррандалар еса – садақа.

65) Кўзи яхши кўрмайдиган кишига бир нарсани кўрсатиб қўйиш – садақа.

66) Халқ учун керакли зиё, илм тарқатиш – садақа.

67) Боғ барпо бўлишига ҳисса қўшиш – садақа.

68) Ҳайвон-паррандаларни парвариш қилиш – садақа.

69) Экилган экин-текинларни парвариш қилиш – садақа.

70) Ижозат этилган ҳайвон-паррандаларни уйда боқиш – садақа.

71) Рухсат берилган экин-текинларни экиб-ўстириш – садақа.

72) Ўз либоси ва таомида, уйи ва ишхонасида, жамоат жойлари, кўча ва ҳар қандай жойда тозалик, ҳалоллик, поклик ва озодаликка риоя қилиш – садақа.

73) Юрган йўлда зикр билан машғул бўлишлик – садақа.

74) Йўл ҳаракатида имкони бўлганда бошқа инсонга йўл бериш – садақа.

75) Масжидда ўзи эгаллаб ўтирган жойни бошқа одамга бериш – садақа.

76) Қўни-қўшни, ака-ука, опа-сингил, қариндош ва (ҳоказо) лар рўзғор буюмларидан вақтинча ишлатишга сўраб турганда бериб туриш – садақа.

77) Уйда, кўчада ва барча жамоат жойларида бирор нарса умидвор бўлиб, сўраб келган инсонни қуруқ қайтармаслик – садақа.

78) Кўпчилик фойдаланиш учун зарур нарса (газ, свет, сув каби)ларни ўтказишда ҳисса қўшиш – садақа.

79) Кўпчилик фойдаланадиган жой (мактаб, шифохона, меҳмонхона, кўприк, йўл, қабристон, масжид каби)лар қурилиши ва ободлигига ҳисса қўшиш – садақа.

80) Кўпчилик фойдаланадиган иншоот (завод, фабрика каби)ларни барпо этилишида ҳисса қўшиш – садақа.

 (Каломуллоҳ – Қуръони Каримнинг ояти карималари ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан).

 

Иброҳимжон домла Иномов

 

Мақолалар