Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Апрел, 2025   |   25 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:05
Қуёш
05:32
Пешин
12:26
Аср
17:11
Шом
19:15
Хуфтон
20:35
Bismillah
23 Апрел, 2025, 25 Шаввол, 1446

Рўза ғанимат

08.06.2017   77337   3 min.
Рўза ғанимат

Ойларнинг султони муборак Рамазон ойининг ғанимат кунлари ўтиб бормоқда. Мана бугун Рамазон ойининг 10 кунидир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам рамазонни 30 кунини учга бўлиб, биринчи ўн кунлигини Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳмат, баракотлар ёғдирадиган кун эканини таъкидлаганлар. Шунга кўра, раҳмат ўн кунлигидан баҳра ололдикмикан? Бошларимиз узра Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилдимикан? Рўза тутиб, билиб-билмай яна хатоларга қўл уриб қўймадикмикан? Арзимас туюлган дунё ишлари билан овора бўлиб, сабримиз етмай ота-оналаримиз, яқинларимиз ёки корхонада бирга хизмат қилаётганларни кўнгилларини оғритиб қўймадикмикан? Аслида рўзанинг ҳикматларидан асосийси бўлган жисмимизни очлик ва ташналикдан сабрга йўллаш, руҳимизни поклаш эканини бироз унутиб қўймадикмикан?

Маълумки, ишловчи ишчи-хизматчилар ва ўқувчи талабалар бир йилда бир маротаба таътилга чиқиб, дам оладилар. Руҳан-жисман тетиклашиб яна ишга, ўқишга қайтадилар. Баданимизнинг таътили эса мана шу Рамазон рўзасидир. Ҳамма ҳам бир йиллик таътилини рисоладагидек ўтказса, яна ишга қайтганида келгуси йилгача шу кайфиятда ўтишига туртки бўлади. Ўз соғлигимизга эътиборли бўлиб, соғ-саломат бўлсак, иш унумдорлиги ўйлаганимиздан ҳам кўра яхшироқ бўлади.  

Биз ҳам Аллоҳ таолонинг биз билган-билмаган  фазлу марҳамати билан мўмин-мусулмонларга фарз бўлган Рамазон рўзаси - баданларимиз таътилини хуш кайфиятда ўтказайлик.  Инсон ички аъзолари тўхтовсиз бизлар учун тиним билмай хизмат қилиб туради. Улар ҳам шу муборак Рамазон ойида таътилга чиқадилар. Бўйнимизда жисмларимизнинг ҳаққи бор, улар ҳам дам олиш ҳуқуқига эга. Улар ҳам ортиқча еб-ичишдан, ортиқча ухлашдан ҳоли бўлсинлар. Очликда руҳият тетиклашади, дейилади. Мажбурий очлик билан фарз қилинган рўзадан ибрат олиб, очлар ва муҳтожлар ҳолини бир бора тафаккур қилайлик.

Тинч ва осуда мамлакатимизда ибодатларни эркин-эмин қилиб, хотиржамликда ўтаётган ҳар бир кунимизни ғанимат билайлик. Дунёнинг қайси бир бурчагида рўза тутиш учун егуликлари йўқ ёки бўлмаса беҳуда бўлаётган жанжал-урушлар туфайли ўз ҳаловатини йўқотиб рўза тута олмаётганлар ҳолидан ибратланайлик. Аллоҳ таолога шукрона айтиб, ихлосу эътиқод билан иккинчи бошланган мағфират ўн кунлиги қадрига етайлик.

Парвардигор гуноҳларимизни мағфират қилсин, билиб-билмай қилган гуноҳларимизни ойлар султони бўлган Рамазон шариф сабабли кечирсин. Масжидларда бўлаётган хатми Қуръонлар, истиғфор ва дуойи хайрлар шарофати билан юртимиз тинчлиги бардавом бўлсин. Оилаларимизда файзу баракотлар ёғилишига бу йилги Рамазон аввалги йиллардагидан ҳам муборакли из қолдирсин.

Инсонни бир йиллик ҳисоботи қилинадиган ва яна бир йиллик тақдирлари янгиланиб ёзиладиган  бу ой ҳар биримизнинг номаи аъмолларимизга яхшиликлар бўлиб ёзилсин. Аллоҳ таоло Рамазоннинг биринчи ўн кунлигида қилишга улгура олмаган яхши амалларимизни қолган ғанимат кунларида кўпроқ қилишга имкониятлар берсин. Дуоларимиз ижобат бўлсин. 

ЎМИ Ходимлар бўлими     

мутахассиси Зарифа Маҳкам қизи      

Рамазон
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дорул Арқам

23.04.2025   643   2 min.
Дорул Арқам

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мушриклар муҳим масалаларини “Дорун Надва” дея аталмиш кенгашларида ҳал қилсалар, илк мусулмонлар кенгашадиган макон “Дорул Арқам” эди. Бу муборак уй Каъбанинг ғарбида, ҳозирги кунда ҳожилар Сафо билан Марва ўртасида ҳаж арконларини амалга оширадиган жуда гавжум жойда жойлашганди. Арқам Бану Махзум қабиласидан бўлган 16 ёшли маккалик йигит эди. Исломни қабул қилган биринчи одамлардан бири бўлган Арқам ўз уйини хурсандчилик билан мусулмонларнинг яширин йиғинлари учун тақдим этган. Уч йил давомида Арқамнинг уйи мусулмонлар учун учрашув жойи бўлиб хизмат қилди. Бу уйда Ҳамза, Аммор, Мусъаб, Суҳайб ва бошқа кўплаб таниқли саҳобалар (розияллоҳу анҳум) шаҳодат калимасини айтганлар.

Ушбу муборак уй ҳазрати Умардек исломнинг забардаст сиймоларидан бирининг ҳидоят топганига гувоҳ бўлган. Ўшанда Арқамнинг уйида суҳбатлашиб ўтирган мусулмонларга: “Уйга Умар ибн Хаттоб қуролланган ҳолда яқинлашиб келяпти”, деган хабар келди. Саҳобалар сергакланишди, ҳазрати Ҳамзанинг қўли беихтиёр қилич дастасига югурди. Умар ибн Хаттоб уйга киргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга яқинлашдилар ва: “Эй Хаттоб ўғли, Исломга келсанг бўлмайдими?!” – дедилар. Бунга жавобан Умар шаҳодат калимасини айтиб, исломни қабул қилди.

Шу воқеадан кейин мусулмонлар Маккада эмин-эркин юрадиган бўлдилар. 
Арқам кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинага ҳижрат қилган илк мусулмонлардан эди. У ерда у исломий жамият ва давлатни яратишда ва мустаҳкамланишида иштирок этди. Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа жангларнинг қатнашчиси, саводли одам эди. Шу сабабдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бири бўлиб, нозил қилинган ваҳийларни ёзган.

Арқам ўғли ва яқинларининг эҳтиёжлари учун вақф қилган, кейинчалик бир неча қўлга ўтган ушбу иморат ўрта асрларда Ҳарамнинг кенгайтирилиши муносабати билан бузилган ва масжидга қўшиб юборилган.

Арқам ибн Абу Арқам ҳижрий 54 ёки 55 йилда 80 ёшида вафот этади. У зот Бадр қатнашчиларининг дунёдан энг охирги кўз юмганидир. Жанозаси ўз васиятига кўра содиқ дўсти Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу томонидан ўқилиб, Бақиъ қабристонига қўйилган.

Ёқуб Умар тайёрлади

Мақолалар